Тошкентда хонадонлар, нотурар жойлар мусодара қилинмоқда

Рузибай Азимий

          Кейинги пайтларда Тошкентда аҳолини ҳар хил важ-карсонлар билан чув тушириш, хийла-ю найранг йўллари билан уларнинг мол-мулкларини, бизнесини ўзлаштириш, тадбиркорларга ҳар хил хуружлар уюштириш, бойликларини талон-тарож қилиш, давлатга оғирлигини туширмай ўз кунини ўзи кўриш илинжида бўлган ватандошлар фаолиятини ноқонуний йўллар билан тафтиш ишлари авж нутқага чиқди. Бу каби “чора-тадбирлар”нинг ҳукумат буюртмаси асосида куч ишлатар тизимлари томонидан амалга оширилаётгани, ҳукуматнинг бундай “фаолият” турлари доираси кундан-кунга кенгаяётгани эса ниҳоятда ачинарлидир. Ана шундай “фаолият” турларидан бири сирасига “ижарага берилган хонадонларни давлат фойдасига мусодара қилиш “фаолияти”ни ҳам киритишимиз  мумкин.

            Маълум бўлишича, ижарага берилган хонадонларни давлат фойдасига мусодара қилиш ишларида ҳокимият вакиллари, милиция ходимлари билан бирга ёлланган шахслар, таъбир жоиз бўлса, жиноий ишларга шериклар ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Айнан шундай шериклар ўз буюртмачиларининг топшириғини бажариш учун бир вақтнинг ўзида бир неча уйларда яшаб, бир вақтнинг ўзида ўзлари яшаётган хонадонларни “исловотхоналар”га айлантириб, алал-оқибат милиция ходимларининг “қўлига тушиб қолмоқда”. Аниқроғи, хонадоннинг тузини ичиб туздонига тупуришда устаси фаранг мутахассисга айланмоқда. Шу тариқа “бир кун тузини ичган уйингга минг кун салом бер”, деган аждодларимиз қадриятларини оёқ ости қилибгина қолмасдан, ўзига бошпана берган уй эгаларини ҳам қон қақшатмоқда.

            Кommersant uz тарқатган манбага таянадиган бўлсак, кейинги пайтларда ўз уй-жойларидан, хонадонларидан ажралиб қолаётган, “мусодара” қурбонига айланаётган шахслар сони бир неча ўнлаб кишиларни ташкил қилади ва ачинарлиси жабрдийдалар сони янада кўпаяяпти. Қуйида Кommersant uz нашрига мурожаат қилган бир неча юртдошларимизнинг арз-додлари-ю нола-фиғонлари эълон қилинмоқда.

            Жабрланувчи Владимир Арьков: “Биз 2015 йилнинг ёзида хонадонимизни Б. Абралов деган шахсга ижарага топширдик. У бизга қариндош ҳам, таниш ҳам эмас, эълон бўйича мурожаат қилди. 2015 йилнинг август ойида у уйимизда бошқа яшамаслигини билдириб, уй калитини қайтариб берди. Шундан кейин биз Аброловни қайта кўрмадик. Орадан бир неча вақт ўтгач биз бошқа ижарачини топдик ҳамда уларга хонадонимизни йил охиригача ижарага топширдик. 2016 йилнинг январида ижарачилар билан янги шартнома туздик. Янги ижарачилар билан ўртамизда ҳеч қандай келишмовчиликлар рўй бермади.

            2016 йилнинг апрель ойида турмуш ўртоғим хонадонимизда ҳеч қандай тақиқ йўқлигига оид маълумотнома олиш мақсадидида БТИ ташкилотига борди. У ердагилар аёлимга хонадонимиз тақиққа тушганини билдириб, қўлига суд қарорини тутқазишган. Суд қарорида 2015 йил августда Б. Абролов квартирамизда исловотхона ташкил қилиб, милиция ходимлари қўлига тушгани, шунга кўра хонадонимиз биздан мусодара қилиниб, ҳокимият ихтиёрига ўтказилгани қайд қилинган.

            Биз адвокат ёлладик, аммо ҳаракатларимиз зоё кетди. Судга боргунимизча ўзимизга ўхшаган бир неча жабрланувчилар билан учрашдик. Ўзбекистондаги деярли барча мутасадди ташкилотларга шахсан мурожаат қилдик ҳамда хатлар ёздик. Бироқ уларнинг барчасидан рад жавоб олдик.

            Жорий йилнинг апрель ойида мени Яккасарой туман ИИББга чақирди ҳамда ҳоким қарорини кўрсатишди. Улар бундан кейин бизнинг уйимизда ҳокимият ходими яшашини билдириб, ўз хоҳишимга кўра квартира калитини беришимни, акс ҳолда эшик қулфини бузиб ичкарига киришга ҳақли эканликларини ва қандайдир ҳужжатга имзо чекишимни талаб қилди.

            Биз хонадонимизга тегишли ишларни ўрганиш жараёнида 2015 йил августда Яккасарой туман суди уйимизни исловотхонага (притонга) айлантирган Б. Аброловни маъмурий жавобгарликка тортганини, ундан давлат фойдасига жарима ундирганини билдик. Бироқ хонадонимизни мусодара қилиш тўғрисидаги қарорда хонадонимиз ичида қандай жиноий ишлар амалга оширилганига оид ҳеч қандай гап-сўзлар йўқ.

            2015 йил декабрда прокурор протестидан кейин шаҳар суди уйимизни мусодара қилиш бўйича қарор чиқарди. Биз бўлиб ўтган ҳар иккала судда уй эгаси сифатида иштирок этмадик. Биз суд ёки прокуратура органларидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ҳам, чақирув қоғози ҳам олмадик. Ҳатто суд қарорларида уй эгаси сифатида бизнинг исми-шарифларимиз ҳам қайд қилинмаган”.

            Жабрланувчи Шуҳрат Собиров: “Бизга танишларимиздан бири уйимизда 1 ой яшаш истагида бўлган ижарачини таклиф қилди. Уларнинг ички ишлар органида ишлайдиган милиция ходими эканини ва оила аъзолари билан бирга яшашини билиб уйимни сидқидилдан уларга 1 ойга ижарага топширдим. 1 ойга етар-етмас уйимизда яшаётган милиция ходими иш бўйича бошқа шаҳарга шошилинч тарзда кетаётганликларини билдириб, уйимиз калитини ҳайдовчиси орқали бериб юборди. Орадан тўққиз ой ўтгандан кейин биз уйимизда ижарачилар яшаган пайтда исловотхона ташкил этилганига оид хабарлардан, уйимиз жиноят қуроли сифатида мусодара қилинганидан воқиф бўлдик. Шу орада бизга тегишли уйда бундай воқеа-ҳодисалар рўй берганига доир хабарлар билан бизни ҳеч қандай орган хабардор қилмади. Судга қилган барча мурожаатларимиз самарасиз якун топди. Биз, айбланувчи ва жиноятчиларни ақалли бир марта ҳам кўрмадик ва уларнинг кимлар эканини ҳам билмаймиз. Судъялар уларни биз билан таништиришдан бўйин товлашди. Бизнинг илтимос ва талабларимиз қондирилмади. Гарчи суд ҳужжатларида уйимизнинг мусодара қилинишига унинг исловотхонага айлантирилгани сабаб сифатида кўрсатилса ҳам кимлар интим хизмат кўрсатгани ҳақида ҳеч қандай тушунча ва маълумотлар, исм-шарифлар йўқ.

            Суд томонидан бизнинг барча ҳуқуқларимиз, жумладан, ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқимиз қўпол равишда поймол қилинди. Бунга бўлиб ўтган судларнинг биронтасида ҳам биз уй эгаси сифатида иштирок этмаганимиз, биздан ҳеч қандай тушунча ва фикр олмаганликлари, аниқроғи, бизни ҳеч ким судга чақирмагани далил бўла олади”.

