МУХОЛИФАТЧИЛАРГА МУНОСАБАТ НЕГА ЎЗГАРМАЯПДИ?

Ҳукуматимиз оилаларнинг бир-бири билан ажрашиб кетишини шунчаки оддий ҳолат сифатида қабул қилишни одат тусига айлантирган. Баъзан бу муаммога эътибор қаратади, баъзан эса эътибор бермайди. Аслида аёл зотининг бир жойдан бошқа жойга бориб яшашининг ўзи оғир. У янги оиладагилар билан чиқишиб, келишиб, фарзандли, тотувли бўлиб кетгунича ҳам қанча руҳий зарбаларга учрайди. Буни ҳар бир инсон онгида кузатиш мумкин. Эндигина ўрганган жойида яна ҳар хил келишмовчиликларнинг вужудга келиши аёлга яна бир кучли зарба бўлиб тегади. Бундай зарбаларга чидаш учун эса оила бошқаруви ишларида анча тажриба ортирган инсон бўлиши керак. Турмуш ташвишларини саботу матонат ва ирода билан енгиш мумкин. Аммо инсондаги ирода кучига қайта-қайта бериладиган зарбалар баъзан инсонни ҳаётдан бездириб юбориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. 

Инсон қийналганда нималар қилмайди, дейсиз?! Жисмоний машаққатлардан кўра руҳий жиҳатдан эзилиш, оилада “тинчиб” кетмаслик бошқа муаммоларга қараганда анча оғир.
Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Нуринисо Холбоева ана шундай қийинчиликларни сабот билан енгиб келаётган аёл. Нуринисо Холбоева Жиззах вилояти Пахтакор шаҳри Тошкент маҳалласида ўғли Умид Саидмуродов билан бирга яшайди. Нуринисони 2010 йили эри Акбар Холбоев ўғли билан бирга уйдан ҳайдаб юборган. Нуринисонинг мол- мулки эри ва оиласи томонидан талон-тарож қилинган. Маҳаллий прокуратура Нуринисони ҳимоя қилиш ўрнига уларнинг оиласи билан бирга яшаётган уйига атайин кўчиб келган турмуш ўртоғининг синглиси ва эрига ана шу уйда яшашга ордер берган. Нуринисо эса фарзанди билан бирга газ ва электрсиз кичик бир бўлмага кўчирилган. У ерда уйдаги мавжуд газдан фойдалана олмай тўққиз ой яшаган. Ёрдам сўраб бормаган тегишли ташкилотлари қолмагач, қатор адолатсизликларга барҳам бера олмагач, Пахтакор туман ҳокимлигига, ички ишлар бўлимига, туман прокуратурасига, шунингдек, Жиззах вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратуасига ўзининг нарозиликларини билдирган хат жўнатган.

Ўтган йилларда (йигирма етти йилда) бошқарув идоралари раҳбарлари қулоқларини кар, кўзларини кўр, тилларини сақов қилиб олиш “касб”ини “аъло” даражада бажардилар. Оддий туман ҳокими ўзини “хон“, “подшо”, “қирол” сифатида ҳис қилганликларини бугунга келиб ҳамма баравар билмоқда. Нуринисо Ўзбекистондаги маҳаллий органлардан ёрдам ололмагач “Бирдамлик“ Халқ Демакратик ҳаракатига аъзо бўлиб, Ҳаракатнинг фаол аъзосига айланган. Ҳокимиятдагиларнинг “Сен кимсан?”, “Қандай муаммонг бор?”, “Оилангда нима еб-ичиб юрибсан?”, “Ёш болангнинг аҳволи қандай?”, “Уни мактабига жўната оляпсанми?” дегувчилар топилмаган бир шароитда унга “Бирдамлик” ХДҲ раҳбарияти фақат моддий эмас, маънавий, руҳий жиҳатдан ҳам далда ва кўмак берган. Буни Нуринисо Холбоева ифтихор билан хотирлайди. Бироқ сиёсий фаолияти Нуринисони яна ташвишлар исканжасида қолдиради. Унинг йўлларида айғоқчилар кўпаяди. Оддий маиший иш билан ҳам кўчага чиқа олмай қолади. Нуринисони ҳамма қўли билан бигиз қилиб кўрсатадиган бўлади. Ёлғиз аёлга меҳрибонлик қилиш ўрнига турли хил маломатлар ёғдиради, фарзанди ва ўзини пропискага қўймай сарсону саргардон қилади.

