Биз нималарга кӯз юмиб яшаяпмиз?

Аёллар баъзан ҳаётда иқтисодий жиҳатдан қийналганда, даволанишга жиддий эҳтиёж сезганда ва бошқа муаммолар кӯндаланг чиққанда турфа фикрларга боради. Агар умр  йӯлдоши, фарзандлари ёрдамчи бўлса, бу энг катта ютуқ, омад! Лекин ҳали фарзандлари вояга етмаган ёлғиз аёлларнинг ҳаммаси ҳам рўзғорни бир ӯзи тебратишни эплай олмайди. Агар сенинг борлигингни Ғурур деган навқирон, ўктам,  ичингдаги “йигит” дилдан ҳис қилса, белини маҳкам боғлаб турса, у ҳолда ҳар қандай машаққатли ишлар унчалик қийин бўлмайди. Агар ичингдаги “одам”нинг кучи етарли иммунтит билан “чиниққан” бўлса, у ҳолда сени энг оғир машшақатлардан ҳам олиб чиқиб кета олади…

Замона зайлига кӯра айрим аёллар интернет орқали орттирган дӯсти, бегона миллат вакиллари билан ёзишмалар чоғида ҳар хил иш жойларини суриштириб кӯришга интилади. Ёрдами тегиши мумкин вариантларни ишга солади. Интернетнинг бундай қулай томони аввал хаёлий, ҳаётдан узоқ муносабатларни келтириб юрган бўлса, ҳозир у реактив тезлигидай кенг ва реаллик касб этиб бормоқда. Одамлар бутунлай танимаган, билмаган, ҳатто ўзга давлат одамлари билан ҳам мулоқот ӯрнатмоқдалар.

Бунинг учун турли алоқа воситалари, дастурлар,  танишувда чексиз имконларни вужудга келтирди. Биз ҳатто ёнимиздаги одамни кўрмайдиган, эшитмайдиган, ҳис қилмайдиган даражагача етдик. Аммо, бунинг эвазига узоқдаги ҳар хил “дўст”ларимизнинг дунёқарашию, чеҳрасигача, нималарга қизиқишию қодирлигигача, умуман, улар тўғрисидаги барча маълумотларни билишга эришдик.

Ҳа, аслида иш, ёрдам масаласида  фақат аёллар эмас, эркаклар ҳам кимгадир ёзма мурожаат қилиши мумкин. Бунинг ёмон томони йўқ. Интернет бу жиҳатдан одамлар учун ёрдамчи вазифасини ўтамоқда.

Лекин айрим аёллар оғир вазиятларда бир нарсага эътиборсиз бўлади (бу тоифага ҳаммани бирдек киритиш мумкин эмас. Ӯзига ишонган, кучли, иродаси мустаҳкам аёллар дунёда, жумладан, биз ўзбекларда ҳам кўп). Бундай эътибосизлик туфайли ҳиссиётига берилиб: ”нима бўлса-да ёрдам олсам бўлди”, – деган фикрга тобе бӯлади.

Бу гапларни нимага очаяпман?

Бунга баъзи аёлларнинг менга ёзган хатлари туртки берди: “Туркиялик фалончи дўстим менга ёрдам бермоқчи, ишонсам бўладими?  Сўзларини таржима қилиб беринг” ва ҳакозо қизиқ саволлар. Ахир мен у одамни танимай, билмай туриб, қандай кафолат бера оламан? Таниган тақдиримда-чи?

Шу онда матбуот орқали ӯқиганларим, кўрган фильмларимнинг сюжетллари, инсон ҳаётига хавф соладиган воқеалар ривожи, айниқса, интернетда танишиб, оқибатда мута (вақтинчалик никоҳ тури) никоҳи-ю, яна террорчилар гуруҳи қўлида қўлма-қўл бўлган аёлларнинг аянчли ҳаётлари кӯз ӯнгимда бирма-бир гавдаланади. Шу тариқа, ёрдам сӯраб мурожаат қилган аёлларга бегона эркакка мутлақо яқинлашмасликни чин дилдан маслаҳат бергим келади.

(Мута никоҳи тўғрисида алоҳида тўхталамиз).

Умуман, аёллар эркак кишидан  ёрдам олса бўладими? Бу саволларга ўз тушунчаларимдан келиб чиққан ҳолда жавоб беришга интиламан.

Ўзим бирор эркак кишидан ҳеч қачон ёрдам сӯрамаганман. Ёрдам сӯрашни номус деб билганман. Тўғри-да, бегона эркак кишидан олинган ёрдам ёрдам эвазига нимадир қайтарилиши лозимлигини  била туриб билмаганга олиш ўзини алдаш билан тенг. Қайсики маънода ақлли одаминг мутлақо кутилмаган бир ҳолатда “жентильмен”лик қилиб нима учундир тўлаган арзимас чойчақаси эвазига сени бутунлай лойга қориб ташлаши, шайтон сувидан ичиб олиб, қайсидир дўстига сотиши, ”тўн” кийдириб мақтаниши, фалончага фалон қилдим, фалон бўлар экан, дея лоф уриши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундай эркакларнинг иркитлиги учун бемалол қўлингга қилич олиб, шу одамдан дунёни тозалаб қўйсанг ҳам бўлади-ю, лекин замон, макон буни кўтармайди…

Бундай маломатга ӯралашишдан кўра юпун ёки оч юриш минг марта афзал. Нега бу мавзуни кўтаряпман?  Чунки аёлларнинг кимгадир мутъе, муҳтож бўлиб қолишини умуман истамайман. Ўзимни-ку умуман! Энг оғир шароитда ҳам, тўкин-сочин яшаган чоғимда ҳам эркинлик, озодликдан яхши нарса йӯқлигини дилдан ҳис қилганман. Албатта, оилали аёлларнинг адолатли турмуши давомида эрига, уйидагиларига, яқинларига итоат этишини гўзал хислат, деб биламан. Лекин ҳаёт бир текис эмас, оилада, ҳаётда, тақдиру мукаррамда турлича кўринишлар юз беради-ки, буларни тан олмасдан иложимиз йўқ…

Тўғрисини айтаман, савдо ишлари билан шуғилланганимда, касал бӯлганимда ишларимни битириш учун  кимларгадир пора беришимга тӯғри келган.

Ҳатто, қаланғи-қасанғи одамларнинг кўплиги туфайли маданиятли, олийжаноб одамлардан ҳам шубҳаланиб, аҳмоқона оримдан кечолмай, уларнинг беғараз ёрдамларини қабул қилолмаган пайтларим кўп бўлган. Ҳар бир инсоннинг истайсизми, йўқми, қўлингда пулинг борми йўқми, барибир кимгадир иши тушиб туради. Шунга мисол тариқасида ҳаётимда учраган турли муносабатлар тўғрисида, гарчи  шахсий гаплар бўлса-да, сизларга айтиб бермоқчиман. Агар эсдаликларим носамимий туюлса бунинг учун ҳурматли ўқувчимдан узр сӯрайман.

Бир куни қизимнинг қўлини ари чақиб олди. Уч кундан кейин ари чаққан жой маддалаб кетгач поликлиникага врач олдига бордик. Доктор қизимнинг қўлига тиғ уриб, унинг ярасига малҳам боғлади.  Уч кун келишимизни тайинлади. Шу орада доктор қўлимга тегиб, ӯзининг енгилтабиатроқ эканини намойиш этди. Бу одам қишлоғимиздан анча нарида яшайдиган киши экан. Мен бу одамни биринчи бор поликлиникага келиб танидим. Жаҳлим чиқдию лекин унга нафратимни билдирмадим, аммо, андиша қилганимдан кўп сиқилиб юрдим. У менга яна бир икки марта кўчада писмиқона ”сасиб” юрди. Шу  орқали мен қизим учун тиббий ёрдам олиш мақсадида касалхонага бошқа бормадим. Қизимнинг қўли ҳам ўз-ўзидан яхши бӯлиб кетди. Менимча унинг жароҳати енгил формада бўлган. Шу билан йиллар ўтиб кетди, бир неча ўн йиллар. Маҳалламизда, қишлоқда барибир бу одамга тасодифан, кўзим тушиб қолса жирканчли равишда кўзини лўқ қилиши ичимдаги нафратни ошираверарди. Балки ноҳақдирман, одамнинг одамга меҳри тушиши деган, аёлнинг эркаккка,  эркакнинг аёлга эътибори деган нарсалар, Яратганинг иродаси деган гаплар ҳам борки, шу тарафдан бу одамга бўлган тушинчамда ноҳақдирман. Бунисини билмадим… Аммо унинг ҳақиқий башарасини бир неча йиллар ўтиб тушиниб етгач билиб олдим… Менинг ички сезгим ҳеч бир шаклда бундай одамга нисбатан юмшамади. Хуллас, шу билан орада кӯп йиллар ўтди. Бир куни Тошкентда роса пул топиб юрганимда эмас, аксинча келиб-келиб иқтисодий жиҳатдан қийналиб юрганимда  қўлим синиб қолди. Тошкентда ижарада яшаётгандим. Уйга эса боргим келмаётганди. Уйда аяжоним Худони зорини қилди: “ Уйга келгин, болаларинг нима бўлди? Қўлинг синган бўлса, уларни қандай эплаяпсан”, десада бора қолмадим. Тошкентда операция қилишга кучим келмай қолди. Энди нима қиламан? Қўлсиз қолиб кетаманми? Аксига олиб мендан катта пул қарз олганлар қарзини берамади… Тошкентда касалхоналарнинг бир куни фалон пул бўлса… Қаттиқ тушкунликка тушдим. Худодан чин дилдан ёрдам сўрадим. Шу пайтида опачам рентген қоғозини олиб қишлоқ траматолог врачига олиб бориб кўрсатиб, балки арзонроққа операция қилиш мумкиндир, деб ӯйлаб у ердан ёрдам сўраб келди. Ким денг, яна ўша қизимнинг қўлини поликлиникада даволаган доктор. Келиб- келиб шу одамга ишим тушганидан ғашим келди. Қўлсиз қолар аҳволдаману яна оримни ўйлайман. Аксига олиб қаҳратон кун ҳукмрон. Телефонда гаплашар эмишман. Ўша суюқ қилиғини қилмаса керак, бунақа гаплардан шу аҳволимда экан, гапирмаса керак, ахир бир жойнинг одамимиз, қолаверса, докторлар олижаноброқ ҳам бўлади деб умид қилдим. Қайда, мен билан юмшоқ қилиб ахлоқсизларча савдо қилиб кўрди. Лаънати, ҳаром ҳаёт бандаси! Менинг қўлим гипсли экани-да, моддий қийналиб турган ҳолатимда ҳирсини қондириш учун менга таклиф билан чиқаяпти. “Ҳайвон!” Мен қўлимни тузатиш учун унга оёқости бўлишим керакми, ҳали?!  Қаҳрланиб опачамга ҳам айтиб ташладим. Опам ҳам менга қўшилиб қарғанди.

Уйга тезда кетдик, ака- укам, опа- сингилларим йиғилишиб, маслаҳатлашиб менга юз минг сўмдан ёрдам қилишди. Етти юз минг сўм билан Тошкентга келдим. Ҳатто катта акам Тошкентга келиб менга операция пайтида қараб туришини айтди. – Йўқ, овора бўлиб, яна ҳаражат қилиб келмангизлар, ўзим эплайман, – дедим. Қаерлиги ва қайси касалхона эканлигини айтмайман. У ерга тўғридан- тўғри бориб врачига илтимос қилиб, (пул беришни айтдим) мени даволашларини сўрадим. Дангаллигимга қойил қолдими, ишондими, улар яқиндан ёрдам кўрсатишди. Касалхонага тўланадиган кунлик давлат тўловидан ҳам озод қилиб, ёрдам қилишди. Амалиёт жуда яхши ўтди. Мен соғайиб кетдим. Асосий, қизиқ гапни ҳам айтиб ўтай. Ўша илк  касалхона врачининг олдига бориб суҳбатлашганимда, гапдан гап очилиб, қишлоғимдан бўлган травматолог врачнинг курсдоши бўлиб чиқди. У менинг қайси тумандан эканимни эшитгач ана шу одамни мендан сўраганди. Уни танишимни айтгандим. Олдимда телефонлашди. Ҳаётда ғалати тасодифлар кўп. Мен кимдан қочиб юрибману, воқеалар ривожини қаранг!

Мен соғайдим. Бир неча йиллар ҳам ўтиб кетди.

Хуллас, Худойимдан мамнун бўлиб юрган кезларимнинг бирида, кичик қизимнинг қорни оғриб, қишлоқда докторга боришга тўғри келди. Туман марказига бориб ҳар хил анализлар топширарканмиз, яна ўша… Эски гапларни унутган деб ўйладим. Ахир, ёши ҳам бир жойга бориб қолган… Йўқ. Адашган эканман. Эски гинаси туфайли,

(уялмасдан ёнидаги касбдошлари олдида менинг ўшанда рози бўлмаганимни гапирди) менинг қизимга бўлган ўз касби доирасидаги ишни ҳам бажармади.

“Ўла, ярамас!”.

Оиламнинг менга қилган оқибати  Худонинг менга қилган марҳамати деб билганман.

Уятсиз, худбин одамларни эса, суриб юборишга куч тополсак бўлгани.

Муаллиф: Гулзамон Акбар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Халқдан фаришта ясаб шу образ паноҳида яшашга ўрганиб қолганмиз

  Ўзимиз истаган кишини гўрига ғишт қалашимиз мумкину, лекин кимдур бизни камчилигимиз ҳақида оғиз очса тамом. "Сан ҳали халқни айблайдиган бўлдингми" деб кўзини ...

Ўзбекистонда солиқ босими нақадар катта?

Ўзбекистонда валюта соҳасида амалга оширилган ислоҳотлардан илҳомланган иқтисодчи-эксперт Юлий Юсупов, бу сафар солиқ тизимини мутлақ қайта қуришни таклиф қилмоқда. ...

Санъат умаров суд қилинмоқда

Бугун, 31 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда «Kun.uz» нашри ...