“Мен Каримовга қарши овоз бераман!”

krest-karimov

 

Қадрли юртдошлар!

Мана Каримов деганлари, кўзи тўйсаям ўзи тўймас чиқдими, ё тахтсиз ҳеч ким бўлмай қолишини билганиданми, хуллас, уятниям, инсофниям йиғиштириб қўйди. Ўзи ёзган, ўзи “Гарант” бўлган “Конституция”сининг 90-моддасини оёқости қилиб ўтирибди. “Ҳам айтаман, ҳам қайтаман” дегани мана шу-да. Яна қанча умри бор, 80га яқинлагандаям номзодини қўйиб ўтирибди.

Каримовнинг айрим хонаки юристлари ҳаммани ишонтирмоқчи бўлади, гўёки Каримовнинг тўртинчи марта номзодини қўйиши Конституцияга тўлиқ мос келармиш. Яъни, Асосий Қонуннинг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилиши билан Каримов номзоди қонуний бўлиб қолармиш. Бу дегани, худди эрдан ажраган хотин паспортида ўз фамилиясига қайтса, яна қиз бўлиб қолаверади, дегани эмасми? Мана сизга қонуний масхарбозлик!

Майли Каримовга Худо бас келмаса, хозир бандаси бас келолмаяпти. Лекин, биз мазлум ўзбек халқида битта якакаю-ягона имконият бор. У ҳам бўлса, овоз бериш палаткасида. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, сизларни Каримовга карши овоз беришга чақираман. Биринчи бўлиб, мен ўзим шу ишни қиламан!

Каримовга қарши овоз бериш қонуний ҳуқуқимиз. Ўз ҳуқуқимиздан фойдаланганимиз учун ҳеч ким бизни отиб ташламайди ва отиб ташлай олмайдиям!

Юртдошлар, ушбу тарихий имкониятдан фойдаланайлик!
Диктатор Каримовни жавобини бериш, уни нафақага чикариш вакти келди.

Етар!
Каримов Ўзбекистонга эл бўлмаслигини 26 йилда 26 миллион марта исботлади. 1992 йил 16-17 январдаги «қонли пайшанба», 2005 йилдаги «Андижон қатлиоми», 2010 йилдаги «Ўш қирғини»даги хиёнат… ва бошқа сон-саноқсиз жиноятларни эсдан чикармайлик.

“Э, менга нима?!” демайлик! Сизга, менга, кўп нарса боғлиқ! Каримовга жавоб бериш пайти келди. Бу жавобни ҳозирча сайлов бюллетенлари орқали амалга оширайлик. Сайлов бериш палаткасида ёлғиз ўзингиз қоласиз. Сиз ва бюллетень!

Қани, бардам бўлинг! Уйғонинг! Каримовга қарши овоз бериш билан чорак асрлик зулмдан халос бўлиш, ва янги авлоднинг фаровон келажаги учун овоз берган бўласиз!

Агар Каримовдан бошқаси, ким бўлишидан қатъи назар, Президент бўлса, қандайдир умид бўлиши мумкин! Лекин, Каримов тахтида қолса, барча умид ўлди деяверинг. Бунчалик содда бўлмайлик! Сабрнинг ҳам чегараси бор ахир. 26 йиллик Каримов режими бу миллатни қўйлардан балиқларга айлантирди, олий маълумотли ва юқори малакали мутхассисларни қозоқнинг, ўриснинг, кариснинг мардикорига айлантирди. Мардикорчилик бугунга келиб, авлоддан-авлодга ўтадиган бўлди. Ота мардикор, она мардикор, ўғил-қиз мардикор! Невара-чеваралар ҳам мардикор бўлади бе кетишда.

Розимисиз шунга?

Балким, етар!
Халқимизда бир гап бор. Яхши бўп қолар… Эй халқим, Каримов тахтда экан, ҳеч қачон, такрорлайман, ҳеч қачон яхши бўлмайди!

Шуни унутманг!
Иқтисод – бу фан! Унинг ўз қонунияти, ўз кўрсаткичлари бор! Кўрсаткичларга бир қаранг, дахшат! Каримов бошлиқ мафия Ўзбекистондаги барча ерости ва ерусти бойликларни еб битирмоқда. Каримовнинг ушбу талон-тарож сиёсатида Сизнинг бир тийин ҳам улушингиз йўқ. Бўлмайдиям.

Каримов ўзбек халқини, айниқса, мардикорларни одам ўрнида кўрган эмас. Одам ўрнида кўрмаслигини ҳам 26 миллион марта исботлади. Сиз «дангасалар»га айландингиз! Энди невара-чевараларимиз мардикор бўлмаслиги учун ҳам Сиз Каримовга қарши овоз беришдан бошқа йўл йўқ! Эшитаяпсизми ёки ўқияпсизми? Бошқа йўл йўқ!
Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳурматли сайловчиларга мурожаат қилмоқчиман.

Ҳурматли ўқитувчилар, устозлар!
Сизлар №2 мардикорларга айланиш, йил 12 ой даладан келмай ишлаш ёки намунавий уйлар қурилишида сувоқчилик қилиш, тиланчилардай метал тўплаш жонга тегмадими? Жонга тегган бўлса, Каримовга қарши овоз беринг!

Ҳурматли фермерлар!
Дизель ёқилғисини, селитрани накд пулга сотиб олиш, пиллани, пахтани нақд пулга сотиб олиб, давлат режасини тўлдириш ва йил охирида яна давлатган қарздор бўлиб чиқиш жонга тегмадими? Ўзингизни доим айбдор ва жиноятчидай ҳис қилиш, селекторларда ҳамманинг кўз олдида ҳақоратлар эшитиш жонга тегмадими? Жонга тегган бўлса, Каримовга қарши овоз беринг!

Ҳурматли таксичилар!
Сиз Ўзбекистонда анча уюшган синфга айландингиз! Сизни ҳар куни талашмоқда! Машинангиз сариққа бўялган, ҳар куни путёвкага, дўхтирга пул тўлайсиз, лекин катталарнинг одамлари бир тийин тўламайдиям, машинасини бўямайдиям, рейд кунлари инидан чиқмайдиям. ЙПХ ходимларининг жиғингизга тегиши, ҳуда-беҳуда қоидабузарликларга катта жарималар-у, машинангизни стоянкага қамашлари, ўз машинангизга форма кийган «мараз»ларнинг эгалик килиши жонингизга тегмадими? Нима, уларнинг шохи бор эканми? дейсиз баъзида. Йўқ, уларнинг шохи йўқ, уларни ОТАси бор. Шундай экан, уларнинг ОТАсига қарши овоз беринг!

Ҳурматли тадбиркорлар!
Нақд пул топшир, дейишлари, чек билан ушлаб солиқ инспекторларининг катта жарималар қўйишлари-ю, ўз пулингизга, Абу Сахий деган Лолочканинг дўконидан сотиб олган контрабанда махсулотларининг олиб қўйишлари, ҳеч хал бўлмайдиган нақд пул муаммоси, нақдсиз ҳисоб-китобнинг 20 фоиз қимматлиги жонга тегмадими? Жонга тегган бўлса, Каримовга қарши овоз беринг!

Ҳурматли нафақахўрлар!
Нафақаларингизни ҳеч қаерда ўтмайдиган, ўтса ҳам, 10-15 фоиз қимматига ўтадиган пластик карточкаларига кўчирилиши ёки почтачининг ўз нафақа пулингиздан 10-15 минг “қистириб колишлари”, пул йўқ, қаерга борсанг бор, обунага, ўзи йўқ газ, светга “ушлаб қолишлари” жонга тегмадими? Жонга тегган бўлса, Каримовга қарши овоз беринг!

Буларни ҳаммаси аллақачон жонга тегиб бўлган. Қачон тугайди бу? дейсиз баъзан ўз-ўзингизга. Буларнинг ҳаммаси фақат Каримов кетса, ана шунда тухтайди!
Қани, бардам бўлинг, дадил бўлинг!

Қўрқманг!

2015 йил 29 март куни Каримовга қарши овоз беринг! Унинг жавобини бериб қўйинг!

Маҳмуд Алиев
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати аъзоси,
Ўзбекистон

birdamlik.info/

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳуқуқини ҳимоя қилган шахс безори эмас

Президент қабулхонаси ёнида намойиш ўтказган Нафосат Оллошукурова Тошкент шаҳар ИИББнинг Яшнобод тумани Чашма кўчасида жойлашган Тутқинларни махсус ушлаб туриш бўлимида мана ...

Америка  ўзбекистон  муносабатларига  россиянинг  таъсири

Баҳодир Хон Туркистоннинг  “Ислоҳотларимизнинг муҳимлигини бир туман мисолида исботлай оламиз”  лойиҳаси асосида Бирдамлик ХДҲ фаоллари мазкур лойиҳани  Ўзбекистон ...

Йўлимиз тоқатлилик, бағрикенглик ва кечиримлилик йўлидир!

Ўзбекистонда 2014 йил 21 декабрь куни Олий Мажлисга (мамлакат парламенти), халқ депутатларининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтган ...