Бухоронинг сўнгги амири Амир Олимхон ҳақида

Амир Олимхон Кобулда туриб большевикларга қарши сиёсат юритишга ҳаракат қилган. Жумладан, Афғонистондаги Европа давлатлари элчихоналари билан алоқалар ўрнатиб, большевикларга қарши куч тўплашга уринган; қўрбошиларни атрофига тўплаб, уларни бирлаштирмоқчи бўлган, бироқ Иброҳимбек Лақай ва Кўршерматларнинг ўзаро низоси туфайли бу иш охирига етмаган; Европа давлатларидаги банклардан пулларини ечиб олишга муваффақиятсиз ҳаракат қилган.

Европа давлатлари вакиллари амирга ишонмас ва жадидлар билан ҳамкорлик қиларди. Жадидларга Европа давлатларига бориш имконини берувчи визалар тақдим қилинган эди. Улар Истанбул ва Берлинда ўрнашиб, Туркистоннинг ҳақиқий етакчилари сифатида тан олинган эди. Улар томонидан тузилган “қочқиндаги ҳукумат” — Туркистон миллий жамияти, Туркиядан ташқари, Польша томонидан қўллаб-қувватланди. Жамият аъзолари Польша ҳукумат жамғармаларидан маош оларди.

 

Туркия, Германия ва Польша таъсиридаги жадидларга амирчилар ишончсизлик билан қарарди. Ўз навбатида, ўзбек элитасининг секуляр ва ғарблашган қанотини ташкил қилган жадидлар амир ҳокимиятини ҳам, большевикларни ҳам, Россия империясини ҳам тан олмасди. Жадидлар Туркия ва Европадан ташқарига чиқиб, Эрон ва Афғонистонда ҳам ўз тармоғини яратишга уринди, аммо бу ҳудудларда амирчилар кучлилик қилди.

 

1927 йили Туркистон миллий жамияти Варшавада советларга қарши тузилган “Прометей” лигасига кириб, бутун Европага ўзини маълум қила бошлаган бир пайтда Парижга бухоролик муҳожир Муқимбоев ташриф буюрди. У ўзи билан Олимхон томонидан ёзилган “Таърихи ҳузн ал-миллали Бухоро” китобини ҳамда Миллатлар лигасига мурожаатни олиб келганди. Тилга олинган китоб ушбу меморандумга илова қилинган бўлиб, советларнинг Бухородаги жиноятларини очиб ташлаши кўзда тутилган эди. Европача костюм-шим кийган, лекин шарқона юз-кўринишга эга нотаниш эркак Миллатлар лигаси йиғилишига кириб келиб, иштирокчиларга қўлидаги ҳужжатларни тақдим этишга урингани европаликларнинг ҳайратига сабаб бўлганди ўшанда.

 

Кейинчалик Ўрта Осиё бўйича мутахассис, “Прометей” журнали ходими Жозеф Кастанье Муқимбоевга Парижда таниш орттиришга ёрдам берди. Айнан у Олимхоннинг китобини форс тилидан французчага таржима қилиб, 1929 йили Парижда чоп этди. Аммо бу ҳаракатлар Бухоро амири йўллаган ҳужжатлар Европа олий давралари томонидан қабул қилинишига, собиқ амирнинг сиёсий куч сифатида ўзини намоён қилишга уриниши муваффақиятли кечишига сабаб бўлмади. Бутун бошли давлатни узоқ йиллар бошқарган собиқ амир ҳатто амаллаб Европа давлатлари билан алоқа ўрната олмагани, бунинг учун на ресурслари, на сиёсий саводхонлиги, на саводли мутахассислари етмагани жуда қизиқ ҳолат аслида.

 

Лекин у ёзган китоб ўз вақтида иккинчи ҳаётини яшади. 1979 йили СССР Афғонистонга бостириб кирганида ушбу мамлакатда қўрбошилар культи вужудга келди. Давлатманд, Анвар пошшо, Иброҳимбек ва бошқа кўплаб қўрбошиларнинг большевикларга қарши кураши халқ орасида оғиздан оғизга ўтиб юрар, Эрон ва Покистондаги журналларда босмачилар ҳаракати ҳақида мақолалар чоп этилар эди. Амир Олимхоннинг юқорида тилга олинган “Таърихи ҳузн ал-миллали Бухоро” китоби ҳам афғон мужоҳидлари орасида улкан шуҳрат қозониб, бир неча маротаба қайта нашр этилди. Совет агрессиясига учраган афғонлар бир пайтлар большевиклардан қочиб уларнинг ҳудудига келган бухороликларнинг бошига тушган фожиаларни англай бошлашди, уларнинг кулфатлари ўзларида ҳам такрорланаётгани боис қўрбошилар ва амирчилар тарихига қизиқиш билдира бошлади.

 

Қизиғи, 1970–1980-йилларда ҳали Ўзбекистонда қўрбошилар “бандит” ва “халқ душмани” ҳисобланган бир пайтда улар қўшни Афғонистонда қаҳрамон даражасига кўтарилганди. СССР парчаланиб кетгач, 90-йиллар бошида бир гуруҳ ўзбек тарихчилари босмачилар аслида қаҳрамонлигини, уларни “босмачи” эмас, “истиқлолчи” деб аташ кераклигини айтиб чиқадилар. Лекин улар афғон ҳамкасбларидан 15 йилга ортда қолган эди.


Муаллиф:Эльдар Асанов

Манба:Асанов формати

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сталиннинг дафн маросимида камида 400 киши ҳалок бўлган

1953-йилнинг 5-мартида қотил, золим Сталин вафот этди. Унинг дафн маросими 9-март куни бўлиб ўтиши керак эди, ундан олдин одамларга кузатишига рухсат берилди. Умрида ...

“она тилимиз — менинг ватанимдир”

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров она тилимизнинг бетакрорлиги, унинг ўзига хосликларини тадқиқ этиш бўйича доимий изланишда. Яқинда нашр этилган “Тил ва эл” бадиаси ...

Бугун 2-октябрь тарихидаги воқеалар

Бугун 2-октябрь — Григорий тақвими бўйича йилнинг 275- куни. Биз сизларнинг ёдингизга ушбу кунда содир бўлган баъзи тарихий воқеаларни эслатиб борамиз. 1552  йил  2  октябрь  ...