КУМУШНИНГ СЎЗ ЎЮНИ

11. КУМУШНИНГ СЎЗ ЎЮНИ

Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмон-хонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар.
Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, Кумуш билан онасидан ҳўппак олар эди.
— Мен сизлардан жуда хафа бўлған эдим. Сизларни чурук латтага тугиб, токчаға ташлаш даражасига етган эдим. Наҳотки уч йил бўлсаю — бир йўли ўз билгуларингизча келмасаларингиз. Ўғлим бечора ой ўтмасдан бўзчининг мокисидек қатнаб турса… Ахир маним ҳам ўзимга яраша обрўм бор. Тошкандда кимсан, Юсуфбек ҳожи деганинг кўчиман. Худоёрхон ҳам бир кун кечаси келиб бизга меҳмон бўлдилар… Қушбегининг уй ичлари бўлса, бир ишни маним кенгашимсиз қилмайдирлар… Шунча обрў кўрган бир киши келиб-келиб наҳотки ўз қудасидан ва келинидан мунчалик обрўсизлик кўрса… Шаҳардаги каттадан кичик эртаю кеч қулоқ-миямни ейдирки, ҳой, марғилонлиқ келинингиз келдиларми, нега шундоғ келинингиз бўлатуриб Марғилонға ташлаб қўйибсиз? Мен бўлсам ҳеч сўз тополмағанимдан айтаман: — Келинимнинг онаси касал эмиш… Иккинчи вақтда: — Келиним бечора мунглуғ… дейман. Энди кўрсам милтиқнинг ўқидек, пушти гулнинг тўқидек келиним бор экан… Мен бу адабсизга тағин ўзим ўлтурган уйимни бўшатиб берибман-а, — дер эди.
Ўзбек ойимнинг дали-ғулилиғидан Офтоб ойим ва Кумуш унга жуда ўзлашиб олғанлар, унинг сўзига гоҳ кулиб, гоҳ узр айтар эдилар. Ҳозир уйда Отабек бўлмағани учунми, нимадан бўлса ҳам ҳар нучук Зайнаб ўз уйида куймаланишиб ётар ва меҳмонларни Ўзбек ойимнинг танҳо ўзига ташлаған эди.
Токчаларга шамълар ёқилиб, вақт хуфтанга яқинлашиб қолғандан сўнг уйга Отабек кирди.
Ул киргандан кейин Офтоб ойим билан Ўзбек ойим улар олдида ўлтиришни эб билмадилар-да, сирлашиш учун бошқа уйга чиқиб кетдилар. Уларнинг чиқиб кетишини кутиб турғандек, қўлиға бир чойдиш чой кўтаргани ҳолда Зайнаб кирди ва Отабекдан чой ичиб, ичмасини сўради.
Отабек ичмайман, деб жавоб берган эди, Кумуш ораға тушди.
— Мен ичаман, ўзингиз ҳам ўлтуринг.
Зайнаб унча қистатмади, ўлтуриб Кумушка чой қуйиб бера бошлади. Кумуш уни сўзга солиб сўради:
— Маним бало-қазодек етиб келишим учун хафа бўлгандирсиз?
Зайнаб Отабекка қараб олди:
— Нега хафа бўлай, — деди, — сиз келмаганингизда ҳам ўзлари борар эдилар…
— Бормас эдилар! — деди Кумуш, — мен билан уришиб келган эдилар…
Отабек Кумушка ер остидан кулиб қаради, Кумуш ҳам кулиб жавоб берди.
— Шу киши бирав билан уришадирларми? — деди Зайнаб, — икки йилдан бери менга бир оғиз қаттиғ сўз айтканларини билмайман…
— Тўғри айтасиз, — деди Кумуш, — бу киши эмас, мен уришкан эдим… Бу кишида сира гуноҳ йўқ ва аразимизга бир тўнғуз сабабчи бўлған эди.
— Ким бало экан ул? — деди Зайнаб.
— Бизнинг шаҳарнинг энг ярамаси, — деди Кумуш ва Отабекдан сўради, — сиз эшитдингизми, яқинда ўшани бир бек ўлдирибдир?
Отабек кулимсиради:
— Эшитдим…
— Ўша бекнинг ҳақига эшиткан кунимдан бери дуо қилиб келаман…
Зайнаб сўради:
— Сизларда қандай душманлиғи бор экан?
Отабек «енди нима дейсан» дегандек қилиб Кумушка қаради. Кумуш бўлса парвосиз жавоб берди:
— Ўша тўнғиз уйланмакчи бўлиб маним бир ўртоғимға совчи қўйиб юрар эди… Мен эрса ўртоғимни унга тегишдан айнаткан эдим. Айнатишим ҳалиғи тўнғузнинг қулоғиға етиб мени бу кишига чақибдир. Бу киши бўлса, нега биравни ўртасиға тушасан, деб мендан хафа бўлдилар…
«Бу киши» Кумушнинг ёлғон уюшдиришидан кулди, Зайнаб эрса эрини оқлаб тушди:
— Айб сизда экан, — деди, — сиз ҳам нега бирав-нинг ўртасиға тушасиз?
— Айб мендаликка менда, — деди Кумуш ва Отабекка қаради. — Нафсиламрга қарағанда айб бизнинг орамизға чўп бўлиб тушкан холамнинг қизи Зайнабда, шундоғ эмасми? — деб сўради.
Отабек сачраб Кумушка юз ўгирди:
— Бу ўртаға Зайнабни нимага келтуриб тиқасиз, энди?
Кумуш кулди ва эски ҳолини бузмади:
— Сиз ҳовлиқманг, бек, — деди, — тунови кун холамникига борған эдим, холам қизи Зайнабдан шикоят қилиб ҳамма гапни Ҳомид чўчқанинг қулоғиға еткизгучи ўз қизи Зайнаб гумбаз бўлғанини бирма-бир айтиб берди, билдингизми?
Отабек зўрға-зўрға хахолашдан ўзини тутиб қол-ди:
— Нима бўлғанда ҳам айб сизда, нега бошда ўзингиз бу ишка аралашдингиз, ахир? — деди.
Зайнаб:
— Ўзингизнинг аралашишингиз чакки-да, — деб қўйди.
Кумуш жиддий тус олди:
— Сиз айткандек Зайнаб гумбазда ҳам айб йўқ, менга қолса ҳамма гуноҳ бек отам билан хон ойимда,— деди. — Орзу-ҳаваслик жойни қидирмасдан қизларини бир кишига бериб қўя қолсалар — албатта бу савдолар йўқ эди… Наҳотки икки йилдан бери неча бечорани зир қатнатиб овора қилсалар, Тошканд қишлоғи билан Марғилоннинг ораси озғина йўлми, ахир?
Отабек хахолаб юборди:
— Ҳамон айбни ўз бўйнингизга олмайсиз, астағ-фируллоҳ…
Зайнаб Кумушдан:
— Бек отангиз билан хон ойингиз ким?
— Ҳалиги мен айткан ўртоғимнинг ота-оналари… Орзу-ҳавас қидириб бечора қизларини қаритиб қўйдилар.
— Нега сиз тайёр куявдан ўртоғингизни айнатдингиз?
— Давлати бўлса ҳам ўзи тери намойиш эди… Киши давлат учун эрга теккандан ерга тексин…
— Албатта, — деди Зайнаб.
Отабек Кумушнинг сўз ўюнига ажабланар ва хой шайтон, дегандек унга қарар эди.
Кумуш яна тинчий олмади:
— Бизнинг уришиб қолишимиз учун Карим сандиқчининг ҳам дахли бор, — деди.
Отабек жўрттага сўради:
— Қандай дахли бўлсин. Сизга қолса, бутун шаҳар дахлдор экан-да?
— Шошманг жоним, — деди Кумуш, — нега ўйламай-нетмай эшигига бош уриб келган бир йигитни қувлаб соладир?
— Астағфируллоҳ… унинг қувланишиға ҳам Ҳомид сабаб бўлған. Ҳомиднинг ёмонлиғиға эрса сиз сабаб бўлғансиз…
Зайнаб нимадир сўрамоқчи бўлған эди, Кумуш унга йўл бермади.
— У ҳам эмас, бу ҳам эмас, — деди, — ҳаммаси худонинг тақдири.
Отабек:
— Ана энди тўғри айтдингиз.
Кумуш:
— Икки ўртада дум қидириб қулоқдан ҳам ажралған пучуқ ойимнинг ҳоли ҳам худонинг тақдири!
Отабек кулди. Зайнаб кейинги сўзларга тушуна олмаған, шунга кўра Кумушдан изоҳлар олмоқчи эди. Кумуш унга изоҳлар уюшдиришни хоҳламағанлиқдан сўзни четка чалғитиб юборди:
