Юлдузли тунлар-81

5

Хилватхонадан сал нарида — сарой ошхонасида овқат пишириб юрган Баҳлул исмли ўрта яшар бир ошпаз ҳам войиннинг чоҳи тагида жон берган ер қазувчиларни кўрган эди. Бу фожиа ошпазга Панипат жангида фотиҳларнинг қиличидан ҳалок бўлган йигирма яшар суюкли инисини эслатган ва қалбидаги интиқом туйғусини яна жунбишга келтирган эди.


Аҳмад чошнагир малика Байданинг канизларидан бирини орага қўйиб, заҳарни шу Баҳлулга етказиб берган эди. Малика Байданинг яна бир канизи келиб, режани ҳозирги пашкол кунларда — Бобур бирон ёққа юришга кетиб қолмасидан олдин амалга ошириш кераклигини айтган эди.
Тўрт букланган оқ қоғоз ичида зираворга ўхшаб турган заҳар икки мисқолгина бўлса ҳам Баҳлулга зўр бир пўлат қуролдек оғир туюларди. У жангда ватанини ҳимоя қилиб жон берган инисининг ўчини шу қурол ёрдамида олишни ва фотиҳларни бу ердан тезроқ қувишни истар эди. Агар Бобур ўлдирилса, фотиҳлар Ҳиндистонда туролмай кетиб қолишларига Аҳмад чошнагир Баҳлулни ишонтирган эди.
Подшоҳ ошхонасида ҳар бир таомни текшириб татиб кўрадиган махсус баковуллар бўлар эди. Қаттиқ ёмғир ёғаётган куни кечқурун шу баковуллар ароқ ичиб, маст бўлиб қолишди.
Қозонда карунди дарахтининг нордон мевасидан қўшиб тайёрланган мазали қайла пишиб турибди. Бобур бу қайлани яхши кўришини Баҳлул билар эди. У секин қўйин чўнтагига қўл солиб, тўрт буклоғлиқ қоғозни олди. Ошхонада ҳеч ким йўқ. Баковуллар нариги хонада маст бўлиб ашула айтишяпти, шамол аралаш ёмғир ёғяпти.
Баҳлул заҳарни қозонга солмади — баковулларнинг ароққа қайлани газак қилиш одатлари бор, еб кўришса, заҳарланиб, билдириб қўйишлари мумкин. Шунинг учун ошпаз заҳарни Бобур овқат ейдиган чинни лаганга юпқа лочира нон устига сепа бошлади. Бирдан шамол ташқи эшикни қарсиллатиб ёпти. Баҳлулга кимдир келаётгандай туюлди-ю, заҳарнинг қолганини қозон тагида ёниб турган оловга отди. Кейин чинни лагандаги заҳар сепилган лочира устига тез-тез қайлани солди.
Орадан сал вақт ўтгач, савдар кирди, қуён гўштидан қилинган қовурдоқни ва қайла солинган чинни лаганни Бобур овқат еб ўтирган хўракхонага олиб чиқиб кетди.
Аҳмад чошнагир бу заҳарни таъмидан билиб бўлмаслигини, унинг таъсири аста-секин билинишини айтган эди. Баҳлул сир очилгунча қўрғон дарвозасидан чиқиб кетиш умидида эди. Аммо у ошхона эшигидан чиқаётганда ширакайф баковуллардан бирига дуч келди.
— Қани, қуён гўштидан бизга ҳам қолдирдингми?
— Қайла бор, соҳиб.
— Йўқ, қуён қовурдоғи керак!
— Қовурдоқ оз эди, ҳаммасини ҳазратга бериб юбордим. Қайла ей қолинг, газакка яхши.
— Йўқ! Қуён кўп эди-ку! Нега бизга қолдирмадинг?
— Ҳаммасини қовурганим йўқ эди…
— Бўлмаса ҳозир бизга қуён гўштидан қовуриб бер! Тез!
Баковулнинг йўғон гавдаси эшикни тўсиб турарди.
Ошпаз орқага қайтди ва саросима ҳаракатлар билан ёғ доғлаб, қуён гўштини қовуришга тайёрлай бошлади.
Ёмғирли тун саройни чулғаб олган. Шу пайт бирдан хос навкарлар табибга югуриб, баковуллар бир-бирини чақириб, ошхонанинг ич-таши тўполон бўлиб кетди. Хилватгоҳда ўтирган Тоҳир ҳам хўракхонага чопиб келди.
