Зарурат ва бурч, Ёҳуд Дилсора Фозилова билан суҳбат

Ҳурматли Дилсора!  Сизнинг  «Мулкдор» саҳифасида яқинда кўчириб босилган «Мухолифат. Бугунги Ўзбекистон ва Баҳодир Чориев» номли  мақолангизни ўқиб, ўз фикрларимни билдиришни лозим топдим.

Фото:facebook.com/dilsora.komil

Сиз  Ўзбекистоннинг бир  фуқароси, қолаверса, қонуншунослик фанлари номзоди, бунинг устига  Канададек демократик мамлакатда вақтинча бўлсаям яшаётган инсон сифатида

«Бирдамлик» халқ ҳаракатининг навбатдаги қурултойи Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилганлиги, лекин тадбир «Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ҳукуматлари қаршилигига учрагани тўғрисидаги хабарга» кўзингиз тушганини ва «бундай мағзаваси чиқиб кетган мавзуларга анчадан бери эътибор бермай» қўйганлигингизни, лекин «лоқайдлик қилишга бу сафар куч» топмаганлигингизни ёзасиз.

Шунинг ўзи ҳам бўлиб ўтган Чимкент ва унинг атрофидаги воқеа-ходисалар оддий қолипга сиғмайдиган, Ўзбекистоннинг Конституциясига, амалдаги қонунларига бутунлай зид эканлигини билдирмайдими? Бундай бўлмаганда, сиз одатдагидек лоқайдлик қилиб кўяверган бўлмасмидингиз?

Агар Ўзбекистоннинг вояга етган барча фуқаролари сиздек фикр қилганида, ҳукумат ўз қонунларини шунчалик оёқ-ости қилармиди?

Конституция гаранти бўлган  Президент  Мирзиёев-чи? Зарур ва муҳим реформалар ўтказилаётган икки йиллик муддат яқинда содир бўлган Чимкент қурултойи тафсилотларига муносабат билдириши зарурлигини кўрсатмаяптими?

Шу ўринда яқинда  «Кун.уз» сайтига интервьюсида «Ўзбекистон-24» канали журналисти Мавжуда Мирзаеванинг «Биз одамларимизга ёлғон гапираяпмиз ва бизда кучли цензура бор» деган сўзларини эслатиб ўтсам. Бу – ҳукумат сиёсатининг билвосита бўлса ҳам, Чимкент воқеаларига алоқадор қирраларини кўрсатади. Қолаверса, журналист интервьюсида «Президент Мирзиёев  яккаланиб қолаяпти», дея ташвиш билдиради.

Шу ўринда айтиб ўтишим лозим-ки, кучли, демократик принципларга асосланган мухолифат президентни ёлғизлатиб қўймайди, балки президентнинг давлатни бошқаришидаги  хато –камчиликларини айтиб туради. Шу аснода, демократия тамойилларида  фаолият кўрсатмоқчи бўлган президент, албатта, ўзга фикр айтгувчиларга кенг имконият беради.Ва ўз камчиликларини тузатиб, шу аснода ўз ҳокимиятини мустахкамлайди. Акс холда, лоқайд қараб турмовчилар кўпаяверади ва бу холат, минг афсус-ки, фуқароларимизни асосий фаолиятларидан маълум даражада чалғитиб туради. Биласиз-ки, ҳеч ким ўз ишидан чалғишни истамайди.

Энди, сизнинг конкрет фикрларингизга конкрет жавоб беришга ҳаракат қилсам.

 

2007 йилдаги «Бугуннинг гаплари…» мақолангизда ёзишингизча, «Сен… қарама –қарши томонинг билан ўрнатган муносабатинг, бу сенинг кимлигинг, жамиятга қанчалик яроқлилигингдир. Сен олимдирсан, сен шоирдирсан, сен арбобдирсан—аммо сени тинглашга мойил бўлган инсонни йуқотдингми, сен яроқсизсан. Шу аснода шоирнинг қуйидаги сўзлари ёдимга келди:

Тинглаганни маст қиладиган,

Ғайридинни паст қиладиган,

Душманини  дўст қиладиган,

Тил-забони бўлсин йигитнинг.

Бугуннинг муаммоси ўша шоир айтган тилу –забоннинг йўқлиги эмасми»?

Юқоридаги сўзларингизни маълум бир шахсга нисбатан айтиш ҳам мумкин. Аммо гап  мухолифатдаги ҳаракат тўғрисида кетар экан, иккинчи томонни бемалол ҳукумат, дея аташимиз тўғри бўлади.

Хўш, ҳукумат «Бирдамлик» билан қандай муносабат ўрнатди? Ахир, «Бирдамлик» қурултойга  қатнашишни истовчи барча томонларни очиқ, интернет сайтида таклиф қилди-ку?  Ахир, «Бирдамлик» ҳукумат вакили билан ҳам, агар фикр айтиш истаги бўлса, Чимкентда  очиқ мулоқот қилишга тайёр эканлигини билдирди-ку?

Сиз бугунги куннинг муаммосини шоир айтган тилу-забоннинг йўқлигида кўриб, жуда тўғри хулосага келгансиз. Мақолангиздан бери ўн йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, муаммо чуқурлашса чуқурлашди-ки, енгиллашмади.

Кимдир, эҳтимол, мақолада гап ўзбек тилимиз сифати ҳақида бораяпти-ю, сиз  ҳокимият ва мухолифат мулоқоти ҳақида гапираяпсиз, дея эътироз билдирар. Йўқ, бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Чунки мақола айнан мухолифатда бўлган ташкилот ҳақида экан, тилни ҳам , мулоқот воситаси сифатида ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги зарурат десак, хато бўлмайди.

 

Мақолангиз,«меним-ча , уларни (халқни) уйда сақлагандан кўра, кўчага олиб чиқмоқ муҳимроқ… тан олмоқ керак, агар шу ишни ёппасига амалга оширганда , бирор натижага эришиш ҳам мумкин…  Имконият етгунча халқбоп кураш усулларини кучайтириб, натижа бермайдиганлари камайтирилса, «Бирдамлик»нинг бугуни бошланиш эканлигига шубҳа қилмайман. Сиз халқ фаровонлиги учун интилаётган экансиз, сиз одамлар билан муомала, мулоқот ва музокара орқали ечим топишга ҳаракат қилаётган экансиз,, демак ҳақ йўлдасиз. «Бирдамлик»ка муваффақият ва бардамлик тилайман. » дея якунланади.

Яна эслатсам; мақолангиз 2007 йилда ёзилган. Сиз ўша пайтда одамларни кўчага олиб чиқишни ва бу ишни ёппасига амалга оширишни маслаҳат берасиз. Бу мудхиш Андижон воқеаларидан бор йуғи икки йил ўтган пайтдаги маслахатингиз. Очиғини айтсам, бу гапларингизга изоҳ беришни жуда-жуда истамайман. Чунки 2007 йилдагина эмас, балки орадан 13 йил ўтса ҳам, Андижонда тўкилган қон нафақат ўзбекистонликлар, балки дунёнинг турли бурчакларидаги самимий инсонлар қалбида ҳали ҳам қуриб битгани йўқ.

Сиз «Бирдамлик» га, ҳақ йўлдасиз, дея, муваффақиятлар тилаб, мақолангизни якунлагансиз ўша 2007 йилда.

 

Энди яқинда чоп қилинган «Мухолифат. Бугунги Ўзбекистон ва Баҳодир Чориев» сарлавҳали мақолангиз хусусида.

Сиз, «Бирдамлик»нинг Чимкент қурултойи билан боғлик воқеаларни эшитиб, лоқайдлик қилишга бу сафар куч топмаганлигингизни  ёзасиз. Шу билан бирга, сўнгги икки йил ичида рўй берган ижобий ўзгаришларни кайд қилиб, «жуда кичик фурсат ичида  рўй берган жуда катта  ўзгаришларга мисолдир» дейсиз. Ушбу сўзларингиз бугунги Ўзбекистон ичкарисидагина эмас, балки ташқарисида ҳам, ўринли гаплар, дея қабул қилиниши шубҳасиздир. Камина ҳам, қатоғоннинг 3406 кунини қамоқда ўтказиб, «жуда катта ўзгаришлар» натижасида озодликка чиққанман.

Мақолангизнинг «сиёсий савод ошириш» қисми учун ҳам миннатдорман: билмаганлар, мухолифат нима, билиб олади.

Лекин сизнинг «Давлат сиёсатига зиддиятли кучлар… давлат сиёсатига раҳна солувчи кучлар бўлиб хисобланади ва ҳар қандай давлат улардан ўзини мухофаза қилишга  мажбур» деган хулосангиз билан келишиб бўлмайди. Чунки бундан, Ўзбекистон ҳукумати Чимкент воқеасида тўғри ҳаракат қилган , деган хулоса келиб чиқади. Тўхтанг, янглишдимми? Ахир сиз сал пастроқда «… мухолифатсиз демократик давлат қуриш , денгиз устида лойдан қаср қуриш сингари маъносиздир», дея келтирасиз.

Бир мақолада бир –бирига бутунлай қарама-қарши икки фикрни қандай тушуниш мумкин? Сиз мухолифатни «…давлат сиёсатига раҳна солувчи кучлар…» дея талқин қиласиз ва  ўзингиз истамаган холда  душманга айлантирасиз. Сал пастда эса «…мухолифатсиз демократик давлат қуриш , денгиз устида лойдан қаср қуриш сингари маъносиздир», дейсиз.

Ўзбекистоннинг мустақиллик йиллари чорак асрида «лой қаср»ларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аммо, Баходир Чориевга аталган  «Чимкент қасри»улар ичида энг кўзга ташланадиганларидан биридир, десам янглишмасман.

«Ўзбекистон мустақилликга эришгандан бери йўл қўйилган хатоларни тузатишга яна шунча вақт кетади…»  «… сўз ва фикр эркинлиги… ҳокимият учун тенг ва одил кураш имконияти…эркин ва одил мухолифат яратиш учун зарур факторлар.. сиёсий маданият муҳимроқ эканлиги .. Конституция ва сиёсий  амалиёт ўртасидаги  номутаносиблик»– мақолангиздаги бу жумлаларни ўқувчи, истак бўлса, ўзи талқин қилиб олар, деб уйлайман.

Сизнинг чет эллардаги мухолифат Ўзбекистонга «Мухолифат кўринишида эмас, Ўзбекистон фуқаролари кўринишида (келишмоқчи) , чунки улар қонуний мухолифат кўринишида Ўзбекистонга қайта олмасликларини биладилар», деган фикрингиз ҳам мунозарали.

Чунки Ўзбекистонда Ш. Мирзиёев президент бўлганидан кейинги сиз атаб ўтган ўзгаришлар нафақат ўзбекистонликлар, балки кенг дунё жамоатчилигида ҳам умуд пайдо қилди. Шундан келиб чиқиб , Б.Чориев Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатга келишга руҳсат сўради. Рад жавоби олингач эса, Қозоғистон танланди. Сўнгги воқеалар эса сизга маълум.

Б. Чориев  воқеалар  юқоридагидай тус олишини билдими, йўқми, бу каминага қоронғу. Кандай бўлганда ҳам, партия лидери «Чимкент қадамини» қўйиши керак эди.

Чунки бу қадам сизнинг«Баҳодир Чориев ўтказмоқчи бўлган йиғилишни тўхтатишга ҳаракат қилиб, Ўзбекистон ҳукумати жуда катта стратегик камчиликга йўл қўйганлигини… Давлатнинг бу камчилиги  Баҳодир Чориевдан, айтиш жоиз бўлса, боридан кўра каттароқ туя яратди»,- дея хулоса қилишингизга асос бўлди. Туя эса, биласиз-ки, якка юрмайди, карвонда бўлади. Карвон эса белгили манзил сари доимий ҳаракатда. Фақат карвоннинг манзилга етиб бориши тарихимизда доимо ҳам туяларга боғлиқ бўлавермаган.

 

« Ўзбекистон ҳукуматига мухолифат бўлишни истаган  партия раҳбарларининг  Ўзбекистон давлати ичида ва бошқарувида  узоқ муддат фаолият кўрсатган бўлиши сиёсат ва  конституциянинг энг оддий шартларидан биридир. Баҳодир Чориев буни тушуниб етмаётгани  ва у қилаетган ҳаракатлар  унинг сиёсий ва ҳуқуқий  илмининг жуда  саёзлигидан  далолат,холос». Ушбу сўзларни қонунчилик фанлари номзоди, қолаверса, Канададек нуфузли мамлакатда фаолият олиб бораётган ҳодим сифатида ёзганингиздан бироз таажжубландим. Тўғри, Ўзбекистонда амалдаги  Конституция Чориевга, АҚШ фуқароси бўлганлиги учун, хатто «Бирдамлик» партияси  қонуний рўйҳатдан ўтганида ҳам, президент сайловларида қатнашишга  изн бермайди. Лекин, президент Мирзиёевнинг яхши бир иборасини бироз ўзгартириб айтадиган бўлсам, одамлар Конституцияга эмас, балки Конституция одамларга хизмат қилиши керак. Бунга дунё сиёсий харитасида мисоллар етарлича.

«Баҳодир Чориевга эргашаётган шахслар ичида кучли журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари борлигини биламан, аммо улар Баҳодир Чориевга айнан арзимаган чойчақа учун ҳамрохликлари кўпчиликга сир эмас».

Сиз каминани  «кучли журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари» қаторига қўшдингизми, йўқми, билмадим-у, (хатто гап бунда бўлмаса ҳам), лекин «…улар Баходир Чориевга айнан арзимаган чойчақа учун ҳамрохликлари кўпчиликка сир эмас» дейишингиз яна мантиққа тўғри келмайди. Президент Мирзиёев Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини назарда тутиб,«Нега қайчи мақолалар йўқ» деб турган, Тошкент мустақил интернет-сайтлари яхши иш шароити, бепул тушлик ва яна 3 000 000 сўм (салкам 400 доллар) ойлик беришни ваъда қилаётган бир пайтда, нега сиз   назарда тутаётган кучли журналистлар арзимаган чойчақа учун «Бирдамлик» саҳифаларида ҳамкорлик қилмокда?

Бу—шу кунги Ўзбекистон шароитида – зарурат ва бурч. Чунки журналист, агар у ўзини ҳурмат қиладиган ва зиёли ҳисоблайдиган  бўлса, ҳукуматга мухолифат бўлмоғи керак. Бу дегани у ҳар куни ва ҳар соатда, кўзига қора  кўзойнак тақиб олиб, камчилик излаши керак, дегани эмас. Журналист—ўзи қаламга олган мавзуни синчиклаб ўрганиши, ютуқлар ва камчиликларнинг  асли сабабларини  таҳлил қилиши ва ниҳоят ўқувчи ҳамюртимизни ютуқлардан илхомланишга, камчиликлардан эса хулоса чиқаришга ўргатиши лозим. Хоҳ у ҳукумат нашрида бўлсин, хоҳ мухолифат нашрида. Шу нуқтаи назардан камина чинакам журналистларни  икки тоифага, мухолифат ва ҳукумат журналистларига  бўлмаган бўлардим.

Аммо, нега улар бугунги кун воқелигида иккига бўлинган?

Сабаби, хали –ҳамон ҳукумат нашрлари, хатто сўнгги  жиддий ўзгаришларни ҳисобга олганда ҳам, омма орасидаги биринчи навбатдаги муаммоларни ёритишдан ўзларини олиб қочмоқда. Бунга сўнгги кунлар мисолида Чимкент воқеаларини келтириш мумкин.

Шундай экан, юқорида айтганим зарурат ва бурч, минг афсуски, арзимаган чойчақа бўлса ҳам, «Бирдамлик» ва шунга ўхшаш бошқа нашрларда демократияга хизмат қилишга ундаяпти.

Мақоламда сўнги «Наҳотки баҳодирчилар ўз вақтларини тузукрок ишларга сарфласалар,  кўпрок натижага эришишларини  халиям тушунмайдилар»? деган саволингизга савол билан жавоб берсам.

Сизнинг  «Баҳодир Чориев ўтказмоқчи бўлган йиғилишни тўхтатишга ҳаракат қилиб, Ўзбекистон ҳукумати жуда катта стратегик камчиликга йўл қўйганлигини… Давлатнинг бу камчилиги  Баҳодир Чориевдан, айтиш жоиз бўлса, боридан кўра каттароқ туя яратди»,- деган хулосангиз, баҳодирчилар, сиз маслаҳат қилганингиздан ҳам «кўпроқ натижага» эришганликларини кўрсатмайдими?

Сизга самимий, Солижон Абдураҳмонов.

«Бирдамлик» Халқ демократик партияси  

Бошқарув кенгаши аъзоси.

Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти

Қорақалпоғистон бўлими раиси.

 

 

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Баҳодир хон туркистон 15 октябрдан  ақшнинг вашингтон шаҳрида очлик   акциясини эълон қилди

Бирдамлик Халқ Демократик Партиясининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон 15 октябрдан  АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ўзининг норозилигини намойиш қилиб, очлик   акциясини эълон ...

18 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 19.05да ўтказилган BahsOnlineда виртуал президентлик сайловига номзодини қўйган Бирдамлик халқ ҳаракати раҳбари Баҳодир ...

Мирза-анвар ҳамидов: баҳодир хон туркистон бошқа мухолифат ташкилотларига нисбатан фаол ва доимий изланишда

Ўзбек мухолифатининг таниқли вакили, олим Мирза Анвар Ҳамидов 1959 йили Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида юрист Абдулла ота хонадонида дунёга келган. Оилада 10 нафар фарзанддан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400