— Неча ёшқа кирдингиз, Зайнаб опа?
— Ўн тўққузға шекиллик.
— Ҳали сиз бола экансиз, — деди Кумуш.
— Сиз нечага кирдингиз?
— Мени сўраманг, мен энди қариб қолдим…
Зайнаб унга ҳасадланиб қаради ва кучланиб айтди:
— Ҳали ёшқа ўхшайсиз-ку.
— Неча ёшқа кирган деб ўйлайсиз?
Зайнаб Кумушнинг тўлиб етмаган гавдасига ва ўн олти ёшлар чамалиқ ғубор тегмаган ҳуснига ҳайрон бўлиб, мулоҳазасини айтишдан қўрқди. Зайнабка қолса эҳтимолки Кумуш ўзидан ҳам ёш чиқар эди.
— Мен қаёқдан билай…
— Йигирмага кирдим.
— Мендан бир ёш катта экансиз.
— Сиздан албатта каттаман, — деди Кумуш.
Кумушнинг «албатта каттаман» деган сўзини Отабек ичидан тасдиқлади, унинг ҳусндагина эмас, ақлда ва бошқада Зайнабдан неча баробар юқорида эканини ўйлади. Ораға бир неча дақиқалиқ сўзсизлик кирди. Отабек ер остидан Кумушка нигоҳ ташлар, Зайнаб гиламнинг попугини чирмаб ниманингдир хаёлини сурар, Кумуш бўлса ҳеч кимга ҳам қарамай мудраған сумол ўлтурар эди. Кумушни бу ҳолда кўриб Отабекнинг юраги ачиди…
— Йўлда чарчаған кўринасиз, Кумуш.
Зайнаб гиламдан кўзини олди, Кумуш мудрашдан чўчиди…
— Қайдам…
— Биз кетайлик, сиз тинчиб ухланг, — деди Отабек.
— Майли… Хуфтанни ҳам ўқуй олмайдирған ўхшайман.
— Зарари йўқ, — деди, — ёлғиз қўрқмайсизми… Ёнингизда Зайнаб ётсинми?
— Зайнабниса сиз билан ётсин… Мен ёлғизлиқға ўрганганман…
— Онангизни чақириб берайлик бўлмаса.
— Раҳмат.
— Ёлғиз ётиб қолгангизни айниқса ойим эшитса…
— Сиз билан Зайнабниса ёлғиз ётиб қолғанимни айтмасангиз, ҳеч ким билмайдир… Ўрин ўшами?
Зайнаб нимагадир жуда ҳам қувониб кетди. Шунинг учун бўлса керак, Кумушни ўрин ёзишға қўймай ўзи пар тўшакни олиб ерга солди. Кумуш мудраған кўйи Зайнабка ташаккур айтиб тўрдаги бурчакка ўлтуриб олди. Отабек бериги бурчакдан туриб уни қўли билан янар ва кулимсираб хўмраяр эди. Кумуш мудраған кўйи, сузилган кўйи илжайиб жавоб берар эди…
Ўрнини солиб битиргандан кейин, Зайнаб қаноатланиб уйдан чиқмоқчи бўлған эди, уни Кумуш тўхтатди:
— Зайнабниса, — деди, Зайнаб қаради, — бу кишини ташқариға чиқиб ётишға қўйманг, тузикми?
— Нимага?
— Нимагаки, дадамнинг кўнглига гап келадир.
— Хўб, — деди Зайнаб ва эшитдингми дегандек қилиб эрига қараб олғандан кейин уйдан чиқди. Унинг кетича Кумуш Отабекка қаттиғ қилиб айтди:
— Қани, сиз ҳам уйингизга!..
Зайнаб жуда ишонған ҳолда ўз уйига бориб етди.
— Чиндан айтиб ётибман, эшитасизми?
Отабек ўзини ғафлатка солиб Кумушнинг ёниға борди:
— Сиз…
— Мен?
— Сиз қувсиз…
— Мен қув эмасман, — деди кулиб Кумуш, — мен ҳали урушиғлиқ ҳолдаман, ярашқаним йўқ.
— Боя нималарни сўзладингиз, сир очиладими, деб жоним бўғзимға келди.
— Нега сир очилсин? — деди, — мен сиз билан ўткан ишлар ҳақида сўзлашмоқчи бўлиб турар эдим — ўзи жўрттага кириб келди. Мен ҳам сўзимни тўхтатмай жўрттага бошқа йўлда айтиб чиқдим. Нима, бир нарса пайқадими?
— Пайқамади-ку… Шундоғ бўлса ҳам мен жуда қўрқдим.
