Бизга амалий кўмак керак: Мени жисман йўқ қилиш истагида оғулашмоқда !

МЕНИНГ ФАОЛИЯТИМ УЧУН ФАРЗАНДЛАРИМ ТАВОН ТЎЛАШИ КЕРАКМИ? ЁШ ҚИЗАЛОҚЛАРИМНИ ЗАҲАРЛАШ КИМГА, НИМАГА КЕРАК?

 

Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча элчихоналар ва дипломатик корпус вакилларига!

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Эшонқулова Малоҳатнинг

 М  У  Р  О  Ж  А  А  Т  И

Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган элчихоналарнинг ҳурматли ходимлари!

 

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мен мухолифат сафига қадам қўяётганимда олов билан олишишга отланаётганлигимни билардим.

Келажакда менга ва оиламга осон бўлмаслиги ҳам маълум эди.

То шу кунга  қадар айнан мухолиф ташкилотнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси сифатида анчагина тақиб ва тайзиқларни бошимдан кечирдим.

Аввалига, ЎзМТРКдаги журналист ҳамкасбларимнинг меҳнат ҳуқуқларинни тиклаш йўлидаги уринишларим 2010 йилнинг 9 декабр куни  ишдан ҳайдалиш билан якун топганди.

Шу-шу Ўзбекистоннинг бирор бир ташкилотига соҳам бўйича ишга жойлашиш имкониятидан енг ичида маҳрум этилган фуқаролардан бириман.

Нафақат ўзим, ҳатто 20 ёшли тўнғич қизим ҳам менинг фаолиятим сабаб бирор бир ишга жойлаша олмасдан ҳалак.

Мустақил журналист сифатида  матбуотдаги ҳукуматга оид танқидий чиқишларим, Инсон ҳуқуқларининг ҳимоясига оид ҳаракатларим ва сиёсий  фаолиятим сабаб амалдаги ҳукумат томонидан ноҳақ, мутлақо асоссиз ва ғайрақонуний тарзда бир неча маротаба жаримага тортилдим.

Оқибатда, суд департаменти ниқобидаги ҳукумат хизматчилари ноқонуний тарзда уйимни талаб кетишди: жамики орг. техникаларимни мусодара қилишди.

Судларнинг жарима борасидаги ноқонуний қарорлари устидан Олий судга қилган мурожаатларим мутлақо инобатга олинмади.

Натижада, 2013 йилда суд менинг ҳорижга чиқиш ҳуқуқимни вақтинча чеклаш тўғрисида  қарор чиқарди.

Энг аянчли томонларидан яни бири шундаки, компьютерим куч ишлатар тизимлар томонидан аллақачонлар назоратга олинган.

Электрон ёзишмаларим, барча-барчаси ҳукумат назоратида.

Уй ва қўл телефонларим мунтазам “прослушка”да.

Уйим ва офисимга эшитиш ва видеомосламалар қўйилганлигига шубҳам йўқ.

Энг ачинарлиси шундаки, мен билан қўнғироқлашган ҳар қандай фуқаро гарчи мухолифатга мутлақо алоқаси бўлмаса-да,  равишда таъқиб ва тайзиққа олинади. Тегишли идораларга чақиртирилиб, сўроқ-саволга тутилади, етти авлоди суриштирилади, уларга нисбатан сабабсиз босим ўтказилади, назоратга олинади. Алал-оқибат “қора рўйхат”га тиркаб қўйишади. Бу ҳақда қўлимда етарлича маълумотлар бор.

Шу боис бегуноҳ одамларга зарарим тегиб қолишидан қўрқиб, таниш-билишларим, қариндошларим билан ҳам қўнғироқ қилиб, гаплашишдан, ҳол сўрашдан истеъҳола қиладиган бўлиб қолдим.

Мен учун кимлардир азият чекиб қолишидан ҳадиксираб яшайман.

Муддао мени жамиятдан изоляция қилишдан иборат.

Амалдаги режим она сифатида мени жазолаш мақсадида тўнғич қизимнинг бахтини барбод қилди.

2013 йилнинг март ойида катта қизим Ҳакимова Зарнигорни кўнгил қўйган йигитига ўзбекона урф-одатларга кўра унаштириб қўйган эдик.

Режага кўра, 2013 йилнинг октябрь ойида никоҳ маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.

Бироқ, кутилмаганда қуда томон қизимни келин қилишдан айниб қолди.

Суриштирувларим натижасида маълум бўлишича, 2-3 нафар фуқаро кийимидаги ходимлар куёв бўлмишнинг уйига келиб, йигитнинг отасига интернет саҳифаларида менинг шахсим ва шаънимга оид салбий мақолалар ва суратлар (айнан куч ишлатар тизимларининг ташаббуси билан уюштирилган салбий мазмундаги мағзавалар)ни тўплаб, тақдим этган ва: “Ўғлингиз қандай оила қизи билан ўралашиб қолганлигини биласизми? Эшонқулова деганлари халқ душмани, ватан хоини. Давлатимизнинг хорижий душманларига сотилган. Бу оила бўлмағур ва ўта бетайин. То сайловга қадар Эшонқулова кабиларнинг барчасини йиғиштириб оламиз. Фурсат борида ўғлингиз ақлини йиғиштириб олсин. Акс ҳолда улар билан ришта боғлаганингиз учун ҳам кунларнинг бирида кеч маҳали тўсаддан ғойиб бўлиб қолишларингиз, ўзингизларингизни ҳууув ўша манзилда кўриб қолишларингиз мумкин” дея огоҳлантирилган.

Худди ана шу воқеа қизимнинг бахти барбод бўлишига, тўй тўхтаб қолишига олиб келди. Шу-шу ҳали ҳамон қизимнинг бахти ҳавода муаллиқ осилиб қолмоқда.

Ваҳоланки, қонунчилигимизда, “Ота-она учун фарзанд жавобгар эмас” дейилган-ку!

Демоқчи бўлганим, менинг фаолиятим туфайли фарзандларимга нисбатан қилинаётган босимлар бу – биринчи ва охиргиси ҳам эмас.

Умуман олганда, ёш бир қизалоқнинг бахтини барбод қилишдан режимга қандай манфаат?

Бу каби манфурликнинг тагида оиламни таназзулга учратиш, рўзғорим тинчини бузиш, фарзандни онага – ўз қизимни менга қарши қўйишдек ёвуз ва жирканч мақсад ётади.

Режимнинг тузган режасига кўра, орзулари саробга айланган қизим алам устида менга қарши тиш қайраб қолиши, унинг онгида менга нибатан салбий фикр ва нафрат шаклланиши лозим эди.

Минг шукурки, куч ишлатар тизими ходимлари кутгандек бўлиб чиқмади.

Натижада, режим таъқиб ва тайзиқнинг навбатдаги кўринишларини қўллашга киришди.

Тошкент шаҳрига доимий рўйхатдан ўтишга таъқиқ қўйилганлиги сабаб, ўз маблағимга харид қилган уйим ўн уч йилдирки Тошкентда пропискаси бор яқин қариндошимнинг номида расмийлаштирилганча қолмоқда, ҳатто ўз уйимга вақтинча рўйхатдан ўтиш борасидаги уринишларим ҳам зое кетмоқда.

Аввалига, яқин қариндошларимга кучли таъсир ўтказиш орқали, режим туғишганларим қўли билан мени ўз маслагимдан қайтаришга жон-жаҳти билан уриниб кўрди.

Акам, опаларимнинг ялиниб-ёлворишлари, илтимослари, кўришдики, менга кор қилмади. Энг яқинларим – туғишганларим ҳам Мени мухолиф фикрларимдан қайтара олмади.

Провардида, энг аянчли томони шундаки, режим мени қариндошларимдан айро қилиш илинжида менинг Тошкент шаҳридаги  уй-жойим номида бўлган яқин қариндошим – жиянимни турли важлар асосида 2013 йилнинг январ ойида 8 йилга озодликдан маҳрум қилишга муваффақ бўлди.

