МEҲРОБДАН ЧАЁН-АЛДАШ УЧУН БОЛА ЯХШИ

Бир  неча  кунлардан  бери  Сафар  бўзчи  хурсанд  эди.  Мулла  Абдураҳмоннинг  хизматдан чиқишиға ўзим сабаб бўлдим, деб ўйлар; ўз сўзи билан мулла Абдураҳмон каби бир кишининг сувға тушкан нондек шилқиллаб қолишиға: “Кўрпангга қараб оёғ узат, муллавачча!” деб ўзича кулиб қўяр эди. Кеча Самад бўқоқни кўчада учратиб, пичинг отди: “Мирзабошимнинг тегига сув келипти-я, гапингни тўғри чиқишиға қара, Самад?” — деди. Чунки Анварга бориб айткан хабарни  шу  Самад  бўқоқдан  эшиткан  эди.  Самад  бўқоқ  унинг  бу  пичингидан  қизарди: “Қулоғимға  янглиш  кирган  экан-да,  аблаҳ!”  деб  гапни  кулгуликка  бурди.  Сафар  бўзчи  ҳам “пайрав” қилди. “Бир қўчқорнинг боши кеткунча, минглаб қўйнинг боши кесилар эмиш, деб айт домлангға!” деди. Самад бўқоқ индамади.

Сафар  бўзчи  мулла  Абдураҳмоннинг  хизматдан  бўшатилғанини  эшиткандан  бери “Мирзамни бир кўрсам” деб Анварнинг олдиға боришқа чоғланиб қолди. Бироқ, дастгоҳ ёнидан қўзғалишқа ишни қизғанди. Бу кун иш тўқур экан, ўзича қарор берди: “Бу кун чоршанба, эрта панжшанба… жумъа кун мен ҳам бўш, мирзам ҳам бўш. Ҳа, индин борғаним маъқул”.

Шомдан  бир  оз  илгарироқ  Сафар  ака  ишдан  чиқди.  Куннинг  совуқлиғиға  ҳам  қарамай музлаган  совуқ  сувда  таҳорат  қилди,  нари-бери  бўз  салласини  чулғаб,  масжидга  югурди.  Ул жиловхонадан  кирганда,  масжиднинг  тўрдаги  ҳужрасидан  мулла  Шаҳодат  муфти,  Калоншоҳ мирзо ва мулла Абдураҳмонлар намозга чиқиб келар эдилар. Сафар бўзчи ҳар икки муфтининг ҳам  ўрдада  туришларини  яхши  билар  эди.  Мулла  Абдураҳмонни  ўрдаға  яна  оладиған бўлибдирларми, деб ўйлади ва уч уламо келиб масжидга киргунларича адаб сақлаб, масжиднинг бўсағасида  қўл  боғлаб  турди. Улар  келиб  масжидга  кирар  экан,  мулла Абдураҳмон  кўзининг пахтасини  чиқариб,  Сафар  бўзчиға  қараб  ўтди,  улар  орқасидан  Сафар  бўзчи  ҳам  хонақоҳға кирди. Аммо ҳалиги қарашдан сўнг Сафар бўзчининг бошидан: “Бу муллалар ҳам домламдек ўрдадан  ҳайдалганлармикин?  Мирзамнинг  ғийбатига  йиғилишқанлармикин?”  деган  бир  фикр ўтиб кетди.

Сўфи такбир тушурди, мулла Абдураҳмон меҳробка ўтди, муфти ва бошқалар унга иқтидо қилдилар. Имом қироатда, Сафар бўзчи сомиълик1 ўрниға — “манови кетман соқолнинг афти хунук, уттасининг авзойи бузуқ, домламнинг бўлса ғурраги бола очқан… Учави ҳам аламзада бўлсами?  Домламнинг  кўнглини  кўтаргали  келганлардир,  ёки  мирзам  билан  икки  орани битиштирмакчиларми?.. Мирзамнинг битишмагани маъқул, икки оғиз гап учун ҳанузгача кек сақлаған домла…” деб ўйлар эди. Шу йўсун васвасаланиб шом намозини қандай ўқуғанини ўзи ҳам билмади, аммо ётиб туришдан эринмади. Фотиҳадан сўнг жамоат тарқала бошлади. Беш-олти  киши,  жумладан,  Сафар  бўзчи  ҳам  адаб  сақлаб,  домлалар  масжиддан  чиққунча қўзғалишмадилар.  Улар  чиқиб  кеткандан  сўнг  сўфи  шамъни  ўчирди,  бошқалар  масжиддан тарқадилар.  Сафар  бўзчи  саҳнга  тушиб  ҳужрага  қаради;  ҳужра  даричасидан  шамъ  ёруқлиғи тушар,  ичкаридан  қўлида  қуроқ  дастурхон  ушлаган,  ўн  бир-ўн  икки  ёшлиқ  бир  бола  чиқиб келар эди.

Сафар  бўзчи  жиловхонага  ўтиб  тўхтади.  Ҳужрадан  келган  бола  ўз  ёниға  еткач,  болани олдинға  ўткариб,  унинг  орқасидан  кўчага  чиқди.  Бола  кўчанинг  ўнг  томониға  қараб  кетди. Сафар  аканинг  ҳавлиси  кўчанинг  чапида  эди,  лекин  ул  ўз  ҳавлиси  томонға  юрмай,  шу  бола орқасидан борди.

— Ҳой, Шукур сўфининг ўғли!

Шукур сўфининг ўғли — бола, йўл устида тўхтади. Сафар бўзчи унинг ёниға етиб олди.

— Қани юравур, сенинг отинг Маматқул-а?

— Ҳи.

— Маматқул… Сен бизнинг Асқарбойни танийсанми?

Бола ажаблангансумон Сафар бўзчиға қараб олди.

— Асқар меним ўртоғим-да, шу топқача билмайсиз экан-да!

— Ҳа, ҳа… ўзинг ҳам яхши йигит кўринасан… Масжидда нима қилиб юрған эдинг?

— Имом поччамнинг ҳужраларида чай қўйиб бердим. Катта домлалар меҳмон бўб кепти.

— Ҳа, ҳа… Энди қаёққа борасан?

— Имом поччамнинг уйларидан ош об келаман-да.

—  Туппа-тузук  дасёр  бўлиб  қопсан-да.  Ош  олиб  келганингдан  кейин  тағин  чой  қўйиб берарсан ҳали?

— Ҳа, қўйиб бераман. Домла поччалар жўнағунча хизмат қилиб тураман.

— Ҳа, ҳа… Катта домлалар қачон келишди экан?

— Дадам азонға чиққанда келишди-да, қўйиб берган чайимни шу топта ичишаяпти.

Сафар бўзчи ўн қадамча сўзсиз борди.

— Ўзинг кўб яхши боласан-да, Маматқул, домла поччаларинг нима дейишяпти?

— Ҳали гапуришканлари йўқ-да.

—  Маматқул-чи,  шу  домла  поччаларнинг  сўзига  яхши  қулоқ  солиб  тиғнаб  оған  киши бемалол жаннатка кириб кетавуради-да… Сен ҳам уларнинг сўзини тиғнаб оласан-ми?

— Ҳа, тинғаб оламан. Дадам ҳам савоб бўлади, деяпти.

—  Бали,  Маматқул,  жуда  яхши  тиғнаб  ол-да…  Агар  сен  шу  домла  поччаларнинг  сўзини яхши тиғнаб, улар жўнағандан кейин менга бориб сўзлаб берсанг-чи, Маматқул, мен сенга ўн пул бераман-да.

Маматқул тушуналмаслик ичида Сафар бўзчиға қаради:

— Чин айтаяпсизми, Сафар ака?

— Ёлғони йўқ-да, Маматқул, — деди Сафар бўзчи ва бўз яхтагининг чўнтагини силкитиб жарақлатди. — Кўраяпсанми чақаларни… Агар уларнинг гапини тиғнаб менга сўзласанг-чи, ўн пулни олавурасан-да, Маматқул.

— Тунда сизнинг олдингизға борғани қўрқаман-да.

— Нимадан қўрқасан, Маматқул? Асқар ўртоғинг кечаси ҳам қўрқмасдан юравуради.

— Мен итдан қўрқаман-да.

—  Бизнинг  кўчада  ит  йўқ-ку,  тентак,  қўрқсанг  эта-метан  бор.  Агар  имом  поччанг  энди кетавур деса-чи, Маматқул, хўб, деб ҳужрадан чиқ-да, ҳеч кимга билдирмай, дарчанинг тегидан гапни эшит, ҳами?

Маматқул нима учундир илжайиб қўйди ва маъқул деган каби бош ирғатди.

— Қўрқмасанг, улар жўнағандан кейин бизникига бор, мен дўконда иш тўқуб ўлтураман; ўн пулни олиб келавурасан-да, сендан нима кетди, Маматқул…

— Тузук.

Бола шу сўзни айтиб кичкина, тор кўчага бурулди. Сафар бўзчи боланинг орқасидан бир оз қараб турғандан сўнг, орқасиға қайтди. Сафар бўзчи болаға берган ўзининг бу ваколати билан келаси кун мирзобошининг олдиға яна бир гап топиб бормоқчи эди. Унинг фикрича, эҳтимолки, кейинги  домла  поччалар  ҳам  ўрдадан  ҳайдалишка  лойиқ,  мирзобошиға  душман  бўлиб  чиқар эдилар.  Шу  хаёллар  билан  келиб,  уйига  кирди.  Эрини  кута-кута  қозондағи  туппаси  аталаға айланган Тўхтабиби Сафар бўзчини койиб қарши олди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Сомиълик — тинглаш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-66

Бобур ўз оиласига йигирма тўрт йиллик қадрдон бўлган Робиянинг таъзим билан берган саломига алик олиб, у билан илиқ сўрашди. Сўнг қизчаси Гулбаданга юзланди. Қўғирчоқдай ...

Унутма халқим, ушбу санани(ва диққат-ла ўқи ҳаммасин)!!

Икки минг-у ўнсаккизинчи йилнинг Ўн бешинчи ноябрь санасида. Ўзбегим, билгин, дунёга келди, Сенинг келажагинг кўзловчи фирқа!             Фирқага “бош” бўлди бир жасур ўғлон, ...

Расул ҳамзатов:она тилим

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да, Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон. Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида, Тоғлар орасида ётибман бежон. Узокда шарқираб сойлар оқмоқда, Борлиқда бир ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400