Бой ёки камбағал…

Бой ёки камбагал...Сиз ўзингиз хоҳлагандек, фаровон яшашни истайсиз, аммо бундай бўлмаяпти.  Сабабини биласизми? Ҳаммаси ишингизга, пулларингизга ва омадга қандай  муносабатда бўлишингизга боғлиқ. Қандай одам эканингизни таҳлил қилишга ҳаракат  қиламиз. Ўзини билиш — осон иш эмас. Сиз қобилиятингиз, хатоларингиз, куч-қувватингиз  ҳақида аниқ-тиниқ билмай туриб омад сари йўлай олмайсиз. Ўз-ўзини билиш жуда  муҳим.Бу орқали ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурлар анча ўзгарса ажаб эмас. Агар моддий ютуқларни қўлга киритмоқчи бўлсангиз, ўзингизни синчиклаб ўрганинг, дўстлар ва душманларингиз сиз ҳақингизда нималар дейишини — миридан-сиригача холисона, адолат билан таҳлил қилинг, мақсадга мувофиқ тарзда ҳаракатлар режасини тузинг. Қайси тоифага мансуб эканингизни аниқланг ва тавсиялар асосида такомиллашиб боринг.

БИРИНЧИ ТОИФА: ЮК ТАШИЙДИГАН ОТ

Одам отдай ишласа-да, бир чақа ҳам тополмайди. У миясини ишлатмагани учун ҳам “ер тирнайверади”. Бу тоифани инерциянинг таъсир кучи ёки қашшоқлик руҳияти бошқаради: “бугун ҳам ўтди, худога шукр” (инерция – жисмларнинг ташқи таъсир бўлмаса, тинч ёки текис ҳаракатдаги ҳолатини сақлаш хусусияти). Фақирликдаги зим-зиё тушунча, онг-шуур уни фалаж қилиб ташлайди. Ривожланган мамлакатларда бундайлар 30-40 фоизни ташкил этади. Улар ё росманасига пул ишлаб топишолмаган, ёки бундан сира иш чиқмаган, айримлар эса бошлашни ҳам истамайдилар. Бундайлар қўлини ювиб, қўлтиғига урган, оқим бўйлаб сузишда давом этаверади, мавжуд аҳволни бошқача йўсинга солишга ҳаракат ҳам қилмайдилар.
Чораси:
Агар сиз шу тоифага мансуб бўлсангиз, кам ҳақ тўланадиган жойда ишлашни бас қилинг.
Бирмунча муносиб иш излаб кўринг.
Ўзингизга паст баҳо беришга нуқта қўйинг.
Мутахассислигингиз борасидаги билимлар доирасида қотиб қолманг.
Кундалик бир хил – зимистон доирадан суғурилиб чиқинг.
Теваракка боқинг ва ҳаёт тақдим этаётган битмас-туганмас имкониятлардан бирини танлаб олинг.

ИККИНЧИ ТОИФА: ХАЁЛПАРАСТ

Бу — қашшоқликнинг берк доирасидан чиқишни орзу қиладиган, аммо қандай чиқишни билмайдиган одам. У ҳаётийликдан узоқ пуч режалар тузади. Ёки ўзини бой меросхўр сифатида тасаввур қилиши, олтин ёмғирлар ёғишини хаёл суриши мумкин. Бир сўз билан айтганда, у ўз тасаввурида хилма-хил рангли суратлар чизади, бу суратлардаги хаёлий бойлиги сўзлашувда ҳам акс этиб, ҳаводаги қўрғон виртуаль тарзда — тасаввурда барпо этилади. У ёғига пуч хаёл силжимайди. У ана шундай шалдироқ қотишма.
Чораси:
Ҳаракатни бошланг, энг кичик ишдан бошланг.
Дарҳол тоғни забт этишга уринманг, аввал қумни ёйиб ташланг.
Орзу қилишни давом эттиринг, фақат хаёлларингизни яратувчанлик ўзанига йўналтиринг.
Ҳаво қўрғонини барпо этиш ўрнига ердаги режаларни амалга оширишга киришинг.
· Онг-шуурингиздаги эски харобалардан халос бўлиб, бу майдонни янги ҳаёт қуриш учун тозалаб олинг.
Ўз олдингизга вазифа қўйинг — ҳар куни мақсад сари бир нечта аниқ қадам ташлайсиз.

