Эллигинчи йиллар манзаралари (давоми)

Ниҳоят, айлана-айлана Тошкент-Термиз бетон сўқоғига чиқдик.  Ўттиз-қирқ  дақиқалардан  сўнг Жиззах ўлкасига кириб келдик. Қанча-қанча текширув постларини кечиб. Ҳар бир пост олдида машиналар, ўрисча айтганда  пробка бўлиб  турибди. Кимга кераги бор давлат ичидаги халққа зарарли бу матоҳларни?

Албатта  ДАНга. Чўнтакларини қаппайтириш учун. Ҳайдовчиларни  қўрқувга солиш учун. Менимча юртдаги ҳамма постларни (фақат бундан қардош элларга ўтиладиган постлар мустасно) олиб ташлаш вақти етилди. Америка, Оврўпада полисларнинг  ҳамёнларига ишлайдиган бундай маш-машалар йўқ.

Жиззах ҳудудида ҳам айни Тошкент, Сирдарё вилоятларидаги каби манзара. Йўлнинг иккала ёқасида ҳам хотин-қизлар эски-туски кийимлару калишларда лой кечиб, қолган-қутган  кўсакларни тераётирлар. Шу он бирдан “лоп“  этиб, бир  шеър миямга урилди. Ҳақдан яралган шеър. Уни мен 2013 йилда қамоқдан чиққанимда ўқигандим. У Муҳаммад Юсуфга бағишланганди:

Дўстим сени соғиндим жуда,

Оғир кечди, айрилиқ–жудо,

Йигитликнинг порлоқ мавжида–

Сени тортиб олди-ку Худо?!

Устозлар ҳам кетдилар саф-саф,

Шошган каби саҳарлик ошга.

 Ҳануз зулм бўлмадику даф,

Не кунларни солмоқда бошга.

Қонимизга қилдику ташна,

Уй зимистон бамисли мозор.

 У дунёнинг зўрлари  ошна–

Пахта эк… деб бермасми озор.

Дўкон тўла қўлбола ароқ,

Фоҳишадай сузади кўзни.

Не бўлса ҳам кайфимиз тароқ-

Яшаяпмиз чалғитиб ўзни.

Яхшиямки, шу аёллар бор,

Кўз ёшлари қотган яноқда.

Эркакларнинг ярми мардикор,

Қолганлари эса қамоқда.

Сайловлар ҳам  эскича эмас,

Мақтанамиз, кўкрак керамиз.

Юқоридан буйрўқ бўлса бас,

Ит бўлса овоз берамиз.

Пахта терар юпун болалар,

Пахта терар ғариб оналар.

Пахта терар момолар ҳатто,

Касал, майиблар ҳам, э Худо!

Теримдан сўнг тергов бошланиб,

Фош бўлгайдир қўшиб ёзишлар.

Гўрковларнинг  қўли  қабариб,

То тонггача қабр қазишар…

Бундан баттар бўлмаса эди

Қама-қама, ур-сур, солишлар,

Ким тирилар, кимдир ўлади–

Бўм-бўш қолар қанча болишлар.

Сира дардим айтмаган эдим,

Кўзларимнинг ёшин яшириб.

Бу дунёнинг ҳавоси кўп дим–

Тан олмайди ғарибни ғариб.

Балки, руҳинг шавққа тўлгандир,

Қуриган йўқ кўзлардаги нам

Бир ҳисобдан яхши бўлгандир,

Бу кунларни  кўрмаганинг  ҳам .

Дўстим сени соғиндим жуда,

Оғир кечди, яйрилиқ-жудо..

         Ҳамроқул  Асқар

        12.12. 2013 йил.

                                                                                                 18

Шеър ўқирканман, бошимдан икки сўз кечди: ”Шунча азоб-уқубат билан терилган пахта собиқ СССР шохи Л.И. Брежнев  ибораси билан айтганда: “ ОҚ ОЛТИН“ хорижга “учади”. Учганда ҳам 92 фоизи!