Бобур устма-уст қайт қилиб, юзи кўкариб кетган. У нафаси қайтиб, ташқарига интилди, аммо икки қадам қўйгунча бўлмай гандираклаб йиқила бошлади. Тоҳир чопиб бориб, уни қўлтиғидан суяб олди. Табиб Юсуфий Бобурнинг нариги қўлтиғига кирди. Жонсарак бўлиб қолган савдарларга буюрди.
— Ичкарига жой қилинг!
— Равонга! — деди Бобур ютоқиб.
Унинг кўнгли беҳуд, боши гир-гир айланар, нуқул ҳаво етишмаётгандай бўлар эди.
Бобурни равонга суяб чиқариб ётқиздилар. Табиб юракка қувват берадиган доридан ҳидлатди.
— Сизга не бўлди, ҳазратим? Майни кўп ичдингизми? Ё маъжун аралашдими?
— Овқатда бир сир бор! — деди Бобур ва яна кўнгли айниб, чинни тоз устига энгашди. —
Ошпаз тафтиш қилинсин!
Шу пайт қайладан еган яна икки мулозим Бобурга ўхшаб қайт қилаётгани маълум бўлди. Баковуллар қайла пиширган Баҳлулни тутиб, саройнинг энг қаттиққўл терговчисига топширдилар. Терговчи уни турли қийноқларга солиб сўроқ қилишга киришди.
Бобур туни бўйи ўлим билан олишиб чиқди. Ҳар қайт қилганда юрак-бағри узилиб, парчаланиб чиқаётгандай оғрир, гоҳо нафаси ичига тушиб кетар эди. Табиб унинг тепасидан кетмай:
— Шифо топасиз, бардам бўлинг! — деб тасалли берар эди.
Тоҳир ҳам табибга қарашиб, туни бўйи мижжа қоқмай чиқди. У Бобурнинг бошини тутар, тер босган юзини, бўйинларини елпир эди. Бобурнинг заҳар азобидан тўлғанаётганини кўрган сари, ўзи ҳам заҳар ичгандай қийналар эди. Тонг пайти Бобур алаҳсирагандай бўлиб, Ҳумоюн билан Моҳим бегимни йўқлай бошлади.
Шимолий чегаралар яна нотинч бўлиб қолгани учун Бобур Ҳумоюнни ўтган ойда Бадахшонга қайтариб юборган эди. Моҳим бегим ҳамон Кобулда эди.

— Ҳумоюн мирзога чопар юборайликми? — деб сўради Тоҳир.
Бобур кўзини очиб, хиёл ўзига келгандек бўлди. Чопар Кобул ва Бадахшонга етиб боргунча камида бир ой вақт ўтади. Бу орада бирон кориҳол бўлса на Ҳумоюн, на Моҳим бегим етиб келолмасликлари аниқ. Бобур ғамгин бош чайқаб:
— Фойдаси йўқ, — деди.
Унинг аҳволи тобора танг бўлаётганини кўрган Тоҳир:
— Ҳазратим, бардам бўлинг! — деб илтижо қилди.— Биз сиз билан неча ўлимлардан қолганмиз! Дардга бўй берманг, енгасиз!
— Лекин… бундай фалокат… биринчи учраши!..
Бобур беҳол қўзғалиб яна тоз устига энгашди, оғриқ зарбидан кўзларига дув-дув ёш келди. Сўнг бошини яна ёстиққа қўйиб кўзини юмиб ётганда равонга терговчи кирди.
Юсуфий унга:
— Қисқа сўзланг, фақат ахборот! — деб шипшиди.
Терговчи Байдани ҳам сўроқ қилганини, нариги учовига шу бадбахт малика бош бўлганини, лекин таш-қи душманлар билан, жумладан, Рано Санграм Синх билан алоқаси борлигини рад этганини, бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортганини айтиб берди.
— Малъунлар!.. деди Бобур ётган жойида ғазабдан овози қалтираб. — Мен уларга шунчалик ишониб… илкидин таом есам… иззат-икром қилсам!..
— Ҳазратим, бу иблисларни минг қийноққа солиб ўлдирмоқ керак!
— Нариги учовини… қоидага биноан қатл эттиринг! Байда… кейин!
— Бош устига! — деб терговчи чиқиб кетди.
Қоидага биноан, подшоҳнинг жонига қасд қилганлар энг оғир қийноқларга солиб ўлдириларди. Ошпаз Баҳлулнинг териси тириклай шилиниб олинди. Жаллодлар Аҳмад чошнагирнинг аввал қўл-оёқларини кесиб, кейин бошини танасидан узиб, вужудини парча-парча қилиб ташладилар. Икки орада воситачи турган ва усталик билан саройга заҳар олиб кириб, ошпазга берган канизак қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб ўлдирилди.
Малика Байда энг қаттиқ ҳибсда сақланар, энди одамлар унинг қандай қатл этилишини кутар эди.
Табиб Юсуфий Бобурнинг ҳаёти учун икки кечаю кундуз тинмай курашди. Тоҳир ҳам икки кечаю кундуз беморнинг ёнидан жилмай, хизматини қилди. Ниҳоят, учинчи кун табиб:
— Худога минг қатла шукр, ҳазратим, бир ўлимдан қолдингиз! — деди. — Онадан қайта туғилгандай бўлдингиз. Энди озгина қатиқ ичинг. Сўнгра ухланг!
Бобур бир пиёла қатиқ ичгач, кўзини юмиб, ёстиққа бош қўйди. Лекин бошидан ўтган ўлим даҳшати ҳамон хаёлидан нари кетмасди. Унинг жони шунча вақт қил учида осилиб турганини ўйласа, беихтиёр ваҳми келарди. Шу қил узилса ўлим деб аталадиган зулмат қаърига қулаб тушишини икки кун давомида муттасил ҳис қилиш унда яшаш истагини кучайтириб юборган эди. Ҳаётнинг бир лаҳзаси, бир учқуни дунёнинг барча бойликларию тожу тахтларидан ҳам азиз эканлиги унга энди астойдил сезилди. Унинг азобдан толиққан вужуди ҳамон беҳол бўлса ҳам руҳида нимадир ўзгаргандек ва дунё кўзига бошқачароқ кўрингандек бўларди. Ҳар бир кишининг фақат биттагина умри бор экан ва умрнинг ҳар лаҳзаси шу қадар ширин экан, Бобурнинг ёшига етмай ўлиб кетганларга осон тутиб бўладими? Иброҳим Лоди ундан тўрт ёш кичик эди. Малика Байда буни унутиши ва Бобур яхши муомала қилгани учунгина уни кечириб, фарзанди ўрнида эъзозлаши мумкинмиди? Жангда эришган ғалабалари унга энг мушкул ишларни ҳам осон кўрсатиб қўйгани учун бўлса керакки, Бобур Иброҳим Лодининг онасига шунчалик ишонган ва унинг амрида бўлган ошпазларни ишга олган экан-да! Бу ошпазлар тайёрлаган ҳиндча таомларни ейиш билан эл-улуснинг кўнглини олмоқчи бўлгани ҳам, унинг ўз кучига ортиқ даражада ишонганидан келиб чиқмаганмикин? Ҳолбуки, кечаги душманларни бугун дарҳол дўстга айлантириш осонми? Хусусан, Байдадек фарзанд доғида куйиб юрганлар ёки ошпаз Баҳлулдек инисининг қасдини олмоқчи бўлганлар билан муомалада эҳтиёткорроқ бўлиши керак эмасмиди? Кобулда Моҳим бегим айтган изтиробли гаплар яна унинг ёдига тушди. Бегона юртдан борган фотиҳни осонликча кечирмасликлари, унинг қиличидан пайдо бўлган яралар асрлар давомида битмаслиги рост бўлса… Бобур бу мамлакат халқининг кўнглини олиши учун қанча кўп йиллар керак бўлади? Бунга унинг умри етармикин? Умуман, бу ўзи эришиш мумкин бўлган мақсадми ёки сароб?..
Бу ўйлардан Бобур яна боши берк кўчага кириб қолгандай бўлди, келажак кўзига қоронғи кўриниб кетди.
Фақат танасига аста-секин қайтиб келаётган ҳаётий кучлар шу зулматни ёриб ўтиб келаётган ёғдулардай илиқ туюларди. Ўша кеча Бобур яхши ухлади. Эртаси куни табиб унинг томиридан кўпроқ қон олмоқчи бўлди.
