Президентга мактуб: Менинг ўғлим айбдор эмас

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга… 

Манба:  sof.uz сайти

Мен Турдиева Роҳила Наимовна 1957 йилда туғилганман, 2-гуруҳ ногирониман, оилалиман. 4 нафар фарзандим бор. 2007 йилда турмуш ўртоғим дунёдан ўтган. Катта ўғлим Турдиев Жамшид давлат очган мадрасада ўқигани учун тинч қўйишмади, 2 марта туҳмат билан қамашди, иши юришмай қолди ва мажбур бўлиб уй қуриш учун Россияга ишлашга кетган. Келса қамалишини эшитиб келма, деб оиласини ҳам жўнатдим, Ўзбекистонда енгиллик бўлса, чақириб оламан. 2та кичик ўғлимни отаси йўқ бўлишига қарамай қийналиб ўқитдим, иккаласи ҳам ТАТУни тугатиб Тошкентда хусусий фирмада ишламоқда.

2017 йил 27 сентябр куни Нуруллоҳ Отахоновни қамоққа олингани учун биз оиламиз билан қаттиқ ташвишландик. 1937 йилларда Абдулла Қодирий каби инсонларни ноҳақ қатағон қилингани каби тарих хатоликлари яна такрорланаётгани бизни ташвишга солди. Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат, Қодирийларни ҳозир ҳам эсласам, танимасам-да жуда ачиниб кетаман. Миллатнинг юзи бўлган шу каби зиёли кишиларни яна йўқотишни ҳазм қилолмадик. Нуруллоҳ Отахоновнинг “Бу кунлар” асарини ўқиганимдан сўнг унга нисбатан ҳурматим ортди, Нуруллоҳ Отахонов ҳам Қодирийлар каби халқини-ватанини-динини севадиган зиёли инсон.

Ўғлим Турдиев Раҳимжон 1988 йилда туғилган. Соғлиғи йўқлиги, гепатит C касаллиги хуруж қилгани сабабли Навоийда касалхонада яқинда даволанди. ТАТУни битирган, Тошкентда дастурчи бўлиб ишлайди.

Бир неча йил давомида чет эл фирмасида ишлаб, тажриба орттирди. Билими ва кучини ўзининг ватанига сарфлашга аҳд қилди ва Ўзбекистоннинг ички дастурларини яратишга киришди.

1. Ипотека банкида кредит рискларини олдиндан баҳолаш тизимини яратиб, ишга туширган.

2. Бир нечта вазирликларда кадрлар сиёсати дастурини тузиб берган (Маданият, Табиатни муҳофаза қилиш, Бадиий академия).

3. Бош Прокуратурада ҳам “Кадрлар сиёсати”, “Ички инспекция”, “Олий ўқув курслари” ва Президент ташаббуси билан бошланган “Прокуратура ходимлари рейтинги” дастурларини тузиб берди.

4. Маънавий ва маърифий мазмунда фаолият юритишга мўлжалланган www.erk.uz сайтини ишга туширди.

5. Бошқа ҳали якунига етмаган-иш жараёнидаги кўп ишлари ҳам бор…

27 декабр куни Кармана ИИБ ходимлари уйимизга келиб, ўғлим Раҳимжонни олиб кетишди. Маълум бўлишича, Нуруллоҳ Отахонов қамоққа олиниши билан боғлиқ бўлган муҳокамада Диний Қўмитага нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатилган экан. Диний Қўмита ушбу ҳолат юзасидан ИИВга ариза берган. Бизга кўрсатилган ҳақоратлар бўйича ўғлим Турдиев Раҳимжонни ҳақоратни давом эттиришда айблашди. Мазкур иш бўйича ўғлим Раҳимжонга 41-модда билан иш очилган.

Изоҳларда ўғлимга тегишли ушбу сўзлар мавжуд эди: “Ҳаммасини ҳайдаш керак”, “Зўр бўларди”, “Аслида бундай бўлмаса-да, лекин бир хурсанд бўламан”, ”Тўғрисини айтинг, жоиз бўлмаса-да битта мазза қилмасмидингиз”,”5-размерли памперс секин тўлади”.

1. Ҳаммасини ҳайдаш керак – бу изоҳда ҳақорат йўқ

2. Зўр бўларди – бу ерда ҳақорат эмас, истак.

3. Аслида шундай бўлмаса-да лекин бир хурсанд бўламан – бу ҳам ҳақорат эмас, истак эканлиги аниқ кўриниб турибди

4. Тўғрисини айтинг, жоиз бўлмаса-да битта мазза қилмасмидингиз – Бу ҳам ҳақорат эмас, камситиш ҳам эмас!

5. 5-размерли памперс секин тўлади – Ушбу изоҳ Диний қўмитага нисбатан айтилмаган. Бу умуман бошқа шахсларга, яъни Диний қўмита қовун туширганда уларни кетини тозалашга уринган кишиларни памперсга қиёс қилиб, каттароқ памперс экан, секин тўлади, деб ҳазил қилинган.

Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Бунга дахл қилиш Республикамиз конституциясини назар-писанд қилмаслик, деб биламан. Жамоатчилик назоратини ривожлантириш ўрнига бўғиб ўлдирасизларми?

Ушбу пост ва комментарияларда Диний қўмитани кимлардир ҳақорат қилган бўлиши мумкин, аммо ўғлим Раҳимжон ҳақоратни давом эттирмаган. Аммо Кармана туман ИИБ томонидан мазкур ишга нохолис ёндашиб, ўғлимга ҳам 41-моддани тиркаб қўйилди. Энди суд қилишмоқчи, агар кечирим сўраса, камроқ жарима солинар экан. Демак кечирим сўрамаса, кўпроқ жаримага тортилар экан-да? Бу ерда ўғлим ёзган изоҳларда Диний қўмитага нисбатан ҳақорат йўқ-ку, бунинг нимаси учун кечирим сўраши керак? Ўғлим 5 яшар болами, кечирим сўра, ўйинчоқ бераман, деса, кечирим сўрайверадиган? Қилмаган гуноҳи учун кечирим сўрасинми?!

Ўғлим кечаю-кундуз, дам олиш кунларисиз ишлайди, унга айб юклаётганлардан кўпроқ ҳам меҳнат қилади, халқига-юртига фойда келтиради.

Тошкентда аллергия учун ҳар йил 2 марта 18 кундан даволанаман, ҳар бир даволанишимга 2 миллион кетади. Менда юрак касаллиги, қон босими, ревматизм, стенокардия касалликлари бор. Хуллас, мен укол-дорисиз яшай олмайман. Олган пенсиям укол-доримга ҳам етмайди. Шу ўғлим менинг харажатимни кўтаради, ҳам ўзини даволатади, ҳам уйланиши керак. Энди буларнинг туҳматига ҳам пул тўлаймизми?

Ўғлим Раҳимжон ўзи дастурчи, ижтимоий тармоқда қилинган ҳақорат бир кун ҳақорат қилувчининг ўзига қарши далил сифатида ишлатилишини жуда яхши билади. Диний қўмитани ўғлим ҳақорат қилмаган!

ИИБ ходимлари оддий колхозчини ҳам бундай калака қилишга ҳаққи йўқ. ИИБнинг бу ҳаракати олий маълумотли ўғлимни калака қилиб устидан кулган билан баробар эмасми? Далилларни ўрганиб чиқиб, ўғлимнинг гуноҳсизлиги исботланишини, ҳақиқат қарор топишини ва менинг асабимга тегиб соғлиғимга зиён етказганларни жазога тортилишини сўрайман.

31 декабрь 2017 йил Турдиева Роҳила Наимовна

Эслатиб ўтамиз: Facebookда фаол бўлган блогер Раҳимжон Турдиевга Диний қўмитани ҳақоратлаш бўйича иш қўзғатилгандан бери кўплаб ижтимоий тармоқ фаоллари, блогерлар ва таниқли ижодкорлар блогерни ёқлаб чиқишди. Аксарият кишилар Р. Турдиевнинг тили аччиқлигини эътироф қилган ҳолда юқоридаги фикрларда ҳақорат акс этмаганини таъкидлашмоқда. Қолаверса, бу иш мамлакатимизда фикрлаш эркинлиги ва мустақил танқид қилиш ҳуқуқининг бузилиши сифатида талқин этилмоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фарғоналик табиб жинлар билан гаплаштириш учун бемордан 50 млн сўм талаб қилди

Фарғонада “эскича” ўқиб, дуолар билан даволовчи Учкўприк туманида истиқомат қилувчи Муроджон Қамбаров олдига даво истаб келган фуқарони 25 миллион сўмга чув туширди, деб ...

Украина ҳукумати славянск аҳолисини зудлик билан эвакуацияланишга чақирди

Украинада Донецк вилоятининг Славянск шаҳри аҳолисини зудлик билан эвакуацияниш топшириғи берилди. Британия разведкасининг 6-июлдаги ҳисоботига кўра, бу шаҳар Донбассдаги ...

Тошкентда ўсмир йигит ўзидан ёши улуғ кишини ўлдириб, жасадини қудуққа ташлаб юборди

Яшнобод тумани, С.Машҳадий кўчаси, 12-уй ҳовлисидаги қудуқ ичидан фуқаронинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган. Бош прокуратура хабарига кўра, 11 апрель куни Тошкент ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400