АНГОР ҚУЁНИ – қуён зоти; тивити ангор эчкисиникига ўхшаганлиги сабабли шу ном билан аталган. Ангор қуёнининг жуни майин, ипаксимон, ранги оқ, баъзан ҳаво ранг ва қора.
Ангор қуёнининг калласи катта, қулоғи калта, етук қуёнларнинг вазни 2,3 — 3,5 кг, танаси узунлиги 43 см. Бир болалашда 7 тагача насл беради. Ангор қуёнининг тивити Ўзбекистон шароитида апрелининг иккинчи ярмида тараб олинади (бир йилда 250 г гача тивит), юқори сифатли трикотаж ва фетр маҳсулотлар тайёрланади. Ангор қуёни- ёз иссиғига чидамсиз бўлганидан салқин зоналарда боқилади.
Манба:ЎзМЭ