Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 14-қисм

Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 14-қисм

Москва — Олмаота  поезди  Саратов  ерларини  орқада  қолдириб,  икки  кундан  бери Қозоғистон чўлларидан борарди. Авдий Каллистратов Турон томонларни биринчи кўриши. У бир  пайтлар  Россия  томонидан  эгаллаб  олинган  жуғрофий  маконларнинг,  ўлканинг  бу  қадар кенглиги  ва  миқёсларидан  ҳайратга  тушар — чиндан  ҳам  кўз  ўнгида  бош-кети  йўқ,  беҳудуд ерлар ястаниб ётар, агар Сибирь билан қўшиб ҳисобласак, деб хомчўт қиларди у, ер юзидаги қуруқликнинг  деярлик  ярми…  Яна  бу  ерларда  одам  турадиган  қўналғалар  онда-сондагина учрайди…  Шаҳарлар,  қишлоқ  ва  овуллар,  бекатлар,  унда-мунда  кўзга  чалиниб  қоладиган молхоналар,  чўпон-чўлиқларнинг  пастак қўралари ҳаммаси  темир  йўлга  қараб  ёпишиб  келар, улар бепоён чўл сувратини чизиш учун тайёрлаб қўйилган, лекин илк бўёқларигина чапланган матога ўхшар, бироқ суврат кейинчалик ишланмай, фақат бир тусдаги бўз ранглари билан чала қолиб  кетгандай  эди…  Бу  томонда  кета-кетгунча  яйдоқ  чўл,  ҳозир  бу  ерда  жамики  ўт-ўлан гуллаб-яшнаган фасл, чўл бир неча кун мана шундай жаннатмисол гуркираб ётади, сўнг тағин офтобнинг бераҳм иссиғига дош беролмай сарғайиб сўлади ва келаси баҳорни кутади…

Вагонларнинг  очиқ  ойналаридан  гулга  кирган  чўл  чечакларининг  муаттар  бўйлари ёпирилади.  Айниқса,  поезд  тўрт  томони  очиқ  аллақандай  кичкина  бекатларда  тўхтаганда, одамнинг дим вагондан сакраб пастга тушгиси, ўзи кўримсиз, лекин ҳидлари ёвшандай ўткир, курғоқ  ерда  ўсганига  қарамай  эти  сувлик  майса-ўланлар  устида  эркин-эркин  чопиб  юргиси келади.  Қизиқ-ку,  деб  ўйлайди  Авдий,  наҳотки,  ўша  ярамас  наша  ҳам  мана  шундай  бемалол ўсиб  ётса  ва  ҳидлари  ҳаммаёққа  гуркираб  тарқалса?  Одамларнинг  димоқларини  қитиқласа?

Чопарларнинг оғизларидан гуллашларига қараганда, нашанинг ҳиди ҳаммасидан ҳам ўткир ва кучли бўлса керак. Ҳаммасидан ҳам, дейишади чопар болалар — наша баланд бўлиб, шохлари ҳар ёққа тарвақайлаб ўсади. Нашазорларда унинг баландлиги одамнинг белига уради. Ёввойи наша тўғри келган жойда ўсиб ётавермайди. Наша кенг тарқалган алоҳида нашапоя майдонлар бор. Шунисига ҳам шукр. Уни топиш учун шунча оворагарчилик бўлмаса, ҳаммаси оппа-осон кўчса, унда нималар рўй беришини тасаввур қилиш мумкин… Мана, талабгор хумор чопарлар узоқ порт шаҳарлардан дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига наша савдоси тутиб боришяпти…

Ҳали  йўл  узоқ,  яна  қанча  йўл  босиш  керак — Худо  билади,  яна  охири  нима  бўлади,  бу ишлардан нима чиқади.

Айрим  вақтлар  Авдий  Каллистратов  нимага  кетаётганлигини  ҳам  унутиб,  бу  эл-юртларда илгари замонларда яшаган халқларни тасаввурида жонлантиришга уринар, ўқиган китобларини, ўқувчилик  йилларида  кўрган  киноларини  эслар,  адам  даштида  ғойиб  бўлган  ўша  ҳаётнинг излари ва қолдиқларини кўрганда, бирдан хурсанд бўлиб кетарди.

