Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 25-қисм

III    

Ёғаман-ёғаман  деб,  ёз  ёмғири  анчагача  ёғмай,  кеча  оқшомдан  бери  уфқ  бетида  қорайиб,  тўлишиб, бағрида ялт-юлт чақинлар чақиб турган юрғун булутлар тун ярим кечадан оққанда  ниҳоят қуйиб бердилар. Йирик марварид томчилар қақраган ерга шатир-шутур урилиб, сувлар  шариллаб  оқа  бошлади,  ёмғир  Авдий  Каллистратовнинг  юзига  ҳам  сепалаб  ҳушини  ўзига  келтирди. Бу ҳаётнинг ажиб тортиғи эди.

Авдий  поезддан  ташлаб  юборганларида  пастга  қулаган  кўйи  темир  йўл  бўйидаги  чуқурликда  ётарди.  Ҳаёлига  дастлаб  шу  фикр  келди: «Қаерда  ётибман?  Ёмғир  ёғяпти  шекилли?»  У  инграб,  сурилмоқчи  бўл-ди,  биқинидаги  даҳшатли  оғриқдан  чинқириб  юборай  деди,  боши  чўяндай  оғирлашиб  кетганди,  у  яна  ҳушини  йўқотди,  лекин  бир  оз  вақтдан  сўнг  кўзини очди. Халоскор ёмғир уни ҳаётга қайтарди. Ёмғир сахийлик билан шаррос солиб қуяр,  сув тепадан Авдий ётган чуқурга шарқираб оқиб тушарди. Ёмғир Авдий атрофида зўр бериб  чучвара  тугар,  сув  ҳалимазотда  унинг  томоғигача  келиб  қолади.  Авдий  ўзини  қўлга  олмай  иложи йўқ эди, бу хатарли жойдан чиқиш пайига тушди. Дастлабки дақиқаларда шалайим ва  карахт  танасини  ҳаракатга  келтириш  азоби  азим  бўлди.  Авдий  тирик  қолганига  ишонгиси  келмасди.  Ахир,  вагонда  уни  қон  қақшатиб  калтаклашмадими,  шиддат  билан  бораётган  поезддан  бераҳмларча  ташлаб  юборишмадими,  лекин,  қаранг,  у  тирик-ку,  ва  буларнинг  бари  ҳеч нарсага арзимайди, қандай бўлмасин, у тирик экан! Жони чиқмаган экан, мана сурилиши,  ҳаракат қилиши, кўриши, эшитиши, эмаклаши мумкин. Манави челаклаб ёғаётган оқ ёмғир ҳам  қандай яхши! Унинг қон қақшаган баданларига шунчалар ҳам ёқяптики, қўл-оёқларига дармон  бўляптики!  Ғувиллаб,  қизигандан  қизиб  кетаётган  бошига  шифо  бўлаётганини  айтмайсизми!  Кучи  етганча  тепага  сурилаверади.  Тезда  тонг  ёришади.  Эрталаб  бўлади.  Тағин  ҳаёт,  умргузаронлик бошланади… Ўшанда у нима қилиш кераклигини ўйлаб топади. Ҳозир эса бир  амаллаб оёққа туриб олса бас..

 

Бу орада жала ва тун қоронғилигини ёрароқ бири кетидан бири поездлар гулдираб ўтдилар…

У шунга ҳам хурсанд эди. Нимаики ҳаётдан нишона берса, уни беҳад қувонтирмоқда эди…

 

Авдий қўлидан келган тақдирда ҳам ёмғирдан қочишни истамасди. Ёмғир бутун вужудига  қайта  жон  ато  этаётганлигини  ҳис  қилиб  турарди.  Қўл-оёғи  бутун  бўлса,  бас.  Шилинган,  тилинган,  лат еган бўлса ҳам майлига,  ҳатто биқинидаги оғриқ ҳам чикора,  чидайди…  У бир  амаллаб  бехатарроқ  ерга,  тепача  устига  судрала-судрала  чиқиб  олди.  Энди  бутун  вужудини  ёмғир ихтиёрига бериб, нафасини ростларди…

 

Шундай  қилиб,  у  адам  саҳросидан  яна  тириклик  дунёсига  қайтди  ва  ҳаётининг  туб  мазмунини  яна  бир  бошдан  тиклашга  киришди.  Фикр-ўйлари  ажойиб  бир  равшанлик  ва  салмокдорлик касб этаётганлигидан ҳайрати ортди…

 

Шунда у Понтий Пилат ҳузуридан Ғулқоф сари олиб кетилаётган Зотга айтди: «Ё равви, мен  шу ердаман! Ё равви, Сени халос этмоқ истайман, не қилай, не қилайин? Сени нечук қутқариб  олайин? Мен яна ҳаётга қайтдим. Сенинг ҳолингни ўйлаб мени ваҳим босяпти!».

