Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Туркманистонда бўлиб турибди. Бу ҳақда “Kun.uz” хабар берди.
Қайд этилишича, Абдулла Арипов ва Ўзбекистон делегацияси 11-12 август кунлари Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” туризм зонасида ташкил этилган 1-Каспий иқтисодий форумида иштирок этмоқда. Форумда Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Озарбойжон, Эрон, Болгария ва бошқа давлатлардан келган делегациялар қатнашмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов форум доирасида Эрон биринчи вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирийни қабул қилган. Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш бўйича фикр алмашилди. Томонлар Қурбон ҳайити байрами муносабати билан бир-бирини табриклаган.