Юлдузли тунлар-66

Бобур ўз оиласига йигирма тўрт йиллик қадрдон бўлган Робиянинг таъзим билан берган саломига алик олиб, у билан илиқ сўрашди. Сўнг қизчаси Гулбаданга юзланди.


Қўғирчоқдай ясантирилган жажжи қизчанинг қош-кўзи беихтиёр Дилдор оғачани эслатди. Гулбаданни ҳам ўша гўзал жувон туққан эди. Моҳим бегим Ҳиндолни оналарча суйиб парвариш қилаётганини йиллар давомида кузатиб юрган Дилдор оғача бу аёлнинг тантилига қойил бўлган ва Гулбаданни унга ўзи фарзандликка берган эди. Бу икки аёл энди калондимоғ Гулруҳ бегимга қарши гўё болалар орқали иттифоқ тузган эдилар. Гулруҳ бегим эса бир эмас, икки ўғли бўй етиб келаётганидан беҳад мағрурланар, Комрон мирзо ва Аскарийларни тахт вориси Ҳумоюнга қарши рақобат туйғуси билан тарбиялар эди. Шу сабабли Бобур ҳам Гулруҳ бегимдан кўп ранжир, лекин орадаги кундошлик балосини бутунлай даф қилиш қўлидан келмас эди.
Мурғак қизчасини кўрган заҳоти эсига тушган бу мураккабликлар Гулбаданнинг эгилиб таъзим қилиши ва ширин «ассаломи» билан хаёлидан узоқлаша бошлади. Бобур қизчасини қўлида кўтариб олиб, пешонасидан ўпди, сўнг дастурхон олдига келиб, уни тиззасига олиб ўтирди. Дастурхон тўла ноз-неъматларни, Одинапурдаги Боғи Вафода ўсган чиройли норинж*ларни кўрсатиб:
— Не ейсан? — деб сўради.
Гулбадан одоб билан бош чайқади — у подшоҳ отасининг олдида овқат чайнаб ўтиришдан ийманар эди. Лекин дадасининг зар қўшиб тўқилган қимматбаҳо абосидаги тугмалар уни жуда қизиқтириб қўйди. Бу тугмалардан бирининг юз томонига кичкина қилиб йўлбарс шакли ўйилган. Йўлбарснинг кўзлари ўрнига зиғирдан ҳам кичик ёқут доналари ўрнатилган. Иккинчи олтин тугманинг юзида афсонавий бир қуш қанотларини ёзиб тумшуғида кичкина гавҳарни олиб учиб боряпти. Умрида бундай ғалати тугмаларни кўрмаган қизча уларнинг биттасини қўлчаси билан секин ушлаб кўрди.
— Сенга тугмалар маъқулми? — деб сўради дадаси, Гулбадан «ҳа», деб жилмайди. Бобур қизчаси ушлаб кўрган юқориги тугмани юлиб олмоқчи бўлиб бир тортди. Лекин тугма жуда маҳкам тикилган экан, узилмади.
— Ҳазратим, не қилмоқчисиз? — ҳайратланиб сўради Моҳим бегим. — Қўйинг, тугмани узманг, ахир бу сизнинг шоҳона либосингиз!
— Ҳечқиси йўқ. Заргарга буюрсалар, яна битта шундоқ тугма ясаб бергай.
Бобур камарига осилган қиндан кичкина қаламтарош олди-ю, ўша тугмани ипидан қирқиб олиб, қизчасига берди:
— Лекин йўқотма. Бу қуш — Ҳумо. Илоҳим сенга бахт келтирсин.
Гулбадан қувониб ва ҳаяжонланиб:
— Раҳмат, ҳазрати… оли… — деди-ю, лекин жумланинг охирини унча келиштиролмади.
— Мени ота дея қол қизим.
Гулбадан онаси Моҳим бегимга савол назари билан қаради. Моҳим «ҳа, айт!» дегандек бош ирғади. Шунда Гулбадан қўлчалари билан отасининг бўйнидан қучди-да:
— Отажон! — деб унинг ёноғидан ўпди.
Бобур кўпдан бери ҳис қилмаган болаларча бир поклик ва маъсумлик борлиғига гўё нур бўлиб таралди.
— Гули, — деди Моҳим бегим, — энди ҳазрат отангга битта ҳикоя айтиб бергин.
Гулбадан секин отасининг тиззасидан пастга тушдида, худди муаллимга жавоб бераётган талабадек тик туриб, тошбақа ва чаён ҳақидаги машҳур ҳикоятни айтиб берди. Хусусан, тошбақа чаёнга яхшилик қилиб, уни дарёдан ўтказиб қўймоқчи бўлганда, чаён унга заҳар солишга тиришганини, сўнг бу ёмонлиги учун дарёга чўкиб ўлганини шундай келиштириб айтдики, Бобур завқ қилиб кулди-да:
— Сиз сўзлаб берганмидингиз? — деб Моҳимдан сўради.
