АЛБАН ҚЎЗҒОЛОНИ (1912)-албан халқининг Туркия ҳукмронлигидан халос бўлиш мақсадида кўтарган умумхалқ қўзғолони; унда христианлар билан бирга мусулмон аҳоли ҳам иштирок этди. Шимолий Албаниянинг тоғли туманларида яшовчи деҳқонларнинг март ойидаги чиқишлари билан бошланган. Август ўрталарига келиб қўзғолончилар Дибру, Эльбасан, Пермети ва бошқа шаҳарларни эгаллашган. Бироқ қўзғолонга май ойидан бошлаб раҳбарликни қўлга олган заминдорлар (Ҳасан Приштина ва бошқа) албанларнинг миллий манфаатларига хилоф равишда Туркия ҳукумати билан битим имзолаганлар. Унга кўра, Туркия Албанияга чекланган мухторият беришни ваъда қилган.
Манба:ЎзМЭ