АҚШ: “Ким сайланмасин, ҳамкорлик давом этади”

АҚШ: “Ким сайланмасин, ҳамкорлик давом этади”

Ўзбекистонда яқинда ўтган президентлик сайлови ва унинг натижасига Қўшма Штатларнинг муносабати қандай? АҚШ позицияси шуки, у бу борада позицияга эга эмас. Вашингтон жараённи очиқ баҳолашдан бош тортмоқда. АҚШ Давлат департаментида Марказий Осиё билан алоқаларга масъул дипломатлардан бири Ричард Хоагланд “Америка Овози” бу ҳақда сўраганида, “фикр-қарашларимизни дипломатик каналлар орқали етказамиз” дея жавоб берди.

Хоагланднинг тан олишича, Америка Ўзбекистон конституциясида нима дейилганини яхши билади: 90-моддага кўра, бир киши кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўла олмайди. Ислом Каримов ва унинг атрофидагилар ҳозирги вазиятни қандай изоҳлашидан қатъи назар, ташқи дунё нигоҳида бош қомусга кўз юмилди. Каримовнинг яна асосий номзод сифатида майронга чиқиши Ғарб сиёсий доираларини ҳайрон қолдирмаган. Бу кутилган бир қадам сифатида киноя ва кулги билан қабул қилинган. Январь ойида Давлат департаментидаги яна бир етакчи расмий Даниэл Росенблум билан суҳбатлашганимизда, у Вашингтон Каримов президентликда қолишга бел боғлаганидан ажабланмаётганини, ва энг муҳими, АҚШ Ўзбекистон раҳбари ким бўлса ҳам у билан яқиндан ишлашга шай эканини билдирган эди.

Америка муҳим рол ўйнайдиган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) сайловни чекланган тарзда кузатди. Бу органнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси 30 март куни берган ҳисоботда сайлов беллашув эмас, томоша сифатида талқин қилинади. Ҳеч қандай рақобат кузатилмаган. Каримов ягона номзод сифатида кўрилган. Қолган номзодлар эса, кенг танқид қилинганидек, хўжакўрсинга таништирилган шахслар. Сайловчилар билан учрашув дея уюштирилган тадбирларда улар ўз партияси ҳақида маъруза ўқиди. Мамлакат юзлашаётган муаммолар ва ечим томон таклифлар, савол-жавоб – сайловолди жараёнида бундай муҳокамалар деярли кечмади.

ЕХҲТ ҳисоботи Каримов ўзи номзод бўлишга ҳақлимиди деган саволни ўртага ташлаган. Ҳукумат жавоб беришдан бош тортади, расмийлар мужмал изоҳлар билан чекланади.

АҚШ расмийларининг айтишича, бу ҳисобот жиддий эътиборда ва Вашингтон ЕХҲТга ишонч билан қараб, унинг хулосаларини олқишлайди.

Ричард Хоагланд Жоржтаун университетида Марказий Осиё бўйича экспертлар ва журналистлар олдида сўзлар экан, унга яна бир савол бердик: минтақанинг ҳар бир давлатида ишлаган, алоқаларни узоқ йиллардан бери тебратиб келаётган дипломатни бирор сайлов натижаси ҳайрон қолдирганми? Қачон ҳайрон қолган бўлар эди?

Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонда элчилик қилган Хоагланд қаҳқаҳа отиб кулади. Бирор кутилмаган ҳолни эслай олмайди. Қирғизистондаги демократик жараёнларни ижобий ўзгаришлар сифатида тилга олади. Яқин келажакда эса Қозоғистондаги сайловларни (муддатдан олдин ўтаётган) кўздан қочирманг, у ерда қизиқ ўзгаришларга гувоҳ бўлсак, ажабмас, дейди.

Хоагланд назарида минтақа аҳолиси орасида вазиятга “оғир репрессия” ва “мутлақ эркинсизлик” деб қарайдиганлар кўп эмас. Халқ чекловлар остида яшаб шу қадар ўрганиб кетганки, Ғарбдан кимдир бориб, вазиятни кескин деб баҳоласа, улар ҳайрон қолади, дейди дипломат.

Ҳар бир ҳукуматда ислоҳот тарафдорлари бор ва Америка уларга яқиндан қулоқ солиши, уларнинг фикр-қарашларини инобатга олиб, қўлдан келганча қувватлаши бу тузумларни асталик ва тинч йўл билан ривожланишига хизмат қилади, дейди у.

Ўтган 23 йил мобайнида 24 мингдан ошиқ марказий осиёлик Америка илмий даргоҳларида билим олди ва малака оширди. Уларнинг аксарияти ватанига қайтган ва турли машаққатларга қарамай тараққиёт йўлида ҳисса қўшмоқда. Чет элда юрган мутахассислар ҳам кўп ҳолларда минтақа равнақи учун ишлаяпти. Бу фактни четга сурманг, дейди Хоагланд.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мухолифатчилар ва кўплаб экспертлар АҚШни демократия тарғиботини кучайтиришга, раҳбарларнинг қанчалик қаттиққўл ва қонунбузар эканини очиқ айтиб, уларга қарши жазо чоралари қўллашга ундаб келади. Вашингтон шундай йўл тутсагина тузумларни ўзгаришга мажбур қила олади, дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Хоагланд, кекса дипломат, бу таклифни конструктив деб ҳисобламайди. Уялтириш, кескин баёнотлар бериш дипломатия эмас, дейди у, раҳбарлар ўзгариши учун жамиятлар ўзгариши керак, жамиятлар эса ўзгаришни ўзи хоҳлаши ва асталик билан ҳаракат қилиши керак, дейди у.

Америка, албатта ўзига хос ролга эга, ундан кўп нарса кутилади, бироқ раҳбар танлаш, лидерларни етиштириш, янги замонга мослашиш аҳоли хоҳиш-истаги, ҳаракати билан бўлади, дея мулоҳаза юритади Хоагланд.

31 март куни АҚШ Давлат котиби муовини Тони Блинкен Брукингс институтида, 30 март куни Ричард Хоагланд Жоржтаун университетида Марказий Осиёга нисбатан сиёсатни муҳокама қилиб, устувор мақсадларни тушунтирди.

Биринчидан, хавфсизлик ва барқарорлик йўлида бирга ишлаш. Иккинчидан, иқтисодий ҳамкорликни ошириш ва тараққиётда кўмаклашиш. Учинчидан эса демократия ва эркинликни тарғиб қилиш. АҚШ ҳар уч мақсад йўлида ўз механизм ва услубларига эга ва жамоатчилик фикри албатта инобатга олинади, деди ҳар икки расмий, халқаро ташкилот ва бошқа гуруҳлардан ёғилаётган танқидларга ишора қилиб.

amerikaovozi.com

Бўлишинг:

Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400