 

Инсон  баъзан,  ҳаёлан  бир  пайтнинг  ўзида  юзлаб,  минглаб  йиллар  билан  ажратилган  вақт  бўлаклари ичра яшай олади. Бундай тарихий ҳолат тасаввур қобилиятини йўқотмаган ҳар бир  одамда  бўлиб  туради.  Бироқ  ўтмиш  воқеаларини  кўз  ўнгидаги  борлиқ  каби  яқин  кўрадиган  одам, узоқ ўтган кечмишларни худди ўз жонажон иши, ўз тақдири деб биладиган одам, ҳақиқий  жафокаш, риёзат эгасидир, зеро, у ёхуд бу воқеа нима билан тугаганлиги, нималарни келтириб  чиқарганлигини  олдиндан  кўра-била  туриб,  воқеаларнинг  боришига  ҳеч  қандай  таъсир  кўрсатолмай,  фақат  дард-алам  чекади  ва  ўзини  ҳеч  қачон  амалга  ошмайдиган  адолатнинг  тантанасига қурбон қилади. Кечмиш кун ҳақиқатини тиклаш ва тасдиқлаш муқаддасдир. Ғоялар  мана  шундай  туғилади,  янги  наслларнинг  олдинги  ва  ундан  ҳам,  ана  ундан  ҳам  олдинги  авлодлар билан руҳий чатишуви шундай рўй беради, дунё шу билан устивор, ҳаёт тажрибалари  доим  ортиб,  устма-уст,  қават-қават  бўлиб  бораверади — ёвузлик  ва  эзгулик  насллардан  наслларга битмас-туганмас хотира иплари каби, битмас-туганмас тирик вақт ва тирик маконлар  каби кўчиб ўтаверади…

 

Дарвоқе, шунинг учун айтилганким, куни кеча ўтганлар бугун нима бўлишини билмагайлар,  лекин бугун кун кечираётганлар кеча нималар бўлганлигини билгайлар, эртага эса бугуннинг  кишилари кечаги кун кишиларига айлангайлар…

 

Дарвоқе,  яна  шунинг  учун  айтилганким,  бугуннинг  одамлари  ўтган  кун  ичра  яшагайлар,  лекин эрта кун дунёга келгувчилар бугунни унутсалар, бу энди кулфат, ҳамма учун кулфат…

 

Авдий  ўша  кун,  пасха  арафаси  куни  ҳаяжонини  боса  олмас,  умидсизликка  тушарди.

Ҳавонинг  ҳали  иссиғи  қайтмаган  арафайи  ҳайит  оқшоми  паст  шаҳардаги  саҳобалар  маҳфуз  кечага  йиғилган  гўшани  ахтариб  топишга  уринарди.  Шу  гўшада  у  нон  ушатди,  бу  менинг  хилқатим  деди,  май  қуйиб  узатди,  бу  менинг  ҳалол  қоним  деди,  ахир,  ўшанда  бостириб  келаётган хатардан, Иуда Искариотнинг хиёнатидан огоҳ қилмоқ мумкин эди, ушбу қўрқинчли  шаҳарни дарҳол тарк этиш, зудлик билан йўлга отланиш мумкин эди. Хуфтон чўкиб борарди. У  қийшиқ-қинғир,  илонизи  кўчаларда  чарх  уриб  айланар,  ўша  гўшани  излар,  худди  бу  ерда  таниши учраб қоладигандай пиёда, от-улов минган ўткинчиларнинг юзларига тикилиб қарарди.

 

Лекин,  на  уйларига  кечки  таомга  ошиқаётган  ва  на  дўконлар  ёпилмай  бурун  тез-тез  кириб  чиқаётганлар  орасида  у  дардини  айтгали  бир  кимса  тополмади.  Аксаран  ўткинчилар  эса  Исо  Масиҳо  кимлигини  ҳатто  билмас  эканлар.  Шаҳарда  дайдиб  юрганлар  камми?  Бир  раҳмдил  киши  уни  қўярда-қўймай  уйига  олиб  кетиб  меҳмон  қилмоқчи  бўлди.  Аммо  Авдий  миннатдорчилик  билдириб,  рад  этди.  У  Мураббийни  хавфдан  огоҳ  қилмоқчи  эди.  Кўп  ҳаяжонланганидан,  дарчалардаги  чироқ  шуълаларидан,  ўчоқларда  қайнаётган  турли  таомларнинг  хуштаъм  ҳидларидан,  салқин  бўлсин  деб,  йўллар  ва  ҳовлиларга  сепилган  сувларнинг ҳавога кўтарилган ҳовурларидан унинг боши айланиб кетди. Кўнгли беҳузур бўлди.

