Товуқ ўғирлаган жиноятчи, миллиард ўғирлаган уддабурондир

Бир иш юзасидан “Сайёр суд“да қатнашишга тўғри келди. Хожибой Тожибоев таъбири билан айтганда: “одам – ундан ҳам кўп“. Ит эгасини танимайди. Бир кичкинагина хонага (эринмай санадим) қирқ бешта одам кириб олган (суд, маслаҳатчилар ва котибдан ташқари).

Жаноб судья тез-тез ишларни кўриб чиқяпти. Энг кўп судланувчилар таксистлар экан. Литсензиясиз одам ташигани учун жаримага тортилган, машинаси жарима майдончасига олиб кириб қўйилган “жиноятчилар“. Судья ҳар бири билан савол жавоб қиляпти:

Судья: нима учун литсензия олмадингиз?

Судланувчи: шароитим йўқ эди. Оилада ёлғиз боқувчиман. Машина аренда. Ҳам арендага, ҳам литсензияга пул орттира олмайман.

Судья: яхши. Сизга қонун бўйича энг кам иш ҳақини йигирма баробаридан юз баробаригача жарима қўйишим керак. Сизга ЭКИҲни ўн баробари миқдорида жарима қўллайман. Эътирозлар борми?

Судланувчи: шароитим…

Судья: шароитингизни ҳисобга олган ҳолда шу жаримани айтдим. Кейингиси.

Навбат кейинги “жиноятчига“ етди.

Судья: нимага литсензиясиз одам ташидингиз?

Судланувчи: Россияга кетмаслик учун.

Судья: Саволимга буни нима дахли бор?

Судланувчи: Дахли бор. Россияда кўп йил умрим ўтди. Синглимни чиқардим. Уй олдим. Уйландим. Бировдан бир тийин ёрдам олганим йўқ. Энди Россияга кетишдан безор бўлиб, арендага машина олиб, такси қилиб оиламни боқмоқчи эдим. Бошқа иш йўқ, нима қилай?

Судья: яхши. Сизга ЭКИҲни ўн баробари миқдорида жарима қўллайман.

Судланувчи: сизга вазиятни тушунтирсам, сиз менга жарима қўллайсизми?

Судья: оғайни, сиз қонунни бузгансиз. Мен сизни тушуняпман. Лекин қонун доирасидан ташқари чиқа олмайман.

Судланувчи: қонунлар оддий халқни қақшатиш учун чиқарилганми? Мени уйимда ногирон укам бор. Уни боқиш мени зиммамда. Отам етти ёшлигимдаёқ ўтиб кетган. Шу ёшимгача ўғирлик қилмадим, ҳаром емадим, бировни мулкини тортиб олмадим. Шуми сенларни қонунларинг? Қонунларинг жиноят қилмай, ўз аравасини ўзи тортиб юрган одамни жиноят қилишга, ўғирликка ва ватандан ҳайдашга хизмат қиладими?

Йигитни охирги сўзлари бўғиқ овозда, йиғи аралаш чиқаётган эди. Залга бир-оз сукунат чўмди. Жимликни судьяни “ука, мен сизни яхши тушуниб турибман. Бу гаплардан фойда йўқ. Қонунда йигирма баробардан юқори деб белгиланган. Мен шунда ҳам таксистларни ҳолатини билганим учун ўн баробар қилиб белгилаяпман. Бу ҳукмимни ҳар бири учун мен ҳам ҳали жавоб бераман.“ Жабрланувчи йигит бир оз жим турдида “билганингизни қилинг. Ҳаммасини Аллоҳ кўриб турибди. Ҳаммангни Аллоҳга солдим“ дедида, чиқиб кетди.

Давом этишга на менинг, на атрофдагиларнинг, на судьянинг ҳоли қолган эди. Судья “ўн беш дақиқа танаффус“, деб чиқиб кетди.

Суд залида арзимаган “жинояти“ сабаб қон-қақшаётган йигитларни кўриб, ичим эзилиб ташқарига чиқаман. Осмон мусаффо, келажак буюк. Порахўр порасини оляпти. Амалдор қонунни хоҳлаган кўйига солиб ўйнаяпти. Ҳоким бува ўзига мослаб қонунлар чиқартиряпти. Курсиларда амалдор Тилтопдиевлар айшини суряпти.

Юз йилдирки вазият ўша “товуқ ўғирлаган жиноятчи, миллиард ўғирлаган уддабурондир.“

Муаллиф: Sayyid Islom

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ёшлар иттифоқини нега ҳамма ёмон кўради?

Ёшлар Иттифоқини ҳамма ёмон кўради. Мен, у, улар, магазинчи Ғайбулла... (more…)

Навбаҳорда икки қишлоқни боғловчи кўприк бузилди. аҳоли бундан норози

Навоий вилояти, Навбаҳор туманининг Ғужбоғтепа ҳамда Суғдиёна қишлоқлари ўртасидан ўтувчи зовурда халқ томонидан ҳашар йўли билан қурилиб, 14 йилдан буён фойдаланиб ...

Бухорода алимент тўламаган 6 нафар шахсга 15 сутка қамоқ жазоси берилди

Мажбурий ижро буюроси Бухоро шаҳар бўлими томонидан икки ойдан ортиқ муддатда алимент тўловларини тўламаган 6 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 474-моддасига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400