Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида дунёга келган уч эгизак қизалоққа Барчин, Гавҳар ва Гумис (Кумуш) деб исм қўйилди. Бу ҳақда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Сарбиназ Абатова маълум қилди, дея хабар бермоқда «KRuz.uz».
«Эгизак қизларимга ота-онам исм қўйишди. Бошида Президентимиз шарафига исм қўймоқчи эдик. Аммо қизларга хос исм тополмадик», — дейди эгизакларнинг отаси Мурат Жумамуратов.
Уч эгизак қизалоққача Мурат Жумамуратовнинг уч нафар фарзанди бор эди — Алпомиш исмли тўнғич ўғли ҳамда Айдана ва Гулдана исмли эгизак қизлари.
Маълум бўлишича— Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ва Ўзбекистон биринчи хоними Зироатхон Ҳошимованинг Саида ва Шаҳноза исмли қизлари ва Миралишер исмли ўғли бор.
Баъзи бир норасмий маълумотларга қараганда Ўзбекистонда сўнги вақтларда уч эгизаклар кўп туғилмоқда, уларнинг ота-оналарига маҳаллий ҳокимлар қистови билан Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб Президенти шарафига исм қўйишмоқда. Баъзи бир ҳокимлар эса Президент номидан у оилага автомобил совға қилмоқда. Баъзиларни эса қуруқ қўймоқда. Ижтимой тармоқлардага изоҳларнинг кўпчилигида бу кўринишлар маддоҳлик билан тенглаштирилмоқда. Аввалги Президент шарафига қўйилган исмларни у кетганидан сўнг йўқолиб кетганини таъкидлашмоқда.