— Йўқ, ўзи «Тўтинома»ни бемалол фаҳмлаб ўқиди. Беш ёшга етмай савод чиқарган қизчани мен биринчи кўришим.
— Гулбаданга кўз тегмасин, зеҳну муҳофазаси беназир.
— Саъдийнинг «Гулистон»идан хийла ҳикоятларни ёд билур. Ашъорга унча ўч эмас. Аммо насрий ҳикоя хотирасига сўзма-сўз нақшланиб қолур. Боғда, кўчада кўрганларини ҳам келиштириб ҳикоя қилур. Мен ўзимча орзу қилурменки, Гулбадан шоира бўлмаса ҳам ҳазрат оталарининг насрнавислигини мерос олса не ажаб?
— О, наср ёзмоқ учун қанчалик кўп савдоларни бошдан кечирмоқ керак, Моҳим!
Гулбадан ота-онасининг гапларига яхши тушунаётгандай сергакланиб қулоқ солмоқда эди. Унинг катта-катта шаҳло кўзларида қандайдир умид, айни вақтда, хавотирлик борга ўхшарди. Гўё унинг отасидан кутган умидлари пучга чиқса кўнгли қаттиқ озорланишини сезиб хавотирланаётгандек кўринарди.
— Зукко қизим, ҳазрат онанг сендаги ажиб бир қобилиятни яхши пайқабдир. Агар Гулининг насрга ишқи зўр бўлса, — деб Бобур Моҳим бегимга қараб давом этди, — «Воқоиъ»нинг осонроқ бобларидан берай, хаттот қизчамизга бир нусха кўчириб берсин.
— Мен ҳам сиздан шуни илтимос қилмоқчи эдим. Гули туркий тилни ҳазрат оталарининг китобларидан ўргангани яхши. Мен, ожизангиз, орзумандменки, фақат Ҳумоюндек ўғилларингиз эмас, Гулбадандек қизларингиз ҳам тарихда сизга муносиб ном қолдирсалар*.
Бу сўзларнинг самимийлигини бутун вужуди билан сезган Бобур нохосдан тўлқинланиб кетди. Моҳим бегим кундоши Дилдор оғачанинг бир эмас, икки фарзандини шунчалик меҳр билан тарбиялаши ва уларнинг келажагига шу даражада жон куйдириши учун қанча катта бардош, тантилик, бағри кенглик керак бўлганикин? Бобур ёши қирқдан ошган сари келажак авлод ҳақида кўп ўйлар, фарзандлар, айниқса, шу ёшда одамнинг ҳаётида ҳал қилувчи кучлардан бирига айланишини сезарди. Шу сабабдан ҳам Моҳим бегимнинг биргина Ҳумоюнни эмас, мана, Ҳиндол билан Гулбаданни ҳам оталарига садоқатли ва меҳр-оқибатли фарзандлар қилиб тарбиялаётгани хотин кишининг ўз эрига қилиши мумкин бўлган энг улуғ яхшилиги эканини ҳозир бутун борлиғи билан ҳис қилди. Бобур подшоҳлик удумига ён бериб, Моҳим бегимнинг устига яна икки хотин олган бўлса ҳам Моҳим буни бағрикенглик билан кечиргани, яна ўзини унга шунчалик фидо қилаётгани — тенгсиз бир муҳаббат ва садоқатнинг нишоналари эмасми?
Бобур тез ўрнидан туриб, кўрпачада ўлтирган Моҳим бегимнинг устига энгашди-ю, сочидан, пешонасидан, юзидан ўпа бошлади.
— Моҳим, сиз менинг беназир малагимсиз! — деб эҳтирос билан шивирлади: — Мен шоҳ бўлсам ҳам улуғ қалбингиз ўтрусида қулмен!
Моҳим ҳам тез ўрнидан кўтарилди. Гулбадан ота-оналарига ийманиб қараб турганини кўрди-ю, атрофга олазарак бўлиб кўз ташлади.
Робия уларни холи қолдириб ичкарига кириб кетган. Савдарбошилар ҳам йўқ. Бобур Моҳим бегимнинг кўзларидан ҳам ўпиб:
— Буюринг, — деди, — неки истасангиз мен бажо келтирай!
Моҳим бегим уялиб шивирлади:
— Гулбаданга жавоб берайлик…
Бобур яна савдарбошини чақирди ва Гулбаданга Ҳиндистондан келтирилган тўтиқушларни ҳадя қилишни буюрди.
Чиройли олтин қафасларга солинган тўтиқушларнинг камалакдай товланган патлари Гулбаданнинг эътиборини ўзига тортди. Тўтиқушлар сўзлашни билар эди, каттароғи шанғи товуш билан:
— Ассалом, бегим! — деди.
Гулбадан бундан завқ қилиб болаларча соддалик билан:
— Ассалом, тўти! — деди.
Шунда ҳаммалари беихтиёр кулиб юбордилар. Гулбадан дадасининг олдига чопиб келди, бу ажойиб совғаси учун унинг қўлини ўпди. Бу орада ичкаридан чиққан Робия қизчани секин қўлидан олди-да, тўтиқуш солинган қафас билан бирга зинапоядан пастга олиб тушиб кетди.
Бобур ва Моҳим бегим икковлари ичкари хонага йўналдилар. Катта танобий уйнинг тўридаги шаҳнишинга эроний гиламлар ва зарбоф кўрпачалар тўшалган эди. Бобур Моҳим бегимнинг хипча белидан қучиб, ўша томонга бошлаб борар экан:
— Ҳали ҳам келинчаклик пайтларингиздагидек сарв-қоматсиз, Моҳим, — деди.
— Чунки сиз мен учун ҳамон йигирма ёшлик йигитсиз!
Моҳим бегим шундай деб, ички уйнинг очиқ эшигидан кўриниб турган шоҳона тўшакларига оловли бир нигоҳ ташлаб олди. Бугунги эҳтиросли тун, икковлари худди аланга тилларидек гоҳ бутун борлиқлари бирлашиб, гоҳ яна ажрашиб, сўнг қайтадан олов мавжида бирлашиб, икки тан бир вужудга айланган пайтлари хаёлига титроқ солиб ўтди. Ўша дақиқаларда Моҳим эрининг қулоғига: «Сиз менинг кўз очиб кўрган ягона ёримсиз, сочингиздан-тирноғингизгача бутун борлиғингиз менга жонимдан ҳам азиз, энди сизни бошқа ҳеч кимга бермасмен!» деб шивирлаган эди. Бобурнинг ҳозир уни ўпиб: «Мен шоҳ бўлсам ҳам сизнинг улуғ қалбингиз ўтрусида қулмен!» дегани Моҳимнинг ўша тунги сўзларига жавобдек эшитилди. Бу сўзлар ва ўпичлар Моҳим бегимнинг борлиғини шундай яйратиб юбордики, ёши ўттиз еттига борган бўлса ҳам ҳозир йигирма ёшли жувондек ҳусни жамоли очилиб, кўзларидан ўт чақнаб, шўх оҳангда сўради:
— Мен ҳозир неки тиласам бажо келтирурмисиз?
Бобур Моҳимнинг янги бир кўшк қуриб беришини ёки катта харажатлар учун хазинадан қўшимча олтин сўрашини кутган эди. Унинг бунақа истакларини сўзсиз бажаргиси келиб турган Бобур:
— Сиздан молу жонни аямасмен, буюринг! — деди.
Моҳим бир лаҳза тараддудланиб турди-ю, паст ва жиддий товуш билан деди:
— Сиздан молу жон эмас, фарзандимиз Ҳумоюнни… Кобулга қайтаришингизни илтимос қилмоқчимен.
Бобур ҳам энди жиддийлашиб:
— Нечук? — деди. — Бутунлай Кобулга қайтсинми?
— Ҳа, сиздан ўтинамен!
— Моҳим, Ҳумоюн ёнимизда бўлишига мен ҳам ташнамен. Бироқ шимолий чегараларимизни
Ҳумоюндек ишончли одам қўриқлаб турмаса, шайбонийзодаларни ўзингиз билурсиз…
— Билганим учун туну кун хавотирдамен. Икки йилдан бери Ҳумоюн Бадахшонда. Мен уни шунчалик соғинаменки, турган хоналарига кирсам, ўқилган китобларини варақласам, кўзимга ёш келур.
— Моҳим, сиз билурсизки, тождорлару валиаҳдларга она бўлишнинг машаққати беҳисоб…
Шукр қилинг, менинг раҳматлик онам тортган азобларни худо сизнинг бошин-гизга солган эмас. Ҳумоюн мирзонинг ишлари жуда тараққийда. Бадахшонлик содиқ йигитлардан тўрт-беш минги уни асраб-авайлаб юрурлар. Шайбонийзодалар ҳам биз билан муроса қилишга мажбур, чунки ҳозир улар ички низоларни тинчитолмай, ўзлари билан ўзлари овора.
— Ундоқ бўлса, Бадахшонга энди Комрон мирзони юбора қолинг. Ахир у киши ҳам ўн олтига кирдилар. Гулруҳ бегим доим ўғилларининг эр етганидан фахрланиб гапирурлар.
Бобур хотинларининг орасидаги рақобатни жуда ёмон кўради. Чунки кундошлик рақобати болаларга таъсир қилса, улар бора-бора бир-бирларига душман бўлиб қолишлари мумкинлигини биларди.
— Сиз Гулруҳ бегимнинг гапига эътибор берманг деган эдим-ку, Моҳим!
— Эътибор бермай иложим йўқ, ҳазратим! Чунки Гулруҳ бегимнинг икки ўғли ҳам ёнларида. Мен бўлсам узоқдаги Ҳумоюнни соғиниб қон ютурмен!
