(ўн саккизинчи мақола)
САККИЗ ЙИЛДАН КЕЙИНГИ УЧРАШУВГА ҲОЗИРЛИК
“Ўзбекистон” телерадиоканалининг радиосида ишлайдиганлар орасида шов-шув. Нима эмиш, раис келармиш, ходимлар билан учрашармиш. Қачон, нимага? Бугун-эрта ёки индин. Наҳотки, қайси куни? Ҳеч ким билмайди. Номаълум. Бу ҳақдаги узун-қулоқ гаплар тарқалганига ҳам бир-икки ҳафта ўтди. Ташрифдан эса ҳалигача дарак йўқ.
2013 йилнинг 10 июль куни саккиз йилдан сўнг кутилмаган ва жуда ҳам ишонилиши қийин бўлган воқеа содир бўлди. Ва ниҳоят, компания раҳбарининг ходимлар билан очиқ мулоқоти худди шу кунга белгиланганлиги ҳақидаги эълон пайдо бўлди. Яна қаерда денг, бу учрашув радио биносида эмас, балки телевидениеда ўтказиладиган бўпти. Буни барча ҳам орзиқиб кутганди, деб айтиш қийин. Чунки бундан бир муддат олдин раис деярли барча телерадиоканаллар ходимлари билан мулоқот ўтказган ва бундан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлган. Ҳаттоки, “Ўзбекистон” телеканалидагилар билан ҳам. Фақат бу каналнинг айнан радиосидагилари атайлагандай нимагадир чақиртирилмасдан ажралиб қолаверган. Нимага шундай йўл тутилганлиги сирлигича қолаверди. Лекин радиога келишни ва бу ердагилар билан алоҳида учрашишни истамаган А.Ходжаев бирданига Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг умумий йиғилишини чақириб ҳамма билан биратўла гаплашишга қарор қилган. Бу борада обдон ва узоқ ўйланган. Сабаби радиодаги ходимлар телевидениядаги баъзи бир “лаббайчи”ларга ўхшаб турадиганлар хилидан эмас. Керак бўлса, аввало бу ўзини даҳо санайдиган раҳбарнинг саккиз йилдан буён қаерда юрганлиги ва нимага энди дафъатан бирданига учрашгиси келиб қолганлиги билан боғлиқ ва бундан бошқа хавф туғдириши мумкин бўлган саволларни шартта юзига айтиши ҳеч гап эмас. Бу каби мураккаб ва ўзи учун ўта ноқулай вазиятларнинг вужудга келиб қолиши ҳам ҳар томонлама ҳисобга олинган бўлса, ажабмас…
Нарзулло ОХУНЖОНОВ