            Мусодарага нафақат жисмоний шахсларга тегишли хонадонлар, балки мавжуд қонунларга итоаткор амал қилаётган юридик шахслар, хусусий тадбиркорларга тегишли бўлган қимматбаҳо, бизнес ишларини юритиш қулай бўлган объектлар — нотурар жой фондига айлантирилган идоралар ҳам тушмоқда. Бунга қуйидаги воқеа исбот бўла олади.

            Жабрланувчи хусусий тадбиркор Акмал Шамшиев: “Ўзимизга тегишли иккита квартирани ташкилотларга – ўқув маркази, туристик фирма ва адвокатлар идорасига ижарага топширгандик. Барча солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб бордик. Яқинда эса хонадонларимиз ҳокимият балансига 1 йил олдин, яъни 2016 йилда ўтганидан хабардор бўлдик. Мутасадди органлар идорамизни у ерда исловотхона ташкил этилганлиги сабаб, жиноят объекти сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддасига биноан мусодара қилишибди.

            Қизиғи шундаки, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, мен билан ҳеч қайси орган вакиллари учрашмади, бу ҳақида мени ҳеч ким хабардор қилмади. Бундай ёмон хабардан мен яқинда воқиф бўлдим, аниқроғи, менга квартирамизнинг калитини олишга келган орган ходими билдирди. Шумхабарни эшитган заҳотим, 2017 йилнинг бошларида Тошкент шаҳар меъморчилик ва қурилиш бош бошқармасига бориб, уйнинг менга тегишли экани тўғрисида маълумотнома олдим. Бу ҳақида суд ижрочилари ва участка нозирига гапирдим. Улар менга бу ишларда менинг ҳеч ким эмаслигимни, асосий ҳукм суд томонидан чиқарилишини билдирди. Давлат фойдасига мусодара қилиш ишлари шаҳар прокурори протести асосида амалга оширилди. Шу куннинг ўзида худди меникига ўхшаган 15 та иш ўрганилди ва муҳокама қилинди ҳамда атиги бир қанча дақиқалар ичида тилга олинган уй-жойлар, хонадонларни мусодара қилиш бўйича қарор қабул қилинди. Биз жабрдийдалар қўлимиздан ҳеч нарса келмаслигини билиб, Тошкент шаҳри тамоман исловотхонага айланган эканда, деган ўй билан “адолатпарвар идора”дан бош эгиб чиқдик”.

            Мана, Ислом Каримов даврида батамом ёпиқ зона, таъбир жоиз бўлса, “мухтор республика” бўлган, ҳатто вилоятлик юртдошларимиз учун доимий ва вақтинчалик “Тошкент пропискаси”, Тошкентда қонуний ишлаш, яшаш, ҳордиқ чиқариш масалалари ушалавермайдиган армонга айланган пойтахтимизнинг биринчи президентдан кейинги ҳолати. Демак, таниқли сиёсатчи, мухолифат лидери, “Бирдамлик” Халқ-демократик ҳаракати раҳбари Баҳодир Ҳон Туркистоннинг “Ислом Каримов диктатура тузумини яратди, Мирзиёев уни давом эттиради” деган гаплари нақадар тўғрилиги ҳаётда ўз исботни топмоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қаҳрамонхон маҳмудга нисбатан босимлар кучаймоқда

"Бирдамлик" ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Жорий йилнинг 15-сентябрь куни эрталаб соат ...

Нороликлардан сўнг абдулла арипов урганчга борди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Урганчдаги «Ашхобод» маҳалласида уйлари бузилган аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги муаммони жойида ўрганиш учун Хоразм вилоятига ташриф ...

Хорижий сармоядорнинг мулки тортиб олинди

Зиддиятлар марказида хорижий сармоядор, Британия Виргин оролларига қарашли компаниянинг пайдо бўлиши ислоҳотлар учун қилинаётган бир мунча ҳаракатни чиппакка чиқармоқда. ...