Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 37-қисм

Тоғларга турнақатор тизилиб кўтарилиб боришар,  гаплашишга фурсат йўқ, бунинг устига хотини билан уришиб Бозорбойнинг таъби тирриқ бўлган эди.  Индамай йўл босишарди. Қиш охирлаб  қолганди.  Тоғ  кунгайларида  қорлар  эрий  бошлаган,  кўклам  нафаси  уфурарди.  Шу дамда атроф равшан ва сокин эди. Пастда садафдай ярқираб ётган улуғ мовий кўлнинг нариги томонида баланд тоғлар узра қуёш юксакка кўтарилганди. Чошгоҳ эди.

Орадан  кўп  ўтмай  Бозорбой  геологларни  даранинг  бўғзига  етаклаб  келди.  Иссиқкўлнинг мусаффо кўзгуси сўнгги бор кўзга ярқ этиб ташланди, манзаралар орқада ғойиб бўлди. Энди бошлари  узра  кета-кетгунча  тумтайган  қояли  учурумлар  ҳайбат  соларди.  Ҳаммаёқ  тош,  қоя. Кимса  йўқ.—  Нима  бор  экан  уларга  бу  ерда?—  таажжуби  ортарди  Бозорбойнинг  теваракка аланг-жаланг қараб. У геологларни манзилга элтиб қўйган заҳоти орқага қайтишга аҳд қилди.

Аччиқ Тош дараси у билан ёнма-ён тўғри улуғ кўл бўйларига олиб чиқадиган қўшни дарадан кўра қисқароқ. У ичида орқага Бошат дарасидан қайтаман, деб қўйди. Шунда уйга ҳаялламай етиб  олади.  У  геологлар  билан  хайрлашиб,  шундай  қилди.  Лекин  чўнтакка  ниҳоят  қурмағур йигирма бешни соларкан, у йигитларга гап қотди:

— Ҳой, оғайнилар, мундоқ қарасам, ҳаммаларинг ўғил бола экансизлар,— деди у иршайиб мўйлабини  эррайимларча  сийпаркан,—  биз  ҳам  ахир  юрган  йигитмиз,  бир  томоқни  ҳўллаб олмаймизми, а?

Бозорбой ичсам, бир стакан ичарман, деб чамалаган эди, йигитлар эса саховат билан унга шу  ернинг  ўзида  чиққан  кўк  шишани  ҳадя  қилдилар.  Ол,  уйда  ичарсан  деб!  Бу  бахт  қайдан тушди деб, Бозорбой ял-ял очилиб кетди. Типирчилаб қолди, чодирни қаерга тикиш, қаердан ўтин чопишни кўрсатди, йигитлар билан навбат-банавбат хайрлашаркан, ҳар бирининг қўлини узоқ силкитиб турди, ҳатто хуржунга ғамлаб олган емдан отга бериб ҳам ўтирмади. Биринчи марта  эмас, уйгача чидайди,  деб  ўйлади.  Апил-тапил  эгарга  ўтирдию,  йўлга тушди.  Чамалаб, кўп ўтмай сўқмоқни топди ва чала-ярим қор босган тизмалардан ошиб ўтиб, Бошат дарасига кирди. Даранинг ён атрофларида сийракроқ тўқай, ўрмонлар ўсган, ҳам ёруғроқ, Аччиқ Тошдек қоронғу  эмасди.  Бу  ерда  жилғалар  ва  булоқлар  ҳам  кўплаб  оқиб  ётарди.  Шунинг  учун  бу ерларни Бошат дараси — Булоқ дара деб аташарди.