Биз яқинда  Нуринисони сўраб Пахтакор шаҳрига бордик. Уйини, ўзини топиш қийин кечди. Чунки Пахтакор шаҳри шунчаки номигагина шаҳар бўлиб, баъзи қишлоқларнинг аҳволидан ҳам хароб қаровсиз бир жой экан. Ҳаммаёқ “тўкилиб” ётибди. “Дом”лар бетартиб рақамланган. Боз устига Нуринисо ҳар хил ҳаловатсизликлар туфайли ўз исмини ҳам ўзгартириб олган экан. Биз қатор қийинчиликлар билан Нуринисо яшайдиган манзилга кириб бордик. Суҳбатимиз жараёнида Нуринисо исмини Комила деб ўзгартиришга мажбур бўлганлигини айтди. Нуринисо билан узоқ суҳбатлашдик. Уйининг ниҳоятда таъмирталаб эканлиги одамни сескантиради. “Дом” ичида эмас ҳовлида жойлашган хожатхонанинг ҳидига одам тугул итлар аранг чидайди. Шундай бўлса-да, хожатхона ана шу домда яшовчи бир неча ўттиз одамлар корига яраркан. Уй ичида ҳатто сув жўмраги ҳам йўқ. Сув аллақаердандир ташиб келтириларкан. Нуринисо бизнинг олдимизга дастурхон ёзди. Ўғли вояга етиб яқинда ишга жойлашганини айтди. Нуринисони “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси Баҳодир Хон Туркистон билан гаплаштирдим. Нуринисо Баҳодир ака билан сидқидилдан суҳбатлашди. Баҳодир ака салом-аликдан сўнг Нуринисони Тошкентда ўтказиладиган йиғилишга таклиф қилди. Нуринисо йиғилишга боражагини билдирди. Баҳодир ака Нуринисо билан гаплашиб бўлгач, менга Нуринисо Холбоевага ўзининг ва “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмуднинг телефонларини бериб қўйишимни тайинлади, мен ҳам телефон рақамимни қолдирдим. Аммо у йиғилиш бўладиган кунлар яқинлашса ҳам менга телефон қилмади. Телефон учун сим карта олганини ҳам билдирмади. Шу орада Нуринисонинг аҳволини билиш ва унга ажратилган ёрдам пули ҳамда телефон аппаратини бериб қўйиш учун яна йўлга отландим. Пахтакор шаҳрига борганимда тушунарсиз, гумонли воқеалар содир бўлди… Нуринисони уйидан топа олмадим. Учинчи марта Нуринисонинг уйига бордим. Аммо яна тополмадим. Қўшнилардан сўрай бошладим. Пастки қаватда яшовчи қўшниси менинг кимлигимни суриштирди. Яқин таниши эканимни билдиргач Нуринисони уйидан чақириб берди. Унга ўн тўртинчи сентябрь куни ҳам излаб келганимни айтдим. Елкасини қисди. Менимча ўша куни ҳам қўшниникида яшириниб ўтиргану бизга айтмаётгандек туюлди. Нуринисога юз минг сўм ва телефон аппаратини бериш мақсадида сумкамни ковлаштира бошлаганимда у қабул қилиб олишни кескин тарзда рад этди: “Мен “Бирдамлик”да ишлай олмайман. Болам улғайиб қолди. Мен кўчага чиққан куним куч ишлатар тизими ходимлари уйимга етиб келади. Тинимсиз идорага чақиради, безовта қилади. Ўғлим ишлаб турган ишидан айрилиб қолади. Сўнгра уни ҳеч қаерга ишга олмайди. Бир пайтларда ўзимни ўн беш суткага қамаб ҳам қўйганди. Роса қийналганман. Қон кетиб қолганига қарамай, тиббий муолажа учун бирон нарса беришмаган. Ўғлим қўшниларникида қолиб кетган. Менга шу пайтларда осмон узоқ, ер қаттиқ бўлган. Бу ердагиларнинг дийдаси тошдан қаттиқ”…

Бу гапларни эшитарканман Нуринисога бирор нарса дейишга журъат эта олмай қолдим. Мухолиф ташкилотга аъзо бўлгани учун бир неча жабру ситамларга рўбарў келган аёлга нима деб таскин беришни билолмай қийналдим. Мен мухолиф ташкилотларнинг вужудга келиши моҳиятини тушуна бошладим. Ҳукуматнинг адолатсизликлари қурбонларига айланган шахслар мухолифат томонга ўтишини теран англадим.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда порахўрлик, ишсизлик, ҳақсизлик шунчалик илдиз отиб кетган эдики, бу салбий унсурлар одамлар турмушига жиддий равишда таъсир қилди. Муттаҳамлар, олғирлар, ўғрилар, “каламушлар”нинг мушугини пишт дейдиганлар ичида уларнинг хомтовоқлари борлиги яққол сезилиб қолди. Прокуратура, суд, Ички Ишлар, жамийки ҳокимият органларининг ичида уларни қўллайдиган нопок шахслар кўпайиб кетганлиги мухолифат тарафдорлари сонини оширди. Ҳукумат эса ўз айбини кўпинча мамлакатга сиғдирилмаган ва чет элда яшаётган мухолифат вакилларига тўнкаш йўлига ўтиб олди. Зотон, уларга ўз айбларини мухолифатга ағдариш осон эди. Бунга мухолифат сафида бўлган оддий аёлни ўн беш суткага қамаб қўйилиши мисол бўла олади.

Бизнингча, ҳукумат мухолиф ташкилотлар билан юзма- юз ўтириб, уларнинг қалбига қулоқ тутадиган, дастур ва лойиҳалари билан танишадиган, ошкора музокаралар олиб борадиган фурсат етиб келди. Ана шундай йўл тутилса Нуринисо Холбоева каби шахслар мухолифатдаги пария ва ҳаракатларга иккиланмасдан қайта оларди.

Гулюз Турон

 

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Журналист жамият табиби бўлиши керак эмасми? ёхуд “мухолифатчилар кимлар” мақоласига жавоб”ни ўқигандан кейинги хулосаларим

Халқимизда "Журналист -- жамият табиби", деган пурмаъно нақл бор. Ушбу нақл замирида оламжаҳон маънолар мужассам топган. Аммо, кейинги пайтларда "жамият табиби" бўлмиш ...

«бирдамлик» давлатни парокандага айлантириш тарафдори эмас!

2018 йил 8 май куни мухолифатдаги «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари ва фаоллари Ҳаракат етакчиси Баҳодир Хон Туркистоннинг «Ислоҳотларимизнинг ...

Ўзбекистон “бирдамлик” халқ демократик партиясининг низоми

Лойиҳа ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ НИЗОМИ ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН! ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ...