Бўтакўз (Учинчи боб)

Абубакир билан биринчи кунданоқ тўқнаша бошладик.
— Уйқу элитиб прицеп остида қолсанг, мен жавобгар эмасман! — Абубакирнинг иш олдидан айтган бирдан-бир сўзи шу бўлди.
Бироқ ухлаш хаёлимга ҳам келмасди. Бутун хаёлим аниқ ва бенуқсон ишлаш билан банд. Фалокат босиб тишлар остига тушиб кетиш мумкин, деган хаёл билан доим қийналгандан кўра, яхшиси, ҳозироқ бу ишдан бош тортиш маъқул эди-ю…
Рама устида икки ёққа керишган оёқларим тагидаги кронштейнларга пўлат тишлар маҳкам бириктириб қўйилган эди. Плуг тишлари қўриқ ер қатламларининг буғланиб ётган бағрини бирин-кетин тилиб, ағдариб, ёнма-ён қиялаб боришарди. Трактор ёвшонларни босиб-янчиб, тинимсиз гуриллаб, ғилдирак занжирларини шалдиратиб шахдам юриб борарди.
Абубакир орқасига бир марта ҳам қайрилиб қарамасди, мени борми-йўқми деб ҳам қизиқмасди. Мен фақат унинг йўғон бўйнини кўриб турардим. Бу билан гўё у менинг то ишни ташлаб кетмагунимча ёки сабр-тоқатимга ишонч ҳосил қилмагунча синамоқчидек эди. Эҳтимол, у мени ҳолдан тойдириб, бу ишдан воз кечтириш учун тракторни тинимсиз қувиб ҳайдаётгандир. Ҳеч қанақа амортизацияси бўлмаган қаттиқ темир курсида, чанг-тўзон ва мотордан чиқаётган газдан нафаси бўғилиб ўтириш нақадар маза эканлигини Абубакир яхши билади. Аммо мен таслим бўлишни ўйламасдим. Ғоят катта куч билан ишлаётган асаблар, кўз-қулоқлар ва плут штурвалини маҳкам ушлаб олган қўллар — менинг туриш-турмушим шундан иборат. Иш давомида ғиқ этмай ўтирдим, ҳатто жаҳл билан тракторни тошлоқ ерларга солиб борганида ҳам, плуг дам-бадам жўяклардан сакраб чиқиб кетиб, тишлари чақмоқ тошларга урилиб, учқунлар сачраганида ҳам, ўтирғичдан сакраб-сакраб кетганимда ҳам ғинг демадим.
Кечқурун Абубакир тракторни ишдан тўхтатганда шундай чарчаган эдимки, умримда бунчалик бўлган эмасман. Оғиз-бурним, кўз-қулоқларим — ҳаммаси чанг ва қум билан тўлган эди. Мукка тушиб, шу ердаёқ ухласам дердим. Лекин қимир этмай Абубакирнинг буйруғини кутиб турдим.
— Лемехни кўтар! — деб қичқирди у кабинадан бошини чиқариб. Ўзи эса тракторни шудгордан чиқарди-да, моторни ўчириб, плуг ёнига келди, эгилганча плуг тишларининг дамини кўздан кечирди.
— Алмаштириш керак, ўтмаслашиб қолибди. Эрталабгача тайёр бўлсин! — деди.
— Хўп, — дедим мен.
— Запас тишларини қолдириб, плугдан тракторни ажрат.

