26 сентябрь, пайшанба куни ўзбекистонлик истеъдодли ёш олим, туркология мутахассиси, 2017 йили давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган Андрей Кубатиннинг иши Тошкент вилояти судида кўриб чиқилди. Кубатин тўлиқ оқланди ва суд залидан озод этилди. Ушбу маълумотни Андрей Кубатиннинг ўзи ва рафиқаси тасдиқлади.
2017 йили Кубатинга нисбатан 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Кубатин Туркия фуқаросига давлат сири акс этган ҳужжатларни бериб юборишда айбланган, аммо бу айблов судда ўз исботини топмади. Шунга қарамай, ёш олимга жазо белгиланиши фаолларнинг ҳамда дунё илмий ҳамжамиятининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.
Ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар, ҳуқуқшунослар, Кубатиннинг яқинлари ва ҳамкасблари томонидан айтилган кўплаб эътирозлар, турли инстанцияларга йўлланган мурожаатлардан сўнг иш қайта кўриб чиқилди. Натижада Андрей Кубатин айбсиз эканлиги эътироф этилди ва у суд залидан озод қилинди.