Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 32-қисм

V

Обер-Кандалов  Мўйинқумда  кийик  қирғинига  одам  қидириб  вокзални  айланиб  юрганида Авдий Каллистратовга дуч келди.

Бу  юмушни  Обер-Кандаловга  топширган  одам  ишнинг  кўзини  биларкан.  Кандалов  кўпни кўрган киши, темир йўл ёнғиндан сақлаш идорасида комендант бўлиб жойлашиб олган, илгари ҳарбийда  ва  бунинг  устига  жазо  батальонида  хизмат  қилгани, (бир  балоси  бордир-ку,  ахир!) чўлдаги  шошилинч  тадбирга  жуда  мос  тушарди.  Бунда  Камдаловнинг  ўзи  ҳам  баъзи  бир нарсаларни  кўз  остига  олиб  қўйган  эди.  Область  бошқармасига  гўшт  топшириш  планини бажаришга ёрдамлашсам, ўзимни анча тиклаб оламан ва айрим область идораларининг кўмак-кўшиши билан партия аъзолигига тикланаман, деб мўлжалларди. Ахир уни қандайдир пул, мол ўғирлаганлиги ёки оғир суъистеъмолларга йўл қўйганлиги учун партиядан ўчирганлари йўқ-ку. Давлатга ҳам заррача зиёни теккан эмас. Камдан-кам учрайдиган қилғилик билан қўлга тушган; жазо батальони казармаларида бор-йўғи эркаклар билан ётган; хизмат мавқеидан фойдаланиб, уларни шунга мажбур қилган, холос. Хўп, муддатдан ташқари хизматга қолган старшина айб қилиб қўйибди, хўп, баъзи мафкураси шубҳали шахслар ва айниқса, турли-туман мазҳабчилару гиёҳвандларни  зўрлабди,  хўп,  шунга  шунчами,  уларнинг  нимасига  ачиниб  ўтириш  керак?

Қачонгача шуни деб, уни оқ калтак-қора калтак қилиш мумкин? Хотини ташлаб кетганининг ўзи  етмайдими?  Хўп,  ичса  ичибди,  лекин  ким  ичмайди  ҳозир?  Ҳолбуки,  агар  эътибор  билан қарашса,  у  жуда  ҳам  керакли  одам-ку.  Мана,  жиддий  бир  ишни  топширишди.  Кўз  очиб-юмгунча  одам  тўплаб  келмадими,  ахир.  Ярим  кечаси  вокзалга  борди.  Халойиққа  шундоқ сарасоф  солди.  Унинг  кўзлари  пишиб  кетган.  Дарров  Мўйинқумга  боришга  тайёр,  пулга муҳтож, мўмай даромадга суяги йўқ одамларни ажратиб олди. Авдий Каллистратовни ҳам ана шунда учратди.

Авдий,  Кандаловнинг  таклифини  муҳтожлик  туфайлигина  қабул  қилгани  йўқ:  у  ҳеч кутмаган, ғоятда ташвишли бир ҳол рўй берди — Инга Фёдоровнанинг хати бўйича Жалпоқ-Созга  келиб,  уни  бу  ерда  топмади.  Жуда  маъюс  тортиб  қолди.  Лекин  бу  шунчалик  хафа бўлишга арзирмиди, номаълум эди. Самолётда келди. Самолётга чиқиш учун Москвага борди. Куни бўйи югуриб юриб билет топди. Олмаотадан бу ергача поездга ўтирди. Ниҳоят, икки кун деганда, касалхонага қўшни лаборатория ҳовлисидаги мўъжазгина уйга етиб келса, эшик берк. Калит  солинадиган  тешикда  Инга  Фёдоровна  икки  энлик  хат  қолдирган  экан.  Унда  вокзал почтасидан Авдий номига ёзилган мактубни талаб қилиб олишни сўраган эди. Авдий зудлик билан  почтага  чопди.  Унга  хатни  дарҳол  топширишди.  У  юраги  уришдан  тўхтаб  қолай  деб, кичкина боғчага кириб, скамейкага ўтирди-да, хатни очди:

«Авдий, меҳрибоним, мени кечир. Бундай англашилмовчиликни билганимда, сенга ҳозирча келмай  тур  деб,  хабар  қилган  бўлардим.  Ҳойнаҳой,  жўнатган  телеграммамни  олмагандирсан, йўлга чиққандирсан, бу пайтда. Гап шундаки, Жамбулга кутилмаганда Игорнинг отаси келиб, бола хусусида судга ариза берибди. Тезлик билан Жамбулга жўнадим. Бунга унга ёзган хатим сабабчи  бўлса  керак.  Унга  ўзим  ғоятда  ҳурмат  қиладиган  одам  билан  янги  ҳаёт  қурмоқчи бўлаётганимни  очиқ  маълум  қилган  эдим.  Ўртамизда  бола  борлиги учун  буни унга  айтишим керак эди.

Севгилим, мени яна бир карра кечир. Шундай бўлиб қолди. Қайтага яхши бўлди. Эртами, кечми, бари бир бу масалани ҳал қилиш керак эди. Бошидан битадиган ишнинг битгани маъқул.

Сен  келганингда  эшик  ёпиқ  бўлади.  Калитни  лаборант  қизимиз  Саула  Алимбоевага қолдириб  кетаман.  Жуда  ҳам  яхши  қиз.  Бизнинг  лабораториямиз  қаердалигини  биласан-ку.

Ундан калитни олиб, бемалол меникида туравер. Ҳеч нарсадан қисинма ва мени кут. Афсуски, Олия Исмоиловна дам олишга чиққан, бўлмаса у билан гаплашиб туришинг мумкин эди, антиқа аёл.  У сени жуда ҳурмат қилади.  Бир ҳафтада ишларимни битирсам керак.  Бундан бизга ҳеч нарса  тўғаноқ  бўлмаслиги  учун  қўлимдан  келганча  ҳаракат  қиламан.  Кичкина  Игорни кўришингни истаган эдим. Менимча, у билан иноқ бўлиб кетасизлар. Ҳаммамиз бирга турсак дейман. Унгача олдин айтганимдай, ота-онамни кўриб келсак, сен Федор Кузьмич ва Вероника Андреевна билан танишиб олишинг керак. Севгилим Авдий, ранжима ва кўнглингни чўктирма. Ҳаммаси жойида бўлади.

Сенинг Инганг.  

Айтганча. Агар ишдан ташқари пайтда келиб қолсанг, Алимбоеванинг адреси: Абай кўчаси, 41. Эрининг исми шарифи Даурбек Иксанович».

Авдий  хатни  ҳовлиққанча  ўқиб  чиқиб,  ўйга  толди.  У  ҳанг-манг  бўлиб  қолди:  ҳеч кутилмаганда иш бутунлай бошқача тус ола бошлаган эди. Авдий калит излаб бормади. Кутиш залида  яхшилаб  ўйлаб  олишга  қарор  берди.  Кейин  жомадонини  сақлаш  учун  топширди. Хиёбонга чиқиб ўтирди. Таниш касалхона атрофида айланиб юрди. Кейин бекат билан шаҳарча орасида ёлғизоёқ йўл борлигини кўриб, ундан нари бориб, бери кела бошлади…

Чўлга кеч куз кирган эди. Анча салқин тушган. Момиқ, укпар булутлар худди уммонларнинг олис оқ ёллари каби октябрнинг ёз ўтиб бўзранг тус олган осмонини қоплаган эди. Дарахтлар япроқларини тўкиб қўяёзган, оёқлар остида қип-қизил, қўнғир япроқлар шилдирарди. Отизлар ҳам  йиғиштириб  олинган,  яланғоч  бўлиб  қолганди.  Жалпоқ-Сознинг  кўчалари  ҳувиллаган, зерикарли  эди.  Ҳавода  мезонлар  учиб  юрар,  кутилмаганда  юзга  ёпишарди.  Буларнинг  бари Авдийни  дилгир  қиларди.  Ўз  техника  қудрати  билан  чўл  кенгликлйрини  босган  бекатда ҳаммаёқни  гулдираган,  қалдираган  овозлар  тутган, ҳаёт  томирлари тўхтовсиз  гурсиллаб уриб турарди.  Ҳисобсиз темир  изларда у  ёқдан-бу  ёққа  поездлар юрар,  одамлар  ўтишар,  радиодан навбатчиларнинг овозлари чўлга хириллаб тараларди.

Яна Авдий ўша ёз кунларини, чопарлар қиссасининг охирги дамларини эслади. Шу аснода Авдий яна неча-неча бор тавба-тазарру ҳақидаги ҳаёлларига қайтди. Қанча кўп ўйлаган сари, шунча  кўп  ишонч  ҳосил  қилар  эдики,  тавба — бу  ҳаёт  тажрибаси  кўпайган  сайин  ортиб бораверадиган  виждон  қиймати,  қўлга  киритиладиган  қиймат,  инсон  ақл-идроки  томонидан тарбияланадиган,  парваришланадиган  қиймат  экан.  Одам  боласидан  бошқа  ҳеч  кимга пушаймонлик  ҳиссиёти  берилмаган.  Тавба — инсон  руҳининг  ўзи  ҳақидаги  абадий  ва  ҳеч ўзгармас  ғамхўрлигидир.  Шундан  хулоса  чиқариш  мумкинки,  қилғилик  ва  ёки  жиноят  учун бериладиган ҳар қандай жазо — жиноятчини пушаймонга солиши керак. Акс ҳолда бу ваҳший ҳайвонни жазолашдан бошқа нарса эмас.

Шуларни  ўйлаганча,  Авдий  вокзалга  қайтди.  Эсига  анов  тажанг  лейтенант  тушди.  Мени эслармикин.  Петруха,  Лёнькага  ўхшаган  наша  йиғувчиларнинг  ҳоли  нима  кечдийкин,  деган ҳаёлда лейтенантни кўрмоқчи бўлди. Буни билишни истаганининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди:  у  худди  осмон  четида  уюлиб  келаётган  қора  булутлардай  ўзини  бетиним  ўртаб,  безовта қилаётган Инга Фёдоровна ҳақидаги ҳаёллардан жон-жаҳди билан фориғ бўлишни хоҳларди. У энди ўзининг бутун ҳаёти, келажагини шу нарса билан ўлчарди. Унинг тақдири узоқ Жамбулда ишнинг  қандоқ  боришига  боғлиқ  бўлиб қолганди.  Бу  ерда у чорасиз  эди,  шундай  экан,  буни ўйламаслик, ёпирилиб келаётган ҳаёллардан нари қочиш керак. Афсуски, тажанг лейтенантни Авдий тополмади. Авдий милиция хонасининг эшигини тақиллатган эди, бир ходим чиқди.

— Нима дейсиз?

— Э, биласизми, бир лейтенантни кўрмоқчи эдим,— деб тушунтира бошлади Авдий, бундан ҳеч нарса чиқмаслигини олдиндан сезиб.

— Ким у? Бизда лейтенантлар кўп.

— Афсуски, унинг исми шарифини билмайман, лекин кўрсам, танийман.

— Ишингиз бормиди?

— Нима десамикин, гаплашмоқчи эдим…

Милиция ходими унга қизиқсиниб қаради.

— Майли, қараб кўр, балки лейтенантингни топарсан.

Лекин  ичкарида  бу  сафар  телефон  олдида  бошқа  бир  одам  ким  биландир  гаплашиб ўтирарди. Авдий узр сўраб чиқиб кетди. Чиқаркан, илгари қўлга тушган жиноятчилар ўтирган тўсиқ орқасига кўз югуртирди. Қафас бўм-бўш эди.

Яна Авдий ўзи истар-истамас юрагини ўртаган ҳаёллар домига тушди. Ингага нима бўлди? Унинг ҳамон Инга ташлаб кетган калитни бориб олгиси келмасди: Инганинг ҳувиллаган уйида яна якка, азобли ўйлар исканжасида қовурилиши, ўзини ҳаддан ташқари ёлғиз ҳис қилишини биларди. Агар Инганинг аҳволини ва унинг қачон қайтишини билганда эди, вокзалда ўтириб ҳам  кутаверарди.  Авдий  шу  тобда  Жамбулда  нималар  бўлаётгани,  ўзи  севган  аёлга  қанчалар оғир эканлигини тасаввур қилишга уринар, қўлидан ҳеч нарса келмаслигидан ўкинарди. Ота-онаси болани отадан маҳрум қилмаслик учун эринг билан яраш деб, туриб олсалар, унда нима бўлади? Иш шу даражага ҳам бориши мумкин-ку, ахир. Унда тўрва-халтасини кўтариб орқага қайтишга тўғри келади. Авдий ярқираб турган, келишган, форма кийган, погон таққан, унвони ҳам  майордан  кам  бўлмаган  кишини  кўз  ўнгига  келтириб  кўрди.  Албатта,  унинг  олдида

Авдийнинг  ҳеч  қандай  афзал  жойи  йўқ.  Инга  учун  қандайдир  унвонлару  ташқи йилтироқликнинг  ҳеч  қандай  аҳамиятга  эга  эмаслигига  Авдийнинг  ишончи  комил  эди.  Ким билсин,  балки  Инганинг  ота-онаси  учун  бунинг  аҳамияти  бордир,  ҳарбий  учувчи,  Игорнинг отаси куёв бўлгани маъқулми ёки иш-ҳушининг тайини йўқ ғалати бир кимса маъқулми?— улар бунга бефарқ қарай олмасалар керак.

Қош  қораймоқда  эди.  Қоронғу  туша  бошлаганини  кўриб,  Авдийнинг  дили  баттар  хуфтон бўлди.  Одамлар  тиқилиб  кетган  вокзалнинг  ичи  ғира-шира  ёритилган,  ҳаво  дим,  тамаки тутунига тўлган, Авдийнинг ичига чироқ ёқса ёримасди. Назарида қоронғу, кўрқинчли ўрмонга кириб қолгандай эди. Ғариб эди. Ғарибдан ғариб. Кузнинг шамоллари шувиллаб дарахтларнинг бошларини  эгади.  Тез  орада  қор  тушади.  Қор  дарахтларни  ҳам,  Авдийни  ҳам  кўмиб  кетади. Ҳаммасини қор босади ва ҳаммаси унутилади… Авдий жонидан тўйган эди. Агар шу соатларда у  Инганинг  келмаслигини  ёки  мабодо,  келса  ҳам,  ёлғиз  келмай,  нарсалари-ю  китобларини йиғиштириб, сўнг ўз ҳарбий учувчиси билан жўнаб кетишини билса, шу заҳоти ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмай, ўзини поезд тагига ташлаган бўларди…

Мўйинқум  сафари  учун  зарур  одамларни  тўплаб  юрган  Обер-Кандалов  Авдий Каллистратовни мана шундай оғир соатда, бемаҳал бир вақтда Жалпоқ-Соз вокзалида учратди. Обер-Кандалов анча кўзи пишган одам бўлса керак, ҳар қалай, бир қарашда Авдий ғоятда ночор аҳволда эканлигини ва ўзини қўйишга жой тополмаётганлигини билди. Ҳақиқатан ҳам, Обер-Кандалов  Авдийни  Мўйинқум  чўлига  икки-уч  кунга  мўмай  пул  ишлаб  келиш  учун  таклиф қилганда,  у  дарҳол  кўна  қолди.  У  шоми  ғарибонда  нима  бўлади-нима  қўяди  деб,  шумшайиб ўтирмаслик  учун  ҳар  нарсага  тайёр  эди.  Балки  Мўйинқумдан  пул  топиб  қайтгунимча,  Инга Фёдоровна  ҳам  келиб  қолар  ва  ҳаммаси  жой-жойига  тушиб  кетар:  ёки  у (о,  қандай  бахт!) севгани билан буткул қовуша-ди, ёки орқага қайтишга, яна яшаш учун ўзида куч топишга тўғри келади… Лекин бунисидан у жуда-жуда қўрқади…

Ўша кеча Обер-Кандалов Авдийни ёнғиндан сақланиш биносига олиб борди. У шу ерда бўш каравотда тонг оттирди…

Эртасига эрталаб ҳаммалари машиналар карвонида Мўйинқум чўлига қирғинга отландилар.

Ўйнаб-кулиб келамиз дердилар…

 

* * *

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 44-қисм

V Гулимхоннинг  аввалги  эри  марҳум  Эрназар  билан  то  у  нобуд  бўлгунгача  уч  йил  бирга ишлашган эди. Сўз йўқ, хўп ишчан йигит, ўзига пухта эди — Бўстоннинг ...

Чингиз айтматов:қиёмат 37-қисм

Тоғларга турнақатор тизилиб кўтарилиб боришар,  гаплашишга фурсат йўқ, бунинг устига хотини билан уришиб Бозорбойнинг таъби тирриқ бўлган эди.  Индамай йўл босишарди. Қиш ...

Эврил турон: эллигинчи йиллар манзараси

(Давоми) Эл-улус қатори Гулистон кентини қиялаб ўтган йўлдан юришга мажбур бўлдик. Декабрь эшик  қоқаётганига қарамай, сўқоқнинг икки ёғида теримчилар учлари кўринар-кўринмас ...