Шунда Авдий Ҳефсиман боғига қараб кетди. Мураббийни мусоҳиб ва  чўлиқлар билан бирга  тоат-ибодат қилаётган бўлса, шу ердан топарман деб ўйлади. Во дариғ! Бу ерда ҳам кеч бўлиб  қолган, ҳеч кимса кўринмасди. Боғ ҳувиллаб ётар, Мураббийни қуролли оломон ушлаб олган  катта анжир дарахти атрофи ҳам кимсасиз эди. Мураббий башорат қилгандай мусоҳибларнинг  ҳаммалари тумтарақай қочиб кетган эдилар…

 

Моҳ олис-олис денгизлар ва соҳиллар узра сузар, тун ярмидан оққан, субҳи козиб палласи  яқинлашган, оқибати неча-неча асрларга етиб ортадиган машъум кун ҳадемай отади ва у ҳақда  инсоният тарихида турли афсоналар тўқилади. Бироқ Ҳефсиманда ва унинг ён-атрофларидаги  қирларда  ястаниб  ётган  узумзорлару  боғотларда  ўша  соатда  сукунат  ҳукмрон  эди.  Фақат  бутазорларда  тун  қушлари  сайрашар,  оламни  бақа  овозлари  тутган,  мангу  уйғоқ  Кедрон  эса  кедрзор  тоғлардан  қадим  тош  ўзанларидан  шалдираб,  шарқираб,  ой  шуълаларида  ярқираб  тушиб келар, неча-неча сойларга ажралиб, бўлиниб кетар, сўнг яна қўшилиб, бир улуғ оқимга  дўнарди. Ҳаммаси минг йиллардан бери қандай бўлса, шундай сокин ва осуда эди. Ўша кеча  замин  фараҳбахш  ва  фаровон  эди.  Ёлғиз  Авдийгина  қўним  билмас,  ҳаммаси  қандай  бўлиши  керак эса, худди шундай бўлган,— у гарчи бари нима билан тугашини билса-да, ҳеч нарсани  тўхтатолмас, ҳеч нарсанинг олдини ололмасди. У ўртаниб, куйиб йиғлар,  Худо-Эртага ёлворар,  аммо  фойдаси  йўқ  эди.  Ушбу  ҳодисот  рўй  бергандан  буён  бир  минг  тўққиз  юз  эллик  йил  ўтганига  қарамай,  сира  буни  ақлига  сиғдиролмас  ва  ўзини  ахтариб  ўтмиш  кунлар  ичига  кираркан, замонлар оша эврила-эврила алоҳа унинг тақдир ипи боғланган ибтидо сари ҳаёлан  қайтиб  борди.  Дам  минг  йиллар  қаърига  кириб,  дам  тағин  бугунги  кўз  ўнгида  бўлиб  турган  воқеликка, елкалари, бошини тинимсиз савалаб ёғаётган дашт ёмғири остига қайтиб, дам ҳаёл  уммонига толиб, дам барча тафсилотларни бирма-бир ақл тарозусида ўлчаб, жавоб ахтарарди.

 

Ва  холис  ниятда  тарихга  нисбатан  андак  ўзбошимчаликка  йўл  қўяр — Қиёмат  ҳақидаги  хийла  кейинроқ  юзага  чиққан  фикрни  бундан  анча  илгари  яшаб  ўтган  одамларга  нисбат  берар,—  Авдий  шу  хусусда  қандай  бўлмасин,  Понтий  Пилатга  айтилишини  истарди. Бинобарин, салтанатнинг ҳар нарсага қодир нойиби Пилатнинг шарпаси ҳатто шу бугунга қадар  ҳали  буткул  йўқолиб  кетмаганди. (Ахир,  Пилат,  бўламан  деганлар  ҳозир  ҳам  озми?!)  Авдий  Каллистратов воқеаларни белгилашда шундай илгарилаб кетаркан, дунёнинг азал қонуниятлари  гарчи  ўзларини  анча  вақт  ўтиб  ошкор  қилсалар-да,  лекин  доим  ҳаракатда  эканлигидан  келиб  чиқарди. Қиёмат кун ғояси ҳам худди шундай эди — инсоният ақлини ер юзида қилинган барча  адолатсизликлар учун бир кунмас-бир кун олинажак қасос ўртарди.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-31

2 Самарқанд қалъасининг ташқарисидаги боғ кўчалар, Улуғбек расадхонасининг атрофлари, Обираҳмат ариғининг бўйлари беҳисоб қўшинга тўлиб кетган. Чўпонота тоғининг этакларида, ...

Дастхат (шеър)

Гўзаллик, покликдан уялиб, қисилиб, қимтиниб турасан, қоп-қора деворга суяниб, ёп-ёруғ хаёллар сурасан. Илоҳам, тонг каби юзингга ҳирсланиб, ҳезланиб боқарлар, кўзларин ...

Мeҳробдан чаён-бахмалбофда фақир бир оила

Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида1 фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга “тилаб-тилаб олған фалоним” деб, оталар “худой ...