«ОЛТИН ВОДИЙ»  ҚАЙТА  ТИКЛАНАДИ

(“Олтин Водий” талон-тарож этилмоқда” ва “Байрамлари топталган,   қувончлари яксон этилган юрт” номли  мақолаларнинг давоми )

Мазкур мақолалардан айрим сатрлар:

“Олтин водий” халқ мулки, халқ қувончи, халқ бахти-саодатидир!

“Аслида халқ мулки бўлган ва халқдан тортиб олинган  Маданият Саройини энди ким ва қачон халққа қайтариб беради?!”

“Жиззах вилояти, Зарбдор туманига қарашли Бўстон шаҳарчаси аҳолиси номидан йўллаётган ушбу саволимизга  туман ҳокими Нарзилла Қўшбоқовдан ва тегишли идоралардан жавоб кутиб қоламиз”.

Мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ ачинарли ҳолатга нисбатан билдирган фикрларимиз, йўллаган  саволларимиз,  талаб ва мурожаатларимиз жавобсиз қолмади.

Куни кеча Жиззах вилоятидаги фаолимиз Малоҳат Абдуллаева Жиззах вилояти,  Зарбдор туман прокуратураси  прокурорининг  ушбу ноқонуний хатти-ҳаракат ва талон-тарожликка нисбатан келтирган протестини бизга хушхабар сифатида йўллади.

Прокурор протестига кўра туман ҳокими Нарзилла Қўшбоқовнинг 2018 йил 12 апрелдаги 958-сонли “Олтин водий” Маданият ва аҳоли дам олиш масканининг ёзги биноси ва кутубхонаси бузиб ташланиб, мазкур ер майдонининг ҳокимият тасарруфига ўтказилиши, сўнгра унинг ўрнида хусусий боғча қуриш учун  тадбиркор Холмат Қувноқовга  берилиши ҳақида чиқарган қарорини ноқонуний қарор деб топиб, ушбу иш юзасидан тадбиркор Холмат Қувноқовнинг  олиб бораётган қонунга хилоф  барча хатти-ҳаракатлари тўхтатилди.

Адолат қарор топди!

Халқ мулки, халқ қувончи ва халқ бахт-саодатининг, байрамларининг  ифодаси бўлган “Олтин водий” Маданият саройи халққа қайтарилди!

Тўғри, вайрон этилган биноларни энди яна қайта тиклаш керак. Бироқ энг муҳими, халқ учун аянчли йўқотишга айланиши мумкин бўлган мудҳиш хатога чек қўйилди.

Фикрларимни батафсилроқ ифода этишимга ижозат берайсиз!

Жиззах вилояти Зарбдор тумани, Бўстон шаҳарчаси, Алпомиш кўчасида жойлашган  “Олтин водий” Маданият саройи доирасида бўлиб ўтган ачинарли воқеалар  Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, мен туғилиб ўсган Алпомиш кўчасида бир пайтлар мавжуд бўлган, атрофи гулзор, чаманзор ва манзарали  дарахтлар  билан ўралган,  деворлари муҳташам тасвирий санъат жилолари, намуналари билан безатилган Маданият масканининг ачинарли тарихини эсимга солади…

Маданият маскани Қамаши туман пахта тозалаш заводига қарашли бўлиб, у завод ишчи- ходимларининг, ва шу атрофдаги аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун хизмат қиларди. Бундан ташқари, туман миқёсида ӯтказиладиган тадбирларга ҳам мезбонлик қиларди.

Маданият масканида пойтахт Тошкентдан ташриф буюрадиган театр жамоалари актёрлари ва кулгу усталари иштирокида ташкил этиладиган “Кулгу кечаси” рукни остидаги тадбирлар ҳали ҳануз эсимдан чиқмайди.

Муқимий театри, Ҳамза театри санъат усталари, эл суйган таниқли актёр ва актрисаларимизнинг кўпчилиги билан биз болакайлар болалигимиздаёқ ҳаяжон билан танишишга мушарраф бӯлганмиз. Уларнинг жонли ижродаги санъатлари ва саҳна чиқишларини ҳайрат билан кузатиш бахтига эришганмиз.

Шу каби тадбирлар бўлиб ўтадиган кунлар Маданият маскани чинакам байрам маскани тусига кирар, байрамона кайфиятдаги одамлар билан гавжум бўлиб кетар эди.

Ота-оналаримиз юзларидан  кулгу, табассум, хушчақчақлик ва хуш кайфият ёғилиб турар, энг муҳими, ушбу соғлом кайфият ва бетакрор таассуротлар кейинчалик ҳам анчага довур давом этар эди.

Ишчи, ходимлар ва аҳолининг кучига куч, соғлиғига соғлик,   болакайларнинг қувончига қувонч, билимига билим қўшадиган шу каби тадбирларнинг юқори суръатдаги иш унумига, янаям юксак марраларга бўлган интилиш ва иштиёқларига  ҳам нечоғли катта ҳисса қўшганига ўша пайтлардаёқ  неча бор гувоҳ бўлганман…

Маданият маскани атрофи билан боғлиқ яна бир муҳим жараён, муҳим воқелик. Маскан ариқ бўйларида бежирим ниначилар ва қанотчалари  бир-биридан чиройли капалаклар ва капалакчалар учиб юрадиган серсув ва сўлим гўшада жойлашган эди.

Бироқ ҳозир бу жойлар қуриган Орол денгизини эслатадиган сувсиз ва чўл масканга айланган. Маданият маскани биноси эса таг-туги билан йўқ бўлиб кетган. Ўрни эса ҳувиллаб, ташландиқ бир жойга айланган.

(Даврлар силсиласи туфайли қадим цивилизация шаҳарларининг ҳам қай тарзда йўқ бўлиб кетишини шу воқеалар мисолида бемалол кўз олдингизга келтирсангиз бўлади.)

Хўш, бир пайтлар гуллаб-яшнаган, бахтли инсонларни ўз оғушига олган  гўзал масканнинг бундай аҳволга тушишига нималар сабаб бўлган эди?!

Аввало, юқорида таъкидлаганимдек, Орол денгизининг қуришини эслатадиган сувсизлик жараёнининг бошланиши асносида аста-секинлик билан барқ уриб турган гулзор, чаманзор ва серсув яшил оламнинг йўқолиб борганлиги сабабли бўлса, шунинг баробарида  ушбу қаровсиз бўлиб қолган жойдаги Маданият клуби фаолиятининг ҳам  тўхтатилганлигида бўлди.

Чунки ушбу маскан завод ҳовлисининг ташқарисида жойлашган эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида эса завод ўзига тегишли биноларни  завод ҳовлиси ичкарисида қайтадан қурди. Завод ҳовлиси ташқарисида қолган Маданият клуби эса фаолиятини тӯхтатди.

Шу пайтда ушбу Маданият клуби биносини фарзандларига уй-жой етмаётган фуқаролардан бири уй-жой сифатида хусусийлаштириб олмоқчи ҳам бўлди. Бироқ завод маъмурияти бунга рухсат бермагач, фаолият юритмай қўйган клуб биноси куннинг кўпи билан айрим маҳаллий аҳоли фуқаролари томонидан  бузилиб, бинога тегишли қурилиш жиҳозлари ташиб кетила бошланди.

Бугунги кунга келиб эса бир пайтлар байрамона кайфиятларни, жўшқин, бахтли ва жонли жараёнларни ўзида мужассам этган маскан ўрнида ҳеч вақо қолмаган. Бино ўрни ташландиқ жойга айланган.

Бу воқеаларнинг ҳаммаси менинг кўз ўнгимда содир бўлиб ўтганлиги учун кун келиб, бир пайтлар ўтмишда одамларга бахт улашолган ушбу масканда яна гуллаб-яшнаш, фаровонлик ва бахтли инсонларнинг кулгуси қайтадан қарор топишига бўлган истак мени ҳануз тарк этмайди.

Ахир машҳур “Алкимёгар” асаридаги алкимёгар ҳам шогирди билан саҳрода кетаётиб, шогирдига саҳро бағрида учраган чиғаноқни тинглашни уқтиради. Денгиз увиллаши ва шовулланишини ўзида сақлаб қолган чиғаноқ бир пайтлар саҳро ўрнида денгиз ястанганлигининг  ва кун келиб, саҳро ўрнида денгиз яна қайтадан пайдо бўлишининг ишорасини ҳам англатишини  тушунтиради.

Шундай экан, менинг умидларимгаям асос бор деб ўйлайман!..

Орадан анча йиллар ўтиб, 2008 йилнинг сентябрь ойида фарзандим туфайли мен яна бир Маданият саройи фаолиятидан баҳраманд бўлдим.

Тошкент шаҳар, Юнусобод туман ҳокимияти тасарруфидаги биз дастлаб танишган кезларда Ҳамид Олимжон номи билан аталувчи ушбу Маданият саройи мен учун ҳам, фарзандим учун ҳам чинакам қувонч, чинакам байрам, чинакам  юксак кайфият ва кўтаринки руҳият маскани эди.

Ушбу қувонч ва кайфият эса биз каби бошқаларга ҳам хос ва тааллуқли эди.

Эндигина биринчи синфга қатнай бошлаган қизим ушбу Маданият масканида  спорт ва бал рақслари бўйича профессионал, етук тренирлардан сабоқ ола бошлади.

Ушбу сабоқни эндигина бошлаган бошқа тенгдошлари қатори рақс ёки спортнинг мазкур тури қизимда шу қадар кучли иштиёқ уйғотган эдики, бу иштиёқ ва интилиш аввало унинг соғлигига, кайфиятига ва ўқишларига ҳам ижобий таъсирини сезиларли даражада кўрсатар, бундан худди бошқа ота-оналар қатори мен ҳам хотиржамлик, қувонч ва фахрни, мураббийларга нисбатан чексиз ҳурмат ва миннатдорликни ҳис қилар эдим.