— Ҳали шу юрагингиз билан уч кишини ўлдирдингизми, мен ишонмайман, — деди Кумуш ва Отабекнинг ханжар теккан қўлининг чизиғиға кўзи тушди. — Пичоқ ёмон кесипти… Чумчуқ сўйдингизми? Қани чиқинг, мен ётаман.
— Ёта берингиз.
— Сизнинг олдингизда ешинайми?
— Уялсангиз мен юзимни ўгириб турай, — деди ва юзини четка бурди.
— Қараманг бўлмаса, — деди Кумуш ешинар экан, — «бўлғани йўқ, бўлғани йўқ» деган сўзни беш-олти қайта такрорлади ва ўринга кириб олғандан кейин ҳам «бўлғани йўқ, бўлғани йўқ» деб кулар эди.
Отабек ниҳоятсиз «бўлғани йўқ» дан зерикиб қаради:
— Алдамчи.
— Бу алдашлар — алдаш эмас, сиз ҳали қараб туринг, қочқоқ.
— Аниқ қўрқмайсизми ёлғиз?
— Нега қўрқай, икки йил ёлғиз ётиб, энди жуда ўргандим… Эҳтимол сиз ёлғизлиқдан қўрқарсиз.
— Киноянгиз…
— Бу киноя эмас, тўғри сўзим, — деди Кумуш,— мен бу ҳолда ёлғиз ҳам эмасман…
— Бу нима деган сўзингиз тағин?
— Яъни ҳамроҳим бор, деганим — мендан қўрқманг, деганим…
Отабек яна тушунмади…
— Ҳамроҳингиз…
— Ҳамроҳимми? — деди Кумуш, — ҳамроҳим биравнинг хаёли, биравнинг фикри. Бас, бундан ҳам яхши рафиқ борми? Баъзи вақтларда бу йўлдош уйқудан ҳам ширин.
Отабек «ҳамроҳ»га тушунди ва ётиб Кумушнинг юзидан ўпди:
— Лекин мен бу сўзингизга ишонмайман.
— Нега ишонмайсиз?
— Негаки, сиз анови… кечаси ҳамроҳсиз эдингиз… Пиш-пиш ухлар эдингиз…
Кумуш Отабекнинг елкасига қўлини ташлади:
— Ўшал вақтларда ҳамроҳсиз ухлағаним тўғри, — деди, — чунки биравлардан бутунлай умидим кесилган, ҳамроҳим менга ҳамиша умидсизликгина берар, даҳ-шатимнигина ортдирар эди. Аммо ўша кунларда уйқу менга жуда ширин бир нарса бўлиб қолған, мен уйқудағина биравларни кўрар ва кундузлари ҳам уйқу қидирар эдим. Энди бўлса яна йўлдошим хаёл… Тағин нима дейсиз?
— Ҳеч нарса демайман… Лекин сиз икки йил бурунғи Кумуш эмассиз.
Кумуш кўрпага бурканиб олди:
— Чиқинг… уйқум келди.
Отабек зўрғагина ўрнидан турди… Ул узоғлаш-қандан кейин Кумуш секингина юзидан кўрпани олди ва мудроқ кўзлари билан Отабекка кулимсираб қаради. Отабек ҳавлидағи оёғ товшини эшитиб, токчадағи шамълардан учтасини ўчирған эди, даричадан Зайнаб кўринди:
«Ҳали ҳам шу ерда экансиз, мен сизни ташқариға чиқғансиз, деб ўйлабман…» деди. Отабек жавоб бермай қолған шамъларни ўчирди. Зайнабнинг «ҳали ҳам шу ерда…» сўзи билан Кумушнинг кўзи уйқудан очилиб кеткан эди… Отабек эшикни ёпиб чиқди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-12

2 Бобур мирзонинг опаси Хонзода бегим мулла Фазлиддинни кўпдан бери ҳайратга солиб келади. Бундан тўрт йил муқаддам мулла Фазлиддин Ҳиротдан келиб Умаршайх мирзонинг ...

Чингиз айтматов:қиёмат 12-қисм

Ростини айтсам, ўша соатда бошимдан нима кечаётганлигини англамас, англашни ҳам истамас эдим. Кўринишдан худди менга ўхшаган, худди мен каби одам бўлган ўн қўшиқчига нега бу ...

Кундаш — кундашдир

12. КУНДАШ — КУНДАШДИР Кумуш қайин отаси билан қайин онасига уч-тўрт куннинг ичидаёқ ўзини кўрсатиб қўйди, ширин ва ақллик муомалалари билан уларни ўзига мафтун қилди. ...