Жорий йилнинг 20 октябрь куни Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Фарғона вилояти ҳокими қарорига асосан, Фарғона шаҳри ҳокими Шавкат Шокирович Эркабоев ўрнига Ҳамиджон Исмаилович Ҳабибиддинов шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда “Кун.Уз нашри хабар бермоқда.
Ҳамиджон Ҳабибиддинов бундан олдин Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган эди.
Маълумот ўрнида: Жорий йилнинг 15 октябрь куни Фарғона вилояти Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Фарғона шаҳри ҳокими Шавкат Шокирович Эркабоев лавозимидан озод этилган эди. У 2016 йилнинг 1 декабридан буён Фарғона шаҳри ҳокими сифатида ишлаб келаётганди. Маълумотларга кўра, Ш. Эркабоев фаолияти давомида, шаҳардаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларида камчиликларга йўл қўйганлиги, 2018 йилги пахта мавсумида терим кўрсаткичлари паст бўлганли учун ишдан олинган. 16 октябрь куни Фарғона шаҳрига Равшан Раҳимжонов янги раҳбар (в.б) этиб тайинланганди.