Худди ана кулфат мен билан туғишган жигарларим ўртасидаги қондошлик муносабатларининг дарз кетишига олиб келди.  Айтиш мумкинки, куч ишлатар тизимларнинг бу борада муродлари ҳосил бўлди – яқин қариндошларимнинг маълум бир қисми  сиёсий қарашларим туфайли мендан юз ўгиришгача бориб етишди…

Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтмаган фуқароларнинг яшашларига изин берилмаганлиги сабаб, мен Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги танишимнинг уйига 1989 йилда доимий рўйхатдан ўтгандим.

Куч ишлатар тизимлар менинг мамлакат ичкарисидаги ҳаракатимни чеклашга эришиш истагида 2010 йилда мен доимий рўйхатда турган уй эгасига руҳий босим ўтказиб, мени доимий рўйхатдан чиқариб юборишни талаб қилишган эди. (Бу борада қўлимда етарлича далил-исботларим бор). Ва муддаоларига эришганди ҳам. Мен бу қонунсизлик борасида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судига мурожаат этдим ва паймол бўлган ҳуқуқларимни тиклаб олгандим, яъни, ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари қўли билан мутлақо ноқонуний тарзда ўчириб ташланган доимий пропискамни суд қарори  асосида қайта тиклаб олишга муваффақ бўлгандим.

Афсуслар бўлсинки, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Қурилтойини шу йилнинг 9-10 апрел кунлари АҚШда ўтказиш режалаштирилиши ортидан Ҳаракат фаолларига, хусусан, етакчи сифатида менга нисбатан хуружлар кескин тарзда кучайиб кетди.

АҚШда ўтказилиши режалаштирилган Қурилтойда иштирок этиш мақсадида ҳорижга чиқиш визасини олиш учун Тошкент вилоят ОВИРига мурожаат қилдим. Бироқ, у ердаги мутасаддилар биометрик паспорти бўлмаган шахсларга ОВИР берилмаслигини маълум қилишди.

Шу сабаб мен доимий рўйхатда турадиган жойим – Зангиота туман паспорт столидан биометрик паспорт олиш илинжида ҳужжат тўплашга киришдим.

Биометрик паспорт олишим учун уй эгасининг нотариус орқали тасдиқланган розилик аризаси лозим бўларкан.

Мен уй эгасидан доимий рўйхатимни давом эттиришга оид розилик аризасини олиш мақсадида хонадон соҳибининг уйига боришимга тўғри келди.

Бироқ, ҳукуматнинг қадамимни ҳам қаричлаб юришга одатланган куч ишлатар тизими ходимлари биометрик паспорт олишимга монелик қилиш мақсадида уй эгасига ҳамла қилишни бошлаб юборишди.

Шу йилнинг 16-17 март кунлари куч ишлатар тизимининг икки нафар ходими мен доимий рўйхатда турган уй эгасининг ҳовлисига бориб, “Нима учун Эшонқуловани доимий рўйхатга қўйгансиз? Нега ҳамон бу аёлнинг доимий рўйхатини сақлаб турибсиз? Эшонқулова билан сизларни  қандай ришта боғлаб турибди?” дея қизиққан ва мени доимий рўйхатдан ўчириб юбориш “ғояси”ни илгари сурган.

Бир сўз билан айтганда, ҳукумат мени пойтахтдан Самарқанд музофотига сургун қилиш иштиёқи билан ёнмоқда.

Шу ўринда “Нега?”, деган савол туғилиши, табиий.

Пойтахт – ўз номи билан – пойхат. Тошкент ҳорижий давлатларнинг элчихоналари, дипломатик корпусларига бир қадам бўлса ҳам яқин.

Қолаверса, Тошкентда электр энергиясининг узлуксиз берилиши менинг интернет оламида ишлашим учун қулай имконият яратиб беради.

Боз устида куч ишлатар тизимлар пойтахтининг кўпқаватли хонадонларида, кўпмиллатли халқ вакиллари орасида истиқомат қилаётганлигим учун менга ўзлари истаганлари каби маҳалла-куй орқали руҳий босим ўтказишдек “бахт”дан мосуво бўлиб қолмоқдалар.

Самарқандда эса ҳар қандай демократик қарашдаги шахсга маҳалла-куйнинг таъсири остида кучли босим ўтказиш  ва фуқаронинг ҳур фикрларини буғиш имконияти кенгроқ ва каттароқ.

Сабабки, мен “бадарға” қилинишим керак бўлган Самарқанд туманидаги маҳаллада куч ишлатар тизимларининг амрларига сўзсиз итоат қилишга одатланган  маҳаллий миллатга мансуб аҳоли истиқомат қилишади.

Бунингдек маҳалладошларнинг “куч-қудрати” ёрдамида, қолаверса,  режим таъқибидан юрак олдириб қўйган Самарқанддаги қариндош-уруғларим, туғишганларим, яқинларимнинг кўмаги  билан ҳукумат менинг овозимни буғишга уриниши, гапларига кўнмагудек бўлсам, эл-улус олдида, тўй-маракаларда мени яккалаш, хўрлаш, руҳий босим ўтказиш орқали мақсадларига эришиш эҳтимоли юқори бўлади,  маҳалла йиғинининг буюртма қарори билан мени маҳалладан қувиш, “сазойи” қилиш имкониятини қўлга киритиш истагида зўр бериб уринишлари турган гап. Бунга шубҳа йўқ.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти ҳудудида йил ўн икки ой электр энергияси йўқ, аҳолига ток берилмаслиги барчангизга маълум.

Бунингдек афтодаҳол шароит мени қуввати бўлмаган мобил телефон алоқаси ва интернет хизматидан унумли фойдаланишдек қатор имкониятлардан маҳрум этиб қўйиши ҳам ҳақиқат.

Биласиз, журналистнинг, мухолифатчининг қуроли қалам, сўз, орг.техника ҳисобланади…. Куч ишлатар тизимларига эса худди ана шу нарса – мени қуролсизлантириш, қўлсиз-оёқсиз қилиб қўйиш керак, холос.

Айни мақсадда режим мени Самарқандга кўчириб юбориш режасида тўрт томонлама босим ўтказишда давом этмоқда.

Шу аснода менга ва оиламга нисбатан кун сайин таъқибу тайзиқ ортиб бормоқда.

Ҳар доим кўчага чиққудек бўлсам, ортимдан куч ишлатар тизимлари ходимлари “хос соқчи”лик қилиб, қадамимни ўлчаб юришади, соядек эргашишади.

Шу йилнинг 20 март куни Зангиота туман ҳудудида кўк рангли “09”  русумли машинада ортимдан қадам-ба-қадам кузатиб юрган куч ишлатар тизими ходимлари билан ўзоро тўқнашув ва тортишувга боришимга ҳам тўғри келди.

Ҳурматли демократик давлат намоёндалари!

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсам, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланишим, журналист сифатида ҳорижий сайтлардаги ҳукуматга оид танқидий чиқишларим, мухолиф қарашда бўлганлигим сабаб уч  йилдирки Ўзбекистон ҳукуматининг таъқиб ва таҳдидлари бўрони остида истиқомат қилишимга тўғри келмоқда.

Шундай бўлишига қарамасдан, тишимни-тишимга қўйиб чидамоқда эдим.

 

Бироқ, Президентлик сайловлари яқинлашгани сайин Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ниҳоятда ҳаддиларидан ошиб кетишмоқда.

Одатда Ўзбекистон режими ҳур фикрли инсонларни жувонмарг қилиш учун ЎзРесЖКнинг 159-, 139-, 140- моддаларидан фойдаланишни хуш кўришарди.

