Муборак Рамазон мутолааси: Жаноби расулуллоҳ буюрдилар…

МУАЛЛИФДАН:

1992 йили тожик тилидан “Жаноби Расулуллоҳ васиятлари” (Васиятномаи Муҳаммад пайғамбар”) рисоласини таржима қилгандим ва бу ўша йили “НУР” нашриётида бир неча қайта нашр этилганди.

Рисола жанобимиз Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳазрати Али(карамаллаҳу важҳаҳу)га ва У зот орқали биз-Умматга буюрган Васиятларидан иборат бўлиб, асли насрда битилган. Мен ҳам таржимани насрда амалга оширгандим.

Мазкур Рисоладан яна жанобимиз Расулуллоҳ с.а.в.нинг бошқа бир одам(аъробий) билан Ислом тарбияси ва таълимотига оид “Савол-жавоб”лар ҳам ўрин олганди. Умуман, Рисоладаги “Васият” ҳам, “Савол-жавоб”лар ҳам мазмунан Пайғамбаримиз  с.а.в.нинг Ҳадиси шарифларига яқин бўлиб, Ҳадислар каби чуқур маъноли ва ҳикматлидир. Масалан, ҳазрати Алига буюрган васиятлардан бирида шундай марҳамат қиладилар:

Ё, АЛИ! Илм олишга интил ва сендан илм ўрганишни истаган кишига ўргат ва Ҳақ таоло йўлида қўли очиқ (сахий) бўл!

Ушбу мисолдан кўриниб турибдики, унинг замирига битта эмас, балки учта қуйидаги Ҳадис мазмуни сингдирилган:

– Бешикдан қабргача илм ўрган!

-Илмда бахиллик бўлмайди!

-Сахийлик фойда (савоб) келтиради!

Ёки “Савол-жавоб”ларда ҳам айнан шу ҳолатни кўриш мумкин:

(Аъробий) деди: -“Ё, Расулаллоҳ*! Номаи аъмолим хайрли бўлишини истайман!”

(Расулуллоҳ с.а.в.) буюрдилар: – “Ота-Онангни хушнуд қил!”

Бу ўринда изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Кўп ўтмай ўз таржимамдаги ушбу Рисоладан ўрин олган “Савол-жавоб”лар матнини шеърий тарзда талқин қилиш фикри туғилди. Зеро, жанобимиз Расулуллоҳ с.а.в. ҳам шеъриятда ўзгача ҳикмат борлигини марҳамат қилганлар. Умуман, Ҳадислар асоси ва таъсирида асарлар яратиш, уларни шеърий талқин қилиш Аждодлардан мерос анъана ва ибрат экани тарихдан маълум.

Қуйидаги шеърий талқинларимда ўзим таржималаган ҳамда Марҳум Муфтий ва диний арбоб Шамсиддинхон БОБОХОНОВнинг масъулликлари ва “Сўз боши”си билан чоп этилган “Жаноби Расулуллоҳ Васиятлари” рисоласидан манбаъ сифатида тўлиқ фойдаланганман. Шу баробарида қадим тарихий анъаналардан келиб чиқиб, “Муқаддима ўрнида” ҳамда “Якун” фаслларини қўшимча ёзиб киритганман. Имкон қадар содда тил билан талқин этишга интилганман. Холис баҳо ҳар доимгидек, муҳтарам муштарийга ҳавола!

Агар бирор хато ёки камчиликка йўл қўйилган бўлса, олдиндан маъзурман!

Дилмурод САЙЙИД,  Тошкент шаҳри.

*”Ё” таъкиди келганда учинчи бўғиндаги  “У”  унлиси “А” билан алмашади-Д.С.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Ибтидосиз ва интиҳосиз ва шериксиз, етти қават осмону етти қават ерни ва ўн саккиз минг оламни яратган Тангри таоло ва таборакага ҳамдлар бўлсин!

Исм – Унинг исми-ю, Меҳрибонлик ва Раҳмлилик Унинг хислатидир!..

Унинг ўз узвил азм ва рисолат ва нубувват ва ҳотамат фазлидан иноят қилиб юборган Расули МУҲАММАД эрур!

 

МУҚАДДИМА  ЎРНИДА

Ровийлар айтдилар: бир кун бир араб

Келмиш Расуллулоҳ ҳузурларига.

Ва тавозуъ ила саволлар сўраб,

Муносиб жавоблар олмиш барига.

Кимнинг тилагида Ҳидоят роҳи

Инжу – жавобларни сирға айлагай.

Ҳар жумла маънисин англаб, илоҳи,

Ҳидоят йўлига белин бойлагай!

Аввали ҳамд ўлсун Ҳақнинг ўзига,

Ул ўзи ҳаммадан поку баланддир.

Демишлар: Аллоҳнинг васфу исмига

Ҳар эзгу иш сўнгги боғлиқ ва банддир.

Мен ҳам, Ёраб, сендан мадад кўрайин;

Мисралар узра сен равонлик йўлла.

Гуноҳкор бандангмен, Раҳминг сўрайин:

О, Тангрим, бу ожиз қулингни қўлла-

Дариғ тутма асло иноятингни,

Ҳар мўъмин бандангдан шафоатингни!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ!

 

-1-

Деди ул аъробий: “Ё, Расулаллоҳ!

Эл ичра энг оқил бўлмоқ истагим!”

Буюрдилар: “Ла илаҳа иллаллаҳ!

Оқил ул – Аллоҳдан қўрқар эрса ким!”

-2-

Деди: “Ё, Тангрининг Расули! Нетиб-

Эл ичра бўлурман энг ғаний кимса?”

Буюрдилар: “ Бой ул – Ҳақни ёд этиб,

Унинг неъматига ким шукр қилса!”

-3-

“Ё, Расулаллоҳ!-дер,-одамлар ора

Энг яхши бўлмоғим мумкиндир қай тарз?”

Буюрдилар: “Билки, фоний бу дунё,

Тангрининг халқига манфаат етказ!”

-4-

Дер: “Ё, Расулаллоҳ! Ҳақ таолонинг

Хосларидан бўлмоқ истагим эрур?”

Буюрдилар: “ Улки, хоси Худонинг-

Каломи – Қуръонни туну кун ўқур!”

-5-

Сўради: “Ё, Расул алайҳи-с-салом!

Кишилар ичра энг улуғлик недан?”

Буюрдилар: “ Ўлим ҳақ эрур мудом,

Шу ҳикматни билмоқ улуғлик экан!”

-6-

Дер:” Ё, Расулаллоҳ! Не қилай, ахир,

Аллоҳ раҳматини истайман ҳар он?”
Буюрдилар: “Бунда йўқ ҳеч қандайин сир,

Одамларга бўлгин доим меҳрибон!”

-7-

Деди:”Ё, Расули тангрим, тилак бор-

Одамлар ичра энг қувватли бўлсам”

Буюрдилар: “Бунда таваккул даркор

Ул Аллоҳ азза ва жаллага ҳар дам!”

-8-

“Ё, Расулаллоҳ!-дер аъробий яна,-

Энг ҳурматли одам бўлмоқлик недан?”

Буюрдилар: “Ўзни ҳурматли сана

Чин дилдан парҳезгор бўлган онингдан!”

-9-

Дер: ”Не амал ила, ё Расулаллоҳ,

Умрим узоқ бўлар фоний оламда?”

Буюрдилар: “Номи яшайди узоқ

Силаи раҳм бўлса қайси одамда!”

-10-

Дер: “Ё, Расулаллоҳ! Истагим маним

Энг фаровон турмуш эл ичра топай!”

Буюрдилар: “ Ҳалол бўлса кимда-ким,

Таҳорат-ла юрса, фаровонлик шай!”

-11-

Сўради: “Ё, Расул алайҳи-с-салом!

Не амал дўзахдан қололгай сақлаб?”

Буюрдилар: “ Дўзах йўли батамом-

Ёпилур ютилса келганда ғазаб!”

-12-

“Ё, Расулаллоҳ! Икки дунёда

Юким енгил бўлсин!”-дея қилди арз.

Буюрдилар: “Бунга ягона чора

Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслик қарз!”

-13-

Дер: “Ё, Расулаллоҳ! Бунга амал не

Дуоларим бўлгай мустажоб мудом?”

Буюрдилар: “Фақат ҳалол луқма е,

Ҳазар қил гар бўлса шубҳалик, ҳаром!”

-14-

“Ё, Расули худо!- деди,- кетмасин

Маним ишларимдан барака, илло!”

Буюрдилар: “Десанг, зиён етмасин

Одамлар пардасин кўтарма асло!”

-15

Дер: “Ё, Расулаллоҳ! Гуноҳкор банда

Қайси амалларни этса – кечилар?”

Буюрдилар: “Билгил, бечоралик ва

Умидворлик боис гуноҳ ечилар!”

-16-

Сўради: “Расули Акрам! Бор истак

Номаи аъмолим хайрли бўлса?”

Буюрдилар: “Бажо бўлгай бу тилак

Ким ота-онасин хушнуд-шод қилса!”

-17-

Дер: “Аллоҳнинг шоди неда ва қайдан-

Ҳосил бўлар билай, Расули худо?”

Буюрдилар: “Қаҳри нафс қилгин сан,

Рўзадор бўл, отанг-онанг эт ризо!”

-18-

Дер: “Ё, Расулаллоҳ! Мўъминлик бирла

Эминлик нимада билмоғим даркор?”

Буюрдилар: “Бирор мўъминга берма

На қўлу на тилинг ила ҳеч озор!”

-19-

“Ё, Расулаллоҳ!-деб қилди мурожаат,-

Қабрда ҳам танҳо бўлмоқлик ҳавас?”

Буюрдилар: “Уйқу олдидан албат

“Мулк” сурасин ўқи, шунинг ўзи бас!”

-20-

Сўради: “Ё, Расул алайҳи-с-салом!

Етмасин макруҳлик менга сира ҳам”

Буюрдилар: “Ёсин” сурасин мудом-

Ҳар кун, ҳар тун ўқи ва бўл хотиржам!”

-21-

Дер: “Ё, Расулаллоҳ! Омонлик зарур

Дўзах оташидан қиёмат маҳал?”

Буюрдилар: “Шом ва намози аср-

Аросида Аллоҳ номин ёдга ол!”

-22-

Дер: “Расули Акрам! Қилай не амал

Бўлсин, десам агар, хотиржам кўнгил?”

Буюрдилар: “Кияр кийимни аввал

Нажосатдан эҳтиёт қилгил!”

ЯКУН

Минг тўққиз юз тўқсон уч эди сана

Саккизи декабр ойин ҳам яна,

Аллоҳдан бандага мурувват бўлиб,

Қаламнинг жаҳдига бир қувват бўлиб

Алҳамдулиллаҳ, сўз поёнга етди

Ва Тангрига фақир шукрона этди!

Эй, толиб! Етишдинг сен ҳам, илтимос,

Мўътаржим тилаги бордир, қулоқ ос:

-Аввали Аллоҳга айт ҳамду сано,

Юбор Расулига “Саловот” кейин.

Мени ҳам ёд этгин ўқиб бир дуо!

Валлаҳу аъламу биссавоб, Омийн!

******************************************************

Кичик маълумот ўрнида:

Мазкур мутолаа қилганингиз шеърий талқин 1996 йили 20 сентябр куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталик нашрида чоп этилган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонлик шоир усмон қўчқор вафот этди

Бугун тонгда таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этди. (more…)

Рауф  парфи  ўзтурк: “шоирнинг  онаси  изтироб, ахир!..”

ЎЗБЕК шеъриятининг Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдураҳмон Водилий каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган БУГУНГИ вакили – РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК  эди. ...

Дилмурод  саййид: муҳаббатнинг мунгли қиссаси

КРИМИНАЛ — ФОЖЕАВИЙ ҲИКОЯ «Ҳақиқат кутиб тураверади, чунки у қаримайди, доимо  навқирон; эҳтимол, уни таниб ҳам қолишар!»        (Ж.Гюго) СУД ҳукми ўқилди. Шоҳрух тамоман ...