Спорт ва рақснинг ушбу тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтадиган кун эса Маданият саройи чинакам байрам масканига айланиб кетар эди. Ушбу байрамона мусобақалардан оладиган руҳият ва кўтаринки кайфият туфайли фарзандларимиз ҳам, биз ота-оналар ҳам ўқиш ва ишларимизда улкан натижаларга эришардик.

Маданият ва спорт саройларининг инсоният тараққиёти ва ҳар томонлама ривожланиши йўлидаги ўрни ва аҳамияти ана шундай буюк ва беқиёсдир.

Мазкур Маданият ва спорт саройида фаолият юритаётган ушбу “Спорт ва бал рақслари” жамоаси  жамоанинг таниқли бош мураббийи  Владимир Алексеевич Ворошилов томонидан 1997 йил 23 февралда ташкил этилган  бўлиб, шу пайтгача  минглаб ўқувчи ва ёшларнинг, жумладан, уларнинг ота-оналарининг ҳам севимли масканига айланиб улгурди.

Жамоа ўзининг энг кучли таркиб, жуфтлик ва яккахон спортчи раққослари билан дунё миқёсидаги беллашув майдонларига чиқолган ва дунё миқёсидаги фахрли ўринларни қўлга киритиб келаётган етук ва кучли жамоадир.

Ушбу муваффақиятларнинг забт этилишида эса Владимир Алексеевичнинг хос шогирдлари, ҳам айни пайтда фарзандлари спорт бал рақслари бўйича етук  мураббийлар Елена Ворошилова ва Равшан Юсуповларнинг, шунингдек, Владимир Алексеевичнинг у билан ҳамиша бирга ҳамфикр ва ҳамнафас рафиқаси, жамоа ўқувчи, шогирдларининг севимли бадиий раҳбари Стелла Юсупованинг,  Саша Осипова ва Ренат Шафиков каби яна кўплаб бошқа иқтидорли мураббийларнинг ҳам хизматлари бениҳоя улкан ва таҳсинга лойиқдир.

Бугун олтинчи июнь жамоа бош мураббийи Владимир Алексеевичнинг таваллуд топган куни!..

Шунинг учун ушбу кун рақс ва спортдан сабоқ  олган ва олаётган минглаб ўқувчи, шогирдлар ва уларнинг ота-оналари учун ҳам алоҳида ҳурматга лойиқ севимли кун ҳисобланади.

Фурсатдан фойдаланиб мен ўзим ва қизимнинг номидан  Владимир Алексеевични  ва унинг оила аъзолари, дўстлари, шунингдек, шогирдлари, жамоадошларини ҳам ушбу қувончли кун билан қизғин табриклайман!

Муҳтарам Владимир Алексеевич!

Сиз менинг фарзандимнинг қалбида рақс ва спортга, спорт бал рақсларига нисбатан муҳаббат, қизиқиш, ишонч ва интилиш уйғотолган буюк ва бетакрор мураббий, чексиз ҳурмат ва таъзимга лойиқ, сазовор, улуғ ва самимий инсонсиз!

Ҳурматли Владимир Алексеевич!

Бошлаган эзгу ва савоб амалларингиз билан дунё тургунча туринг!..

Сизга юлдузлар қадар беҳисоб, пок ва мангу қувончлар тилаб қоламан!..

Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин!

Юртимизда, нафақат юртимизда, бутун Она Сайёрамиз, Ер Планетамизда тинчлик, дўстлик ва тараққиётга хизмат қиладиган Маданият ва спорт ишлари  соҳасига доир ривожланишлар янаям гуллаб яшнайверсин!

Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Бўстон шаҳарчаси, Алпомиш кўчасидаги “Олтин водий” Маданият саройи ҳам қаддини қайта тиклаб, орзу ва интилишларида юксак марраларни кўзлаган, бугуни ва эртанги кунига нисбатан  ишончи бардавом,  бахтли ва саодатли  инсонларни ўз бағрига олган буюк ва бетакрор бир масканга айланаверсин!

“Олтин водий” омон бўлсин!

Муаллифлар:  Дилфуза Жавоҳир Лангар, Малоҳат Абдуллаева

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Каримовнинг хатоларини бартараф этиш мавриди келди!

 АҚШ президенти Дональд Трамп 2 миллион мигрантни АҚШ фуқароси сифатида тан олишини, Қўшма Штатларга болалигида ноқонуний равишда келган 1,8 млн мигрант Америка фуқаролигини ...

Ўзбекистон водопровод суви хавфли бўлган 187 та мамлакат қаторидан жой олди

Globehunters турагентлиги АҚШнинг Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотларига таяниб, водопровод суви хавфсиз бўлмаган мамлакатлар рўйхатини тузди. Бу ҳақда ...

Хоразмда ҳамшира танишини чақолоғини сотаётганида қўлга тушди

2019 йил 6 февраль куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Урганч тумани Бекобод қишлоғи ...