Пахталик устидан кийиб олган ёмғирпўшнинг чўнтагидаги шиша унга тинчлик бермасди. У дам сайин шишани ушлаб-ушлаб кўяр, қайси жилға бўйида тўхтасам экан, деб жой чамаларди. У ўзининг қанча ичишини биларди. Шишанинг ярмини бўшатади, устидан сув ичади, кейин яна йўлга  равона  бўлади.  Бундай  ҳолларда  Бозорбой  эгарга  ўтириб  олса,  бас.  У  ёғига  хоназот отнинг  ўзи  еткизиб  оборади.  Шўрлик  Кўк  Турсун  Бозорбойнинг  қўлтиғидан  шайтон  тутиб туради, деб бекорга айтмайди — у ҳали бирон марта эгардан йиқилган эмас. Ниҳоят, йўлда бир жилғани  танлади,  унинг  устини  юпқа  шаффоф  муз  қоплаган,  сув  муз  остида  тошдан-тошга қилқиллаб урилиб, одамнинг ҳавасини келтириб оқарди. Бозорбой шу жойга тушди. Атрофда ёввойи тол ва зирк буталари ўсиб ётар, қор ҳам кўп эмас, отга ҳам сув ичириб, ем берса бўлади. У отнинг юганини бўшатди, сули солинган хуржунни эгардан туширди, боғични ечиб, ечилган томонини отнинг бўйни тагига суриб қўйди. От чарчоғини тарқатаётгандай енгил сўлиш олиб, кўзларини  ярим  юмиб,  қуртиллатиб  сули  чайнай  бошлади.  Бозорбой  эса  сув  бўйида  қулаган дарахт  танасига  жойлашиб  ўтириб  олди-да,  шишани  чиқарди,  ҳаваси  келиб,  қуёшга  тутиб қаради,  лекин  нимани  ҳам  кўрарди,  ўша-ўша  шиша,  фақат  кун  тугаб  борар,  тоғларда  соялар қиялаб ётар, қуёшнинг ботишига агар кам бўлмаса ҳали бир соатдан ортиқ вақт бор эди. Лекин Бозорбойнинг шошадиган жойи йўқ. У ароқнинг мияга урадиган мазасини тамшаниб ҳис қилиб, йўғон тирноғи билан шишани очди, ҳидлади, бошини чайқади, оғзига кўтарди. Титраб-қалтираб қултиллатиб  ютди.  Кейин  жилғадан  ҳовучида  сув  олиб,  курсиллаган  муз  парчалари  билан қўшиб  ичди.  Муз  тишларига  тегиб  қисирлади — нақ  мияси  қасирлаб  кетгандай  бўлди. Бозорбойнинг башараси хунук буришди, у томоғини қириб йўталди, оғу қачон бошига уришини кутиб,  кўзларини  юмди.  Ҳа,  теварак-атроф — тоғлар,  қоялар — худди  туманга  чўлғангандай суза бошлашини, ҳаволаниб, кўтарилиши, қизиган миясида ғалати, ноаён товушлар, зинғилдоқ шовқин  чиқишини  кутди.  Ўзини  кайф  қучоғига  ташлаш  иштиёқида  бужмайиб  қотди.  Сўнг томирлари ёзилди, бўшашди, шунда қаердадир жуда яқин орадан худди ёш бола йиғлагандай оҳиста ингиллаган овоз эшитилди. Нима бўлди бу? Қайдадир зирк чангалзорлари ва уюм-уюм тошлар ортида яна нимадир худди кучук бола каби ангиллади… Бозорбой сергак тортди, яна беихтиёр шишани кўтариб ичди, сўнг уни аста тошга тираб қўйди, лабларини сидириб артди-да, ўрнидан  турди.  Тағин  диққат  билан  қулоқ  солди.  Ҳақиқатан,  адашмаган  экан.  Қандайдир ҳайвоннинг болалари овоз чиқармоқда эди.

Бўри уяси…  бўри уясидан  Акбара  билан  Тошчайнарнинг  болалари  узоқ  йўқ  бўлиб  кетган ота-онасини  қўмсашиб,  ингиллашмоқда  эди.  Мўйинқум  чўлларидан  орқа-олдиларига  қарамай қочганларидан сўнг, Алдаш бўйларидаги даҳшатли ёнғинлардан сўнг бир йил қисир ўтиб, мана, тоғларда эрта кўклам пайти Акбара бевақт болалаган — тўртта туққан эди.

Бу орада Бозорбой бўри уясига йўл топиб аста яқинламоқда эди. Бозорбой ҳушёр бўлганда, инга боришдан олдин, албатта, ўйлар, мулоҳаза қилиб кўрарди. У камар ичидаги коронғу инни осонликча  топгани  йўқ.  Тажрибаси  қўл  келди.  Қор  устини  синчиклаб  қаради.  Аниқ-таниқ тушган излар занжирини кўрди. Бўрилар эҳтиёткорлик билан доим эски излари устидан қадам ташлаган эдилар. Яна ҳам нарироқ юриб Бозорбой тош уюмлари ва буталар орасида ямланган, кемирилган тўда-тўда суякларга дуч келди. Демак, бўрилар ўлжасининг бир бўлагини судраб келиб,  шу  ерда  бамайлихотир  ётиб  ғажиганлар.  Катта-катта  сон  ва  бўғин  суякларининг кўплигига қараганда, ғажирлар бу ерда анчадан бери яшасалар керак. Энди инни топиш қийин эмасди.  Бозорбой  камарга  киришдан  нега  чўчимади,  бир  нарса  дейиш  қийин.  Ахир,  бу  ерда катта  бўрилар  ҳам  бўлиши  мумкин  эди-ку!  Лекин  қорни  очиб  кетган  бўричалар  ангиллаб ўзларини ошкор қилишар ва гўё ёнларига чорлар эдилар.

Акбара билан Тошчайнарнинг овга чиқишдан бошқа чоралари қолмаганлигини бўричалар кошки билишса эди. Бўрилар учун эрта кўкламнинг оғир кунлари бошланган эди. Бунақа пайтда барча жониворлар қишдан ориқлаб чиққан бўлади. Бунақа пайтда яқин атрофдаги куч мадордан қолган  ёввойи  тоғ  эчкилари  ва  архарлар  аллақачон  забт  этилган  бўлади.  Кийиклар  эса болалагани  қадам  етмас  қояларга  чиқиб  кетадилар.  Одамлар  босиб  турадиган  сурувлар  ҳам худди  мана  шу  сабабларга  кўра  бу  пайт  қўра  ва  кўтонларга  қамаладилар.  Шунақада  тинмай эмчак  сўрадиган  тўрт  тайлоқни  сут  билан  боқишнинг  ўзи  бўладими?  Акбара  эт-устихондан тушди,  у  энди  сира  ўзига  ўхшамас — ҳурпайган,  калласи  катталашиб  сўррайган,  эмчаклари салқиб осилган эди. Бўрилар умуман, ғоятда чидамли бўлишади. Улар бир неча кунлаб овқат емай  юришлари  мумкин.  Лекин  эмизикли  бўри  ўзини  емакдан  сиқолмайди.  Ҳаёт  Акбарани таваккалига катта овга чиқишга мажбур қилмоқда эди. Лекин мабодо у ҳалок бўлса тойлоқлари ҳам ўлиб кетади.

Тошчайнар  ҳамон  унга  эргашиб  боради.  Улар  барига  тез  улгуришлари  керак.  Тез  ўлжа топиш,  уни  тез  ағдариш,  этни  тез-тез,  катта-катта  ютиш  ва  тез  орқага  қайтиш,  таомни  ҳазм қилиш керак эди. Бўри тойлоқларга тез сут бермаса сира иложи йўқ.

Бугун юрган йўллари кун тушган ерларда сирғанчиқ, терскай томонларда эса қиш аёзидан қаттиқ  эди.  Шунга  қарамай  бўрилар  зўр  бериб  тоғдан  тоққа  лўкиллашарди.  Бунақа  чоғларда майдароқ махлуқлар ҳали ер тагидан бошини кўтармайди. Ёввойи ҳамда хонаки сурувларга эса яқинлашиб бўлмайди, бинобарин, тирик ҳайвонлар — отлар, қорамол, туяларга ёнда шериксиз ов қилиш фойдасиз, ҳаётнинг чигаллиги ҳам шунда. Тошчайнар нечоғлик бақувват бўлмасин, йирик  ўлжани  бир  ўзи  инга  судраб  келтиролмайди.  Охирги  марта  икки  кун  бурун  у  тоғ ёнбағирларига  улоқиб  келиб  қолган  эшакни  ўлжа  қилди.  Акбара  тунда  инидан  чиқиб  эшак гўштидан  тўйгунча  еди.  Лекин  эшак  жониворлар  тоғ  ялангликларда  ҳар  куни  бундай  бош оғганча юравермайдилар-ку. Одатда эшакларнинг ёнларида албатта одам бўлади. Ана шунинг учун ҳам, Акбара овда қорнини тўйдириш учун ўзи инидан чиқди.

Аввалига Акбара иккиланиб турди, инни ташлаб кетишга сира кўнгли чопмади, ҳатто бир икки бор орқага қайтгиси ҳам келди — болаларидан хавотирланди: уларни доим иситиб, сут эмизиб  туриш  керак,—  лекин  зўр  билан  ўзини  енгди,  инни  унутишга  мажбур  қилди.  Кўл атрофларида  ўлжанинг  исини  олганларидан  кейин  эса,  ов  нашъаси  унинг  бутун  борлиғини қамраб олди.

Акбара  билан  Тошчайнарнинг  омадлари  бор  экан:  улар  янги  тушган  изларни  искаб борарканлар, кенг ялангликка чиқиб қолдилар.

Бу ерда подадан ажралиб қолган бўлса керак, учта қўтос ўтлаб юрарди. Бўрилар бир йилча бурун  мана  шундай  ночор  пайтларида  уларга  ташланиб  кўрган  эдилар.  Ўшанда  келгинди бўриларнинг дуч келган нарсани ўлжа қилишдан ўзга чоралари қолмаганди. Бўрилар у ёкдан-бу ёққа ўғринча боқишиб, дафъатан ҳужумга ўтдилар. Қўтослар чопиб келаётган бўриларни кўриб, олдинига  ирғишлаб,  ўкирганча  қочдилар,  лекин  бўрилар  қувиб  етаётганлигини  фаҳмлагач, тўхташди,—  уларнинг  бўксалари  сандондай  кўтарилиб  тушарди — бўриларга  шохларини тўғрилаб ҳужумга ўтишди. Қўтосларнинг бошқа иложлари қолмаган эди. Шунда қандайдир бир зум  ичида  дунёдаги  азалий  мувозанат  ҳоким  бўлди:  осмондаги  қуёш,  ҳувиллаган  сукунат, кимсасиз атроф жондорларга ҳам, кавш қайтарувчиларга ҳам баб-баравар тегишли эди. Кавш қайтарувчилар тўқнашувдан қочиб қутулмоқчи эдилар, лекин йиртқичлар осонлик билан орқага қайтиб  кетадиган  эмасдилар,  очлик  ич-ичларини  таталаб  ташламоқда  эди.  Улар  қандай бўлмасин  олишиб,  жилла  қурса,  битта  қўтосни  ағдаришлари  ва  шу  оилан  ҳам  ўзлари,  ҳам болалари жон сақлашлари керак эди. Қўтослар йирик хам эмас, майда ҳам эмас, ўртача; қиш чиқишига  жунлари  патила  бўлиб  ўсиб  кетганди.  Думлари  от  думидай  бу  қўтослар  ҳам  жанг қилмай  илож  йўқлигини  тушундилар.  Улар  қаҳр  ва  қўркинч  ичида  бошларини  қуйи  эгдилар, туёқлари  билан  ерни  тирмаб,  ўкириб  таталай  бошладилар.  Кўк  бетида  қуёш  ҳамон  чарақлаб турар,  теварагини  қори  эрий  бошлаган  кимсасиз  тоғлар  қуршаган  сарғайиб  ётган  очиқ ялангликда ўтхўрлар билан йиртқичлар юзма-юз тўқнашдилар.

Бўрилар қулай фурсатни кутиб, қўтослар атрофида сакраб-сакраб айланишарди. Акбаранинг вакти зиқ — болалари уни интизор бўлиб пойлаб ўтирибди. Ниҳоят у андак кучсизрок бўлиб кўринган қўтосга таваккал қилиб ташланди. Қўтоснинг кўзларига қон тўлганди. Шунга қарамай, Акбара унинг юраги пўкиллаб турганлигини пайқади. Эҳтимол янглишаётгандир. Лекин, ўйлаб ўтирадиган  пайт  эмасди.  Акбара  ўзини  қўтоснинг  бўйнига  отди.  Ҳаммасини  сониялар  ҳал қилади.  Қутуриб  кетган  қўтос  уни  елкасидан  итқитиб  юбориш  ва  шохлари  билан  ерга  қоқиб ташлаш учун калласини зўр бериб силкитаётган маҳалда. Тошчайнар унинг иккинчи биқинидан ташланиб,  бўйин  томирларини  узиб,  ғажиб  ташлаши,  қонини  оққизиши,  миясини  ишдан чиқариши керак эди.

Шундай  ҳам  бўлди.  Лекин  унгача  қўтос  Акбарани  ерга  улоқтириб,  босиб  улгурди,  энди ўкириб  уни  шохларига  илиб  итқитмоқчи  ва  яна  озгина  бўлса,  уни  бутунлай  эзиб,  топтаб ташларди. Лекин Акбара қўтоснинг шохлари остидан илондай сирғалиб чиқди ва шу заҳоти яна қўтоснинг  яғринига  сакради,  унинг  жағни  айириб  юборадиган  даражада  қаттиқ  жун  босган гарданига ўткир тишларини куч билан ботирди. У ўзининг ваҳший ва раҳмсиз бўри табиатини тўла намоён қилди. У яшаш учун ўлдириши керак эди. Лекин бу сафарги ўлжа осонгина жон берадиганлардан эмасди. У — сайғоқ билан қуён — зўравонликка қарши бўйин эгиб турадиган. Баджаҳл қўтос яраланиб, қони оқаётганига қарамай, ҳали анча қаршилик кўрсатиши ва ҳатто енгиб  чиқиши  мумкин  эди.  Бироқ,  ҳар  қалай,  Акбаранинг  юлдузи  бирдан  балқиб  чиқди: Тошчайнар худди шу дамда ён томондан Акбара билан олишаётган қўтосга ёпишди ва унинг кекирдагига тишларини ботирди. Тошчайнарнинг ҳужумига дош бериш қийин эди. Бу ҳужумга у бутун кучини сарфлади. Қўтос ўз қонига беланиб, қалтираб кетди ва ҳирқирай бошлади. Сўнг бўғзидан  варақлаб  қон  отилди  ва  у  оғир  бўкириб  ерга  қулади.  Қўтоснинг  кўзлари  шишадай қотиб қолди. Олишув бораркан, бошқа тирик қолган икки қўтос тирақайлаб қочишди ва анча нарига  етиб  олгач,  қадамларини  секинлатиб,  гўё  ҳеч  нарса  бўлмагандай  шошилмай  юриб кетишди.

Бўрилар  чалажон  қўтосни  тортқилаб,  юлқилай  бошладилар.  Ўлжанинг  қачон  жони чиқишини пойлаб ўтиришга фурсат йўқ. Қайси жойидан бошлаб ейишни ҳам чамалаб турадиган вақт эмасди. Акбара қўтоснинг човига ёпишди, ҳали иссиқ дириллаб турган гўштини тишлари, панжалари билан юлқиб олиб ямламай ютаверди. У иложи борича кўп эт ейиши керак ва иложи борича  тезроқ  инига  қайтиши  керак.  Болалари  зориқиб,  маҳтал  бўлиб  қолишди.  Тошчайнар ундан  қолишмасди.  У  ваҳшиёна  ириллаб,  гўштни  бурда-бурда  қилар,  бамисоли  ёввойи қассобнинг ўзгинаси эди.

Бари  ўз  йўсин-йўриғи  билан  бўляпти.  Қашқирлар  олдин  роса  гўштга  тўйишади,  кейин тезроқ инларига етиб олиш учун йўлга тушишади. Кечаси яна гўштга тўйгани келишади, сўнг қолган гўштни бирон пана жойга судраб беркитишади. Лекин бунга ҳали вақт бор. Ҳозир эса, ғажирлар очлик билан лаҳм ютишарди…

Осилиб  тушган  қоя  тагидаги  торгина  камардаги  бўрилар  уясида  очиқиб  кетган  бўри болалари беихтиёр ангиллашар, исиш учун дам гуж бўлиб бир-бириларига тиқилишар, кейин яна  ҳар  томонга  судралишиб  тарқалишар,  тағин  тўпланишарди.  Ташқарида  шитирлаган  овоз эшитилганда  ин  ичига  Бозорбой  тиқилиб  кирмоқда  эди.  Улар  аввалгидан  ҳам  баттарроқ ангиллашиб,  ўмбалоқ-дўмбалоқ  ошиб  ин  оғзига  томон  интилдилар  ва  шу  билан  одамнинг ишини ҳам енгиллатдилар. Бозорбой азбаройи кучанганидан бўғриқиб кетганди. У тор камар ичига  пайпаслаб,  туртиниб-суртиниб  кирди.  У  пахталигини  ечиб  ташлаган,  нимчанинг  ўзида қолган  эди.  Бўри  болаларини  бирма-бир  тутиб,  учтасини  қўйнига  солди,  тўртинчисини бўйнидан  маҳкам  сиқиб  ушлаб  олди-да,  ташқарига  судралди.  Ёруққа  чиққанида,  кўзлари қамашиб  кетди.  Баланд  тоғлар  шу  қадар  ярқираб  ётарди.  Кўкрагини  тўлдириб  нафас  олди. Қулоқни  батанг  қиладиган  жимжитлик.  У  фақат  ўзининг  нафас  олганинигина  эшитарди. Қўйнидаги  бўри  болалари  ғимирлаб  қолишди,  қўлидаги  эса  ўзини  қутқармоқчи  бўларди. Бозорбой  шошилиб  қолди.  Ҳамон  оғир-оғир  нафас  олганча  у  пахталигини  елкасига  ташлаб, жилға томонга жадаллади. У ёғи бир зумлик иш эди. У ўзи ўғирлаб чиққан тўрт бўри боласини боплаб  пулламоқчи.  Ҳозирча  уларнинг  барини  хуржунга  жойлайди.  У  бўриваччаларни тузуккина пулга сотишига ишончи комил эди: бултур бир чўпон ҳайвонот базасига аллақанча бўри болаларини сотган, хар бир бош бўрига эллик сўмдан тўлашган эди.

Бозорбой куртиллатиб ем чайнаётган отнинг оғзидан хуржунни тортиб олди, ичида қолган сулвини  ерга  тўкди,  ҳар  бир  хуржунга  иккитадан  бўри  боласини  жойлаштирди,  хуржунни эгардан  ошириб  икки  ёққа  ташлади,  камар  тортиб  маҳкамлади,  жиловни  қўлга  олиб,  шитоб билан  узангисига  оёқ  қўйди.  Рав  кетмаса  бўлмасди.  Мана,  бунинг  отини  омад  дейди!  Лекин катта бўрилар етиб келмасдан жуфтакни ростламоқ керак. Бозорбой буни яхши билади. Ярим ичилган, тошга тираб қўйилган шишани Бозорбой эгарга ўтириб бўлгач, эслади. Аммо ароққа ҳам тупурди. Қолса, қолаверсин. Бўри болалари учун бир дунё пул олади. Бунақа яримталардан канчасини  сотиб  олиши  мумкин.  У  отга  кичов  берди.  Қуёш  ботмасдан  бурун  иложи  борича тезроқ дарадан чиқиб олиши керак.

Кейин-кейин  Бозорбойнинг  ўзи  ҳам  ҳайрон  бўлиб  юрди:  қандай  қилиб  юрак  ютиб  бўри инига кирди, ҳатто ёнида қуроли ҳам йўқ эди-я, Она бўри ёки эркаги келиб қолса, унда нима бўларди…  Буғу  жуда  ювош  ҳайвон,  лекин  у  ҳам  болаларини  ҳимоя  қилади — ғаним  устига шартта ташланади…

Лекин, буларнинг бари унинг ҳаёлига кейинроқ келди. Бўриларнинг чангалига тушишини ўйласа,  кўнгли  оза  бошлайди.  Ўша  соатда  у  сангзор  Бошат  дарасида  йўриғини  қичаб  ҳайдаб борар,  дам  сайин  орқасига,  тоғлар  ичкарисида  ботиб  бораётган  қуёшга  хавотирланиб  қараб-қараб  қўяр,  уни  шом  қувиб  келмоқда  эди.  Ҳа,  шошилмаса  бўлмайди,  тезроқ  тоғ  этакларига чиқиб олиши керак, кўл бўйлари ҳаммаси очиқ ялангликлар, от бошини хоҳлаган томонингга қўяверасан, аммо бу ернинг — тор, қўрқинчли даранинг иши бошқа…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хўрсиниқ

Тоғ хўрсиниб юборди оғир — водийларга югурди шамол, юзларини яширди ҳилол. Тоғ хўрсиниб юборди оғир, теран хобдан уйғонди юрак, тоғлар каби хўрсинмоқ керак. Шавкат Раҳмон

Шавкат раҳмон-қумару

Кўкмак дала, осмон қорайган, чўкаётгандай булут карвони. Сескантирар жийдазорлардан қочаётган қушлар фарёди. Йўллар қадим... тутлар қариган... сувлар симоб каби ялтирар. ...

Муҳаммад юсуфга ўхшагим келар

Шеър ёзганида шоирлар, Замонга ҳам қарашади. Такрор-такрор сўзларини ўқиб, Маъносига ҳам қарашади. Билсанг укам шеър ёзишга, Хаваскорман даъвогарман. Қачонлардир мен ғариб ...