The New York Times: «Ўзбек маликаси қаерда?» Гулнорани излаб…

4 апрел куни Род Нордленд (Rod Nordland) муаллифлиги остида The New York Times эълон қилган мақолада деярли тўрт йилдан буён ўзбек ва дунё жамоатчилигини қизиқтириб келаётган савол яна бир марта ўртага ташланади: Гугуша (Гулнора Каримова) қаерда?

Муаллиф «бир ярим йил олдин вафот этган Ислом Каримов қабри тепасида ҳар 10 дақиқада зиёратчилар дуога қўл очади; марҳум президентни зиёрат қилишга ҳамма, ҳаттоки, Каримовнинг ўзи қамоққа ташлаган собиқ сиёсий маҳбуслар ҳам келди, лекин унинг бир вақтлар севимли қизи бўлган тўнғичи келмади,» деб ёзади.

Мақолада Гулнора Каримова «қаҳри қаттиқ бизнесмен аёл, дипломат, Ҳарвард талабаси» ва маҳаллий бизнесларни тортиб олиши билан машҳур «қароқчи баронесса» сифатлари ила тилга олинади.

Мақола муаллифи отасининг қабрини зиёрат қилишга келганлардан Гулнора ҳақида қандай фикрда эканликларига қизиқиб кўради.

Собиқ "малика"дан дарак йўқ...

Зиёратчилар «У шахсан биз учун қизиқ эмас ва у ёқимтой ҳам эмас», «Уни ўлган, деб эшитганмиз», «Отасининг қабрини зиёрат қилмагани аниқ» ва «Балки у жиддий одамларнинг томорқасига тош отиб қўйгандир» каби фикрлар билдирадилар.

«Гулноранинг тақдири ўзбекистонликлар учун қизиқ эмас кўринади,» дея хулоса қилган муаллиф унинг шахси билан боғлиқ баъзи муҳим воқеалар ва шов-шувларни ёдга олади.

«Каримова хоним кўздан ғойиб бўлишидан анча олдин унинг боши узра қора булутлар кеза бошлаган эди,» дея ўз тахминини илгари суради муаллиф. Шундан сўнг мақолада Гулнора Каримова 2013 йилда отаси томонидан дўппослангани, онаси ва синглиси бўлмиш Лола Каримова билан муносабатлари ўта совуқлашгани каби ҳолатлар тилга олинади.

«Ўтган йилнинг июль ойида Шавкат Мирзиёев ҳукумати Гулнора тақдири борасидаги сукунатни бирозга бўлсада, бузди,» деб ёзилади мақолада.

Ўшанда Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовани «фуқаролар ва тадбиркорлар пул маблағлари ҳамда мулкларини ўзлаштириб олиш, солиқдан бўйин товлаш, давлат мулкини талон-тарож қилиш, уюшган жиноятчи гуруҳ тузиш» каби айбловлар билан «5 йил муддатга шартли озодликдан маҳрум этилган»и ҳақида хабар тарқатган эди.

Мақолада ёзилишича, Бош прокурор идораси Гулнора Каримова иши бўйича ўтган ҳафта юборилган ёзма сўровномага жавоб қайтармаган. Муаллиф «бошқа ҳукумат расмийлари Гулнора ёки унинг яқин гумаштаси бўлган Гаяне Авакян иши бўйича маълумот беролмасликларини билдирдилар,» деб ёзади.

Мақолада сўзларидан иқтибос келтирилган Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Гулнорани «етарлича эътибор ололмаган аёл», деб таърифлайди. Жаноб Свердлов мақола муаллифи билан қурган суҳбатида Гулнора Каримовага нима бўлганини аниқлашга уринганда, унинг оила аъзолари томонидан «ноқулай вазият»га тушириб қўйилгани ҳақида сўзлаб беради. Бироқ бу қандай «ноқулай вазият» эканлиги мақолада очиқланмайди.

Бундан ташқари жаноб Свердловнинг мақолада келтирилган сўзларидан англанилишича, ҳуқуқ фаоли билан суҳбатда бўлган Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи бўлмиш асли афғонистонлик Мансур Мақсудий ҳам унинг ҳозирги тақдири тўғрисида маълумотлар олишга уринмоқда. «Буниси жуда ажабланарли,» дейди муаллиф.

“Ҳозирда Америкада яшаётган жаноб Мақсудий собиқ турмуш ўртоғи билан 2002 йилда бўлган судлашув ортидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган «Coca-Cola» компаниясини қўлдан бой беради, шундан сўнг унинг Ўзбекистонда яшаб келаётган барча 24 нафар қариндошлари, фуқаролигидан қатъий-назар, Афғонистонга чиқариб юборилади, уларнинг камида икки нафари ҳибсга олинади,” маълум қилинади мақолада.

Мақола сўнгида Гулноранинг ўғли, кенжа Ислом Каримовнинг Би-Би-Си Ўзбек Хизмати билан бўлган суҳбатидан олинган сўзлари келтирилади: «Мен тушунмайман, қандай қилиб 21 асрда ‘Гулнора Каримова қаерда?’ деган оддий саволга жавоб топилмаса…»

Манба: bbc.com/uzbek

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нуруллоҳ муҳаммад рауфхон (нурулло отахонов)нинг “бу кунлар ” асари ҳақида

Менинг ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурилло Отахонов)нинг “Бу кунлар” китобига боғлиқ ушбу фикр-мулоҳазаларим жамиятимизда бошланган янги ўзгаришларга бўлган ишончимдан, ...

“янги қӯйлиқ” маҳалласи аҳлининг қувончи узоққа чӯзилмади

Жорий йилнинг ёз ойида Тошкент шаҳар Миробод туманидаги "Янги Қӯйлиқ" маҳалласи ҳудудида кенг кӯламли ишлар бажарилди. Кӯп қаватли уйлар олдидаги асосий йӯллар асфальтланди, ...

Яна ҳалокат, яна миллатдошларимиз

25 февраль куни Тошкент вақти билан кеч соат 19:40 чамасида, 35 нафар ӯзбекистонлик фуқаролар минган автобус ағдарилиб кетган. Бу каби фожиали воқеа бир йилнинг ўзида ...