— Оббо!.. Майли, мен сизнинг тилагингизни бажо келтирамен, деб сўз бердим. Сўзимда турмоғим керак. Ҳумоюнни жуда соғинган бўлсангиз, икки-уч ҳафтадан сўнг уни албатта кўрурсиз.

— Қаерда кўрурмен? — овози титраб сўради Моҳим.— Кобулдами?
Бобур овозини пасайтириб:
— Одинапурда, — деди.
Одинапур Ҳиндистон чегарасига яқин жойда эди, Моҳим бегим Бобурнинг ўша жойда қўшин тўплаётганини эшитган эди. Афтидан, Ҳумоюннинг Кобулга келиб юрмасдан, бор қўшини билан Бадахшондан тўғри Одинапурга ўтиб бориши ҳарбий мақсадларга мувофиқроқ келар эди.
Моҳим бегим энди хавотирли овоз билан сўради:
— Ҳазратим Ҳумоюнни ҳам Ҳинд юришига олиб бормоқчиларми?
Сир сақланаётган мавзуда гап очилгани учун Бобур атрофга кўз ташлаб, бир лаҳза жим қулоқ солди. Айвонда ҳам, ички уйларда ҳам икковларидан бошқа одам йўқ эди.
— Сиз билурсиз, мен Мовароуннаҳрдан умидимни узганимдан бери ёруғ бир истиқболни Ҳиндистон томондан изламоқдамен. Ўн йилдан бери бир неча қайта ишончли одамларимни Ҳиндга элчиликка юбордим.
— Ўзингиз ҳам Ҳиндга тўрт қайта бориб келдингиз-ку.
— Лекин тўрт мартасида ҳам Деҳлига етолмадим. Лахўр атрофларидан қайтдим.
— Ҳиндда ватанларини жон-жаҳд билан ҳимоя қиладиган ботир йигитлар кўп экан-да.
— Ҳа, хусусан, ражпут йигитлари жасур қиличбоз келурлар.
— Улар жангда нечоғлик беомон эканини биз ҳам эшитдик. Шунинг учун ҳар гал Ҳинд юришига кетганингизда хавотирлик оловида қоврилиб, тунларни уйқусиз ўтказурмен. Ҳар икки томондан қанча бегуноҳ одамлар жанг қилиб ҳалок бўлгани хаёлимдан нари кетмайди. Ҳатто Бажур қўрғонида ўлдирилган уч минг ёғийнинг бошидан калла-минора ясатибсизлар!
— Сиёсат учун… зарур бўлди.
— Аммо бундай сиёсат сиздек сиймо учун маъзур эмас, ҳазратим! Шаккоклигим учун мени кечиринг! Ҳинд юриши энди бас!
— Йўқ, бас қилолмасмен. Ҳиндистон рожалари менга элчи юбормишлар. Улар Иброҳим Лодининг* зулмидан безор эмишлар. Мамлакатлари вайрон, улуслари пароканда, ўзаро урушлардан ҳамма безган. «Ҳиндда қудратли давлат тузиб, қадимий маданиятни тикламоқ учун бизга сиздек маърифатли тождор керак» деб, панжоблик Давлатхон ўз ўғли Диловархонни бизга вакил қилиб юборибдир.
Моҳим бегим Бобурнинг Давлатхон билан иттифоқ тузганини билар эди. Бобурни Иброҳим Лоди зулмига қарши чорлаётганлар орасида ҳиндистонлик машҳур рожа Санграм Синх ҳам бор эди. Бундан уч кун олдин Бобур шу рожанинг элчисини қабул қилган, лекин унга нима жавоб берганини ҳали кўпчилик билмас эди. Моҳим эрига майин тикилиб:
— Бир саволга ижозат беринг, — деди.
— Марҳамат.
— Рано Синх билан ҳам иттифоқ туздингизми?
Бобур тасдиқ маъносида бош ирғади.
— Мен Ҳиндга борсам, уни талаб келиш учун эмас, балки умр бўйи интилиб етишолмаётган орзуларимни ўша ерда рўёбга чиқариш учун бормоқчимен! Ҳозир шу мақсадга етишиш учун қулай фурсат келди.
— Бироқ бу мақсадингиз йўлида даҳшатли бир чоҳ— қонли уруш бор!
— Биз бу чоҳдан от сакратиб ўтмоғимиз мумкин.
— Ҳазратим, сиз от сакратиб ўтганингизда ҳам, бу чоҳга минг-минг беваю сағираларнинг кўз ёшлари тўкилгай! Бегона юртнинг оналарию бевалари сиз билан урушда ўлган фарзандларию эрларининг ўлимини кечирармикинлар?
