Мусулмон миллиардерлари риёдан қўрқиб хайр-эҳсонлар қилишмайдими?

Яқинда рус тилидаги Ислом молияси телеграм каналида “Списки Форбс или тайные щедрости” (“Форбс рўйхатлари ёхуд махфий саҳоват”) номли кичик бир мақола саҳифа аъзолари эътиборига ҳавола қилинди. Қисқа қилиб айтганда мақола ғайридинлар ва мусулмонларнинг хайри-эҳсонга бўлган муносабати ҳақида. Мақола муаллифи дунёдаги энг саҳоватпеша инсонлар ичида мусулмонлар деярли йўқлигини “исломда, ғарб дунёсидагидан фарқли ўлароқ, қадриятлар бутунлай бошқа, мусулмонлар хайри-эҳсонни “хўжакўрсинга” эмас, балки махфий равишда қилишга ҳаракат қилиши” билан изоҳлаган.

Мана энди ҳудди шу мақолада кўтарилган масала юзасидан бошқа бир нуқтаи назарни сизлар билан ўртоқлашмоқчимиз. Чунки соғлом мунозара тўғри хулоса чиқаришга ёрдам беради.

Албатта садақа махфий бўлгани яхши, аммо…

Барчамизга маълум, дунёнинг йирик миллиардерлари (асосан ғайридинлар) илм фан ривожига катта пуллар ажратишади, албатта бу беғараз бўлмаслиги мумкин, лекин фикри ожизимизча асосан шу нарса сабаб ғарб олами мусулмон дунёсидан анча илгарилаб кетди! Дунёда таъсис этилган йирик ва машҳур мукофотларнинг бирортаси ҳам мусулмонлар тарафидан таъсис этилмаган. Меъморчилик (архитектура) соҳасидаги энг нуфузли мукофот – Притцкер мукофоти яҳудий тадбиркори томонидан, адабиёт ва журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофот – Пулитцер мукофоти ҳам яҳудий тадбиркори тарафидан, дунёдаги энг обрўли мукофот бўлмиш Нобель мукофоти Швециялик (насроний) кимёгар томонидан тузилган. Дунёнинг энг нуфузли университетлари Гарвард, Стэнфорд, Принстон, Оксфорд, Кембриж… буларнинг барчаси ғарб миллиардерлари томонидан молиялаштириб турилади ва минглаб мусулмон ёшлари ҳам шу нуфузли олийгоҳларида таҳсил олишади (жумладан бир қисми шу миллирдерларнинг ҳисобидан, яъни грант асосида ўқишади). Бу университетларнинг бюджети унча мунча мамлакатнинг бюджетидан катта. Дунёнинг энг йирик кутубхоналари ҳам шу университетларда. Гарвард университетидан 75 та, Принстон универисетитдан 35 та, Оксфорд университетидан 88 та Нобель фукофоти совриндори етишиб чиққан.

Бизнинг мусулмон миллиардерлар бирорта фан ривожига (математика/физика/кимё/биология/IT/экология…) хисса қўшишга харакат қилишдимикин? Масалан стипендиялар, грантлар, мукофотлар, жамғармалар таъсис қилишдими? Катта бюджети бор, дунёга таниқли бирорта университет ташкил қилиб (970 йилда Фотимийлар томонидан ташкил қилинган Ал-Азҳарни бугунги кундаги ҳолати қандайлиги кўпчилигимизга маълум эмас) уни дунёга танитишдимикин?

Мусулмон миллиардерлар риёдан қўрқиб бундай эҳсонлар қилишмайдими? Лекин негадир яқин шарқдан чиққан миллиардерлар (мусулмон миллиардерлар эса асосан ўша тарафдан) ғарб футбол командаларига пул тиккани, энг тез, энг қиммат машиналар сотиб олгани, энг баланд бино қурганлиги, уларнинг фарзандлари ва хотинлари Европа давлатларига бориб қилаётган исрофлари (улар қилаётган харажатларни бошқа сўз билан ифода қилиш қийин) хақида тез тез ўқиб турамиз! Ундан кўра Гейтсга, Баффетга ёки Цукербергга ўхшаб ошкора, лекин умматга манфаатли нарсаларга эҳсон қилгани яхши эмасми!? Балки шуни кўриб ёшларимиз исломга ва мусулмонларга бўлган ҳурмат-эҳтироми ортармиди, қанча қанча ғайридинлар исломга кириб кетармиди!?

Агар ният риё бўлмаса ошкора қилинган хайри-эҳсон ва садақаларнинг ёмон жойи йўқ, зеро динимизнинг мадори бўлган ҳадиси шарифларнинг энг машҳурида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Энг юқори маош берувчи мамлакатлар топ-10 лиги

https://www.youtube.com/watch?v=44hRuIPSfYM&feature=youtu.be

Ўзбекистон билан савдо айланмаси энг юқори бўлган 10 та давлат

2019 йилнинг январь-июнь ойида экспорт қилинган товар ва хизматлар, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 793, 5 млн. долларга кўпроқ экспорт қилинди, товар ва хизматлар ...

Пул йиғишда йўл қўйиладиган 5 хато

1. «Ортганини йиғаман». Ҳеч қачон қанча орттиришингизни билмайсиз, балки умуман орттиролмассиз ҳам. Демак, сиз пул йиғишга ҳаракат қилмаяпсиз. Агар ҳар гал маошнинг маълум ...