Худди  ташлаб  кетилган  қўналғалардай  чўлларда  яккам-дуккам  қаққайиб  турган  қўнғир туялар, кўҳна мақбаралар, мозоратлар, уч-тўрттагина ҳужрадан иборат кўримсиз овуллар, кўз базўр  илғайдиган  ёлғиз  чодир,  юрталар,  дунёда  бор-йўқлигини  ҳеч  ким  билмайдиган,  хароб, номаълум  капаларда  яшайдиган  кишиларнинг  холини  ўйлаб  юраги  увишиб  кетар,  ваҳм босарди… Кўз ўнгидан худди қадим-қадим замонлардагидай кўҳна эгар-жабдуқ урилган отларга минган,  бошларига тепаси чўққи қулоҳ кийган отлиқлар ўтиб қолардилар дам якка-якка, дам тўда-тўда  бўлиб…  Қандай  яшашган  экан  одамлар  бу  ерларда,  юраклари  сиқилиб  ўлиб қолмасмикинлар, сувсизликдан қирилиб кетмасмикинлар бу бепоён дашт-биёбонларда? Кечаси-чи,  кечаси  нима  бўлади?  Фалак  тунда  кимсасиз  саҳроларга  эниб  тушади,  ўша  чоғларда  одам ўзини қандай сезаркин? Чексиз само рўбарўсида одам ўзини бениҳоя ёлғиз ва ғариб ҳис қилса не  ажаб?  Шунинг  учун  ўқтин-ўқтин  ўтиб  қоладиган  поездлар  уларга  далда  берса  керак.

Поездларнинг  шовқинлари  катта  шаҳарлардагина  одамларнинг  қулоқларига  ёқмайди, зериктириб  юборади.  Эҳтимол,  бари  бутунлай  аксинчадир.  Азим  чўлларнинг  тунлари кўнгилларда улуғвор баётларни уйғотар, шеърият ахир, олам поёнсизлиги узра инсон руҳининг ҳур парвози эмасми?..

Лекин, бундай ҳаёллар уни узоқ машғул қилмас, яна чопар болалар билан бораётгани, қонун юзасидан  қараганда,  жинояткор  кимсалар  қаторига  қўшилгани  эсига  тушар,  газета  учун ижтимоий-маънавий  репортаж  ёзаман  деб,  то  вақти-соати  келгунча  шу  ҳаётга,  қолаверса, нашаванддарнинг бадкирдорликларига чидашдан ўзга иложи йўқ эди. Шунда назарида кўкраги беихтиёр музлаб кетгандай бўлар, қорнига аллақандай оғриқ кирар, гўё ўзи ҳам чопарларнинг бирига айланиб қолгандай, жиноят йўлига киргандай эти сесканиб, ваҳимага тушарди. Шунда у юрагининг  тубида  оғир  махфий  юк  билан  юрадиганларнинг  ҳолига  тушунгандай  бўларди.

