Юлдузли тунлар-15

5

Ўшнинг жанубидаги кенг текисликлар, тўлқинсимон қир ва адирлар турли-туман дала гуллари билан безанган. Сап-сариқ қоқилар, кўк-қизғиш нахўтаклар, нопормон эр-баҳолар орасида узоқдан қип-қизил гиламга ўхшаб кўзга ташланадиган — қийғос очилган лолақизғалдоқлар эди.


Бобур олисдаги қорли тоғларга қараб борар экан, тиззага чиқадиган юмшоқ кўкат устида отлар ҳам ма-йин қадам ташлаб бораётганини сезарди. Баҳор нафосати ҳозир унинг кўзини эркалаётган бўлса ҳам, аммо дилига таъсир қилолмас эди. Бояги мушкул зиддиятлар ҳали ҳам хаёлини банд қилиб, кўнглида тугун бўлиб турибди. Бобур бу чигал тугунларни ўзи ечолмаслигини сезади. Бу тугунларни у истагандай ечиб бера оладиган доно одам бормикин?
Унинг эсига устози Хўжа Абдулла тушди. Бетоб бўлиб Ўшга бирга келолмаган Хўжа Абдулла ҳам Бобурнинг Самарқандга қўшин тортиб боришига тарафдор эди. «Мовароуннаҳрдаги парокандаликни тугатиб, қудратли давлат тузмагунча катта орзуларимиз рўёбга чиқмагай!» — деган сўзларни Бобур устозидан ҳам кўп эшитган. Аммо бунинг учун яна урушиш керак. Урушга эса онаси қарши. Ким ҳақ? Бобур бу саволга жавоб тополмайди.
Отлиқлар узун бир тепаликка кўтарилганларида Қосимбек тоғ томонни кўрсатиб:
— Сурувлар бу қадар кўп? — деб таажжуб билдирди.
Бобур у кўрсатган томонга кўз югуртирди. Қир ва адирларнинг ҳар биридан бир нечтадан сурувлар ёпирилиб тушиб келмоқда эди. Хўжа Калон деган йигирма беш ёшли қоп-қора бек қўлини пешонасига соябон қилиб кунботиш томонга қаради-ю:
— Ў-ҳў-ў! — деди. — Бу томонда ундан ҳам кўп!
— Кунчиқиш томонда ҳам бор!
Сурувлар ғуж-ғуж келаётганига қараганда, ёйилиб юрган қўйлар эмас. Ана, тўғридаги қирлар ортидан яна икки сурув чиқиб келди. Сўнг узоқдаги адирлар орасидан бирин-кетин уч тавила йилқи отилиб чиқди-ю, бериги томонга қараб селдай бостириб кела бошлади. Чап томонда яна уч-тўрт тавила йилқи кўринди.
Йилқилар ҳам, қўй сурувлари ҳам узоқдаги қорли тоғлардан Ўшга қараб келмоқда эдилар.
Ниҳоят, тоғ томондан тизилиб тушиб келаётган отлиқ аскарлар кўринди.
Шунда Бобур тоғларга қўй ва йилқи ундириш учун уч юз аскар билан чопқинга кетган Аҳмад Танбални эслади. Қосимбек қувониб:
— Азаматларнинг ўлжаси жуда улуғ-ку! — деди.
Хўжа Калон ҳам ҳаяжонланиб:
— Беадад! — деб хитоб қилди. — Баҳодирона ўлжа!
Одатга биноан, бу беҳисоб қўй ва йилқиларнинг бешдан бири подшоҳ ихтиёрига ўтар, қолган тўрт қисми ҳамма бек ва мулозимларга тақсимланар эди. Шуни билган беклар гўё осмондан тушаётган бу катта бойликка қараб севинчларини яширолмас эдилар.
Бобур отини тоғдан келаётган аскарлар томонга буриб, жиловини бўшатди. Бедов от қушдай учиб бора бошлади. Бошқалар ҳам Бобурнинг кетидан от чоптириб кетдилар. Бир қир ўтиб, иккинчисига кўтарилганларида, наригилар ҳам буларни кўриб, бурилиб кела бошладилар.
Бобур баланд бир жойда отини тўхтатди.
Аскарларнинг олдида келаётган Аҳмад Танбал зирҳли кийимда эди. Елкаси ва кўкрагини ёпиб турган жибанинг темири офтобда йилтирарди. Унинг бўйнига ёй ўқи тек-кан, ярадор жойини яшил мато билан боғлаб олган эди. Ўзи озиб, мўғулча ёноқларининг суяклари яна ҳам бўртиб чиққан. У Бобурдан эллик қадамча нарида отдан тушиб, қўл қовуштириб келди-да, ер ўпиб юкунди:
— Мирзо ҳазратларига ёғийлик мақомида бўлган чаграклар ўлпон тўлашдан бош тортганлари учун ўн олти минг қўйлари, икки ярим минг йилқилари жарима тарзида тортиб олиб келинди!
— Чопқин талафотсиз бўлдими?
— Мирзо ҳазратлари, бизнинг уч йигитимиз ҳалок бўлди, ўн киши яраланди. Аммо биз ёғийлардан бунинг қасдини олдик!
