От кишнаган оқшом (қисса) 21-қисм

21


Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим.
Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди!
Ўзлари бўлолмайди, бўлганни кўролмайди! Бизнинг омадимизни камситади! Бизнинг муваффақиятимизни ерга уради! Парокандалигимизни кўриб қувонади! Яйраб кулади, мириқиб кулади! Вой бечора-е, вой бечора-а, дейди! Начора, биродарлар, начора, сут билан кирган, жон билан чиқади!.. Бугунги кўпкарида-да шундай бўлди.
Шўрчидан Файзулла чавандоз келди. Во уккағар, ана чавандоз! Беш кетдим! Остидаги оти қизбел! Сув илондай чопди! Улоқни кетма-кет икки бор айирди!
Учинчиси менда кетди.
Улоқ гоҳ шўрчиликларда, гоҳ бизда, гоҳ вахшиворликларда юрди. Бойсунликларга тегмади. Файзулла чавандоз улоқни учини бор ердан узиб олди!
Ана шунда бойсунликлар куйиб кетди! Бир бойсунлик Файзулла отининг жиловидан тортиб қолди. Яна бир бойсунлик улоқни юлқиб-юлқиб тортди, Файзулла чавандоз қўлидан тушириб юборди!
Файзулла чавандоз яна улоққа узалди. Яна улоқни олиб жўнади. Қизбели тозидай чопди!
Бойсунликлар кейинда қолиб кетди. Аммо улкан бир айғир изма-из етиб борди. Айғир чавандози улоққа узалмади. Йўқ, узалмади. Айғир, Файзулланинг Қизбелини кўкраги билан уриб ўтиб кетди! Қасддан қилди, қасддан!
Файзулла чавандоз Қизбели умбалоқ ошиб йиқилди. Файзулла Қизбел оти бошидан ерга айланиб тушди.
Қизбел сапчиб турди, беш-олти одим қўйди. Кейин, чавандозига қараб юрди. Чавандози олдида оёқ илди.
Файзулла чавандоз йиқилиш зарбидан ирғиб туриб кетди. Уст-бошларини қоқди.
E, тавба-е, тавба-е! Чавандоз девордан ағнаса, албатта бир ери лат ейди. Майдагина эшакдан йиқилса, хиёл вақт қимирламай ётади. Ўқдай учиб бораётган отдан йиқилса, ҳеч нима кўрмагандай, сапчиб туриб кетади!
Биродарлар, эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от йиқитса, ёлини тўшайди!
Файзулла чавандоз Қизбел олдига борди. Қизбел баданига ёпишган лойларни артди. Қорнига сидирилиб тушган эгарни олди. Қайтатдан эгарлади.
Тағин тўдага от қўйиб келди. Улоққа қаҳр билан ёпишди.
Бу сафар бойсунликлар улоқни от туёқлари остига бостириб олди.
Файзулла чавандоз улоқни туёқлар остидан тортиб ололмади. Тўдадан энтикиб-ентикиб чиқди.
— … сиғса от мин-да, баччағар! Ўл-е, шу кунинга-е! Тфу! — деди.
Файзулла чавандоз тупиги улкан айғир сағрисига сачради.
Файзулла чавандоз араз уриб кетди. Изидан узанги йўлдошлари жўнади.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 27-қисм

27 Эртаси куни отлар сероб бўлди. От кўплигидан бинойидай отлар-да тўдага тумшуғини тиқолмади. Бир ош пиширим вақт ўтди. Улоқ ердан қимирламади. Қимирласа-да, беш-ўн одим ...

От кишнаган оқшом (қисса) 83-қисм

83 Қош қорайди. Одам одамни танимайдиган бўлди. Бир амаллаб чап ёнбош бўлдим. Тарлон оёғини қучоқладим. Тиззасига пешонамни қўйдим. Узалиб, олд қопқоғига шапатиладим. Тарлон ...

Юлдузли тунлар-33

4 Сувларнинг юзи хазонларга тўлиб оқадиган сершамол куз кунлари бошланди. Самарқанддан ўттиз чақиримча шарқ-жануб томонда, Панжакентдан қуйида Зарафшон дарёсини кечиб ўтган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400