УЧИНЧИ ТОИФА: ИНФУЗОРИЯ ТУФЕЛЬКА

Бундай одам ҳеч қандай бошқарувсиз турли йўналишлар бўйлаб бир вақтда югуради. Табиат кучлари ёки ташқи омиллар, ёки одамлар уни аллақаёқларга олиб боришади. У – ҳеч қачон тўхтай олмайдиган, орқасига ўгирилмайдиган ва ўйламайдиган, тартибсиз ҳаракатланувчи мавжудот. Нимадир қилишга уриниб кўради, баъзида натижа чиқади, аксарият ҳолларда эса самара бўлмайди.
У эргашувчи қавмга кириб, яқинлари ва бошқарувчилари томонидан бошқарилади. Ўзгалар хоҳишини адо этиб ўрганган, чунки ўзининг истакларини “бўғиб ўлдиради”. Бундай одамга бойлик нур сочмайди, имконият туғилган пайтда ҳам пуллари бошқаларга хизмат қилади. Унинг кулфати шундаки, нима хоҳлаётганини ўзи билмайди, мақсади йўқ.
Чораси:
· Сиз ҳаддан зиёд куймаланиб ҳаракат қиласиз. Ортиқча ҳаракатлар ўрнига аниқ-тиниқ равишда интилинг.
· Ишда танаффуслар қилиб туринг.
· Жилла қурса, битта ишни охиригача етказинг. Энг муҳими, ўзига ўхшаган одамни яратиш.
· Ўйлаганларингизни амалга оширганингиздан қониқиш пайдо қилишни синаб кўринг.
· Бошлаган қайси ишингиз истиқболли ва фойдали эканлиги ҳақида ўйлаб кўринг.
· Иккинчи даражали юмушларни ташлаб, энг муҳим ишга эътиборингизни қаратинг.

ТЎРТИНЧИ ТОИФА: ЎЗ НУҚТАИ НАЗАРИДАН ВОЗ КЕЧМАЙДИГАН ОДАМ

Бундай киши, худди чўкаётган одам чўпга ёпишгандек, ўз қарашларига маҳкам ёпишиб олган бўлади. У виждонли ва бекаму кўст фуқаро бўлиб қолиш учун умр бўйи эски-туски кийимда, арзон ва сифатсиз овқатланишга тайёр. Бу киши камбағалликдан қашшоқликка қадар истиқболсиз йўлдан боради. У ҳар қандай сохта нуқтаи назар моддий фаровонликдан тўсишини сира тушунмайди. Келажакда ўзининг эҳтиёжларини, шунингдек, том маънода айтганда, “таркидунёчилик”ка хос заруратларини чегаралаб қўяверади. Қалбининг туб-тубида қимматбаҳо лимузинларда юрадиганларни “ёмон” одамлар ҳисоблаб, ўзини улардан аъло деб ўйлайди. Бундай тоифадаги одам ўзгалар муваффақияти учун ташвишга тушиб, пуллар бегона чўнтакка кирган, деган хулосага келишади.
Чораси:
· Ўйлаб кўринг, эҳтимол, ўз ишончингизни қайта кўриб чиқиш керакдир? Ахир, бундай қатъий талаблар сизни ва оилангизни боқа олмайди. Ҳеч ким қонунни бузишга даъват қилмаяпти. Балки, талаб қилинадиган мутахассисликни топиш ва фойдали таклифларни рад қилмаслик керак!
· Ота-онангиз пул ҳақида нималар деганларини эсланг. Уларнинг моддий қийматлар ҳақида сиз миянгизга сингдириб олган тасаввурлар умидсиз даражада эскириб кетган бўлса ажаб эмас.
· Ўз қўрқувларингиз ва ҳаракат, белги, воқеа-ҳодисалар уйғунлигини кўриб чиқинг. Улардан халос бўлишга ҳаракат қилинг.
· Қобиғингизга ўралиб олманг, бошқалар, шунингдек, омадли кишилар билан кўпроқ муомалада бўлинг.
· Эгилувчан бўлинг. Одам қанча эгилувчан бўлса, улгуриш имконияти шунча кўп, ана шуни унутманг.