Жаҳон  қанчалик  улуғ  кўринмасин,  янги  таассуротлар  нечоғлик  қувончли  туюлмасин,  агарда онгинг  ва  хотирангда  нўхотдан  ҳам  кичик  оғриқ  нуқта  бўларкан,  буларнинг  ҳаммаси  на татийди,  на  ақлинг,  юрагингга  ҳаловат  беради.  Ўша  оғриқ  нуқта  яширинча,  билинтирмасдан  одамнинг кайфиятини ҳам, атрофдагиларга муносабатини ҳам белгилайди. Авдий Каллистратов нашапоя  чўлларга  бирга  бораётган  чопарларга  разм  солиб  қарайди,  уларни  гапга  солмоқчи, очиқчасига  сўзлашишга  тортмоқчи  бўлади.  Шунда  ҳаёлига  бир  фикр  келади:  гарчи  чопар ҳамроҳларим ташқаридан қараганда, ўзларига жуда ишонгандай кўринсалар-да, лекин уларнинг ҳар бири қилаётган ишидан хавфсирарвди, бир кунмас бир кун барибир жазога тортилишидан ўлгудай  қўрқади.  Ҳа,  шу  қўрқинч  уларга  доим  эргашиб  юради.  Шуларни  ўйлаб  Авдийнинг уларга  юраги  ачийди.  Уларнинг  қуруқликлари,  бетамизликлари,  бефайз  вирди-забонлари, қартавозликлари, ароқхўрликлари, чапаниликлари, ё остидан ё устидан деб туришларини бошқа ҳеч  нарса  билан  изоҳлаб  бўлмайди.  Бинобарин,  бундан  бошқача  яшашни  улар  тасаввур  ҳам қилолмайдилар. Авдий Каллистратов бу одамларни ёмон йўлдан қайтарсам, кўзларини очсам, улар  ўзларига  бошқача,  очиқ  бир  назар  билан  қараб  кўрсалар,  ҳаётларини  заҳарлаб  турган  қўрқинчдан  ва  шу  қўрқинчнинг  таъқибидан  халос  этсам,  деб  орзу  қилади.  Олган  билимлари, жуда  бой  бўлмаса-да,  лекин  етарлича  орттирган  турмуш  тажрибалари  заминида  у  олижаноб, эзгу  ниятларини  амалга  ошириш  йўлларини  изларди.  Ҳозир  у  семинариядан  кетгани,  расмий черковдан  чиқарилганига  қарамасдан  дилида  тарғиботчи  ҳамда  ваъзхон  бўлиб  қолганлигини, инчунин,  ҳаёт  йўлида  қилиши  мумкин  бўлган  бирдан-бир  улуғ  иш — одамларга  ҳақиқат  ва яхшилик сўзини ўзи билган, англаган даражада етказиш деб тушунарди. Бунинг учун алоҳида фатво олиш шарт эмас, бунинг учун ўзинг сиғинган нарсага садоқатли бўлишинг кифоя. Лекин, буларнинг бари ҳали яхши ният, холос. Юрак ва ақл амри билан у нима қилиши зарурлигини ҳали тўла тасаввур эта олмасди. Кўнгилда ширин ҳаёлларга берилиш, шу ҳаёлларда тубанларни тубанликдан халос этиш бошқа ва шу билан бирга,  сенинг панд-насиҳатингга, маслаҳатингга асло муҳтож бўлмаган тирик одамлар ўртасида яхшилик қилиш — бутунлай бошқа. Улар мисол учун  худди  ўзларига  ўхшаган,  дунёнинг  бир  чеккасига  наша  йиғиш  ва  пул  ишлаш  учун кетаётган  аллақандай  бир  Авдийнинг  ваъз-карсонига  зормикинлар.  Уларнинг  тақдирларини нурли  томонга  буриш  иштиёқида  ёнган  Авдий  Каллистратов  билан  уларнинг  неча  пуллик ишлари бор дейсиз. Авдий Каллистратов Худо калима ичида яшайди ва калима илоҳий қудрат касб этмоғи учун у чин ва пок ҳақиқатдан туғилмоғи керак, деган бўлса уларга нима. Авдий эса бунга худди борлиқнинг қонунидай ишонади. Лекин у ҳали бир нарсани билмайди: яхшилик ёмонлик йўлига кирганларга ёрдам бермоқчи бўлганда ҳам, ёмонлик барибир яхшиликка қарши тураверади… Аммо бу кўргиликлар ҳали олдинроқда…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 40-қисм

40 Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади. — Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди. — Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим. Ботир мироб шаҳодат ...

Хотима

17. ХОТИМА Бир йилдан сўнг Отабек уста Алим билан бирга Тошканд келди. Ҳожи ва Ўзбек ойим оғиз очиб ундан ранжий олмадилар. Ул меҳмонлар каби эди. На отаси ва на онаси билан ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? самарқанд ii (давоми)

 Алвидо: мен бутун оламни забт этдим.                            Эдгар Аллан По, “Буюк Темур” китобидан. Жомбой билан Самарқанд оралиғи 3 дақиқалик йўл. Яъни 6 километр. Биз ...