«БИР ҒАРИБИ БEЧОРА»

22. «БИР ҒАРИБИ БEЧОРА»

Бу тарихдаги хон ўрдаси Қўқоннинг бу кунда Хода бозор аталған ўрнида эди. Рўмоннинг ўн учунчи фаслида Марғилон ўрдасининг таърифи ёзилғанлиқдан ва бу ўрданинг ҳам ташқариғи айланаси ўша ўрда қабилидан бир тусда, бир услуб ва бир вусъатда бўлғанлиқдан бу ўринда яна қоғоз қоралаш ортиқчадир. Ўрда дарбозаси, навбатчи қоровул, дарбоза саҳнининг кенглиги — барчаси ҳам ўшал ўрда сингари, аммо бунинг ташқариғи кўринишидағи ортиқлиғи тўрт бурчида қада-либ турған навбатчилари эди. Ўрда дарбозасидан ичкарига кирилгач, бундаги тузилиш Марғилондағидан тамоман деярлик бошқача бўлиб чиқар, шунга биноан бу ер билан танишмоқ эҳтиёжи тушар эди.
Ўрданинг ичкариги ўнг, чап биқинлари сипоҳ туриш учун солинған бинолар ва саҳнида биз Тошкандда кўриб танишқан равишча кийимлик сипоҳлар (йигитлар) турким-турким бўлиб, понсад бошилар қарамоғида қилич уриш машқини таълим олмоқда эдилар. Ўрданинг белидан, яъни шимолдан шарққа қараб бир хатти мустақим билан девор ва бул деворнинг икки тарафини баробар— линг ташланиб, ўрданинг ичкари қисмиға хон саройига кириладирган дарбоза қурилған эди. Бу дарбоза эскиргансумон кўринса ҳам асли яратилишдағи нафислик, меъморий санъаткорлик ўчаёзған бўлса ҳам, бироқ ундаги ивир-живир сирлар, ўйма нақшлар ҳали ҳам кишини ҳайрон қолдирарлик эдилар. Айниқса дарбозанинг икки биқинидағи «ўгирмагул» тарзи билан ишланган гулдасталар, дарбоза равоқидағи ганчдан қабартирилиб ясалған бўртма нақшлар, гуллар ҳали ўзларининг нафосатларини унчалик йўқотмаған эдилар.
Қуёш ғарбга қараб оғқан, улдасталар устига қўндирилған олтин ҳилол аломатлари қуёш нури билан кўзни элитарлик даражада яшнар эдилар. Дарбозанинг икки ёнидағи махсус ишланган қоровулхона — суфачаларда икки нафар навбатчи турар эди. Навбатчидан ўтиб, дарбозага кирилса гунбаз рави-шида йўлак, ўнгға юрилса девонхонаға, сўлға кетилса хон маҳкамасига чиқиладир-да, маҳкама бўсағасида яна ҳалигидек икки нафар навбатчига учрашиладир. Марғилон ўрдасида кўрганимиздек бир даҳлиз, аммо бу ўзининг нақшлари, гуллари, анвўи сирлари, олийлиқ ва кўркамлиги билан Марғилонникини кўлагада қолдирарлиқ эди эрса-да, эскирганлиги унинг ортиқлиғиға халал бермакда эдилар. Даҳлиздан ичкарига қаралса бир мунаққаш ва музайян зол, икки томонида хоннинг шоғовул бошилари, ясовул бошилари, дастурхончи ва офтобачилари, тунқатор ва парвоначилари оталиқ ва меҳтарбошилари ва тағи алла қанча вазир-вузаролари қатор тизилишиб ўлтурмакда эдилар. Золнинг учунчи даричасидан нариғи томон бир юпқа мунаққаш девор билан ажратилган бўлиб, ичкарига кириладирган эшиксиз бир йўл, бу йўл билан ҳалиги девор иккига ажралиб, ҳар бир бўлим деворнинг ўртасида киши боши сиғарлиқ бир туйнук, бу туйнуклар ёнида қўлиға ойболта ушлаган икки нафар жаллод қотиб турар эдилар. Шу жаллодлар орасидан ўтиб учунчи бўлимга кирилса, қаршида ярим газлар юксакликда тўрт оёғлиқ оқ мармардан ясалған тахт устида олтин камарга тақилған олтин соплиқ қиличини тизаси устига кўндаланг қўйиб, қизил духобадан тикилган пўстун камзул устидан адрас тўн кийган, бошиға симоби шоҳи салла ўраған ўн саккиз ёшлар чамалиқ, чўзиққина юзлик, буғдой ранглик хон ўлтурар эди. Бу Худоёр эди. Хоннинг сўл томонидағи олтин ҳаллик курси кишидан бўш, ўнгдаги — ички саройга кирадирган эшикча ёнидағи курси устида Ўратепа чакмани устидан қайиш камар боғлаб, соддағина қилич тақинған, бошиға оқ барра попоқ кийиб, башарасидаги бурни юзи билан бир қаторда деярлик текис яратилған, ўртача соқол, қисиқ кўз, буғдой ранг, ўрта ёшлиқ бир қирғиз— Мусулмонқул ўлтурар ва ҳозирғина ҳудайчи тарафидан ўзига топширилған ариза ва мактублардан очиб ўқур эди. Ўқуб турған аризаси аҳамиятсиз бўлса керак қоғозни иккига йиртди-да, оёғининг остиға ташлади ва иккинчи мактубни очди. Буниси Ўш ҳокими тарафидан ёзилган эди:
«Давлатимиз стуни, падари арус шаҳаншоҳи Мусулмонқул баҳодир ҳузурларига номаи ҳумоюн ба-робари Ўш мадорисотида таҳсилда бўлинған фақир қирғиз туллобиға марҳамат буюрғанлари ҳадоё туллобнинг даражаи илмияларини имтиёзан тақсим қилиндилар. Ашадду фақир ва эҳтиёжда авқоти талх мурурига мажбур ва масбур ўлған қирғиз муллалари падари арус шаҳаншоҳининг алтофи0 шоҳоналаридан риққатка келиб обидийда қилдилар ва Ҳақ таоло даргоҳи васиъасидан адуви бадкирдорларига зафарёб бўлмоқларини ва Золона яшаб Амир Темур Кўрагондек жаҳонгир бўлмоқлариға дуо ва ниёз этдилар. Баъда хотири отир олийлариға махфий қолмағайким, шаҳар ва атроф элларимиз давлати азимаи қавиялари сояи ҳимоятида нобоб бидъаҳдлар хавотир ва хавфидан тинчдир. Нома охирида ёш шоҳимиз жаноби хоқони хавоқин, султони салотин ҳазратларига падари арус шаҳаншоҳининг паноҳи ҳимоятларида кўб йиллар давру даврон, офият0 ва саломатлик тилаб навкарлари…»
Мусулмонқул Худоёрга Ўш аҳволини сўзлаб, учунчи мактубни очди, бу мактуб хусусий бир кишидан бўлса керак, муҳр ва ўзга такаллуфлардан холи эди:
«Мазлумлар додиға, мақҳурлар фарёдиға ўзининг адолатлик қиличи билан етишқучи Мусулмонқул қипчоқ хизматларига… кўзларим зулм ёши билан жиқ, кўнглим давлат хоинлари қўрқунчидан титраган бир ҳолда қалам тебратаман. Давлатнинг содиқ бир фуқароси, ихлослик бир йиги-ти давлат устига ўзининг мудҳиш зарбасини ташлаб турған бир бадъаҳд ўғлини ўшандоғки отасининг ваколати бирлан иккинчи бир тинч, улуғларға мутеъ, фармонбардор бир шаҳар аҳлини оёғландирмоқ бўлған эди. Уни исботлари, шоҳидлари бирлан дор остиға тортқучи содиқ бир қулни кўкларга кўтариш ўрнига қамамоқ ва оёғиға зулм занжирини урмоқ бўладирлар… Мусул-монқул жанобидек бир баҳодирдан андиша қилмай унинг душманларини сарфароз айлаб дўстларини ғамгин қиладирлар.
Мактубнинг туманлик маъносига тушуна олмаған Мусулмонқул бу ўринда тўхтадида, мактубнинг охириға кўз ташлаб олди:
