КУНДАШ — КУНДАШДИР

12. КУНДАШ — КУНДАШДИР

Кумуш қайин отаси билан қайин онасига уч-тўрт куннинг ичидаёқ ўзини кўрсатиб қўйди, ширин ва ақллик муомалалари билан уларни ўзига мафтун қилди. Юсуфбек ҳожи «бу одам фарзанди эмас — фаришта» дер, орада Зайнаб бўлмаса «фаришта», деб атамоққа ҳам ҳозир эди. Ўзбек ойим бўлса эски кина ва адоватларни қайтиб келмас дунёсига жўнатди. Теваракдан марғилонлиқ, келинни кўриш учун келгучи хотинларға муомалани яна ҳам юқорироқдан туриб қила бошлади. Ҳар бир «келинингиз ажабми?» деб Кумушка суқланғучи хотинларға, «Маним чин келиним Марғилонда эди-да!» дер эди. Гоҳо Ўзбек ойимнинг ўзи ҳам Кумушнинг ҳуснига ва муомаласига ажаблана бошлар, ҳожини овлоғроқда учратиб қолса, «алҳазар, ўғлингиздан — уйланган хотинини қаранг», деб қўяр, ҳожи бўлса, «ўзинг билган сиҳрчи ҳинди сенинг ҳам бошингни айлантирибдир…» деб илжайганда, Ўзбек ойим «рост, бу келиннинг ҳуснидан ҳам бошқа яна тағин бир алоҳида хосияти борға ўхшайдир!» деб кулар эди. Кумуш ўзини кўрган келгучи хотинлардан кўпроқ олқиш олса (албатта ошкора эмас), хотинларнинг жўнаши биланоқ дарров Ўзбек ойим Ойбодоқдан исириқ тутатдириб аввал Кумушка, ундан кейин кўнгли қолмасин, деб Зайнабка солдирар, агар Отабек кўриниб қолса, уни ҳам қуруқ қолдирмас эди.
Эгасини сийлаған итига суяк ташлар, қабилидан қизлари туфайли қутидор ва Офтоб ойимлар ҳам жуда яхши иззат кўрар эдилар. Қутидор келганидан бери бир соат ҳам уйда бекор қолмай, ҳар кун Юсуфбек ҳожининг мухлисларидан бирининг уйида меҳмон ва ҳожининг суҳбатидан мамнун эди. Офтоб ойимни бўлса Ўзбек ойим ўтқизғали жой топмас, қуда сўзи ўрнига — синглим деб хитоб қилар, ошни ҳам унинг раъйини сўрамасдан буюрмас эди.
Келганларининг ўн бешинчи кунигача шаҳарнинг казо ва казо хотинларини қабул қилиб ўткардилар. Яъни Офтоб ойим Тошканднинг юз боши ойимидан тортиб, понсадбоши, қўрбоши то ўрда ойимлариғача танишиб олди ва уларнинг ҳар бирларидан кутилмаган даражада иззат, ҳурмат кўрди. Бу ойимларнинг ҳар бирларидан — «албатта бизникига меҳмон бўлмасдан кетмайсиз, эгачи деган таклифлар ҳам ҳисобсиз эди. Ўзбек ойимнинг лозим топишича, бу таклифлардан фақат ўн чоғлуғи ижобат этиладирган бўлиб ва биринчи мартаба Нормуҳаммад қушбегининг хотини Сорабек ойимникига, яъни ўрдага борилмоқчи эди.
Ўн олтинчи кун меҳмон оёғи товсилланиб, Ўзбек ойим Сорабек ойимга ўзларининг боришларидан хабар юборди ва Ҳасаналига аравани қўшмоққа буюрди. Ўрда ойимларининг турмушларини кўрмагани учун Кумушнинг ҳам улар билан бирга борғуси келди ва эрталаб чой устида Зайнаб тилга келтуриб, «Зайнабингиз ҳам борадими» деб сўрағанида, Ўзбек ойим:
«Зайнаб бир мартаба бориш бўлса борған», деб жавоб берди.
— Мен-чи?
— Сен ҳам бормайсан.
Кумушнинг маъюсланиб қилған сукутидан кейин, Ўзбек ойим мундоғ изоҳ бериб чиқди:
— Сен Тошканддаги Юсуфбек ҳожининг келини бўласан, болам! Чорламаған жойга бориш учун се-нинг кафшинг кўчада қолған эмас, — деди.
Отабек қаёққадир от миниб кетган эди. Юсуфбек ҳожи билан қутидор Солиҳбек охунднинг Кўкалдош ҳужрасига меҳмон бўлиб кетганлар. Фақат бу кун уйда қоладирғанлар — Кумуш, Зайнаб ва Ойбодоқ эдилар.
Ўзбек ойим йўлаккача кузатиб чиқған Кумуш билан Зайнабка қараб арава ёнидан кулди:
— Икки кундаш уйни холи топиб тағин юлишманглар! Ойбодоқ, сен кундашлардан хабарсиз қолма!
Офтоб ойим аравага минар экан:
— Худой сақласин, ойи! Шукур, иккаласининг ҳам ақл-ҳуши бошида! — деди.
— Булар кундаш эмас — эгачи-сингил-ку! — деди отнинг жиловидан ушлаб Ҳасанали.
— Мени ташлаб кетканингиз аламини Зайнабдан олмасам кимдан олай, — деди кулиб Кумуш ва дарбозанинг ҳалқаси билан ўйнар экан: — а, юлишамизми?— деб Зайнабдан сўради. Зайнаб жавоб бермади.
Ўзбек ойим Ойбодоққа баъзи таълимотларни бергандан кейин келинларига:
— Тушда иссиғсиз қолманглар! — деди. Арава қўзғалди.
Зайнаб илгарироқ, Кумуш кейинроқ ичкарига қайтиб кирдилар. Кундашининг сўзсиз, несиз ўз уйига кириб кеткани учун ўйланиб, бир оз ҳавли юзида тўхтади, сўнгра бу ҳам ўз уйига бурилди.

Кундан-кунга Зайнабнинг сусайиб, ўзига бегоналашиб борғанини ул яхши онглар эди. Бу кун бўлса ўйнаб айткан сўзи жавобсиз ҳам қолдирилиб, бу ҳол яна унинг миясини қотирди. Кўнглида бир хиралик билан бориб дарича ёниға ўлтирди. Зайнабнинг ҳасадини қўз-ғатмас учун Отабек билан муомалада қилған эҳтиётлари заррача фойда бермаганига ҳайрон, энди қайси йўсунда миросани созлаш йўлларини ўйлар эди. Ўн беш кун ичидаёқ бунча кескинлашкан Зайнабнинг ички адоватининг бир ойда қайси даражаларга бориб етишини ўйлар ва мироса бу ҳолда кетган тақдирда бу уйда узоқ қола олмасини фаҳмлар эди. Лекин бу уйдан чиқиб кетишни, бир-икки ойлаб Отабекни Зайнаб қўлиға топшириб қўйишни яна мувофиқ кўрмас, яъни Кумушда ҳам бир қизғанчиқлик ҳисси уйғонған… Фикри шу ерга етканда қайси кунидир Отабекнинг Зайнабка бошқа-чароқ қилиб кулиб қарағани ва Зайнабнинг шу вақтдағи ойдек жозибалик тўла юзи кўрингандек бўлди… Бу кўринишдан сўнг ул сакраб ўрнидан турди-да, токчадағи ойнани олди ва ўзига қаради…
Маълумки, киши ойнага боққанда нечоғлиқ айбсиз бўлса ҳам ўзини бир камчилиги орқалиқ кўрадир. Шунга ўхшаш бир қарашда Кумуш ҳам ўз-ўзидан рози қолмади. Шаҳло кўзлар, ўсиқ жинггила кипраклар, қундуз қош ва қора холлар ва бошқа латофатлар ўзига писанд бўлмадилар… Ўзини Зайнабка қарағанда сиқиқ, ёш, боласифат кўрди… Ойнани токчаға қўйиб Зайнабка чинлаб ҳасадланган ҳолда келиб бояғи ўрнига ўлтурди. Анчагина ўйлаб ўлтурғандан кейин кўнглига «у мени суйса бўлди-да», деган гап келди… Ўзининг бу ҳукмига рози бўлмади, гўё ўзининг суйилиши бир неча ойлиққағина ўхшар, Зайнабнинг тўлған ойдек юзи бу суйилишка шу беш-ўн куннинг ичидаёқ хотима бературғандек кўринар эди. Шу кўриниш орасида Зайнабни яна ўз кўзидан яхшилаб ўткармакка ва унинг ҳусн кучини синамоққа қарор бериб ўрнидан турди…
Кумуш кирганда Зайнаб дарича ёнида тўппи тикиб ўлтурар эди.
— Ойим айткандек, — деди кулиб Кумуш, — сиз билан юлишқали келдим.
Зайнаб тўпписини қўйиб ўрнидан турди:
— Мен ҳам олдингизға чиқайми, деб турған эдим…
Кумуш истеҳзо билан кулди:
— Тўппи тикиб ўлтурибсиз-ку, маним олдимға чиқармидингиз, баракалла сизга, — деди. Зайнаб бир сабаб кўрсаталмай ўнгғайсиз ҳолда қолди. Дарҳақиқат, унинг бу иши очиқдан-очиқ болаларча кетган эди. Кумуш уни ўнгғайсиз ҳолдан чиқариш учун тикилган тўппини ердан олиб кўрган бўлди.
— Чокни яхши тикар экансиз, кимга?
— Биравга атағаним йўқ, ахир биттаси кияр… Ўлту-ринг.
Икки кундаш қаршима-қарши ўлтиришдилар. Кумуш унга тикилиб-тикилиб қарар эди…
Зайнаб бояғи ўнг-ғайсизлиқдан ҳали чиқиб етмаган, қизаринқираб ерга боққан эди. Бир-икки дақиқани сўзсиз кечирдилар.
— Чиқмағанимни ҳам кўнглингизга олибсиз-да, — деди ниҳоят Зайнаб.
— Нега кўнглимга олай, мен ёш боламанми, — деди,— келганимга ўн беш кун бўлмасдан
ўзингизни четка тортиб бошладингиз… Мен сиз билан эгачи-сингил бўлармиз, деб ўйлаған эдим…
— Ҳали нима бўлибмиз… Арзимаган гапни ҳам кўнглингизга олаберсангиз…
— Бу арзимаган гапми? — деди Кумуш, — уйда ҳеч ким йўқлиғини билатуриб ўзингизни четка тортасиз… Бу эса юзингни кўришга тоқатим йўқ деганингиз бўладир.
— Қўйинг-чи… Ўзингиз ҳар бир нарсани ҳам кўнг-лингизга олаберар экансиз… мен унақа эмасман…
Бошланишда анчайин ҳазилга ўхшаб кўринган бу кинахонлиқ кутилмаган жойда бир тус олиб кетди. Кумуш ўн беш кунлардан бери йиғилиб келган аччиғини бир варакай тўкиб солди:
— Мен кўнглимга олсам арзийдирганини билиб оламан, — деди.
— Олдингизға чиқмағаним юзингизни кўрмаслик учун бўлғанини сиз қаёқдан билдингиз, маним ичимга кириб чиқмағандирсиз-ку, ахир?
Зайнаб ҳам анча қизишиб олди. Кумуш ундан ҳам ошиб тушди:
— Билиш учун ичингизга кириб чиқишим шарт эмас… Баъзи ишларингиз ичингиздагини менга очиқ сўзлайдир.
— Қайси ишларим?
— Сўраманг…
— Билмаган бўлсам билдириб қўйинг, ахир.
— Айтсам яна аччиғингиз қистайдир…
— Тўғри гап бўлса аччиғим сира қистамайдир…
Яқинроқда юмиш қилиб юрган Ойбодоқ эшитмасин учун секинроқ товушда:
— Қистамаса айтай, — деди Кумуш, — эрингиз маним олдимға кирса, нега ишингиз бўлса-бўлмаса кириб ўлтириб оласиз-да, ёлғиз қолғанимда кирмайсиз?
— Шундоғ деярсиз, деб турған эдим ўзим ҳам— деди Зайнаб,— киришимни ҳам кўнглингизга олған бўлсангиз, энди мундан сўнг кирмаганим бўлсин.
— Қани, тўғри гапка аччиғингизнинг қис-та-мағани?
— Ахир, эрингиз билан ёлғиз ўлтирғанингизда мундан сўнг кирмайин деяпман-ку.
— Эгриликка олманг, Зайнаб, — деди Кумуш, — мен бу гапни ёнимда эрим бўлғанда кирма, деб айтмадим, балки бояғи сўзимнинг исботи учун айтдим…
Бу ўринда иккиси ҳам жим бўлдилар. Ойбодоқ даричага келган эди:
— Тушлик ош вақти бўлдими, нима томоқ қилсамикин?
Кумуш Зайнабка қаради:
— Нима томоқ буюрамиз?
— Сиздан сўраяпти…
— Зайнабниса яхши кўрган томоқни қилингиз, — деди Кумуш.
— Лағмон қилайми? — деб Ойбодоқ Зайнабка қаради.
— Томоққа иштиҳом йўқ, ўзингиз билганингизча қилаберинг.
Ойбодоқ кетди. Унинг кети билан Зайнаб «тавба» деб қўйди.
— Тавба деманг, Зайнаб… Бу гаплар айниқса сиз билан менга келишмаса ҳам азбаройи мени ёлғиз ташлаб қўйғанингиздан айтдим… мен сизнинг уйингизга бутун умрга келган эмасман… Атиги уч-тўрт кун қайин ота, қайин оналаримни кўриб кетиш учунгина келганман. Шунчаликка бир-биравимиздан четлашиб, минғайишиб юришимиз кишига оғир келар экан.
Кумушнинг «уч-тўрт куни…» билан Зайнаб ё-ришиб кетгандек бўлди:
— Вой ўлай, Кумуш опа, — деди Зайнаб бўшашқан оҳангда, — чиндан ҳам кўнглингизга олибсиз дейман. Кўнглимда тариқдек ёмонлиғим бўлса, эртагача етмайин.
«Кетиш» сўзини эшитиб онд ичиб бошлаған Зай-набка Кумуш ичдан кулиб қўйди ва «энди ўлсам ҳам кетмай, сен қараб тур!» деб янди.
Шундан кейин орадан гап-сўз тўхтағандек бўлди. Кумуш тиззасини қучоқлаб ниманидир хаёлида, Зайнаб бўлса қатимини узун тортиб тўпписини тикар эди. Анчагина шу ҳолатда қатим тортқандан сўнг Зайнаб секингина қаршисидағи ғайри расмий ёвға ёвларча қаради. Узоққина қараб турғандан кейин ўзига ҳам сездирмаслик қилиб энтикди, яна уч-тўрт қатим тортти…
— Сиз мунчалик қўрқмасангиз ҳам бўлар эди…
Кумуш бир оз жавобсиз қолди ва сурилиб деворга суялди:
— Нимадан ҳам қўрқмасам бўлар эди?
— Ахир… жек кўрмасангиз ҳам… дейман-да…
— Мен кимни жек кўрибман?
— Биларсиз ахир, кимни…
— Уят, Зайнаб!
— Сизники ҳам уят!
Яна икки кундаш ҳужумга ҳозирланишқан хўроз-лардек бир-бирларининг устларига ҳурпайишдилар.
— Нимам уят? — деб сўради Кумуш.
— Мен эрим билан ўлтурганда устимга кирма, де-йишингиз албатта уят.
— Аввало мен бу сўзни сизнинг ҳалиги қилиғингизға қарши айтдим. Агар сиз буни чинга ҳисоблаған бўлсангиз, мен ҳам сиздан чинда сўрайин: сиз эрингиз билан ўлтурганда мен устингизга кирдимми?
Зайнаб бу саволнинг жавобига қолғанда бир оз тутилиқди. Чунки, Отабек Зайнаб ёнида бўлғанда Кумушнинг кирганини хотирлай олмади.
— Сиз кирсангиз албатта кўкрагингиздан итармас эдим, — деди Зайнаб. — Ўзингиз жек кўрганингиз учун мени ҳам ўзингиздек фаҳмлаб кирмайсиз.
— Кишини бўғасиз, Зайнаб! Гапка темирчилик яхши эмас!
— Гапка темирчиликдан худой сақласин, ота-бобом темирчи ўткан эмас.
— Ким сизга — отанг темирчи деяпти?
— Ахир сўзингизнинг сираси шунга келади-да…
— Тавба, — деб кулди Кумуш, — жек кўрасан, деб бир айтасиз, ўзингдек фаҳмлайсан, деб узиб улайсиз, сен қўрқмасанг ҳам бўлади, деб тағин нина тиқасиз… Мана шуни гапка темирчи, деб айтадилар.
— Рост-да ахир, сиз қўрқмасангиз ҳам…
— Сўзлай беринг.
— Ахир…
Зайнаб ўзининг хатосини онгли ва гапуралмай ғўлдиради. Кумуш эса буни сезиб Зайнабнинг ўз оғзидан иқрор этдириш кўйига тушди.
— Мен тушундим, — деди, — сен қўрқмасанг ҳам бўлади эринг сени яхши кўради, демакчисиз.
Зайнаб ишини тўхтатиб бўзрайғанча Кумушка қараб қолди… Бу хатосини ўнглаш учун эсига ҳеч гап келмас эди:
— Ахир… менга ўхшаш сизни ҳам ишондириб қўйғандирлар.
— Сизни нимага ишондирғанлар?
— Ахир… Мен сенсиз туролмайман, деб сизга ҳам айткандирлар…
— Ҳеч.
— Сизга айтмаган бўлсалар… менга юз қайталаб айтадирлар… У кишини сизга ҳам шунақалар, деб ўйлабман…
Ўзи асло ишонмаған шунча ёлғон гапларни бояғи довдираш ҳолатида илҳом равишда тўқиб юборди. Унинг бу довдир гаплари ғалаба қозонмоқчи бўлған Кумушни довдиратти, бояғи ойна ёнида туғилган шубҳаси чинга чиқғандек бўлди ва муҳокама хусусиятини йўқотди. Зайнаб тўғри айтади, деб ўйлади, агар уни яхши кўрмаганда Тошкандга келишимни кутиб ўлтурармиди?..
Зайнаб бу ёлғонлаш натижасидан қўрқиб, ўнгу терс ишига ёпишди. Кумуш моддий ҳаётидан айрилған жонивордек бўшашди. Ойбодоқ она тарафидан икки кундаш ўртасиға қўйилган тушлик бир неча вақт совиб ётди. Зайнабнинг қўрқа-писа «олинг, опа»сидан сўнг икки тараф ҳам лагандан чимчиган бўлишдилар-да, бирин-сирин қўлни дастурхон четига артишдилар…
Шундан бирар соат кейин Отабек қайтиб Зайнаб томондан қарши олинди. Уст тўнини ешиб Зайнабка бергандан сўнг, қайси уйга кириш тўғрисида ҳавли юзасида бир оз тарадудланиб қолди. Теварагида ғилдирлаб юрган Зайнабнинг уйига кирабериш учун Кумушнинг мулоҳазасини қилар, Кумушнинг олдиға кирмак учун Зайнабни ўйлар эди. Кумуш уйда кўринмади, шунга кўра «ухлағандир», деб ўйлаб Зайнаб билан кирди. Зайнаб оёғи олти, қўли етти бўлған ҳолда эрини тўрт қават кўрпача устига ўтқузиб, ёнига учта пар ёстиқни уйди. Эрининг маҳсисини артишка кўмаклашиб, елпиб қўймоқ учун изн сўради. Отабек узр айтиб бунчалик меҳрибончилиқ маъносидан чўчиб қўйди. Отда келган бўлса ҳам куннинг иссиғлиғидан бир пиёла чойга муҳтож эди. Чой сўзи оғзидан чиқмасданоқ Зайнаб ўчоқ бошиға югуриб кетди. Унинг кети билан Кумушнинг уйига қаради. Эшик ва даричалар очиқ бўлсалар ҳам уйда бирав кўринмади.
Кумуш келгандан бери Отабек кун сайин ўзини сиқиқроқ бир доирага кириб борғанлиғини
сезар эди. Адимини санаб босиш, бир чўқиб саккиз ёққа қараш каби эҳтиётларга
таълимотсизоқ ўрганиб қолған, бунинг устига бир хил ўнгғайсизлиғи ҳам йўқ эмас эди… Унинг ўткан кунлари, яъни Кумушка Марғилонда қиладирған муомала ва алоқаси Зайнабка қоронғи, шу қоронғилиқдан фойдаланиб Зайнаб билан муомаласи ўзи тилаганча. Аммо энди ўша ҳолатни давом этдириш мумкин эмас эди. Кумушка кулиб қараса, Зайнабка ҳам шундоғ қилмоққа, унга қандоғ муомала қилса, бунга ҳам шундоғ қилишға мажбур эди. Бироқ бунинг биринчиси юракдан, иккинчиси… Биринчисини тавсиф қилиб кўрсатиш нучукким, биз шу ўрингача кўб қоғозларни қоралаб келамиз, ўқуғучини ҳам зериктирмай орқамиздан эргашдиргандек бўламиз, чунки Отабек ва Кумуш ишқларида самимият, яна тўғриси шеърият бор эди. Иккинчи масала устига ўтиб таҳлил қилмоқчи бўлсақ, Отабекда мажбуриятдан бошқа ҳеч гап тополмаймиз, топган билан ўқуғучиға қизиқарлиқ бир нарса чиқмайдир. Қаҳрамонимизнинг ҳозирги «мажбурияти» сабабларини муҳтарам ўқуғучилар яхши ҳис этсалар ҳам яна биз бир даража ўз томонимиздан уларни санаб кўрсатамиз:
Дин адолатка буюрадир ва ота-онанинг ҳурматлари кўндаланг, мажбуриятнинг энг кучлиги ҳам нозиги — мундан бир неча ҳафта илгари Зайнаб аввал мартаба юрак дардини кўз ёшлари ичида очиб берди. Ҳаммадан ҳам мана шу кейингиси Отабекни сиқиб ташлаған эди. Бу дард айниқса Отабекка уч йилдан бери синашта, ул бу дарднинг аччиғ-чучугини уч йил бўйи тотиб келар ва шунинг учун ҳам бояғи оғирлиқни ўз устига олмоққа мажбур эди…
Зайнаб унга икки пиёла чойни ичиргандан сўнг сўради:
— Сизни кеч қайтарсиз, деб ош қолдирмаған эдик, совуғроқ бўлса ҳам озроқ олиб қўйған эдим… есангиз?
Отабек очиқиб келган эди, «майли, беринг», деди. Бояги гап билан ейилмаган лағмон Отабекнинг олдиға келди. Устидаги қиймаси билан лаганнинг бузилма-ғанини кўриб Отабек сўради:
— Ўзларинг емадингларми?
— Едик. Кумуш опа ҳам шу ерда эдилар… Лағмонни унча хушламас эканлар, шекиллик, яхши емадилар… У киши емаганларидан кейин мен ҳам еб ўлтурғали иймандим…
— Емаган бўлсангиз, сиз ҳам олишинг, — деди бек.
Зайнаб эридан ийманмай биргалашди.
Хўрак ораси Отабек Зайнабдан сўраб, Кумушнинг ухлаб ётқанини билди. Томоқдан кейин Отабек ҳам бир оз ухлаб олиш учун ётди. Кўзи уйқуға борғач, фақат шуни кутиб ўлтурган Зайнаб қўлида елпуғичи билан ёстиқ ёнига келди. Эри жуда ухлаб кеткандан сўнг елпий бошлади… Елпир экан, Зайнабнинг кўзи Кумушнинг уйида эди…
Зайнаб ўзининг бу тасодуфий муваффақиятини кундаш назаридан ўткузиб олмоқчи ва бояғи даъвосини бир даража амалда ҳам кўрсатмакчи эди.
Зайнаб шу ҳолда узоқ фурсат эрини елпиди ва натижада маълум кўрукни одатдан ташқари бир муваффақият ичида кундаш назаридан ўтказди: нима юмиш биландир уйдан чиқған Кумуш Отабекнинг ёстиғи ёнида қўлиға елпуғич ушлаган Зайнабка кўз қирини ташлаб ўтди.
Бирар соатдан кейин Отабек уйғонди. Зайнаб ҳам кундаш юрагини ун қилғучи ел тегирмонини тўхтат-моққа мажбур бўлди.
Отабек уйга кирганда ёстиқ бетини тартибсиз соч ўримлари билан чулғатиб Кумуш ухлар эди. Отабек бир неча дақиқа унинг уйқулиқ ҳолатига термулиб қолди ва унга роҳатсизлик бермас учун секингина орқасиға қайт-ди. Уй эшигидан чиқар чоғида яна бир қараб олди… Энди уйқулиқ кўз очилған эди.
— Тинч ухлай беринг, мен кетаман.
Кумуш кўз юмиш ўрнига ёстиқдан бошини узди ва ерга тушкан рўймолини ўраб, ўлтурди.
Унинг кўзи уйқудан қолған кишиларнинг кўзидек қизарған эди. Отабек қайтиб кирди.
— Нега қўзғалдингиз, ухланг, — деди. Кумуш жавоб бермади, қовоғи солиғ эди. — Кўзингиз қизариб кетипти, ухлай олмадингизми?
— Тобим йўқ…
— Худой сақласин, — деди бек ва Кумуш ёниға ўлтирди, — қаерингиз оғрийдир?
— Билмайман, — деди. Кўзи токчадағи алланарсаларда эди.
Отабек бу терс жавобни ҳазил фаҳмлаб кулди ва Кумушнинг манглайиға қўлини тегизди:
— Нега билмайсиз?
— Қўлингизни олинг.
— Нега олай?
— Мендан ҳазар лозим…
— Сиздан ҳазар қилмайман…
Кумушнинг кўзида бир турлик ғилтиллаш бор эди:
— Зайнабдан-чи? — деб сўради.
Отабек дафъатан жавоб бералмай ҳавли томонға қараб қўйди:
— Буни… мендан ҳам сиз яхши биласиз.
Отабекнинг аланғлаб жавоб бериши Зайнабнинг бояғи даъвосини чинга чиқарғандек бўлиб, Кумуш жуда ҳам тўнини тескари кийди ва юзини четка бурди:
— Ялҳақликни қўйинг.
Отабек бу ҳолга тушунолмай, Кумушнинг кўзига жиқ тўлған ёш яна уни шошириб қўйди.
Шундоғ ҳам бўлса кулимсираб:
— Уйқудан сўл ёнингиз билан турибсиз, — деди.
— Чунки маним ўнг ёним билан турғузадиган кишим йўқ…
— Адоват шунинг учунми ҳали? — деди бек ва кулиб юборди.
Кумуш кўз ёшисини артди:
— Ҳа, шунинг учун.
— Шунинг учун бўлса арзимайди…
Кумуш кўтарилиб кетди:
— Икки юзламалиғингиз ва тил тегида тил сақлаға-нингиз ҳам арзимайдими?
— Тушунмай ётибман…
— Албатта тушунмайсиз ва тушунишни ҳам тиламайсиз.
Ул Кумушдан мундай терс гапларни умрида биринчи мартаба эшитар эди. Бир онда неча хил эҳтимолларни ўйлаб чиқди:
— Зайнаб сизга бир нарса дедими?
— Деди, «Сенсиз туролмайман» деб айткан сўзла-рингизни ҳам деди.
Унга нима бўлса ҳам икки кундаш ўртасидан анча гаплар ўткани бир даража маълум бўлиб, Зайнабнинг ёлғон-яшиқ гаплар билан Кумуш юрагига ўт ёққанини пайқади. Аммо бояғи ярим жиддий вазиятини бузмай сўради.
— Зайнабнинг сўзига сиз ишондингиз?
— Ишонмайдирған гапми?
— Яхши, мен унга шундай деб айткан ҳам бўлайин, лекин шунда ҳам сизнинг хафаланишингиз менга қизиқ туюладир. Айниқса сиздан бу гап…
Кумуш индамади. Отабек унинг орқа сочидан тутиб секингина ерга босди:
— Қани гапуринг-чи менга, орангиздан бир гап ўтдими, — деб сўради.
— Ҳа ўтди, — деди Кумуш ва четка қараб кулимсиради.
— Ўн беш кун бўлмасдан?
— Мендан бошқа хотин бўлса Зайнабингиз билан биринчи кунданоқ аразлашар эди…
— Худо хайрингизни берсин…
— Кесатманг.
— Кесатмасам гапуринг.
Кумушнинг рақобат ўти бир оз ўча тушкан эди, уч-тўрт кунлик можародан яхшиғина ҳасрат очилди. Отабек ҳасратни ярим жиддий тинглаб борди. Зайнабнинг кейинги сўзи ва сўнгги елпитиш фожиъалари ҳам ҳасрат қолипиға бирма-бир кириб чиқди. Ҳасрат тугалгандан сўнг Отабекнинг юзидаги бояғи ярим жиддийлик кетиб, унинг ўрнини ўйчанлиқ олди. Ул шу ҳолатда анчагина сўзсиз қолди ва охирда ўзини натижа кутиб ўлтурғучи Кумушка қараб кулиб қўйди.
— Нега куласиз?
— Чунки йиғламоққа арзимайдир.
Кумушнинг қошлари чимирилди:
— Зайнабингизнинг бу қилиғига мен чидалмайман.
— Чидаш ва чидамасни ҳозирча бир тарафка қўйиб турайлиқ, — деди Отабек, — аммо ҳаммадан илгари сиздан сўрайман: менга ишончингиз борми?
— Бор, ҳам йўқ, — деди Кумуш ва кулимсираб бир оз ўйланиб олди, — Зайнабнинг ҳалигидек гаплари кишини шубҳага солар экан…
— Аммо сизни шубҳадан чиқаратурған ҳужжатларингиз албатта йўқ эмас эди.
Кумуш уялғаннамо юзини четка бурди, Отабек товшини секинлатиб давом этди:
— Ўткан кун сиздан «Тошкандда қоласизми, йўқ-ми?» деб сўрағаним ҳам фақат шунга ўхшаш гаплар билан сиз хафаланманг, деб айтилган эди. Агарда сиз сиқилар экансиз, ҳали ҳам Тошкандда қолмаслигингиз менга маъқул кўринадир. Чунки мен сизни шунинг сингари ўринсиз озор чекишингизни хоҳламайман.
— Сиз қувламасангиз, мен Марғилонға бормайман.
Отабек кулди.
— Агар сиз шунга ўхшаш арзимаган гаплар учун маним устимга ҳужум қилаберсангиз, албатта қувлайман.
Кумуш бир хил ўпкаланган боқишда:
— Сизга ишонсам бўладими? — деб сўради.
— Юрагингиздан сўранг.
— Юрагим… Юрагим ишонма, дейди.
— Бўлмаса бу юрак сўзи эмас.
— Албатта юрак сўзи.
— Юрагингизнинг ишонма, дейишка бирар важи бордир?
— Бор.
— Бўлса айтинг.
— Юрагим: қувланишға ким сазовор, деб сиздан сўрайди… Сиз ўз юрагингиздан олиб жавоб беринг.
Отабек мақсадга тушунди, дафъатан жавоб беришка ҳайрон бўлиб қолди. Дарҳақиқат, Кумуш энг нозик жойдан ушлаған эди.
Кумуш Отабекдан жавоб кутиб ўлтурмай яна деди:
— Бошқалар юрагини синаб кўришка қудратим етмаса ҳам маним юрагим икки нарсани ўз ичига сиғдира олмайдир…
— Сенинг юрагинг икки нарсани ўз ичига сиғди-радир, демакчисиз.
— Демакчи эмасман, — деди Кумуш, — чунки ҳеч вақт бўладирған гап эмас…
Кумуш ҳамон юқорида айтилган бир маънонигина ифода қилмоқчи бўлар эди. Аммо Отабек Кумушнинг тўсиндан ўзгариб кеткан характер қатъиятига ва бир кундаёқ, бунчалик масофани ўткан кескинликка жуда тааж-жубда, қаршисидағининг суратида эмас, сийратида қизиқ бир ўзгариш кўрар эди.
— Мақсадингизга яхши тушунаман, — деди охирда,— ҳар жиҳатдан қаралғанда ҳам сиз бу тўғрида ҳақлисиз. Аммо ўшанғача… балки буни ўзингиз ҳис этарсиз, деб ўйлайман…
Кумуш индамай қўйди. Эҳтимолки, ул кейинги масала тўғрисида эрининг фикрини билиб қўймоқчи эди…

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-10

Бир куни опа отхонага келди. Районга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, ...

Бўтакўз (иккинчи боб)

Эртаси куни одатдагидан барвақтроқ, тонготарда турдим. Кеча ўтовда ётиб ўзимча шундай аҳд қилган эдим: бор кучимни ишга солиб шундай ишлайинки, бирон киши койишигина эмас, ...

Истиқлол дарди

20. ИСТИҚЛОЛ ДАРДИ Етмиш кунлик бир муҳосарадан кейин уч минг сипоҳни бир ярим мингга тушуриб, бир ярим минг сипоҳни Тошканд қўрғонлари остида қурбон бериб, Нормуҳаммад ...