Аҳмад Танбал олдинги сафда турган йигитларидан бирига ишора қилди. Айиқтахлит, қўпол бир йигит эгарининг устида дўмпайиб турган хуржунни олди-да, подшоҳга яқинлашди. Олачадан тикилган хуржуннинг ҳаммаёғи қон эди. Айиқтахлит йигит Аҳмад Танбалнинг ишораси билан хуржуннинг ҳар икки кўзини тўлдирган нарсани ерга ағдарди. Ўн-ўн бешта одам калласи кўкатлар ва лолақизғалдоқлар устига юмалаб тушди. Бобур каллаларни кўрган заҳоти:
«Чаграклар ҳам бизнинг одамларга ўхшар экан-ку!» деган ўйдан эти жунжикиб кетди. Чорвадор туркий қабила бўлган чаграклар ҳам Бобурнинг ватандошлари эканлигига, ҳаммалари бир эл, бир улусданлигига унинг ишонгиси келмас эди. Чунки чаграклар унинг ҳукмига бўйсунмас, юборган кишиларини қўлда қилич билан қарши олишарди. Мана энди ўзлари қиличнинг тиғидан ўтиб, бошлари оёқ остида ағанаб ётибди. Бу жонсиз бошлардан бирининг соқоли йўқ, кўк-сарғиш юзи силлиққина, мўйлови энди чиқа бошлаган. Бобур унинг ўн етти-ўн саккиз ёшли йигит бўлганини пайқади-ю, энгаги тагидан кесилган гўшт аралаш қонли бўйнига қараб, кўнгли бирдан беҳузур бўлди. Ёрдам сўрагандай, ўнг томонидан турган Қосимбекка қаради.
Султон Аҳмад Танбал ҳам, унинг отлиқ аскарлари ҳам Бобурдан мақтов ва мукофот кутмоқда эдилар. Ўн олти минг қўй, икки ярим минг йилқи ҳазилакам бойлик эмас эди. Уч йигит ўлган бўлса, уларнинг қасдига ўн беш-йигирмата ёғийнинг бошини кесиб келиш ҳам шу турганларнинг одатига биноан мардона иш ҳисобланар, буни тақдирламаслик эса адолатсизлик саналар эди.
Қосимбек Бобурнинг юзи оқариб кетганини кўриб ҳайрон бўлди. Унинг фикрича, кесик каллалар Бобурга бунчалик таъсир қилмаслиги керак эди. Бултур Самарқанд урушида ёш подшоҳ бундай бошларни кўп кўрган эди. Одатда: «Фалончи юзта ёғийни ўлдирибди», деб қуруқ мақтасалар унча ишонарли бўлмайди, чунки озгина ишни кўп қилиб кўрсатиб, лоф урадиган бек ва навкарлар ҳам бор. Жангчининг хизмати ишонарли бўлиши учун ўлдирилган душманларининг бошини кесиб келиб ҳисоб бериш эскидан одат тусига кирган.
— Амирзодам, — деб шивирлади Қосимбек. — Қулингиз сўзлайинми?
Бобур тасдиқ маъносида бош ирғади. Қосимбек юзини Бобурга яқинроқ келтириб, яна эшитилар-ешитилмас қилиб сўради:
— Мукофотига қилич берсак… Розимисиз?
Бобурнинг яроғбардори олиб юрган тиғлар орасида ёйдай эгик катта бағдодий қилич бор эди, Бобур бир-икки марта таққанда жуда оғир туюлган эди. Бобурнинг нигоҳи шу қиличда тўхтаганини кўрган Қосимбек, «тушундим», дегандек бош ирғади.
— Султон Аҳмад жаноблари, —деб овозини кўтариб гапирди Қосимбек. — Сиз баҳодирона зафар билан қайтганингиз Мирзо ҳазратларини беҳад шод қилди. Сиз Бобур мирзога нечоғлик содиқ эканлигингизни яна бир бор исбот этдингиз. Бутун мавкаб* бугун сизларни олқишлағай! Ўшдаги қароргоҳда бу оқшом сизларнинг шарафинғизга тантанали зиёфат берилур, ҳамма йигитларингиз шоҳона инъомлар олурлар. Ҳозир Мирзо ҳазратлари Султон Аҳмад жанобларига шамшири хос инъом этдилар!
Қосимбек бағдодий қилични яроғбардордан ол-ди-ю, ерга таъзим қилиб турган Султон Аҳмадга узатди. Султон Аҳмад тиз чўкиб қилични қинидан тўрт энликча чиқарди-да, пўлатидан ўпди, сўнг овози ҳаяжондан титраб деди:
— Мирзо ҳазратлари, ўлгунимча бу марҳаматингизни унутмасмен! То умрим охирича сизга содиқ хизматда бўлғаймен!
Шу куни оқшом Ўш қалъасининг миноралари устида, шаҳар атрофига тикилган юзлаб чодир ва ўтовлар олдида карнайлар, нақоралар чалинди, машъаллар ёқилиб, катта тантаналар бошланди. Минг-минг қўй ва йилқиларни инъом тариқасида текинга оладиган барча беклар, навкарлар ва мулозимлар бугун астойдил шодланмоқда эдилар. Подшоҳнинг ҳашаматли хиргоҳида оқшом қабул маросими ва базм бўлди. Созандалар энг қувноқ куй-ларини чалишди, ҳофизлар энг яхши ашулаларини айтишди.
