Саида Зуннунова ёки раҳбарнинг қаҳрига учраганимиз ҳақида

Ёзувчилар уюшмасида Ш. Рашидовнинг “Қудратли тўлқин” романи муҳокама бўлди. Муҳокамада алоҳида рўйхатга киритилган кишиларгина қатнашишди. К. Яшин мени ҳам рўйхатда бор деб ўйлаб “ўқиб тайёрланинг” деб қўлёзмани берди. Икки кун ўтириб ўқиб чиқдим.

Фото: XABAR.UZ “САИД БИЛАН САИДА” фильмидан.

Муҳокамада биринчи Уйғун гапирди. Сўзларидан қўлёзмани чала-чулпа ўқигани билиниб турар эди.

– Ўзинглар биласизлар, – деб гап бошлади у. – Уйимнинг шундоққина ёнидан трамвай ўтади. Кеча-кундуз уйқу бермайди. Жуда нотинч жой. Сизнинг романингизни ўқиётганимда, ўлай агар, трамвай ўтганини мутлақо билмадим.

Уйғун роман муҳокамаси баҳона раҳбар – автордан тилёғламалик қилиб ўзига уй сўраётган эди.

Шундан кейин Воҳид Зоҳидов сўз олди. Унинг гапларидан романни мутлақо ўқимагани билиниб турарди.

– Сиз чинакам маҳоратли совет ёзувчисисиз. Қаҳрамонларингиз ўзингизга ўхшаган пок одамлар. Ўқиб туриб нақадар гўзал фуқароларимиз бор деб қувониб кетасан киши. Бу романингиз ҳам аввалгилардай қўлма-қўл бўлиб кетишига аминман.

Унинг ялтоқланаётганини, ёлғон гапираётганини авторнинг ўзи ҳам билиб турарди. Аммо Зоҳидовнинг бежама гаплари хуш ёққанидан мамнун кулиб ўтирарди.

 

Муҳокаманинг охирроқларида менга сўз беришди. Мен ҳам кўпдан қолмай деб озроқ мақтаган бўлдим. Кейин қўлёзмада нотўғри ишлатилган сўзларни айтдим. Бунақа нотўғри сўзлар кўп эди. Уларни рўйхат қилиб олган эдим. Шулардан атиги бештасини айтдим. Шароф ака пешанасини тириштириб гапимни эшитгандай бўлди.

Охирида унга сўз беришди. У ҳаммага миннатдорчилик билдириб, менга таъна қилди:

– Сиз романни 1 марта ўқибсиз. 2 марта ўқиш керак эди.

Ёшлик қилибми, “гап келганда отангни аяма” деган гапга амал қилибми, “2 марта ўқиганда ҳам хато сўзлар тўғри бўлиб қолмайди-ку” деб юбордим.

Шундан бироз ўтиб Саиданинг “Сўқмоқлар” қиссаси “Шарқ Юлдузи” журналида эълон қилинади. Бир гуруҳ ёзувчилар қиссага ҳужум уюштирдилар. Уюшма ҳайъатида муҳокама қилдилар. Қиссани “Совет воқеалигига зид, ҳаётни бузиб кўрсатган” деб айблайдилар. Марказқўм ҳайъатида Саида масаласи муҳокама қилинади. Саида ўша кезларда ҳомиладор бўлганидан уни бюро мажлисига чақирмайдилар. Бюро ҳам “Сўқмоқлар”ни зарарли асар деб топади.

Саида учун ҳамма йўллар беркилди. Радио, тв., матбуот Саидадан юз ўгиради. Бундай тақдир мени ҳам бошимга тушди. Асарларим босилмайдиган, тв., ҳам, радио ҳам асарларимни эшиттирмайдиган бўлди.

Буларнинг ҳаммаси ўша “Қудратли тўлқин”ни танқид қилганим ва муаллиф – раҳбарнинг гапига гап қайтарганим учун эди.

 

1964 йили “Уфқ” романим Ҳамза мукофотига тавсия қилинади. Рўйхатда Шайхзоданинг “Улуғбек” драмаси ҳам бор эди. Ўша йили 2 собиқ халқ душмани рўйхатга киргани учун мукофот ҳеч кимга берилмади. Мукофотга қўйилган асарлар ҳақида матбуотда фикрлар эълон қилинар эди. “Уфқ” тўғрисида А. Қаҳҳорнинг мақоласи босилди. У мақола охирида “Уфқ” тенгқурлари орасида ялтираб турибди” деб ёзган эди. Романимнинг мукофотсиз қолиб кетишига қисман шу жумла ҳам сабаб бўлди. А. Қаҳҳор тенгқурлари деганда Рашидовнинг ҳам романини кўзда тутган эди. Биз сабаб бўлиб бошқалар ҳам мукофотдан қуруқ қолишди. Келаси йили Шайхзоданинг номини ўчириб, Ш. Бурҳоновга Улуғбек роли учун мукофот берилди. Ҳа, муаллиф қолиб кетиб, Улуғбек ролини ўйнаган актёр мукофот олди.

 

Саидахон вафот этганда Рашидов уйга қўнғироқ қилди.

– Қачон, қайерда бўлди?

– Эски шаҳардаги касалхонада.

– Бошқа касалхона қуриб кетганмиди? – деди у ғазаб билан.

– Икковимизни ҳам имтиёзли шифохонадан чиқариб юборишган.

Рашидов анча пайт жим қолди. Кейин:

– Қандоқ ёрдам керак бўлса олдимга кел, – деб трубкани қўйди.

Энди менга ёрдам керак эмас эди.

Орадан бирон ой ўтиб Рашидов мени чақирди. “Қирқ беш кун” романим маъқул бўлганини айтди. Суҳбат охирида у Саидахон олдида қарздор эканини, ундан узр сўрамоқчи бўлганини, афсуски, шу нияти амалга ошмай қолганини айтди.

 

Саид Аҳмад, “Йўқотганларим ва топганларим”

 

P.S. Ҳамма замонда ҳам раҳбарларга ҳақ гап бўлсада танқид ёқмаган, аксинча, ёлғон бўлса ҳам мақтов жуда ёққан. Шу жумладан раҳматли Шароф Рашидовга ҳам. Юқоридаги воқеа буни исботи.


Манба:Bugunning gapi 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 38-39-қисм

38 Ора совиди. Қишлоқ тинчиди. Ана шунда Тарлонни уйга олиб келдим. Чавандозлар белига пул ўраб, Обоқлига йўл олди. Обоқлидан от олиб келди. От билан ажаб гапларни-да топиб ...

Чингиз айтматов:қиёмат 17-қисм

Эртасига тонг қоронғусида турдилар. Субҳи содиқ эндигина оқариб келяпти. Чеккароқдаги ҳовлилар ҳали уйқуда. Уч чопар томорқалардан ўтиб, овоз чиқармай чўлга чиқдилар. Ҳатто ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-13

Еттинчи боб Шундай кунлар яқинлашмоқда эди... Маст уйқуга кетгунга қадар уззукун тўлқинланиб, орзиқиб Мирзагулнинг жавоб хатини кутиш ҳисси уни тарк этмади... У нима билан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400