Мен унинг талабини бажаргач, жимгина шийпон томон кетди. Орқасидан қараб қоларканман, унинг ҳатти-ҳаракатига фақат аччиқланибгина қолмай, унга ҳасад қилаётганимни сездим. У гўё сира чарчамагандай, бамайлихотир, лапанглаб кетиб борарди. Менинг-ку, албатта, жонимни олди-я. Бироқ унинг ўзи ҳам тинчимайди, ахир. Ишнинг кўзини билишини қаранг-а, аблаҳнинг!
Мен бир хўрсиниб қўйдим-да, ўтин-чўпларни териб, қучоқ-қучоқ қилиб плуг ёнига уя бошладим. Тунда плуг тишларини алмаштириш учун гулхан ёқиш керак эди. Каттагина ўтин ғарамини тайёрлаганимдан кейин кечки овқатга кетдим.
Нақадар мушфиқ ва меҳрибон бу Алдей! Менга олиб қўйган шилпилдоқни индамай ер эканман, унинг менга ич-ичидан ачиниб қараб турганини кўрсангиз эди. Баҳузур ўтириб овқатланишга вақтим йўқ. Мен ундан ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўйиладиган фонарни сўрадим.
— Бу сенга нима учун керак? — деди у фонарни бера туриб.
— Керак, плуг тишларини алмаштираман.
— Ахир, шу ҳам иш бўлдими, бу қандай гап! — дея бақирди у Абубакирга қараб. — Бунга йўл қўймайман! Муштдай болани таҳқирлашга ҳаққинг йўқ.
— Менга нима, қўймасанг қўйма, — қўрслик билан жавоб қайтарди Абубакир ёта туриб.
— Аралашма! — жеркиб берди хотинини Садабек. — Камолнинг ҳам ўзига яраша ақли бор.
— Ҳечқиси йўқ, Камол, сенга ўзимиз ёрдамлашамиз. Кетдик, Эсиркеп, — дея мен билан бирга кетмоқчи бўлиб ўрнидан турди Қалипа.
— Керак эмас, ташвишланманглар. Ўзим уддалайман, — дедим-да, фонарни кўтариб ўтовдан чиқиб кетдим.
Атрофни сукунат, чексиз зулмат қоплаб олган. Мен сув ичиб олайин деб булоқ томон қайрилдим. У қоронғи, сокин чуқурлик ичида секин-аста биқирлаб қайнар ва зулмат оғушида йилт-йилт товланиб атрофга салқинлик таратарди. Ҳақиқатан ҳам у бўталоқнинг кўзини эслатаркан, қўққисдан ўша сақмончи қиз эсимга тушиб қолди. Ўша кезда унинг исмини ҳам билиб ололмаган эканман. Қаерда экан ҳозир ўша хуш-овоз гажакдор қиз?
Плуг олдига етиб келгач, дарҳол ишга киришдим.
Тишларни имкони борича юқорига кўтариб, ўт ёқа бошладим. Фонарнинг ҳам албатта фойдаси тетди. Гайкаларни бураб бўшатиб олдим-да, йўқотиб қўймаслик учун шапкамга солиб қўйдим. Бутун тун бўйи плуг остида ётиб ишладим. Гайкаларни бураб чиқариш жуда мушкул, ўнғайсиз эди. Улар қўл бормайдиган жойларга ўрнатилган. Бунинг устига, гулхан ҳам дам-бадам ўчиб қоларди. Мен плуг остидан ўрмалаб чиқиб, ётган жойимда ўтни ггуфлаб ёндирардим. Қанча вақт ўтганини билмайман, аммо ҳамма тишларни алмаштириб бўлгунимча тинмадим. Шундан сўнг кўз ўнгим қоронғилашгандай бўлди, оёқларимни аранг судраб трактор олдига етиб олдим-да, кабинага кириб ётдим. Шилинган, тилинган, жонсиз қўлларимдан олов чиқиб, зирқираб оғрирди.
Эрта тонгда мени Қалипа уйғотди. У сув тапгувчи аравада келганди.
— Радиаторга сув қуйиб бўлдим. Кел ювин, Камол, қўлингга сув қуйиб юбораман, — деди Қалипа.
У мендан ҳеч нарсани сўраб-суриштириб ўтирма-ди, мен ҳам унинг бу ишидан миннатдор бўлдим. Бировларнинг раҳмдиллиги ҳамма вақт ҳам ёқавермайди. Юз-қўлимни ювиб бўлгач, Қалипа аравадан тутунчада овқат ва бир шиша квас келтирди. Қовурилган дондан тайёрланган нордон муздек квас жуда лаззатли бўлиб, ҳовурингни чиқариб юборарди. Бу, албатта, Алдейнинг ғамхўрлиги эди.
Абубакир ҳам келди. У ҳеч нарса дегани йўқ. Ишимдан бирор нуқсон тополмагач, нима ҳам дея олар эди. Жимгина бориб тракторни плуг олдига ҳайдаб келди. Мен плугни тиркадим. Сўнг яна ишга киришдик.