«Бунгача маним ҳаяжон ва қайғу орасида ёзған йўлларима балки тушунмагандирсиз, бунинг учун ғазабланмай бу гуноҳимни сизга содиқ бир қуллиғим йўлиға кечирурсиз. Бу кундаги Тошканд исёнининг бошлиқларидан бўлған Юсуфбек ҳожи Азизбек нонкўрнинг машварати бирлан марғилонлиқларни ҳам жанобингизга қарши оёқландирмоқ мақсадида ўз ўғлини мунда юборған экан. Фақир содиқ қулингиз бу эъвагар йигитнинг теварагига ўз тарафдорларини йиғиб қурған бир мажлисларига рост келиб ва унинг Марғилонга нима учун келганлигини пайқаб, ниҳоятсиз хавфка тушдим. Унинг сўзлари қипчоқларни йўқотиб, ҳукуматни шаҳарликлар қўлиға олиш эди. Қипчоқлар хайрихоҳи камина қулингиз бу сирни ичимга ютолмай, бир неча воситалар бирлан Марғилон ҳокими Ўтаббойга билдирдим. Ўтаббой қушбеги Юсуфбек ҳожи-нинг ўғли бўлған мазкур Отабек билан унинг тарафдори ва қайин отаси Мирзакарим отлиқ кишини қўлға олиб зиндон қилди. Қушбегининг чақириши билан ҳузурига ҳозир бўлиб, Отабек оғзидан нимаики эшиткан бўлсам бир-бир сўзлаб бердим. Холис шаҳодатим сўнгида Отабек билан қайин отаси Мирзакаримни қушбеги осиб ўлдиришка буюрди.
Аммо Ўтаббойнинг кисаи хиёнатига Мирзакаримнинг ҳавлисидан келиб тушкан бир халта олтинлар баробарига дор остиға еткан эъвогарларни ўлимдан озод қилди, давлатнинг содиқ қулларидан бўлған каминаи холисни муттаҳамлар ерига зиндон қилмоқ ва осиб ўлдирмоқ бўлди. Чунки камина қулингизнинг сизга шикоят қилишимдан бениҳоят қўрқар эрди. Аммо давлатлари ёри бериб, садоқатлик хизматкорларингиздан бўлған Марғилон қўрбошисининг ёрдами бирлан Ўттабойнинг чангалидан аранг қутилишға муваффақ бўлдим…»
Мактубнинг шу ерига етканда Мусулмонқул хатдан бош кўтарди. Ҳозир унинг киприксиз қисиқ кўзларига ўтлар ёнмоқда эди. Қичқирди:
— Чилим!
«Шундоғ қилиб сизнинг ўз кишингиз бўлған Ўтаб-бой туз ҳақингизни унутди. Бир ҳамён олтин деб душман-ларингиз тарафига ўтди. Сизнинг хайрихоҳ қулларингиздан бўлған бири ўз шаҳрини ташлаб Қўқон қочмоққа ва улуғ даргоҳингизга сиғинмоққа мажбур бўлди. Мен, холис қулингиз ўзимнинг садоқатим эвазига бундай мукофот олғаним учун қайғирмайман ва лекин Ўтаббой ва Отабек каби хоинларни кундан-кунга куч олиб давлати шаҳриёриға даҳшатлик бир фалокат туғдиришларидан қайғираман. Бу мактуб содиқ бир қулнинг холис садоқатидан бир намунадир. Мен шунинг ила шояд ўз бўйнимдағи вазифани адо эткан бўлурман. Шояд давлат душманларини ўз оёғларидан йитиб кетишларига сабаб бўлған бўлурман.
Ўзимнинг бу хизматим эвазига бир мукофот олиш муддаосида бўлмағанимдан ва нимаики жаноблари йўлида машаққат чеккан бўлсам ўзимнинг бир виждоний вазифам деб билиб, бу мактубда ўз отимни ёзишға ҳам тиламадим. Ёш хонимизга тинч ва шавкатлик давр, давлат хоинларига ўлим тилаб бир ғариби бечора».
Мусулмонқул ниҳоятда тутоққан эди. Ҳозирги борлиқ аламини тамакудан оладирғандек ҳудайчи келтирган чилимга ёпишди-да, шиғ-ғ этдириб, сархонани синдириш даражасига еткузиб тортди. Оғзидан паға-паға тутун чиқарар экар, хатнинг мазмунини Худоёрға сўзлади.
Тошканд устига юборған сипоҳлари билан Нормуҳаммад қушбегини ниҳоят Тошкандни ололмай қайтиш хабарини эшитиб, сўнг даражада маъюсият ичида ўлтурган Мусулмонқул учун бу мактуб яра устига туз сепиш қабилидан тағин ҳам аламлик бўлиб тушкан эди.
— Худайчи!
— Лаббай тақсир!
— Мирзани чақир! — деди Мусулмонқул, сўнгра қўлидаги мактубни тахиға солар экан, Худоёрға деди:— Эшитдингизми, ўғлим! Азизбек билан Юсуфбек бизга нималар қилмоқчи бўладирлар? Ўзимизнинг содиқ кишимиз, деб ўғлаған Ўтаббой ҳам душманларимиз билан биргалашиб бошлаған… Хайр қўлларидан келганни қилиб кўрсинларчи, биз ҳам мундан кейин ўшандоқ кўрнамаклар билан қиладирған муомаламизни билармиз.
Ўз салтанатига рахна солишдан иборат бўлған бу хабарлардан Худоёрхоннинг мутаассир бўлғанлиғи белгусиз, ул бу гапни эшитмасдан илгари қандай бўлса, ҳозирда ҳам шу ҳолда ўзгаришсиз эди. Мусулмон-қулнинг ёниб турған, ўтдек тутоқиб сўзлаған гапини сукут билан кечирмаслик учунгина бўлса керак қуруқ ва ширасиз қилиб:
— Ҳаммадан ҳам Ўттабойни айтингиз, аблаҳ бир одам экан, — деди, — мени сийламағанда ҳам сизни риоя қилса керак эди.
— Яхшилиқ қилған кишингдан ҳеч бир яхшилиқ қайтмас экан, — деди Мусулмонқул. — Жумладан, биттаси кўз ўнгимизда — Азизбек. Мен уни ёшлиғидан бошлаб ўз қўлимда ўстирдим, Тошканд ҳокимлигидан Салимсоқбекни олиб унинг ўрнига ҳоким тайинладиқ. Бироқ шунчалик яхшилиқларимизға қарши натижада бизга ёғий бўлди, бўлсин; ул Тошканднинг ўзигагина қаноатланмай Марғилон билан ҳам иш қилмоқчи бўлса, бунисини ҳам биз кўрайлик.
Мирзабоши кириб хонға қуллиқ қилди ва Мусул-монқулға қараб қўл боғлади. Мусулмонқул яна хумори бўлған эди — «Чилим!» деб ташқариға қичқирди, сўнгра мирзобошиға деди:
— Ҳозир Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбегига бир хат ёзиб, чопар билан юбор. Хатни олған замон Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек деганни олиб ҳузуримизга келсин!
Мирзобаши қуллиқ қилиб орқаси билан юриб чиқди.

 

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хотима

17. ХОТИМА Бир йилдан сўнг Отабек уста Алим билан бирга Тошканд келди. Ҳожи ва Ўзбек ойим оғиз очиб ундан ранжий олмадилар. Ул меҳмонлар каби эди. На отаси ва на онаси билан ...

Юлдузли тунлар-21

4 Андижонлик бек ва навкарлар «Самарқандни олсак ҳамма мушкулларимиз осон бўлади», деб ўйлаган эдилар. Бироқ энг катта ишкалликлар Самарқанд олингандан кейин бошланди. Уч ...

От кишнаган оқшом (қисса) 67-68-қисм

67 Тарлонни миндим, сувини тушириш билан машғул бўлдим. Кўпкариларга миниб бордим. Борсам-да, чопмадим. Бировлар отида чопдим. 68 Вахшивордаги бир кўпкарида-да шундай ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400