БЕШИНЧИ ТОИФА: АБАДИЙ ҚАРЗДОР

Бундай одам бошқага бериш учун ўз таниши ёки ҳамкасбидан қарз олади ва маошдан-маошгача зўрға кун кечиради. Енгил, бетайин, қалтис ҳаракат қиладиган киши. У бошқача яшашни ёки эплай олмайди, ёки буни хоҳламайди. Қарзлар эса пул ишлаб топиш учун бор кучи билан ҳаракат қилиши кераклигини кўрсатади. Бундай одамлар нима қилишни аниқ билмай, оқим бўйлаб сузишни маъқул кўрадилар.
Кўпчилик ўз одатига кўра яшайди. Бундай одамлар ўзларига бир хил баҳо бермайдилар. Улар ўзларини севишмайди ва заррача ҳис қилмаган ҳолда пулларни ҳам ёқтиришмайди, пуллардан қўрқишади ва улардан тезроқ халос бўлишга ҳаракат қиладилар. Кейин эса қарз олишади.
Чораси:
· Бундай доирани вайрон қилиб ташлаш керак, чунки абадий қарздорлик ҳолати сизга ва ўз-ўзингизга бериладиган баҳога путур етказади. Қолаверса, бу асаб тизимига доимий равишда салбий таъсир кўрсатиб, ғазаблантиради ва нохуш кайфият келтириб чиқаради. Ва, ниҳоят, қарзга берилган ҳаёт адабул-абад давом этмайди. Қачондир келиб атрофдагиларнинг сизга қарз бериши жонларига тегади. Ана шунда қандай иш тутасиз?
· Ҳис-туйғуларингизни тартибга олинг. Уларни назорат қила бошланг. Тинчланинг ва ақл-идрокка қулоқ тутинг.
· Ойлик бюджетингизни режалаштириб олинг.
· Жилла қурса, бир ой муддатга бўлса-да, ўз даромадингиз ҳисобидан бошқача яшашга ҳаракат қилинг — бу ажойиб тажриба бўлади.
· Ҳар сафар ҳамёндан пул олиб ишлатишдан аввал етти марта ўйланг. Ўткинчи истакларга берилиб, ортиқча харажатларга йўл қўйманг.

 

ОЛТИНЧИ ТОИФА: ОЛТИН БУЗОҚ ҚУРБОНИ

Пулга алоҳида ҳурмат-эътибор қаратадиган, ҳатто унга сажда қиладиган одам. Онгли ва мақсадли равишда бизнес экинзорида оғир меҳнат қилади, ҳатто уни бизнес қўш ҳайдовчиси дейиш мумкин. Бироқ бундай бизнеснинг баҳоси жуда ҳам юқори — у олтин бузоқ учун ўз ҳаётидан ҳам воз кечиши мумкин. Бундай пайтда шинам, замонавий офисдаги иш ҳам оғир, тинкани қуритадиган меҳнатга айланади. Мазкур тоифадаги одам, моҳиятан, оддий деҳқон ёки юк ташувчидан деярли фарқ қилмайди.
Чораси:
· Қалбда қувонч учқунини топинг ва уни пуфлаб, гулхан пайдо қилинг.
· Бахт, табассум бахш этувчи ёқимли иш билан кўпроқ машғул бўлинг.
· Оддийсидан бошланг: эрталаб сизга кутилмаган истиқболли имкониятлар, учрашувлар олиб келадиган янги кун келаётганидан қувонинг.
· Чарақлаган қуёш, булутсиз осмон, бир пиёла чой, яқин инсонингизнинг табассумидан хурсанд бўлинг.
· Бахтли дамларингизни эсланг. Бу бир сония давом этган бўлса-да, чуқур ҳис қилиб, яна бир карра завқ-шавқ ҳосил қилинг. Ўша хотираларингизни янада ёрқинроқ ҳис этинг.
ЕТТИНЧИ ТОИФА: СОВУҚ ПРАГМАТИК

Мазкур тоифага хос ҳар қандай мартабадаги тадбиркор ёки раҳбар одам фақат даромад олиш билан қизиқади. Қолгани унинг қизиқишлари доирасига кирмайди. Ўз тажрибаси, малакасини ошириш мақсадида кўпинча омадли бизнес юритади. У, “пуллар — пуллар учун” тамойилига амал қилади.
Бундай одамлар учун маънавият, ўзгаларга хизмат қилиш тушунчаси, шунчаки қуруқ гап. У ўз кучи, қуввати ва муваққат харажатларини тўғри ҳисоблай олмайди. Дарвоқе, у билан муносабат бир томонлама ҳаракатга ўхшайди — ўзгалар қувватидан фойдаланади-да, эвазига ҳеч нима бермайди. Эртами-кечми, у ижобий ҳис-туйғулар танқислигини бошидан кечиради ва доимий тарзда темир юракли совуқ роботга айланади.
Чораси:
· Агар сиз ишни яхши кўрсангиз, ҳар қандай юмушга маънавийлик касб эта оласиз. Ҳар қандай бизнес одамларга хизмат қилади. Бу одамзоднинг умумиши учун қандайдир фойдали, керакли ҳисса бўлиши мумкин.
· Агар сиз эзгу ишга қўл уриб, буни бинойидек амалга ошираётганингизга ишонсангиз, ҳеч қандай куч омадингиз ва гуллаб-яшнашингизга тўсқинлик қилолмайди.
· Ўз ишингизга ижодий жиҳатдан ёндашинг.
· Фойда учун эмас, бошқалар учун мумкин қадар яхши бўлишига ҳаракат қилинг.
· Иш жараёниданоқ қониқиш олинг. Бунинг учун ишингизни севинг.
· Энг аввало, даромадни эмас, истеъмолчилар талабини қондиришни ўйланг. Ана шунда омад ўзини узоқ куттириб қўймайди.
САККИЗИНЧИ ТОИФА: КАТТА ҲАРФЛИ ТАДБИРКОР

Ҳар қандай иш асоси — одамларга хизмат қилишдир. Бизнеснинг олий тушунчаси ана шу. Ўз-ўзини камол топтириш, маънавий ўсиш орқалигина пул топиш ғояси самарали бўлади.
Омад сири оддий: мижоз ёки харидор билан хаёлан ўрин алмашиб кўринг, у сизга нисбатан қандай иш тутишини хоҳлардингиз?
Омадли тадбиркор ўзининг шахсий камолоти, маънавиятини ўстириш учун ҳамиша вақт топади. Бу эса баракали равишда унинг ишида ўз аксини топади. “Бундайларни ҳаётда учратмаганмиз”, – дейишингиз мумкин. Ҳа, бу унга сари интилиш лозим бўлган идеал бўлса керак. Аслида эса бундай кишилар кўплаб топилади. Ҳар ким астойдил хоҳласа, бизнесни ўзгаларга бахт, маънавий ва моддий бойлик олиб келувчи ишга айлантириши мумкин.

http://biznestrener.uz/yosh-tabirkor/126-boy-eki-kambagal.html

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Кам ухлаб, тиниқиб уйғонишнинг йўлини биласизми?

Тўйиб ухламаслик — замонавий инсоннинг асосий муаммоларидан бири. Жадал ҳаёт тарзи сабаб кеч уйқуга ётиб, эрта уйғонамиз. Ёшликда бунинг уддасидан қийинчиликсиз чиқиш ...

Ўзи зўр адабиёт қанақа бўлади?

Собир ЎНАР: “Баъзан маънавиятни, адабиётни бутунлай бегона соҳа деб яшаётган раҳбарларни ҳам кўраяпмиз” Таниқли адиб, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Собир Ўнарнинг ёзишича, ...

Тест: чингиз айтматов бўйича билимингизни текшириб кўринг