Эҳтиёжмандлар четда қолиб, “пахтакор”лар ерли бўлди

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида қишлоқ аҳолисини ер билан таъминлаш ишларида қатор кўзбўямачиликлар, юлғичликлар, сансоларликлар, ер масаласи бўйича фуқароларга хиёнат, уларнинг ҳақ-ҳуқуқига тажовуз ва бошқа сон-саноқсиз кўнгилсиз ҳолатлар рўй берди. Қишлоқ жойларида аҳолини ер участкалари билан таъминлаш ўлда-жўлда кўйга тушди. Бу иш билан шуғулланадиган айрим мутасадди раҳбарлар кенг халқ оммаси талаби ва эҳтиёжи асосида ишламасдан аҳолига ер участкаларини ажратиш ишларини ҳақиқий бизнесга айлантирди. Шу тариқа, бир неча йиллардан бери ҳақиқатанан ер участкаларига эҳтиёжманд бўлиб келаётган фуқаролар бир четда қолиб, қўш-қўш ер участкаларга эга шахсларнинг яна ва яна “ерли бўлиш” ҳолати давом этди.

Бундай ҳолатлар Қашқадарё вилояти Китоб туманида ҳам кенг қулоч ёзди. Бунинг натижасида юқорида таъкидлаганимиздек, йиллар мабайнида 4 сотих ер ололмасдан, ўз юртида ерсиз, уй-жойсиз, бошпанасиз андармон ҳолатда яшаётган ватандошларимиз сони кўпайгандан кўпайди. Маҳаллий ҳокимият уларнинг арз-додига қулоқ тутишни ўзларига эп кўрмасдан ер масаласига доир хусусий бизнесларини ривожлантиришда давом этди ва ҳали ҳануз давом этмоқда.

Бунга яқинда Китоб тумани ҳокимлиги томонидан аҳолига ер-участкалари сотишга оид уюштирилган тумандаги Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган очиқ аукцион мисол бўла олади. Ушбу аукционда ер-участкалари ерга ҳақиқий эҳтиёжманд фуқароларга, кам таъминланган оилаларга эмас, балки 2017 йилги пахта йиғим-терими мавсумида фаол иштирок этган кишиларга, таъбир жоиз бўлса “пахтакор”ларга имтиёзли турда берилди. Шу тариқа, ўтган йилги “пахтакор”ларимизга Китоб туманидаги Қавзахона маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ер майдонларидан 4 сотихдан ер ажратилди.

Шу ўринда Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи уч нафар вояга етмаган фарзандлар онаси Умида Бердиалева ҳақида қисқача гапириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Умида Бердиалиева узоқ йиллардан бери ўзи яшайдиган тумандан уй-жой қуриш мақсадида ер-участкаси олиш илинжида курашиб келаётган аёллардан биридир. У имтиёзли турда ер-участка олиш масаласи бўйича нафақат туман ҳокимлигига, балки вилоят ҳокимлигига ҳам бир неча марта мурожаат қилиб, ерга доир муаммоларини ҳал қила олмаган. Вилоятда ўзига ёрдам қўлини чўзадиган, халқ дардини эшитишга ярайдиган, ҳақ-ҳуқуқлари тикланишга камарбаста раҳбар топа олмагандан кейин республикадаги бир қатор ташкилотларга мурожаат қилган.

Афсуски, Умида Бердиалиеванинг муаммоларини республикадаги мутасадди раҳбарлар ҳам ижобий тарзда ҳал қилиб бера олмаган. Курашувчан аёл ҳар хил сансоларликлар, ёлғон-яшиқ ваъдалар, дўқ-пўписаю турли-туман зуғумлар исканжасида қолган.

Ҳатто Умида Бердиалиевани аҳолига ер-участкалари ажратишга доир ташкиллаштирилаётган навбатдаги аукцион савдода иштирок эттирмаслик мақсадида унга қарши ҳар хил фитналар уюштирилган. Шу тариқа, ҳақиқат учун курашган муштипар аёл туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича муовини, собиқ ҳоким ўринбосари Розия Ашурова ва тумандаги бошқа мутасадди органлар раҳбарларию ходимлари томонидан уюштирилган найранглар туфайли 15 кунли қамоқ жазосига ҳам маҳкум қилинган.

Туман ҳокимлиги туманда Умида каби озор чекаётганлар ҳасратига қулоқ солмасдан, мавжуд қонун-қоидаларга амал қилмасдан ўзлари билганча иш тутаётир. Бунга Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган навбатдаги очиқ аукциондаги воқеа-ҳодисалар далил бўла олади.

Айни пайтда Китоб туманида яшовчи ер участкаларига эҳтиёжмандлар ўзларининг арз-додларини кимга айтишни билмай сарсону саргардон бўлиб қолмоқда.

Муаллиф: Қаҳрамонхон Маҳмуд

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фарзандга ўгитлар. дебоча

Кунлардан бирида мукка тушиб, насиҳатнома ёзаётганимда, танқидчи дўстим, одатдагидек мийиғида кулиб, заҳарханда қилди. — Энди ҳамма панду насиҳатларни Кайковус билан Навоий ...

Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ​тошкентдаги шов-шувли дастурлар ва эфирга узатилган «браво» ҳақида муносабатини билдирди​ 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров кўп шов-шув ва муҳокамаларга сабаб бўлган Тошкентда концерт берган айрим ғарб мусиқа ижрочилари, ТВ эфирига ...

Туркманистон голливуд қаҳрамонлари тасвирланган кийимларни кийишни тақиқлади

Туркманистоннинг Болқон вилоятидаги болалар боғчаларида Голливуд ва Дисней мултфильмлари қаҳрамонлари тасвирланган кийимларни кийиш тақиқланди. Шунингдек, хорижий кино ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400