Султон Абдулҳамид ким эди?

“Пойтахт: Абдулҳамид” сериалининг намойиши тўхтатилиши кўп эътирозларга сабаб бўляпти. Қизиқ, бир-икки ой олдин бир турк сериалининг тақиқланишини талаб қилганлар энди бошқа турк сериалининг тўхтатилишидан норози. Ажойиб халқмиз!

Аслида “Пойтахт” “Ҳовли”дан кўра анча “хавфли” сериал десак бўлади, албатта, идеологик жиҳатдан қараганда. “Ҳовли” бор-йўғи маиший сага бўлса, “Пойтахт” идеологик картинадир ва у бугунги Туркиянинг ўз ўтмишига бўлган муносабатини акс эттиради. Бошқа давлат сиёсатининг тарғибини кимдир хавфли ёки нотўғри деб ҳисоблаши мумкин (айтиб қўяй, шахсан менга жиддий фарқи йўқ).

Фильмнинг бош қаҳрамони — султон Абдулҳамид II Усмонлиларнинг охирги ҳукмдорларидан бири бўлиб, 1876–1909 йилларда тахтда ўтирган. Оғир сиёсий курашлар натижасида “Ёш турклар” (ўзимизнинг жадидларга қардош ташкилот) раҳбари Мидҳат пошшо ёрдамида тахтга ўтирган султон ушбу ташкилотга қўшилган зиёлилар олдида бир қанча мажбуриятларни олган эди. Биринчи галда у парламент ташкил этиши, конституция қабул қилиши ва мамлакатда парламентар монархия жорий этиши лозим эди.

Бошида бу ваъдаларини бажарган Абдулҳамид одамлар ва аскарлар орасида катта шуҳратга эришди. Аммо 1877–1878 йилларда Усмонли–Россия урушида мағлуб бўлгач, яккаҳокимлик ўрнатишга киришди: парламентни тарқатиб юборди, конституция де факто амалдан чиқди, Мидҳат пошшо эса ҳибсга олиниб, бошида ўлимга ҳукм этилди, сўнг Арабистонга сургун қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Абдулҳамид, кўпчилик бошқа ҳукмдорлар сингари, зиддиятли шахс эди. У вазиятга қараб сиёсат юритган: халқ меҳрини қозониш учун ислоҳотлар ўтказган, кейинчалик эса барча рақибларидан қутулиб, авторитар ҳокимият ўрнатган эди. Бугунги Туркияда уни идеаллаштириб, Усмонлиларнинг охирги буюк халифаси сифатида тақдим этишади — бу Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг шахсий мойиллигини акс эттирадиган сиёсат. Эрдўғон Абдулҳамидни ёқтиради: унинг авторитар ҳукмдор бўлгани, Ғарбга қарши айёрона сиёсат олиб боргани, ислом динига урғу бергани ва дунёвийликни инкор этгани Эрдўғоннинг бугунги сиёсатини қисман эслатиб юборади.

Аммо тан олиш керакки, Абдулҳамид йирик шахс бўлгани билан, айтарли катта иш қила олмаган: унинг даврида Европа давлатлари мусулмон дунёсидан техник ва иқтисодий тараққиётда кескин ўтиб кетган эди, Усмонли салтанати эса доимий равишда иқтисодий қийинчиликларда яшар, ҳар ўн йилликда бирор мустамлакасини йўқотар ва тикланиш имкониятларини йўқотиб бўлган эди. Шу боис салтанатни сақлаб қолиш деярли имконсиз эди — у секинлик билан ортга кетаётганди, вазиятни терс буришга ресурс ва салоҳият йўқ эди. Абдулҳамидни Бухоро хонларидан Убайдуллахон II га (1702–1711) ўхшатган бўлар эдим: у ҳам мамлакатни сақлаб қолишга уринган, аммо ҳаракатни жуда кеч бошлаган эди.

Абдулҳамид II ҳам, яхши бошлаганига қарамай, кўпроқ авторитар ҳокимиятни тиклаган, мамлакатни банкротликка олиб келиб қўйган, мамлакатдаги христиан аҳолига қарши қирғинлар уюштирган, зиёлиларни ва фаолларни махфий полиция ёрдамида қатағон қилган ҳукмдор сифатида тарихда қолди. У 1909 йили ёш турклар томонидан ағдариб ташланди ва мамлакатдан бош олиб чиқиб кетди.

Хуллас, сериал ишқибозларини огоҳлантириб қўймоқчи эдим: “Пойтахт”да у ортиқ даражада идеаллаштириб юборилган, шуни унутманглар.

Манба:Асанов формати

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мусулмонларнинг тиббиётга қўшган ҳиссаси

Оврўполиклар орасида Разес номи билан машҳур бўлган мусулмон тиббиёт олими Абу Бариқ ар-Розий (864-925) Рай шаҳрида туғилган ва Бағдодда таълим олган. У тиббиёт ва кимё ...

Ислом каримов туғилган оила ҳақида ўзбекистондаги нашрлар ҳам ёза бошлади

Бугун, 30 декабрь куни Тошкентдаги kun.uz ҳамда Sputnik нашрлари Ислом Каримов фондининг Facebook'даги саҳифасига асосланиб, Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов ...

Жамшид каримов: ислом каримовнинг бир опаси, беш акаси ва бир укаси бўлган

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (1-қисм)  Аввал хабар қилганимиздек, ўтган ҳафта, 29 октябрь куни Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган марҳум президент ...