— Ўшал оналару беваларнинг фарзандларию эрлари пароканда юртнинг ички урушларида озмунча ҳалок бўлмоқдами? Иброҳим Лоди гоҳ Панжоб билан, гоҳ Гвалиор билан, гоҳ Бангола билан жанг қилур. Наригилар ҳам бир-бирлари билан тахт талашиб урушурлар. Ҳар йили қирқ-эллик минг навкар бу ўзаро урушларда беҳуда ҳалок бўлмоқда. Мамлакат бизнинг Мовароуннаҳрдек хароб. Бу тўполонлардан безган ҳинд беклари қочиб келиб мендан паноҳ топдилар. Шулардан бири Ҳиндубек беш йилдан бери менинг нуфузли амирларим қаторида юрганини билурсиз. Улар ҳам мени Ҳинд сари чорлайдирлар, мамлакатни обод қилишни, илму маърифатни юксалтиришни ўйлайдилар.
— Агар бундай маърифатли подшоҳ ўз юртларидан чиқса эди, улуғ давлат тузиш йўлида ноилож тўкиладиган қонлар осонроқ унутилмоғи мумкин эди. Аммо бошқа юртдан борган фотиҳларнинг тўккан қонлари фотиҳлик қиличидан етган дил яралари асрлар давомида унут бўлмағай, тузалмағай! Мен ана шундан хавотирдамен, ҳазратим!
Моҳимнинг сўнгги сўзлари Бобурнинг дилидаги энг оғрийдиган ярани тирнагандай бўлди. У озорланиб ўрнидан турди:
— Тақдир қиличи бизнинг дилимизни озмунча яраладими? Қани бу яраларнинг унут бўлгани? Қани тузалгани?!
Бобур кафтини кафтига қаҳр билан уриб, савдарбошини чақирди:
— Мен боя айвонда чоғир келтиришни буюрган эдим! Нечун келтирмади?
Унинг авзойи кескин ўзгарганини, ҳозир савдарбоши кирса бирон жазо олиши мумкинлигини Моҳим бегим сездию тез ўрнидан турди.
— Ҳазратим, чоғир ичгингиз келса, марҳамат, мен сақлаб қўймишмен, — деб ипак парда билан тўсилган токчадан олтин кўзача тўла май ва иккита нафис чинни пиёла олди. Бошқа токчада гулдор дастурхон билан бир лаган норинж турган эди. Дастурхонни апил-тапил шаҳнишинга ёзиб, норинжни унга қўйди-да, Бобурни таклиф қилди. Кўзачадан чинни пиёлага хушбўй майни қуяр экан:
— Ижозат берсангиз, мен ҳозир соқийлик қилсам!— деди.
Бобур ўтирар экан, ижозат маъносида бош ирғади.
Моҳим пиёлага ярмидан ошириброқ май қуйди-ю, чап қўли кўксида, ўнг қўли билан Бобурга узатди:
— Олинг, ҳазратим, сизга узоқ умр, бахту саодат ёр бўлғай!
Пиёладаги тиниқ хушбўй ичимлик Моҳимнинг қўли билан бирга хиёл титраб турибди. Бобур пиёлани олар экан, хотини илиқ бир гап кутаётганини сезди. Лекин ҳозир унинг қалбида қандайдир совуқ изғирин хуруж қилмоқда эди. Ҳарбий ва сиёсий ишларнинг қорбўрони хаёлларини чирмаб, гоҳ ҳазора қабилалари билан бўлган қонли тўқнашувларга олиб кетар, гоҳ Панжобга боғлиқ чигал муаммолар, гоҳ карвон йўлларида талончилик қилган қароқчиларни жазолаш ташвишлари эсига тушар, гоҳ оғир замбаракларни синовдан ўтказиш пайтида уларнинг йўғон мис қувури ёрилиб кетгани ва тўпчилардан беш киши ўша жойда ҳалок бўлгани кўз олдига келар эди. У совуқ изғирин чангалидан чиқиб кетишга ва аввалги илиқ руҳий ҳолатига қайтишга интилиб, дардли товуш билан деди:
— Моҳим, узоқ умру бахтли ҳаёт мен учун ушалмайдиган орзу бўлса керак.
— Нечун? Агар тангрим насиб қилса, ушалиши ҳеч гап эмас. Илоҳим насиб қилсин!
— Айтганингиз келсин…
Бобур майни сипқорди-ю, пиёлани Моҳим бегимга қайтариб берди. Норинждан биттасининг пўчоғини қўли билан арчиб, ярим палласини еди. Сўнг Моҳим бегимга «Яна қуйинг!» ишорасини қилди.
Иккинчи пиёладан кейин вужудига майин бир илиқлик таралди, бояги совуқ изғирин хаёлидан узоқлашгандай бўлди-ю, Моҳимга кўнглини очиб гапиргиси келди.
— Бу амирлар, элчилар, иттифоқдошлару ёғийлар, яна юз хил давлат ишлари қалбимни юз бўлак қилиб, юз томонга тортадир, Моҳим! Гоҳо менинг кўнглим ҳам парчаланиб кетган, ўзаро урушларда азоб тортаётган мамлакат каби алғов-далғов бўладир! Ҳаётимда гўё шундай бир қутб борки, унга барча амирлару элчилар, чопқинлару урушлар тўпланмишдир. Бу қутбда мен совуққонликка ўрганмишмен, чунки сиёсат бобида одамларга худди шатранж тахтаси устидаги пиёдаю сипоҳийларга қилган шафқатсиз муомалани қилмасанг, уларни ақлу фаросат, ҳисобу  китоб билан идора этмасанг, муродга етолмассен. Аммо бу шафқатсиз сиёсатнинг совуқ изғиринидан ўзим тўнғиб кетурмен. Сўнг май ичиб, исингим келур. Бу совуқ қутбда шеър
ёзишга ҳам ҳафсалам қолмас!
— Ўшал нохуш қутб ўтрусида бошқа илиқ маконингиз йўқми, ҳазратим?
— Бугун… мана ҳозир яна бир марта пайқадимким… мен учун оламда энг илиқ қутб — Сиз, Ҳумоюн, Гулбадан… Сизлар билан бўлганда туйғуларим жўшиб, ижод қилгим келур.
— Ундоқ бўлса, доим биз билан бирга бўлинг! Бундан биз ҳам беҳад бахтиёр бўлурмиз!
— Қани эди!.. Аммо бунинг учун мен давлат ишларидан бутунлай воз кечмоғим керак.
— Бутунлай воз кечишингизга ҳожат йўқ, ҳазратим. Ахир сиз Кобулда катта давлат барпо этдингиз. Қундуздан Қандаҳоргача, Бадахшондан Синд дарёсигача бўлган пароканда ўлкаларни бир марказ атрофига бирлаштирдингиз. Кобул ўз тарихида биринчи марта шундай улкан мамлакатнинг пойтахтига айланди. Бу ерда сиз янги кўшклар қурдирдингиз, янги боғлар барпо этдингиз, янги ариқлар қаздириб, кўп жойларни обод қилдингиз. Шу ҳаммаси сиз учун азиз эмасми?
— Ношукрлик бўлмасин, мен Кобулда кўп масъуд кунларни кўрдим. Бироқ катта орзуларимни рўёбга чиқаришга ҳамон ожизмен. Шу менга тинчлик бермайдир. Кобул атрофидаги кўп жойлар ҳали қаламий эмас, сайфий*. Ана, Ғазнида неча асрдан бери бузилиб ётган улуғ банд* бор. Маҳмуд Ғазнавий банди дерлар. Агар шу банд тикланса, чўл бўлиб қолган катта бир водий яна яшнаб кетгай. Мен шу бандни тузаттирмоқчи бўлдим. Лекин сарфини ҳисоблаб кўрсам, хазинам етмас экан… Бу аҳволда мен Камолиддин Беҳзоддек улуғ истеъдодларни қайси давлатимга таклиф этамен? Беҳзодни Шоҳ Исмоил Табризга олиб кетмишдир. Чунки ҳозир шоҳ мендан қудратлироқ. Қанчадан-қанча илму ҳунар аҳли, меъморлару муҳандислар бор, агар чорласам, кўплари келурлар. Лекин… Кобулга ўзи келган меъмор мавлоно Фазлиддинга муносиб иш топиб берганим йўғу бошқаларни қандоқ чорлай?
Моҳим бегим Бобурнинг Ҳиндистонга интилишига нақадар кўп ва мураккаб сабаблар борлигини сезиб:
— Хоразмлик ватандошингиз Беруний ҳам Ҳиндис-тонга борган — деди. — Ҳазратим, сиз унинг «Ҳиндис-тон» отлиқ китобини қандай ўқиганингиз эсингиздами?
Бобур Ғазнидан топиб келинган бу китобнинг эски араб тилидаги нусхасини қийналиб ўқиган бўлса ҳам мазмунини жуда ёқтирган эди.
— Ҳа, Ҳинд ҳаётини Берунийчалик теран таҳлил этган олим кам бўлса керак. Беруний ҳам менинг Ҳиндни кўриш иштиёқимни оширди.
— Биламен. Ҳиндда сизни оҳанрабодай ўзига тортган яна бир сиймо Хисрав Деҳлавийдир.
— Сўзингиз чин, Моҳим. Мен Деҳлавийнинг кўп ашъорларини «Мухтасар» китобимда келтирмишмен. Деҳлавийнинг отаси амир Маҳмуд Қарши билан Шаҳрисабз оралиғида яшаган лочин исмли туркий қабиладан эди. Мен буни яқинда билдим. Лочин қабиласи Чингизхон истилосидан қочиб, Ҳиндга бориб қолган экан. Хисрав Деҳлавий Давлатноз исмли ҳинд муслимасидан туғилмишдир.
— Ҳазратим, — деди Моҳим Бобурга мулойим тикилиб, — сиз ҳам шоирсиз, ҳам олимсиз. Мен орзу қилардимки, барча эл-улуслар сизни ҳам Берунийдек, Деҳлавийдек фақат яхши сўзлар билан тилга олсалар.
Бобур Моҳим бегимнинг ботиниб айтолмаган сўзларини тушунди-ю, юзи тундлашди. Хаёлида яна ўша совуқ изғирин қўзғалди.
— Сиз менинг подшоҳ ҳам эканимни нечун эслатмоқчи эмассиз?
— Чунки мен сизни ижодингиз олови ёнган илиқ қутбда муқим туришга чорламоқчимен!
— Мен ижод қутбида умрбод қолмоқчи бўлиб, Даҳкатда, Осмон Яйловда ялангоёқ юрганимда нечун учрамадингиз? Энди кеч!.. Подшоҳни барча эл-улуслар фақат яхши сўзлар билан тилга олиши — ушалмайдиган бир орзу. Мен одамларнинг мақтовига ҳам, таънаю маломатига ҳам роса тўйганмен!

Бобур яқинда ёзган бир ғазалидан икки сатрини жўн сўзга ўхшатиб оҳангсиз, айтди:
— Улуснинг таъну таърифи* менга, Бобур, баробардур, бу оламда ўзимни чун ёмон-яхшидан ўткардим.
— Рост, бизнинг ҳеч биримиз дунёнинг аччиқ-чучугини сизчалик кўп татиб кўрган эмасмиз… Оламнинг бераҳм дағал жабру жафоларини бунчалик кўп кўра туриб шу қадар нафис шеърлар битишингиз, шунчалик назокатли оҳангда куйлашингиз мени доим бир мўъжизадек ҳайратга солур. Ҳазратим, сиз улуғ шоирлар даврасидан жой олмоғингиз керак. Мен гоҳо қўрқаменки, жаҳонгирлик, фотиҳлик сизнинг шоирлигингизга соя ташлаб қўймасмикин?
— Ҳинд юришидан воз кечинг, демоқчимисиз?!
Моҳим бегим Бобурни бу ниятидан қайтаролмаслигини энди аниқ сезди.
— Ҳазратим, ҳеч бўлмаса Ҳумоюнни Кобулда қолдиринг! Ахир сиз Ҳиндга кетсангиз, кимдир Кобулни бошқариши зарур-ку!
— Мен йўғимда Кобулни сиз идора этгайсиз, бегим!
— Наҳот! Ахир мен аёл кишимен! Шариатга биноан хотиннинг мавқеидан ўғилларнинг мавқеибаландроқ бўлур. Кобулда ўғилларингиз мирзо Комрон билан мирзо Аскарий борлар.
Бобур бу муаммони бирпасда совуққонлик билан ҳал қилди:
— Мирзо Комронга Қандаҳорни бергаймен. Аскарий иккаласи шу ҳафта Қандаҳорга кетурлар.
Қандаҳор бу ердан отда бир ҳафталик йўл. Ўғиллари кетса, Гулруҳ бегимнинг ҳовури пасайиб қолиши аниқ.
— Кобул менинг хос шаҳрим, — деб давом этди Бобур. — Уни ҳаргиз ўғилларга бермасмен, фақат сизга топшириб кетгаймен! Қосимбек қавчин хизматингизда бўлур. Барча ҳарам аҳли мен йўғимда сизга бўйсунғусидир!
Кутилмаган бу иноятдан Моҳим бегим энди ҳаяжонга тушди. Подшоҳ ўз хотинига бунчалик катта ишонч билдириши жуда кам учрайдиган ҳодиса эди. Айниқса, бутун ҳарам, ҳатто Гулруҳ бегим ҳам Бобур йўғида Моҳим бегимга бўйсуниши, бунга халақит бериши мумкин бўлган мирзо Комрон ва мирзо Аскарийларнинг Қандаҳорга жўнатилиши Моҳим бегимни қийнаб юрган ишкал тугунни бирдан ечиб юборгандек енгиллик берди:
— Ҳазратим, иноятингиздан бошим кўкка етди! Аммо билурсизки, ожизангиз ҳокимликка ташна эмасмен.
— Кимки ҳокимликка ташна бўлмаса, мен ўшал зотга кўпроқ ишониб ҳокимият бергаймен.
Барча ташқи ишларга Қосимбек мутасадди бўлғай. Ҳиндол ёнингизда. Сиз унинг номидан ҳам амру фармон берсангиз, шариатга мос келур.
Моҳим бегимнинг бояги изтиробли ўйлари бир лаҳзага бўлса ҳам хаёлидан узоқлашди. Бобурнинг катта ишончи қалбига шунчалик ёқиб тушгани бегимнинг ўзини ҳам хиёл таажжублантирди. Қандаҳорга ҳоким бўлиш Комрон мирзога ҳам ёқиб тушишини ўйлади. Бобур икки томонни ҳам тинчитадиган нозик бир сиёсат юргизаётганини бегим энди сезди. Одамлардаги ички манфаат туйғусини бехато топиб, шу туйғуга суянган ҳолда уларни моҳирона бошқара билиш катта бир санъат экани, Бобур йиллар давомида мана шу санъатни қанчалик яхши эгаллаганини бегим ҳозир жуда яқиндан кўрди ва гўё ўз тажрибасидан ўтказди. Комрон мирзони Қандаҳорга жўнатиш, Моҳим бегимга Кобул ихтиёрини бериш бошқа кўп амиру бекларнинг кўнглидагини топиб, ўринларини алмаштириш — бу ҳаммаси шатранж доналарини уларга жуда мос келадиган бир маҳорат билан суриш ва ўринларини алмаштиришга ўхшаб кетарди. Шундай бўлса ҳам Бобур Моҳим бегимнинг кўнглидаги энг нозик дардни пайқаб, уни кундоши Гулруҳ бегимнинг қўли етмайдиган юксак мартабага муносиб кўргани беҳад ёқимли эди.
— Ҳазратим, сизнинг улуғ ишончингиз менинг танимга янги бир жон ато қилди! Бироқ… не қилайки, мен дунёдаги барча неъматлардан, ҳатто ўз жонимдан ҳам сиз билан Ҳумоюнни ортиқ кўрурмен. Сиз ҳозир раҳнамолик санъатида беназирсиз. Шундай бўлса ҳам фотиҳларнинг ғаними кўп бўлур. Ҳиндда беадад эл. Беадад ёғий. Ўйласам ваҳмим келур!

— Жанг хатарсиз бўлмас. Сиз мунча изтиробга тушмоқдасиз, Моҳим? Сизга не бўлди?
— Мен Ҳумоюн учун ҳам изтироб чекмоқдамен… Ҳеч бўлмаса Ҳумоюн Кобулда қолсин, сиздан ўтинамен, ҳазратим!
Бобур Моҳим бегимга энди озорланиб кўз ташлади: наҳотки у «ерим хатарли жангда ўлса ҳам ўғлим ёнимда тирик қолсин» демоқчи?
— Ҳумоюн тахт вориси, — деди Бобур ранжиган товуш билан. — Шунинг учун қўшинда мен билан бирга бориши шарт… Эскидан одат шундайлигини нечун унутдингиз?
Бу одатнинг маъноси шу эдики, агар узоқ юртдаги жангда подшоҳ ҳалок бўлса, тахт во-риси дарҳол қўшинга бош бўлиши керак эди, акс ҳолда, қўшин бошқа даъвогарлар томонига ўтиб кетиши мумкин эди. Бобур бу одатни эслатиш билан «мен агар оламдан ўтсам, ўрнимга Ҳумоюн қолишини истаб, уни бирга олиб кетмоқчиман», демоқчи эди.
Моҳим бегим Бобурнинг гапидаги бу маънони фаҳм-лади-ю, изтироби баттар ошди. Назарида, Бобур Ҳиндистондан умрбод қайтиб келолмайдигандай, олдиндаги юриш «борса келмас» юриш бўладигандай туюлди. Моҳим бегимнинг юраги эзилиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Э худойим! Дунё нечун бундай беомон яратилган? Қачон бехатар кунларга етгаймиз?
Бобур жим эди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_______________
* О д и н а п у р — Афғонистоннинг жанубидаги шаҳар, ҳозирги Жалолобод. Норинж— апелсин.
* Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, Моҳим бегим Гулбаданни чиндан ҳам Бобур насри руҳида тарбиялади. Гулбадан бегим вояга етганда
«Бобурнома»нинг энг яхши фазилатларидан ибрат олиб, ўзининг машҳур «Ҳумоюннома» асарини ёзди. Ўша замонларда аёлларни камситувчи диний
ақидаларга қарши бориб ёзилган «Ҳумоюннома» тарихимизнинг нодир маданий обидаларидан бирига айланди.
* И б р о ҳ и м Л о д и — афғон қабилаларидан чиққан подшо.
* Қ а л а м и й — амри фармон билан солиқ тўлайдиган қаламрав ерлар. Сайфий— ҳали бўйсунмаган, қилич кучи билан солиқ тўлайдиган ерлар.
* Б а н д — сув омборининг тўғони.
* Т а ъ н у т а ъ р и ф — таънасию мақтови.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Инқилоб

21. ИНҚИЛОБ Юсуфбек ҳожи устида бояғи кимхоб тўни билан Шайхантаҳурнинг Занжирлиғига етиб, гузарда йиғилиб ўлтурган ва ўзига салом бериш учун ўринларидан турган халққа хитоб ...

Унутолмаса нима қилсин?

9. УНУТОЛМАСА НИМА ҚИЛСИН? Бу гал Отабекнинг кутилмаган равишда Марғилондан тез қайтиб келишини Ўзбек ойим ўзининг жуҳуд домладан қилдирған жодусининг ҳинд сиҳрини ...

Чингиз айтматов:қиёмат 3-қисм

Ўша қўлдан кетган дунё Мўйинқумнинг бу ердан узоқ саксовулзор далаларида қолди. Чек-чегарасиз Мўйинқум саҳроларида сайғоқларнинг ададсиз сурукларини ададсиз карра суриб, ...