Шу кундан бошлаб плугни дадил бошқарадиган бўлдим. Ўзимга ишонч ҳосил қилдим. Модомики, биринчи синовдан ўтдимми, энди охиригача чидайман!
Қаршимда кабина деразачасидан ҳамон ўша йўғон, чайир бўйин кўриниб турарди. Трактор ҳам бир текисда, шиддат билан гуриллаб, олға босмокда. Бир маромда, штурвалга маҳкам ёпишганимча кетяпман.
Пешинга келиб Абубакир кутилмаганда трактор моторини ўчирди.
— Туш, танаффус, — деди у.
Биз трактор соясида, ерда жимгина ўтирардик. Абубакир папиросни асабий тишлаб, чайнаб чекарди, сўнг комбинезон ва кўйлагини ечди-да, қуёшда тобланай деб кийимлари устига ётди. Унинг елкалари кенг, мускуллари таранг тортиб турарди. Менинг ҳам қуёшда тоблангим келиб кетди. Кўйлагимни ерга ёзиб, эндигина чўзилмоқчи бўлган эдим, Абубакир бошини кўтариб менга хўмрайиб қаради-да:
— Орқамни қашиб қўй, — деб буюрди ва гўё мен унинг буйруғини дарҳол бажаришимни олдиндан билгандай, зилдай бошини қўли устига қўйиб ётди.
Мен жим туравердим.
— Эшитяпсанми, йўқми? — бошини кўтармай ғазаб билан елкаларини силкитди.
— Қашламайман!
— Мен айтдимми, қашлайсан! — У ўрнидан даст турди-да, қўлларини белига тираб олдимга кедди. — Хўш? Яна қанча кутишим керак? — Мен бир оз орқага тисарилдим.
— Сен доим мен ишчиман, мен ҳаммани боқаётибман, деб кўкрагингга урганинг-урган. Аммо сен фақат ишлаётганлигинг учунгина ишчисан, чин кўнглингдан ишчи эмассан. Сен аслида бой бўлишинг керак эди!
— Бой ҳам бўлсам бўлардим! Лекин сен менинг жаҳлимни чиқараверма, — деди-да, тўсатдан бурнимга бир чертди.
Мен сакраб турдим-да, мушт кўтариб унга ҳамла қилдим. Абубакир худди шуни кутиб турган эди. Сўнгги кунларда тўпланган бутун нафратини муштига жамлаб шунақаям туширдики, соққадай думалаб кетдим. Аранг тиззамда туриб, беихтиёр ғазаб билан яна Абубакирга ташландим. Унинг ҳар зарби мени оёкдан қулатарди.
— Мен сенга мушт қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Асабга тегишни ҳам кўрсатиб қўяман! — деди у чўяндай мушти билан устма-уст тушираркан.
Аммо мен ҳам ўрнимдан қайта-қайта туриб, овоз чиқармай жон-жаҳдим билан унга ёпишардим. Ҳар гал юзини — ваҳший башарасини мўлжаллаб урмоқчи бўлардим, лекин у қорнимга, биқинимга, кўкрагимга аниқ мўлжал билан туширарди.
Мен яна ўрнимдан туриб, секин унга яқинлаша бордим. У қўлини кўтарди ва худди қассоблардай томоқ қириб, қулочкашлаб гарданимга яна бир мушт туширди. Мен чурқ этмай, лабларимни маҳкам тишлаб, ерда чўзилиб ётардим.
— Ётибсанми, академик? Қани, ҳидлаб кўрчи, ердан ниманинг иси келаркин! — деди у оғир нафас олиб, ёрилган лабларидаги қонни тупуриб ташларкан. — Бу сенинг тош ҳайкаллар ҳақидаги лекциянг эмас.
У оёқларимиз остида топталган кийимлари томон кетди ва гўё ишни қойил қилиб қўйган кишидай, кийимини қоқиб, бамайлихотир кия бошлади. Менинг бу жангда ҳам ғолиб чиққанлигимни сезмас эди. Ҳа, гарчи мен ер тишлаб ётган бўлсам ҳам енгилмаган эдим. Ҳақиқат учун куч, мушт ишлатиш ҳам мумкин эканлигига ишондим. Кимки сени урса, сен ҳам уни уришинг мумкин ва зарур экан. Бу мен учун ғалаба эди.
Абубакир комбинезонини кийгунча нафасимни ростлаб ўзимга келиб олдим. У моторни ёндириши биланоқ сакраб ўрнимдан турдим-да, тезлик билан кийимларимни кийдим. Плугга чиқиб, ўз ўрнимга ўтириб олдим.
Трактор гуруллаб, шудгор бўйлаб юриб кетди. Ўша бесўнақай чайир бўйин кабина деразасидан ҳамон кўриниб турар, мен ҳам плуг штурвалига ёпишганча борардим.


Чингиз Айтматов

Бўтакўз (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Кумушнинг сўз ўюни

11. КУМУШНИНГ СЎЗ ЎЮНИ Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмон-хонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар. Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, ...

Юлдузли тунлар-34

5 Тоҳир кечаси билан ухламай югуриб-елиб юрган бўлса ҳам ғалабанинг шодлигидан чарчаганини сезмас, фақат қорни очқаб, Самарқанднинг новвойлик ва ошпазлик расталари дам-бадам ...

Рауф парфи ўзтурк ҳаёти ва ижодининг  тадрижий саналари

1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги Шўралисой қишлоғида туғилди. 1950-57-йиллар Каганович номли тўлиқсиз ўрта мактабда ўқиди. 1955 йил отаси Парпи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400