Ундан келган тўлиқ фойдани бели оғримаган ўрис олади. Яна казо-казо каззоблар ҳам…

Мунча нодон элмиз! Оғзимиз олдидаги ошни фирибда тенгсиз ёт қонларга берамиз! Яна  олчоқларга!!

Яна нонкўрларга!!! Улар бизнинг ғазнамиз (130 йил ер ости, усти бойлигимизни ўмарганини ҳам кўзда тутаяпман) ҳисобига бўкириб бойиб, қудратга кириб, тузлиғимизга тупирдилар. Яна гўллигимиздан кулиб хақорат қиладилар:

 “Барани!”

“Чурбани!”

Бунга ўзимиз айбдормиз. Сиримизни бериб қўйганмиз, яна ўзимиз емай едирганмиз, киймай кийдирганмиз. Яна уйимиз тўридан жой бериб қўйганмиз. Устига-устак “Улуғ оғамиз“  деб эркалаб, бошимизга чиқариб олганмиз. Ҳозир ҳам 80 фоиз еримиз: Ўрал, Олтой, Сибир.. ўрис қўлида.

Қани Қозон хонлиги?..

Қани Аштирахон хонлиги?…

Қани Сибир хонлиги?…

Қонли босқинларда, хусусан, Чингизхонннинг ўрис билан чатишган эвараси Иван Грозний бу турк юртларини ишғол этганда, ”Россия“ деб эълон қилган.

Тагини олиб қарасак, ҳозир ўрис яшаётган ер  турк (скиф, сармат, қипчоқ, булгар, ҳазар, бўжаноқ .. каби турк қавмларига)ники. Олдин ҳам бу ҳақида ёзганман. Шунга ортиқча тўхталмайман. Ўрис бу тупроқга милодий бешинчи юз йилликда келиб қолган. Варяглар билан чатишган, ҳолда… Ўрис йилномачилари ўрис давлати Владимир княз даврида шаклланган дейдилар. Украин олим, адиблари, жумладан, менинг дўстим ёзар Павло Мавчан буни инкор этадилар. Бу Украин (маларус ) тарихи дейдилар. Бунга аниқ  далил-асослар келтирадилар. Китоблар ҳам ёзганлар.

Владимир княз кеча ўтган. Турк давлатчилиги ундан икки минг йил олдин вужудга келган. Шундоқ экан, ўрис қандоқ қилиб “Улуғ оға “бўлади? Бу ахмоқона гап. Бу-сохта ва шилта пропаганда “мева”си…

                                                                                          19

Узр, гапга берилиб, мавзудан узоқлашибман. Агар четга кетаётган пахта ўзимизда қайта ишланса, ундан ип йигирилса ва мато тўқилса, ўзбек иш, маош  билан таъминланади ва бойийди. Агар мато хорижга чиқарилмай, ўзимизда ундан  кийим-кечак ёхуд бошқа зарур нарсалар тикилса, эл ҳам, давлат ҳам моддий қувватга киради.

Бир қараганда бу қийиндек туюлади. Лекин қатъий аҳд қилинса, бунга эришилади. Бунинг учун очуннинг энг кучли чеварларини юртга тортиш лозим. Сўнг “Ўрганиш, ўзиш“ деган ғояни ҳар бир ерли тикувчи–бичувчи онгига сингдириб  бориш керак. Узликсиз тарзда. Оврўпа ёки Америкадан ўзиш очқичи: Ўрганиш ўзишда…

 Президент Шавкат Мирзиёев шунга ҳаракат қилаяпти.

Мен бундан севиндим, агар шу ҳаракат амалга ошса, эл борокат топади.

Юз йил олдин қилиниши шарт ўлган иш  энди амалга оширилмоқчи. Янги президент томонидан. Ҳозирча сўзда. Сезгим алдамаса, биринчи одам сўзи сўз бўлиб қолмайди.

Юз йил олдин қилинмагани учун ўзбекнинг бири икки бўлмай келди. Тинкани қуритувчи, маошсиз пахта иши ва чидаб бўлмас қашшоқликдан ўзини-ўзи ўлдириш йил сайин кўпайиб борди. Буни  икки кун олдин юртбоши ҳам қайд этди. Ўзини–ўзи ўлдириш ой, кун, сайин эмас, ҳатто соат сайин ортаётганини  айтди.

Жиноят ҳам рекорд кўрсаткичда. Бунинг ҳам бош илдизи очофат диктаторга ва унинг ёлғон сиёсатига бориб тақалади. Шунинг оқибатида хорлик, хўрлик, ишсизлик, муҳтожлик, қуллик, ўғрилик ва жиноят келиб чиққан. Бир кичик давлатда 24 зона, юзлаб манзил–калония ва турмалар бўлишини мен миллат фожеаси деб биламан. Бу бир менинг эмас, қамоқ кўрган ойдин  йўлдошларимнинг ҳам фикрларидир.

Зона, турмаларни 80 фоизга қисқартириш керак. Юртда 4-5 та зона ва турма бўлса етарли. Ортиғи ортиқ. Чунки бу қамоқхоналар ўзбекнинг бошига битган офат.

Тиконли симлар ортида иқтидорли олим, мутахасислар билан  ҳисоб–китоб қилганмиз. Бир йилда бир зонага сарфланадиган харажатга бир завод қурилади. Демак, йилига 24 та завод пули осмонга учиб кетаяпти. Турмаларга кетаётган маблағлар бундан озмас.

                                                                                 20

Қамоқхоналарни қисқартириш масаласини кўтарсангиз, полислар тиш-тирноқлари билан қарши чиқадилар. Тепага югурадилар, чумолини туя қилиб кўрсатиш учун. Ҳаммаёқни вайрон қилиб юборадилар… деб аюҳаннос соладилар. Нега? Қамоқхоналар уларнинг дастурхонларидир. Мўмай миллиардлар оқиб келаётган жойни ким бежанг бергиси келади? Билъакс очкўз, жоҳил пагонлар қамоқхоналарни кўпайтириш учун ўлиб- тирилиб курашадилар. Бунинг учун юқорининг кўнглида ваҳм ўйғотишга учун бисотларидаги бор ёлғон, туҳматларни ишга соладилар.

Бироқ, энди, менинг идрок қилишимча, полисларнинг бу найранглари янги элбошига ўтмайди. У жуда ҳушёр, ҳамда ҳар нарсани минг элакдан ўтказадиган ва сўнг ўз сўзини айтадиган инсон.   Зоналарда 80 фоиз тутқин туҳмат қурбони бўлиб ўтирибди. Жарима билан чиқарилиб юборилиши керак бўлган маҳкумлар ҳам кўп. Мирзиёев қамоқхоналарда ҳам ўйин кўп экан, деб бежиз айтмади.

МВД, ГУИН, прокуратура, умуман, куч ишлатар тизимлари бошдан-оёқ ислоҳ этилмаса, халқ ҳам, давлат ҳам рўшнолик кўрмайди . “Тартиб сақлаяпмиз” деб уйларини олтинга тўлдираётган ва бу билан юртни ғорот қилаётганлар шулар. Элга қайишмайдиган, билъакс элнинг зарарига ишлайдиган ва ҳам элни доимий равишда қўрқувда тутадиган бу ташкилотларнинг кимга кераги бор?

Амнистия берилган пайтларда мутасадди погонлар йирик-йирик пул ишлаб оладилар. Ўзимизнинг сўмни менсимайдилар. Кўкидан, АҚШ пулидан…

Амнистияга лойиқ тутқинлар бир четда қоладилар. Ўзларига тўқлари–тахлам-тахлам доллор чўзганлари озодликка чиқадилар.

Йигирма биринчи асрнинг бошларида мен АВФга тушганман. Чирчиқ зонасида тезкор бўлими бошлиғи Абдумалик (миллати қирғиз эди, инсоний фазилатлари бор эди) мендан 3 минг доллор сўраган. Унинг орқасида ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган тожик миллатига мансуб зона бошлиғи ўринбосари подполковник Мурод Ғофуров турган.

Оилам моддий жиҳатдан тўкилиб тамом бўлгани учун унга пул ($) топиб беролмаганман. Шундан кейин мен тўғримда “Ашаддий тартиббузар, озодликка чиқариш хавфли…“ деган жирканч туҳмат билан тепага хат қилишган. ГУИН ва муассаларнинг бунга ўхшаш ўйинлари кўп. Феруза Ханжардан тўрт қатор шеър:

Ожизларга қашқир ҳаёт,

Шафқат қилмас қон қусса ҳам.

Кучинг етмас заиф бўлсанг 

Йўлингни гар хас тўсса ҳам…

Зинҳор ва зинҳор амнистия жиловини МВД, ГУИН, муассасалар ихтиёрларига бермаслик керак. Бўлмаса эски ҳаммом, эски тос… давом этаверади.

                                                                            21

Туйқус эгат четидаги қора чопонга ўраб қўйилган 2-3 ёшлар чамасидаги қизчага кўзим тушди. Мунғайиб ўтирибди. Раҳмим келди. Хаёлим тарқади. Қизчага яқин бордим. У ётсиради шекилли, “Ая” дея йиғлади. Қаҳрамон Маҳмуд (гувоҳнома ва паспортида Маҳмуд ўрнига Маҳмед деб нотўғри ёзилган. Бундан буёғига уни Қаҳрамон Маҳмуд деб атаймиз. Э.Т,) унга бир тугун ширинлик олиб келиб берди. Қизча тинчиди. Бир кўсак кўтарган ёш жувон олдимизга келди. Озғин, сўлғин юз –кўзида ҳаяжон аралаш ноқулайлик ифодалари бўртиб турибди. Саломлашдик.

– Қизчадан зах ўтиб кетмайдими?

– Остида кўрпача бор,-деди жувон ерга қараб саволимга жавобан.

– Сизни теримга чиқишга мажбур этишдими?

-Йўқ–йўқ, ўзим…, -яна ерга қаради жувон.

– Бундай ҳавода… Қизчангиз билан…

-Тирикчилик…

– Эрингиз нима иш қилади?

– Қамоқда.

– Андижонликмисиз?

 – Қаердан  билдингиз?

– Тилингиздан..

– Ҳа…

– Қачон бу ерларга келиб қолгансизлар?

– Анжон тўполонидан кейин.

– Қариндош–уруғларингиз борми?

– Ўтганлар… Тўполонда…

Шу он Андижон қирғинида қанча гуноҳсиз одам ўлдирилгани ҳақида ҳар ким ҳар хил фикр билдиргани, ҳамон билдираётгани эсимга тушди:

“Ўн минг“…

“Йигирма минг“…

“Ўттиз  минг“

Бу рақамларнинг қайси бири тўғри? Юртда буни ҳеч ким аниқ билмайди. Менимча, Андижон қатлиомига сиёсий баҳо бериш вақти етилди. Мен бу ерда чет эл журналисти сўзи билан бир мисол келтираман:

“2005 йилда ўзбек ҳукумати ҳарбийлари Андижондаги тинч намойишчиларга қарата ўт очди. Натижада минглаб аҳоли қурбон бўлди. Ва бу Вашингтонг билан вақтинча ҳамкорликни тўхтатишга сабаб бўлди. АҚШ ва Оврўпа Каримов ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўз мамлакатларига ташрифини тақиқлаб қўйди. Иқтисодий турғунлик 2 миллион атрофидаги ўзбекларни Россияда ишлашга мажбур қилди“       

                                                                                          Фарук  Los Angelec Times махсус мухбири.

Мен Фарукка қўшимча қиламан. Ўзбеклар, хусусан Андижонликлар фақат Россияда эмас, балки АҚШ, Канада, Англия, Норвегия, Голландия, Кория… Хуллас, дунёнинг ҳамма қитъаларида зулм ва йўқлик сабабли ишлашга мажбур бўлаяптилар. Ҳатто аёллар зулм, йўқлик ва ҳам мана бундай оҳир пахта меҳнати туфайли ўз таналарини сотишгача бораяптилар. Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда 147 та фохишахона рўйхатга олинган. Аслида минглар… Хотин–қизлардан иборат мардикор бозорлари на фақат Тошкент, балки ҳар вилоят, туманда илдиз отган. Ёт юртларда ҳам ўзбек аёллари “машҳур”дирлар… Шеър:

Қайси эл тинмай ишлаб,

Хор-зор, майиб, яримжон?!

Қайси элни уриб, қувсанг

Таъзим қилар, бағри қон?!

Қайси эл пахта экиб,

Усти йиртиқ, нонга зор?!

Қайси халқнинг посбонлари,

Элни  уриб қилар хор?!

Қайси элнинг ризқ–рўзи,

Фақат қўрқув, ғулғула.

Қайси юртнинг шоирлари

Маддоҳ, суллоҳ думбила?!

Қайси элни қон–қақшатиб,

Ҳокимлари қилар қон?!

Қайси элда сотилади

Амал, номус ва имон?!

Харитани титиб кўр

Эй нодон, манглайи шўр.

Бундоқ юрт йўқ оламда

Ва осмону фалакда…        

                                                    Элбек Раҳмат.

                                                                                            22 .

Бундай хор–зорликка ҳам, мана бу теримчиларнинг (жумладан, мана бу ёш жувоннинг ҳам) тонгдан-шомгача оч, юпун ва дилдираб кўсак теришаётганига ҳам на фақат  “Йўлбошчи“, балки унинг хотинию қизлари ҳам сабабчидирлар. Ислом Каримовнинг жияни, журналист ва ёзар Жамшид Каримовдан уч мисол:

1.”Биласиз, Гулнорага бир неча мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам жиноят иши очилган. У бир неча миллиард долларни ўзлаштириб юборган. Бу халқаро матбуотда жуда кўп ёзилган. Бу пуллар ўзбек халқининг пулларидир. Ўзбекистон халқи аллақачонлар Гулнора ва Лоланинг қип-қизил ўғри ва қароқчи эканлигини билиб бўлган. Фақат бу ҳақида очиқ айтишга, ҳозирча қўрқиб туришибди. Эртага “старт” берилса, ана шунда кўрасиз, томошани. Сиз-у биз танқид қилишда йўлда қолиб кетамиз“.

2.”Бир сўз билан айтганда, бу оила Ўзбекистонни жар ёқасига олиб келди. Аниқроғи, жарга улоқтириб ташлади. Фақат Ислом Каримов эмас, Унинг қизлари ҳам юртни  хонавайрон қилишда отасидан қолишмади. Татяьяна Каримовани айтмаса ҳам бўлади…”

3.“Гулнора ва Лола ўғирлаган, ўмарган пуллар бу халқнинг пешона тери эвазига топилган пуллардир. Маблағлар ўз эгаси-халққа қайтарилиши керак “.

                                                                           23

Татьяна, Гулнора, Лола ва уларнинг оталари ҳамда юқорида қайд этилган: арбобу генералларнинг ўмарган миллиардларига  ($) юзлаб ип йигирув, тўқув, тикув фабрикаларини қуриш мумкин эди. Бундай тақдирда ўзбек хотин-қизлари эгатларда хор бўлиб юрмасдилар. Баҳодир Хон Туркистон айтганидек, Америкача технология асосида пахтани йиғиб-териб олардилар.

Афсус, улар фақат ўз жиғилдонларини ўйлаб иш тутганлар. Ўзбекни, унинг тили ва динини тилларида мақтасалар-да, ичларида ёмон кўрганлар. Матбуотни эса кўрарга кўзлари йўқ эди. Чунки ундан қўрқар эдилар. Улуғбек Бакирнинг  Жамшид Каримов билан бўлиб ўтган ва хорижда чоп этилган суҳбатидан узиндилар келтираман:

1.“Эсимда, бир куни отам жаҳл билан уйга келди. Тошкентга бориб, укаси (Ислом Каримов. Э.Т.) билан учрашган экан. Янглишмасам 80-йиллар эди. Биласиз, ўша пайтларда динга қарши қаттиқ курашлар кетарди. Партия раҳбарлари, ҳатто отаси қазо қилса ҳам жаноза ўқитишга ва дўппи кийишга қўрқиб қолишганди. Шунда дадам Ислом Каримовнинг олдига бориб, “Сен каттаконлар нима қилаяпсанлар ўзи? Энди одамлар дўппи ҳам кийишолмайдими?“ деганда, “Тўппа-тўғри қилаяпти, дўппи ҳам кийилмайди. Менга қолса ўша Қуръонни ёқиб ташлардим“-дебди. Бу гаплардан отамнинг жахли чиқиб, “Сен одам-подам бўлмай қолибсан, ҳатто кофир ҳам бундай демайди. Кўзингни ёғ босиб кетибди, сал пастга тушгин, Худодан қўрққин!”-дебди. Унда И.Каримов  молия вазири  эди“.

2.”Биласизми, Ислом Каримовнинг, умуман,  бирор яқин дўсти бўлмаган. Дўстсиз одам қандай яшаши мумкин? У умрининг охиригача ўзидан бошқа бировга ишонмай ўтди. Унинг дўсти мафаат ва  худбинлик эди. Унга содиқ қолиб яшади. Бу аслида катта бахтсизлик, улкан фожеа!”

3.“Ислом Каримовнинг хотини ва қизлари фақат оммавий тадбирларда, йиғинларда ўзларини жуда тарбияли, маданиятли, Художўй қилиб кўрсатишади. Содда ўзбек халқини шундай йўл билан ҳам алдашмоқчи бўлади. Аслида уларда на тузукроқ тарбия, на  маданият бор. Улар халқимиздан жуда узоқда бўлган одамлар. Ўзбекчилик, мусулмончилик каби фазилатларнинг кўчасидан ҳам ўтишмаган. 27 йил Ўзбекистонга ҳукмронлик қилган раҳбарнинг аёли бутун умр мамлакатда яшашига қарамай, яқинда бўлиб ўтган тадбирда икки оғиз ўзбекча сўзни эплаб гапирмаганини халқ ҳам кўрди. Мустақилликдан кейин ўтган 25 йилни ҳисобга олганимизда ҳам ҳар қандай инсон, агар чин юракдан истаса, энг камида бир тилни мукаммал ўрганса бўлади. Боз устига, бу тил давлат тили бўлса, шу диёрда туғилиб ўсиб, унинг халққига эгалик қилаётган бўлсанг-да, шу тилда гапиришни истамасанг, албатта, сен, бу тилни ҳурмат қилмаган бўласан. Бу-ку, майли, президентнинг хотини, лекин, Ислом Каримов ҳам умрининг охиригача ўзбек тилини яхши гапиролмай ўтиб кетди. Қоғозга ёзиб берилганини ҳам эплаб ўқиб беролмасди. Ўзбек тилида гапирган гапига биров тугул, ўзи ҳам тушинмаган бўлса керак“.

4.“1989 йили Жиззахда “Мастерок” номли корпоратив газета иш бошлаганди. Ҳеч қанча ўтмасдан И.Каримов уни ёпиб қўйди. У шахсан мен учун эмас, умуман, хусусий газета, ҳаттоки реклама нашри ҳам бўлиши мумкин эмас, деган  мазмундаги қарор билан ёпилганди. У даврда Ислом Каримов Марказқўмнинг биринчи котиби эди. Қаранг, ўша пайтида матбуотнинг биринчи рақамли душмани бўлган. Эркин сўз, эркин матбуот деса лабига учуқ тошиб кетарди. Матбуот  ҳам, бошқа соҳа ҳам, ҳамма-ҳаммаси фақат у белгилаган, у айтган йўлдан қаттъий бориши керак, акс ҳолда душман бўлади қолади. Ўзи диктаторлар шундай туғилади, шекилли“.

5.“Фарғона ру”да мухбир бўлиб ишлаб юргандим. Бирдан ўша мудҳиш “Андижон воқеалари“ содир бўлиб, ҳаммаёқни ағдар–тўнтари чиқиб кетди. Оз бўлсада ватанда бўлган демократик ташкилотлару нашрлар билан бирга барча фаоллар ҳам қувғинга учради. Қўпол қилиб айтганда, ўлгани ўлиб, қолгани қолди. Сохта айблар билан қамалгани қамалди, қочгани қочиб қолди“

Тошкентда  Н исмли (таги Яккабоғдан, отини очиқлашимни истамаган) шоир ва амалдор менга Шовруқ  Рўзимуроднинг Жамшид Каримовникига ўхшаш фикрларини айтган эди. Тағин талай ойдинлардан ҳам бу хил гапларни эшитганман. Ўйладим: “Ҳали“ Йўлбошчи” ва унинг оила аъзолари ҳақида биз билмаган кўп сирлар очилади“.

                                                                     24

Ёш  жувон  билан хийла қўнишдик. Ниҳоят у кўнглини очди. Унинг оти Жаннатхон экан. Андижон қирғинидан кейин Жиззах ўлкасига 15 ёшида (холаси билан бирга) келиб қолган. Шу ерда турмушга чиққан. Эри қамалганидан кейин моддий қийинчиликларга дуч келган. Зўрға-зўрға кун кечираётган экан. Кўсак теришга нон пули умидида чиққанини яширмай айтди. Қаҳрамон Маҳмуд унга бир тахлам беш мингталик берди. Олмади. Қаҳрамон уни қизча ўралган чопон орасига қўйди.

Жаннатхоннинг кўзларида ёш оқди.

Бошқа теримчилар билан ҳам гаплашдик. Уларнинг юз-кўзларида оғир турмуш ташвишлари, ғам, дардлари акс этиб турсада, ҳеч бири ҳеч нарсадан шикоят қилмадилар. Мен ичимда бу хотин-қизларга нисбатан ғурур туйдим.

“Бундай аёлларни қанча ардоқласак, шунча оз” деган сўз кўнглимдан ўтди.

Ҳадис:     “Жаннат Оналарнинг оёғи остидадир…”

Шеър:   Аёлни ардоқла, кўзларингга сурт:

 Унинг ул қабариқ бармоқларини.

 Аёлни ардоқла, кўз ёшдан арт,

 Тангри ёрлақаган яноқларини.

 Аёлни ардоқла, кўнглига қара,

 Аяма ер юзин гавҳарларини.

 Ҳофиздай танти бўл, холига бахш эт 

 Дунёнинг энг гўзал шаҳарларини…

Муаллиф: Эврил Турон  

(Давоми бор.)

Аввалги қисмлар: ШОВРУҚ РЎЗИМУРОДНИ КИМ ЎЛДИРДИ? 

ШОВРУҚ РЎЗИМУРОД – МУСТАҚИЛЛИК ҚАҲРАМОНИ

ЭВРИЛ ТУРОН: ЙЎЛДАГИ ЎЙЛАР, ФИКРЛАР, МУЛОҲАЗАЛАР (ДАВОМИ)

ЭВРИЛ ТУРОН: ЭЛЛИГИНЧИ ЙИЛЛАР МАНЗАРАСИ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-қумару

Кўкмак дала, осмон қорайган, чўкаётгандай булут карвони. Сескантирар жийдазорлардан қочаётган қушлар фарёди. Йўллар қадим... тутлар қариган... сувлар симоб каби ялтирар. ...

Эски жанг майдони

Замбараклар музейда қолди, саркардалар кирди тарихга, гавдалардан бўшатиб қонни, аскар кирди замин қаърига. Қалин майса қоплади қадим кунда каби жанг майдонини, энди эркин ...

Мeҳробдан чаён-маъшуқа маҳбаси

Раънонинг иккинчи хати Анвар учун яна бир ташвиш эди. Унинг ёнига боришдан ҳеч бир мантиқ топмас, билъ-акс, юрак ўтининг аланга олишини, жароҳатларнинг янгиланишини кўрар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400