Журналист  Бобомурод  Абдуллаев иши бўйича Тошкент шаҳар судидан ҳангомалар 

Журналист  Бобомурод  Абдуллаев иши бўйича Тошкент шаҳар судидан ҳангомалар 

СИЗ  ЗООПАРКДА  БЎЛГАНМИСИЗ?!

Азиз замондошлар, сайтимизнинг ҳурматли мухлислари! Сиз суд процессларида ҳеч қатнашганмисиз? Агар қатнашмаган, судларга бевосита гувоҳ бўлмаган бўлсангиз, бундан кейин ҳам илоҳим шундай бўлиб қолсин. Ахир яхши тилакларни билдиришаётганда айтишадику,” ҳеч қачон милисага ишинг тушмасин ва дўхтирга ишинг тушмасин”, деб.

Айрим ўта кўнгли бўш кишилар эса, “илоҳим, дўхтир ва милисалар ишсиз қолишсин”,  деб ҳам қўйишади.

Мен ҳам яхши ниятда айтилган ушбу тилакка чин кўнгилдан қўшилиб, ўз касбини сидқидилдан севадиган дўхтир дўстимга, кунларнинг бирида, у куйиб-пишиб ўз фаолияти ҳақида гапириб, ўзи ва ўз соҳаси билан астойдил фахрланаётган  бир пайтда кўнглимдаги гапни шартта айта қолдим.

Аввалига  у нима дейишини билмай бир оз жим қолди. Сўнг “йўқ, касалчилик барибир учрайверади, бизларга доим иш топилади, биз ишсиз қолмаймиз”, деди.  Мен ҳам сўзимда туриб олиб, “ ҳамма касалларни қайтиб касал бўлмайдиган қилиб тузатиб юбордингиз ва келинг, шунчаки идеал тасаввур қилиб кўрамиз: ер юзида биронта ҳам касал одам қолмади дейлик”, дедим.

Суҳбатдошим хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай иккиланиб қолди.

Кейин мен одамларни ва ўз касбини ниҳоятда севадиган дўстимни шундай  овутдим:

“Келинг, мен айтгандай бўла қолсин! Кейин Сиз одамларни даволаш эмас, қандай қилиб уларнинг соғлиғини янада мустаҳкамлаш ва янаям кўпроқ умр кўришлари учун берилиб ишлаган бўлардингиз”, дедим.

Суҳбатдошимнинг чеҳраси ёришди.

Хўш, шундай қилиб, Сиз ҳеч суд жараёнларида қатнашганмисиз?

Зоопаркдачи?! Зоопаркда бўлганмисиз?!

Агар зоопаркка борган бўлсангиз,  Сизга жуда қизиқ туюлаяптию, аммо суд жараёнларида қатнашмаган бўлсангиз ҳам, ҳечам хафа бўлманг.

Суд зали ҳам худди ҳайвонот боғига ўхшаб кетади. Қафас ўрнатилган ҳайвонот боғига.

Сиз нима деб ўйлайсиз, нима учун ҳайвонларни қафасга солиб қўйишади?

Аввало қочиб кетишмасин деб, сўнг ўта хавфли, йиртқичлари одамларга  ташланиб, ҳамла қилиб қолишмасин деб.

Шундай бўлсада, мен ҳар сафар ҳайвонот боғига борганимда қафас ортидаги ўз  озод оламини соғинган ҳайвонларнинг ўта ғамгин кўзларини унутолмай, бир қанча вақт қийналиб юраман.

Айниқса, биринчи марта борганимда анча пайтгача ушбу ҳолат таъсиридан чиқолмай юрганман.

“Ўз қизиқишларимизни деб, ҳайвонларни бу аҳволга солишимиз яхши эмас, уларни озодликка қўйиб юборишимиз керак. Ҳайвонларни бир умрлик қамоқ жазосига ўхшатиб, умрбодга  қафасга қамашимиз адолатдан эмас, бирор нарса ўйлаб топишимиз, ҳеч бўлмаса ўзим бирор нарса ўйлаб топишим шарт” деб тинмай изланардим.

Сетон Томпсон номидаги Халқаро ҳайвонларни қутқариш ва ҳимоя қилиш ташкилотини тузиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрганман. (Ҳозиргачаям шу ниятимни амалга оширишни истайман.)

Унга кўра ҳар қанча қийинчилик ва катта миқдордаги “ортиқча” харажатларни талаб этмасин, қафас ичидаги ҳайвонларни то улар табиий яшовчанлигини йўқотиб қўймасларидан бурун озодликка, ўз оламларига қўйиб юбориб, ўринларига вақтинчаликка бошқаларини олиб келиб қўйиш ғоясини  чора сифатида ўйлаб топган эдим.

Майли, ҳозирча гап бу ҳақда эмас. (Ҳа, айтганча, Тошкент Ҳайвонот боғи Марказий Осиё бўйича  ягона, ҳайвонлар учун уларнинг ўз оламига мослаштириб шарт-шароитлар яратилган энг идеал Ҳайвонот боғи экан. Эҳтимол мамлакатнинг Биринчи Президенти ҳам ҳайвонларга астойдил ачинганидан  энг сўнги чора сифатида ана шу буюк ва кўркам ғояни ўйлаб топгандир. Айтишларига қараганда, жуда катта маблағ сарфланган экан.

Ҳеч бўлмаса, шу нарса мени бир оз овутган бўлсада, ана шундай шароитда ҳам, барибир, Зоопаркдаги ҳайвонлар(!)  ҳали ҳануз  менинг қалбимдаги ўйларим(!)дан бири бўлиб қолишди.)

Энди азизларим, суд залидаги қафасларга қайтамиз.

Айнан Бобомурод Абдуллаев иши бўйича олиб борилаётган суд жараёнларига.

Ҳар сафар суд бошланишидан аввал бирин-кетин қўлларига кишан солинган айбланувчиларни суд залига олиб киришади. Тўғрироғи,  суд залидаги қафас ичкарисига.

Шундан сўнг “томоша” бошланади. Сайтимиздаги суд жараёнига оид материаллар билан танишиб бораётган бўлсангиз, очиғини айтганда, суд воқеликлари кутилмаган вазиятлар билан жуда қизғин тус олиб давом этмоқда.

Шулардан биттаси:

 Бобомурод Абдуллаев суд бошиданоқ бошқа айбланувчиларни айбсиз дея, барча оғирликларни ўз зиммасига олиб кўрсатмалар бераётган бўлишига қарамасдан, кутилмаганда Равшан Салаев Бобомурод Абдуллаевга қарши кўрсатмаларида шундай гапларни гапирдики, менимча шу пайт қафас ичкарисидагиларга қафас жуда торлик қилиб қолди. Қафас ташқарисида бўлсакда, ҳатто бизлар “дўппимиз тор келгандай” ноқулай аҳволга тушиб қолган эдикда.

Мана масалан:

Равшан Салаев “Қорқалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг уйида портлаш уюштириб, ҳамма шу воқеа билан чалғиб қолганида биз пайтдан фойдаланиб, Жаслиқдаги Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжонни қутқармоқчимиз, деди 2016 йилда,  Бобомурод Абдуллаев менга” деганида.

Аммо  хайриятки, бесаранжомлигимиз ва безовталигимиз узоққа чўзилмади.

Адвокат Муножот Парпиева сўз олиб, “Ёпишмаяпти”, деди Равшан Салаевга қарата. “ Сиз Бобомурод Абдуллаев ушбу режасини менга 2016 йилда айтди деяпсиз. Бу пайтда Муҳаммад Бекжон умуман  Жаслиқда бўлмаган. У 2003 йилда Жаслиқдан  бошқа зонага ўтказилган. Гапларингиз ҳақиқатдан мутлақо йироқ, ёпишмаяпти”, деди ўз касбининг маҳоратли устаси, шунингдек, нафақат ақл ва зукколикда, ҳуснда ҳам тенгсиз  адвокат ойимчамиз.  Равшан Салаев мулзам бўлиб қолди……

                                                 ЦИРК,  ЦИРК, ЦИРК    

“Ҳайвон” ўргатувчилар кимлар?!

Сиз ҳеч циркка тушганмисиз? Бир-биридан қизиқ томошалар, турли ранг-баранг номерлар.

Шулардан биттаси ўргатилган ҳайвонлар номери.

“Ҳатто қуённи ҳам чекишга ўргатса бўлади”,  деганларидек, очиғи ҳайвонларга ҳам, ҳайвон ўргатувчига ҳам қойил қоласан. Ушбу томоша таассуротларини анча пайт унутолмай юрасан.

Бобомурод Абдуллаев судида ҳам шунга ўхшаш таассуротли номерлар намойиш этилмоқда. Мана масалан, гувоҳларнинг кўрсатмаларида. Шулардан биттаси, Чарос Абдуллаеванинг кўрсатмаси:

Чарос Абдуллаева “мен ўн икки йиллик ўта сабрли виждон азобидан сўнг тасодифан Интернет тармоқларида Бобомуроднинг Усмон Ҳақназаров эканлигини билиб қолдиму, фуқаролик бурчим юзасидан ниҳоят бу ҳақда 2017 йил, 25 сентябрь куни МХХга хабар беришга шошилдим” дейди у. Бироқ Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров эканлиги 5 октябрда маълум бўлгани ҳақидаги фактга аҳамият бермайди.

Бу ерда гувоҳнинг номери ишончсиз чиқаяпти.

Бунга ўхшаш чалкашликлар, гувоҳлик ва кўрсатмалардаги сохталиклар адвокатлар ва айбланувчи томонидан бир неча бор  фош этиб ташланди.

Шундан сўнг ўйлаб қоласан:

 Ушбу “Цирк томошаси”даги нўноқ “ҳайвон ўргатувчилар” кимлар экан-а? Нега улар гувоҳларни кўпчилик ичида бунчалик хижолат аҳволга солиб, мулзам қилишаверишмаса?

БОБОМУРОД  ҲАЗИЛКАШМИ  Ё  ҲАЁТ НАСРИДДИНОВМИ?

Гувоҳ Кенжа Мусановнинг кўрсатмалари ҳамманикидан ошиб тушди.

“Биз амалга оширадиган давлат тўнтаришида қатнашсанг, бошқа ҳарбийларни ҳам бунга  жалб этсанг, сени келажакда юқори лавозимлар билан мукофотлаймиз,” дейишди менга, дейди у.

Унинг бу гувоҳликларидан титраб кетган адвокат Абдурайимов “Нега сиз ҳарбий бўла туриб, бундай гаплага бефарқ қарадингиз, Ватанимиз ҳимоясини қандай қилиб сиздайларга ишониш мумкин”деган  қатъий саволидан сўнг,  гувоҳ Кенжа Мусанов нафақат мулзам бўлиб қолди, хавотир ва қўрқувга ҳам тушиб қолди ва шундан сўнг ўзини ҳам бошқаларни ҳам овутиб, “ бу гаплар жиддий таклифлар эмас эди. Ош дастурхони  атрофидаги шунчаки ҳазиллар эди” деди.

Тўғри, бу дунёда ҳазил-ҳузулсиз яшаб бўларканми?

 Бунинг устига Бобомурод Абдуллаев 1 апрель ҳазил кунида туғилган бўлса, Ҳаётхон Насриддинов ҳам Насриддин Афанди билан ёки исмдош ёки фамилиядош бўлса…….

 Давоми бор

Муаллиф:  Дилфуза Жавоҳир Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бири прокурор ёрдамчисига яна бири прокуратура терговчисига пора бераётганда ушланди

2018 йил 12-13 октябрь кунлари Қашқадарё вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош ...

Туркманистонлик ўзбек қизи киевдаги патон кўпригидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилди

Украинада ўз жонига қасд қилган туркманистонлик талаба таълим олган олий ўқув даргоҳи раҳбариятига нисбатан жиноий иш очилди. (more…)

Дайджест: ракеталар ва сабр-тоқат синови. керри сирларни очмоқда. ўзбекистонда акустик ҳужум бўлганмиди?

Шимолий Корея. Ракеталар ва сабр-тоқат синови Баллистик ракеталарнинг сўнгги синови Шимолий Корея ядровий дастурида тараққиётни намойиш қилди, дея таъкидлайди The Wall Street ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400