Бобур хиргоҳ тўрида тўртта олтин зина билан чиқиладиган баланд шоҳсупа устида ёлғиз ўлтирибди. Бугун унинг ўнг томонидан ўрин олган энг нуфузли беклари орасида Аҳмад Танбал ҳам пайдо бўлган. У кундузги зирҳли кийимлар ўрнига зарбоф тўн ва симоби салла кийган, подшоҳ инъом қилган олтин сопли қилични кумуш камарга тақиб олган. Ҳамма уни мукофот билан муборакбод қилади. Табрикларнинг барчасидан ёқимлиси — боя хиргоҳга кирганда уни Қутлуғ Нигор хоним муборакбод қилгани бўлди. Подшоҳнинг онаси билан эгачиси ҳозир катта дастурхоннинг нариги томонида Аҳмад Танбалга ярим ўгирилган ҳолда ўтириб, созандаларнинг куйига қулоқ солишяпти. Аҳмад Танбал ҳар замонда уларга кўз қирини ташлаб қўяди. Хонзода бегимнинг нафис қадди-қомати, ҳафткор* ипак матодан кийган камалакдай товланувчи кабоси Аҳмад Танбалга бугун ҳар қачонгидан ҳам жозибали кўринади.
Ёш подшоҳнинг базмларида ичкилик ичилмас, Бобур ҳали майни оғзига ҳам олган эмас эди.
Қосимбек ҳам ичкиликни ёмон кўрар ва уни базмларга йўлатмас эди. Лекин Умаршайх мирзо даврида май ичиб ўрганган бошқа беклар мана шундай базмларда Бобурдан яшириб чет-четда ичиб олишар эди.
Али Дўстбек деган қотма, кўсанамо бир бек орқада шарбат кўтариб турган шарбатчига сирли кўз қисди-ю, Аҳмад Танбални кўрсатди. Шарбатчи маъноли кулимсираб Аҳмад Танбалга яқинлашди ва кумуш кўзачадан чинни пиёлага тўлдириб кўкимтир шарбат қуйиб берди. Аҳмад Танбал пиёлани қўлига олар экан, димоғига ўткир май ҳиди урилди.
— Олинг, бек, илоҳим Самарқандда бундан ҳам улуғ зафарларга муяссар бўлинг! — деди Али Дўстбек.
Аҳмад Танбал миннатдорона бош ирғаб, майни сип-қарди-ю, кейин дастурхондаги тандиркабобга қўл чўзди.
— Мана энди Самарқанду Бухорони олгунча етадиган захирамиз бор! — деди ширакайф Дўстбек. — Муҳорибани тезлатмоқ керак.
Аҳмад Танбалнинг ўнг томонида Узун Ҳасан ўтирган эди. Туриб юрганда жуда новча кўринадиган бу озғин одам ўтирганда гўё қатланиб, кичкина бўлиб қолар эди.
— Шайбонийхон Дашти Қипчоқдан Самарқандга бўйин чўзармиш, — деди Узун Ҳасан.
— Тушини сувга айтсин! Самарқанд бизники бўлур!— деди майдан бадани қизий бошлаган Аҳмад Танбал овозини хиёл кўтариб.
Унинг бу сўзлари Бобурнинг қулоғига ҳам чалинди. Бугун тоғдан ҳайдаб тушилган беҳисоб қўй ва йилқилар сарой аҳлининг Самарқандга юриш қилиш иштиёқини яна ҳам ошириб юборгани Бобурга тобора аниқ сезилмоқда эди. Илгари ҳам уларнинг бу иштиёқларига қарши бориш қийин эди. Аммо ҳозир бек ва навкарларнинг Самарқандга интилиши — тоғ дарёсининг юқоридан пастга қараб отилишига ўхшарди. Бу дарёни орқага қайтариш ҳеч кимнинг қўлидан келмасди…

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

____________
* М а в к а б — подшоҳ ва унинг барча аъёнлари, яқинлари.
* Ҳ а ф т к о р — етти хил ранг.
Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-чин ўртоқ

Анвар ёшлиғида бўшангғина бир бола эди. Ўз тенгги болалар билан оз алоқа қилар, уларга кам аралашар ва ортиқча ўйнаб-кулмас, ҳамиша унинг кўзида бир мунг ётар эди. Бу ҳолат ...

Ҳасаналининг ҳийласи

10. ҲАСАНАЛИНИНГ ҲИЙЛАСИ Киши ортиқча қўрққанда гангиб аъзоси ҳаракатсиз ва оғриқ ҳолга тушадирким, албатта буни биз қаттиғ қўрққандан деб биламиз. Дарҳақиқат, бизнинг ...

От кишнаган оқшом (қисса) 37-қисм

37 Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди. Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди. Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди! Қишлоқда отлар кишнамай қолди. ...