Мабодо, инсон ҳуқуқлари фаолининг, мухолифат вакилининг ҳаракатлари юқорида кўрсатилган моддаларга “тортмайдиган” бўлса, бу фуқаронинг уйи, портфели, машинасига наркотика ташлашарди, турли диний оқимларга оид варақалар қўйиб қўйишарди, жуда бўлмаганда, кутилмаганда хонадонидан қурол “топиб олишарди!”

Бир сўз билан айтганда, жамиятда адолат ўрнатишга бел боғлаган демократик фикрдаги инсонни турли туҳматлар билан қамоққа тиқишга муваффақ бўлишарди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган элчихона ва дипломатик корпус вакиллари!

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Шуни Сизларга ўта ташвиш ва ҳавотир билан маълум қилмоқчиманки, Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари айнан менга – мухолифтадаги аёл етакчига келганда жисмонан йўқ қилишнинг мутлақо ўзга бир усулини танлаган кўринади!

“Сиз қабристонга олиб борувчи қай бири йўлни танлаган бўлардингиз, юртдош?” ( http://birdamlik.info/blog/2013/12/10/малоҳат-эшонқулова-сиз-қабристонга-о/ ) сарлавҳали мақолам сайт юзини кўргандан буён кун сайин соғлиғимга путур ета бошлади.

Кун сайин қаттиқ чарчоқ ва мисли кўрилмаган ҳолсизлик тинкамни қуритиб, мени соат сайин жисмонан йўқ қилиб бормоқда.

Қизиғи, вужудимнинг бирор бир жойида оғриқ йўқ. Танамнинг бирор бир аъзосидан шикоят қила олмайман. Ташқаридан қараганда соппа-соғлом одамдекман. Мени кўрганлар “отдек” дея ташҳез қўйишлари муқаррар.

Бироқ, ҳеч бир сабабсиз кун сайин қуриб, қовжираб бораётганлигим ўзимга аён.

Бора-бора, минг афсуски, бирор бир организмим безовта қилмаса-да, кейинги бир ҳафта давомида деярли бошимни болишдан кўтара олмасдан қолдим, ҳисоби. Ичимда истима бор. 15 кундирки барҳам топмаяпти. Ички ҳароратим тушмаяпти.

Кейинги 3 ой давомида мисли кўрилмаган даражада озиб кетдим. Ҳеч бир парҳезссиз, оғриқсиз ўз-ўзидан нақд 15  кгдан ортиқ вазин ташладим.

Уч ойдирки, кун сайин қовжираб, мадорим қуриб бориш ҳолатимни шу пайтгача  ёшим билан боғлиқ бўлса керак деган тахминда эдим.

Бироқ, 19 март кунги кўнгилсиз ҳолат мени кун сайин салбий томонга ўзгариб бораётган саломатлигим хусусида жиддийроқ мулоҳаза қилиб кўришга ундади.

Натижада, Мен бу ҳолатни табиий эмас деган хулосага келдим. Ҳа, табиий эмас ҳисоблайман.

 Зарнигор  Ҳакимова

Зарнигор Ҳакимова

Гап шундаки, 19 март куни 1994 йилда туғилган қизим Ҳакимова Зарнигор Авазовна билан Ҳаракат офисида бўлдик.  Буни қарангки, кун бўйи бинойидек ўйнаб-кулиб юрган қизим кечга бориб мияси отилгудек оғриқ бераётганидан, кўз қабоқлари тортишиб оғриётганидан шикоят қила бошлади. Битта оғриқ қўядиган бори бердим, ҳолсизланиб ётиб қолди. Тахминан тунги соат 1.00 лардан ўтганда пешонасини ушлаб кўрсам, ўт бўлиб ёниб ётарди. Зудлик билан “Тез ёрдам” чақирдим.  Бир соатларда етиб келган шифокор қизимнинг ҳароратини ўлчаб кўраркан, “Темпратураси 39 яримдан ҳам кўтарилиб кетибди-ку? Сал кам 40 бўлаёзибди-ю?! Шунчаям бепарво бўласизми?” деди ҳавотирланиб. Ҳароратни туширадиган укол қилиб, “Эртага албатта шифохонага учрашинглар” дея тайинлади.

Шифокрнинг ташрифидан кейин “Бирдамлик” Ҳаракатининг Ёшлар қаноти бўлими лидери бўлган қизалоғим  ичкетдидан шикоят қилиб қолди. Тун бўйи ичкеттидан азобланиб чиқди.

Эртасига, 20 март куни қизимни касалхонама-касалхона олиб чопишимизга тўғри келди. Бироқ, шифокорлар Зарнигорнинг ҳарорати кўтарилиб кетишини аниқ сабабини айтиб бера олишмади. Аниқ ташҳис қўйиша олмади. Кўрикдан ўтказган барча шифокорлар “соғлом” деган хулосага келаверишди.

Нега бу ҳолат айнан қизим офисга мен билан келган куни содир бўлдийкин?

Нега энди ўзим ҳам ҳамиша кундан кунга ҳолсизланиб бормоқдаман? Нега менга ҳамиша ички ҳарорат азоб беради. Темпратура туширадиган дори ичсам, дорининг таъсири тугагунга қадар ҳарорат пасаяди, дорининг кучи кетгач, ички ҳароратим янада кўтарилиб кетади.

Умимий ҳолсизлик сал кам уч ойдирки, ички ҳарорат кўтарилиши 15 кундирки давом этмоқда.

Тажрибали инсон ҳуқуқлари фаоллари, мухолифат вакиллари менга  “Офисда ёки уйингизда қадоқланмаган қуруқ чой, қадоқланмаган туз, шакар, ун каби маҳсулотларни қаровсиз қолдирманг. Имкони борича қадоқланган нарсаларни истеъмол қилинг. Озиқ-овқатларингизни ҳамиша “свежий” келтириб истеъмол қилинг, уйда кимсасиз қолган “продукта”ларингизни еманг, ташлаб юборинг. Умумий овқатланиш шахобчаларига борганда официантга буюртма берманг, буюртмани ўзингиз келтириб, танаввул қилинг. Овқатларингизга секин-аста таъсир кўрсатувчи заҳар аралаштириб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас” дея кўп бор тайинлашган.

Бироқ бирор маротаба уларнинг гапларига жиддий қарамагандим, ортиқ эътибор бериб ўтирмагандим.

Ҳатто қарйиб уч ойдирки кун сайин вужудим қуриб, ички ҳароратим тушмай, бошимни болишдан кўтаришга ҳолим қолмай мадорсизланиб, ҳолсизланиб бораётган бўлса-да, бирор  маротаба  “Уйимдаги ёки офисдаги ош-овқат, шакар, қуруқ чой,туз ва ё ун маҳсулотларига бирор бир заҳарли модда аралаштириб қўйишмадимикин?” деган ёмон  шубҳали ўй кўнглимдан ўтган эмасди.

Бироқ, 20 ёшли қизалоғимнинг миясига (боши эмас, миясига) қаттиқ оғриқ кирганидан кейин, кўз қабоқлари тортишиб оғриб, кўзларини оча олмасдан қолгач, кутилмаганда ҳарорати 40 га чиқиб кетганидан кейингина, ичкетти дардига мубтало бўлганлиги сабаб, бу оғриқларнинг ортида қандай сир-синоатлар яширин эканлигини чуқурроқ таҳлил ва тафтиш қилишга мажбур бўлдим. Кун бўйи биз мурожаат этган тиббиёт ходимлари ҳам қизалоғимга аниқ диогноз қўйиб бера олмишмаганликлари шубҳаларимни янада ошириб юборди.

Эътиборга молик жиҳатларидан  яна бири шундаки, шу ёшгача  қизим бирор бир жойидан, салмоатлигидан шикоят қилиб шифокор хизматига мурожаат этган банда эмас эди. Ички заҳарли бўқоқ дардимни инобатга олмаганда, ўзим ҳам ҳаётимда шифохонада ётиб даволанган эмасман.

21 март куни – Ўзбекистонлик барча юртдошларим, жамики эл-улус Навруз умумхалқ байрамини нишонлаётган, мамлакат раҳбари Навруз тантанасида “танца” қилаётган айни бир пайтда мен “Наҳотки  демократик қарашларим, менинг сиёсий фаолиятим, журналистлик касбу корим, танқидий чиқишларим учун бегуноҳ қизларимни ҳам заҳарлаб, қириб юборишса?” деган қўрқувда юрагимни чангаллаб ўтиргандим!

Ҳурматли демократик давлат намоёндалари!

Айни дамда ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари организмга аста-секинлик билан таъсир этувчи заҳарли моддани ош-овқатимизга аралаштириб қўйиш орқали мени ва қизалоғимни заҳарлашди деган тўхтамдаман.

Куч ишлатар тизимлар саломатлигимга путур етказиш, мени жисмонан йўқ қилиш тараддусига тушган деган шубҳа менга тинчлик бермаётир.

Саломатлигимни обдон назоратдан ўтказиш учун кимга мурожаат қилишим лозим?: Ўзбекистон тиббиётигами? Афсуски, айнан Ўзбекистон тиббиётига ишончим йўқ.

Мен ўз тақдиримдан ташвишда эмасман. Негаки, демократик кураш йўлини ўзим танлаганман, бу каби тақибли тақдирга ўзим рози бўлганман.

Бироқ, менинг демократик қарашларим, ҳур фикрларим, сиёсий кураш йўлидаги уринишларим, журналист сифатида амалдаги режимга оид танқидий мақолаларим мусичадек бегуноҳ фарзандларим тақдирига салбий таъсир кўрсатишини, умирлари завол бўлишини истамайман.

Зеро менинг ҳатти-ҳаракатларим учун оила аъзоларим, жумладан, фарзандларим жавобгар эмас. Менинг фаолиятим сабаб болаларим азият чекиб қолишларини истамайман. Қизларимга зиён-заҳмат етишини ҳоҳламайман.

Амалдаги ҳукумат томонидан нимаики жазо чораси қўлланилса, мана, шахсан ўзим қалқон.

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган элчихоналар ва дипломатик корпус вакилларига мурожаат этишдан муддаом: Менга ва фарзандларимга амалий кўмак беришга қодирмисиз?

Сўрамоқчи бўлганим: Менинг ва қизимнинг саломатлигини текшириш, қонимизда заҳарланиш аломатлари бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш, бизнинг саломатлигимизга аниқ ташҳис қўйиш имконияти сизларда мавжудми?

Ҳукумат томонидан менинг, оила аъзоларим, болаларимнинг саломатлигига таҳдид солинмоқда, ҳаётимиз хавф остида қолмоқда, вужудимиз заҳарланмоқда деган фикрдаман.

Менга ва оила аъзоларим, фарзандларимга амалий кўмак қўлини чўзишларингизни, бизни ўз ҳимоянгизга олишларингизни, мени ва қизим Зарнигор иккимизнинг саломатлигимизни  ишончли тиббий назоратдан ўтказишда ёрдам беришларингизни илтимос қилиб сўрайман.

Телефон: +99893 570 1747. Уй: 988712748152.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими бўлими етакчиси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фаровонлик, мулкдорлик ҳақиқий мустақиллик тимсоли

 Ҳурматли юртдошлар, қадрли ватандошлар! Ҳар бир давлат солномасида ана шу давлатнинг янги тарихига замин яратгувчи, элу юрт, халқ тақдирини ҳал қилувчи кунлар, тонглар ...

Мендан жиноятчи ясаш кимга керак?

Маълумки, 8, 9-январь кунлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ўзларига ўтказилаётган ҳар хил босимлар бўйича Президентга арз қилиш истагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ...

14 январь ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин!

Ҳурматли юртдошлар! Қадрли Ўзбекистон Қуролли Кучлари хизматчилари ва фахрийлари, офицер ва генераллар, аскарлар, сержантлар ҳамда "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатининг ...