Бош прокуратура Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов катта миқдордаги пора олиш чоғида ушлангани ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.
Бахтиёр Абдусаматов жорий йилнинг сентябрь ойи бошларида катта миқдордаги пора билан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумотларга кўра, Б.Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган.
«Бош прокуратура бу ҳолат бўйича бирорта расмий баёнот бермади. Шунинг учун биз бу масала бўйича изоҳ бермаймиз, деб ҳисоблайман. Сабаби бу борада ҳеч қандай расмий баёнотлар йўқ», – деди Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 11 апрелдаги йиғилиш чоғида Шавкат Мирзиёев Абдусаматовнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимидаги фаолиятини танқид қилганди. Кейинчалик, у эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва бир ҳафта ўтиб Юнусобод туманига ҳоким этиб тайинланди. Ҳозир бу лавозимни пойтахт собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов эгаллаб турибди.
«Коррупцияга алоқадор шахсларга нисбатан ишлар тергов қилинмоқда. Якуний босқичда бўлган ишлар мавжуд. Бу ҳолатларнинг барчаси бўйича, улар судга юборилганидан сўнг, биз хабар берамиз. Менимча, бу тергов қилинаётганлар ва терговни олиб бораётганларга нисбатан жуда тўғри позиция бўлади», – дея изоҳ берди бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев.