Тожикистонда тахминан 1,5 млн киши кунига 1 АҚШ долларидан камроқ пулга яшайди. Бу ҳақда БМТнинг Тожикистондаги Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг август ойида чиққан ҳисобостида келтирилади.
“Тожикистон МДҲ давлатлари ичида қашшоқ мамлакат ҳисобланади. Аҳолисининг 47 фоизи кунига 1,33 АҚШ долларидан камроқ, 17 фоиз аҳолиси эса кунига 1 АҚШ долларидан камроқ пулга ҳаёт кечиради”, дейилади ҳисоботда.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Тожикистонда қашшоқлик ва аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида 5 йиллик стратегик режа ишлаб чиқмоқда. Ушбу режа кейинги йилнинг ўрталарига қадар имзоланиши шарт.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Тожикистонга 1993 йилдан буён озиқ-овқат маҳсулотларини беминнат тақдим этиш орқали ёрдам бериб келмоқда.
Қайд этиш жоизки, Жаҳон банки мезонларига кўра, кунига 1,9 АҚШ долларидан кам маблаққа ҳаёт кечирувчи аҳоли қатлами қашшоқ аҳоли ҳисобланади.