УСТОЗИМ РАУФ ПАРФИ –“ХОТИРА ДАФТАРИМДАН ХОТИРАЛАР”

Биз  қанчалар лоқайдмиз. Улуғ инсонлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, ҳатто улар билан ёнма-ён яшаб бўлиб ўтган воқеалар, суҳбатларни ёзишдан кўпинча эринамиз. Фаросатимиз етмайди. Гуёки бу сиймолар ва ўзимиз мангу яшайдигандек, бу воқеа-ҳодисалар абадий давом этадигандек. Ахир улуғларнинг ҳар бир ҳаракатлари, сўзлари замирида олам-олам маъно бўлиши мумкин. Фақатгина уни илғай олиш, қоғозда қайт этиш керак, холос. Биз эса шунга ҳам ярамаймиз баъзан.

Мен айнан шу ҳолдаман. Ахир Рауф ака билан 25 йиллик ҳаётимиз даврида қанчадан-қанча воқеалар содир бўлди. Гоҳ жиддий, гоҳ ҳазиломуз  суҳбатлар, гоҳ оддий, гоҳ афанди сифат кечинмалар, саёҳатлар, мушоиралар, базмлар ва яна қанчадан-қанча турли хил ҳолатлар. Хотирам анча сустлашгани сабабли уларни энди битсам ўша пайтлар битилиши мумкин бўлганидек чиқмайди деб қўрқаман. Рауф ака айтган гапни айнан ёза олмасликдан чўчийман. Воқеаларни шунчаки  ҳикоя қилишни эса эп кўрмайман. Яхшиям хотира дафтарларим бор. Уларни вараклаб чиқиб  Рауф ака билан боғлиқ айрим саҳифаларни топдим. Қандай битган бўлсам шундай кўчиряпман.

 

*   *   *

“Рауф Парфи қандай буюк қалб! Ўзбекистонда энг гўзал шеърлар ёзаётган шоир.Бугун тун бўйи иккимиз суҳбатлашдик, шеърхонлик қилдик.Мен ҳам расман у кишининг шогирдлари сафига кирдим”.

 2 январь,1982 йил.

 

“Рауф аканинг шоир учун таржима билан кўп шуғулланиш  зарарли эканлиги”  ҳақдаги гаплари рост. Шеър битишга кетадиган кучингиз таржима қилишга кетиб қолади.

Ўлжас Сулаймонов шеърларини таржима қилгандан кейин шундай ҳолга тушиб турибман. Ичим тез бўшаб қолди.

30 октябрь ,1982 йил

 

Бугун Рауф ака қуйидаги гапларни айтдилар: “Ҳар бир сатрнинг ўзи алоҳида шеър бўлиши керак. Шунга эришишимиз зарур. Ёзолмаётганда хижил кўнгилни ёзиш билан ёзишга эришиш  –  ана шу энг муҳимидир ”.

15 январь 2983 йил

 

Икки кундир-ки Рауф ака бизнинг Лабзакдаги (Тошкентдаги маҳалла) уйимиздалар. Шу кунларни жуда-жуда орзу қилганман. Иккимиз икки хонада ижод қиляпмиз.

 22 октябрь ,1983 йил.

 

Рауф ака ҳаётлари ҳақида ёзиш орзуси- у киши билан танишганимдан бери кўнглимда. Хусусан, яқин йилларда ҳаётларида рўй берган жуда қалтис вазиятлар гувоҳи бўлганимдан сўнг бу қарорим янада қатъийлашди.

Ҳозир Жамол Сирожиддин–Хумий билан шу ҳақда суҳбатлашдик. Бўлажак китобнинг умумий кўринишларини тасаввур этиб кўрдик ва шу ният ушалишини тилаб дуо қилдик.

Дарҳақиқат, Водил ва Шўралисойда бўлишларим оқибатида кўпчиликка қаронғу бўлган маълумотларга эга бўлдим. Ота-оналарининг ёшликларига доир воқеаларни эшитдим, суратларни кўрдим.

Уларнинг ҳаммасини жамлаш ва Рауф ака руҳиятларини англаб қалам тебратиш лозим. Атрофларидаги одамлар ва бугун ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг асл қиёфасини Рауф ака билан бўлган муносабатлар,воқеа-ҳодисалар замирида очиб бериш тўғри бўлар деб ўйлайман.

3 декабрь, 1986 йил.

 

Ниҳоят, Рауф ака Ёзувчилар Уюшмасига ишга қабул қилиндилар.  (Ўшанда мен уюшма раиси Одил Ёқубовга ёрдамчи бўлиб ишлардим. Кўпчилик бўлиб Рауф акани ишга олишни у кишидан илтимос қилгандик-Ч)  Ишдан кейин бизникига келиб 7 соатча суҳбатлашдик. Дунёнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқдик ҳисоб.

Энг муҳим  мақсадга келганда фикримиз бир ердан чиқди- икки уюшмани бирлаштириш (Ўшанда қурултой бўлаётганда бир қатор ёзувчи ва шоирлар намойишкорона уюшма аъзолигидан чиқиб, Адиблар Иттифоқини тузишганди-Ч).

  5 май,1992 йил.

 

Кеча Рауф акани аэропортдан Олма-отага кузатиб қўйдим. У киши учиб кетгунларича қараб туришимни сўрагандилар. Чунки, икки марта чет элга борадиган бўлиб боролмай қолган эканлар. Шунга ишонмай қолганлар.

Ҳар тугул бу галгиси ҳақиқийга ўхшади. Бугун Олма-отадан Истанбулга учиб кетган бўлишлари керак. Кеча 2 соатча аэропортда бўлиб, кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашдик. Пуллари йўқ эди кетишга. Яхшиям Муҳаммад Ҳайдар 100 доллар берди. Кейин аэропортга чиқишдан олдин ярмаркадан туфли сотиб олгандик. Рауф акани оёқ кийимлари эскироқ эди. (Ўшанда Рауф ака Истанбулга бориб Туркия Диёнат Вақфи ва Халқаро Маҳмуд Қошғарий мукофотига сазовор бўлгандилар-Ч)                

 20 май,1992 йил.

 

(Давомини ўқинг)

(Аввалги қисмини ўқинг)

Муаллиф: ЧОРШАМЪ

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 29-қисм

29 Жўра бобонинг тўриғига қораликни кўрсатиб келдим, қораликни искатиб келдим. Хиёл ўтди, тўда гувиллаб қўзғолди. Улоқни бир Чил от олиб чиқди. Биродарлар, Чил отнинг бир ...

Юлдузли тунлар-67

ЛАХЎР. ПАНИПАТ. ДEҲЛИ ЯНГИ ҚИРҒОҚЛАР 1 Қўшин илгарилаган сари ўрмон қалинлашиб борар эди. Чинордай баланд банъян дарахтларининг очиқ илдизлари шохларидан пастга осилиб ...

Мeҳробдан чаён-тўй арафасида

Хоннинг  совчилари  иккинчи  мартаба  келиб  тўй  вақтини  таъйинладилар:  келаси  жумъа махдумнинг  уйида  тўй  ижро  қилиниб,  маросимдан  сўнг  Раъно  ўрдаға  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400