— Заҳарланган ҳаром қонни чиқариб юборгаймиз, ҳазратим. Яна бирор ҳафта қимирламай ётмоғингиз керак.
Бобур бунга эътироз қилди. Бусиз ҳам унинг дармони кетиб қолган эди. Агар табиб кўп қон олса узоқ ётиши аниқ. Ҳолбуки, «Подшоҳ ўлим тўшагида ётган эмиш!», «Умид йўқ эмиш!» деган овозалар тарқалган, қулай фурсат кутаётган ғанимлар жонланиб қолган эди. Беклар ҳам Бобурнинг тезроқ кўпчиликка кўринишини истар эдилар.
Орадан яна икки кун ўтгач, Бобур тантанали маросимларда киядиган кийимларда девониомга чиқди. Баланд тахтнинг икки томонида тизилиб турган юздан ортиқ амирлар, саркардалар, вилоят ҳокимлари таъзим бажо келтириб бўй эгдилар. Бобур тахтга шошилмай чиқиб ўтиргач, иккита навкар малика Байдани пойгаҳдаги эшикдан олиб кирди.
Кампир ҳали ҳам бошдан-оёқ оқ кийиб, ўғли Иброҳимга аза тутиб юрар эди. Фақат қадди аввалгидан бир оз букчайганроқ. Лекин кўзлари Бобурнинг юзига тушганда унинг оғир касалга ўхшаб сарғайиб қолганидан қаноат ҳосил қилгандай мамнун йилтиради.
Эшик оға Муҳаммад Дўлдай маликани сўроққа тутиб, суиқасдга яна кимлар иштирок этганини суриштира бошлади.
— Суиқасд эмас, бу интиқом! — деди малика. — Подшоингиз тўккан қонларнинг қасоси бу! Менга ёрдам берган ошпаз ҳам, Аҳмад Чошнагир ҳам, каниз ҳам ботир қасоскорлар эди. Ҳаммаси мардларча жон берди. Энди навбат меники. Мен ўғлимнинг доғида куйиб кул бўлганман. Энди қўлларингдан келса кулимни кўкка совуринглар!
Малика саройда ҳамма тушунадиган форсий тилда гапирмоқда эди. Аъёнлар нафасларини ичларига олиб, ерга қарашди. Малика бир ўлимни бўйнига олиб келган энди ҳар бир сўзни ўққа айлантириб ёвига дадил отар, Бобурнинг ғазабга тўлиб, жаллод чақиришини, қуролсиз онага қарши барча қуролларини ишга солишини истарди. Ўшанда маънавий ғалаба малика томонида бўлар, унинг довюраклиги оғиздан-оғизга ўтиб, одамларнинг эҳтиромини қозонар эди. Буни Бобур ҳам сезди-ю, ўзини босиб, Маликдод Коронийга қаради.
— Бу қандай ёсуманлик! — деди Маликдод Короний Байдага. — Шунчалик ўч олиш ниятингиз бор экан, аълоҳазратнинг иноятларини нега қабул қилдингиз?
— Ниятимга етишим учун шундай қилишим керак эди!
— Аълоҳазрат сизни «Мўътабар онамиздек эъзозланг!» деганларида йиғлаб миннатдорчилик билдирганингиз бизнинг ёдимиздан чиққан эмас!
— Мен у пайтда нафратим зўридан йиғлаган эдим! Ўғлимнинг кушандасига она бўлишдан қийналиб кўзим ёшланган эди!
— Ё алҳазар! Ахир сиз ҳам Муҳаммад умматисиз, муслимасиз-ку! Ўғлингиз буларга қарши неча баробар катта куч билан чиққанини билмасмисиз? Булар мағлуб бўлса ўғлингиз ёвларининг минг жонларидан бирини ҳам тирик қўймас эди. Сиз султон Иброҳимнинг қанчалик шафқатсиз бўлганини билар эдингиз. Агар сизда инсофу имон бўлса, қўлида қиличи билан очиқчасига жанг қилган саркардага яшириқча заҳар бермас эдингиз!
— Мен аёл кишиман, қилич кўтариб жанг қилолмайман! Ана ўша заҳар — менинг қиличим эди.
Фотиҳлар Панипатда минг-минг одамларнинг ўлимига сабаб бўлди! Бу мамлакатнинг яна кўп жойларига ажал уруғини экди! Мен каби минглаб оналар ҳозир мотам тутиб, кўз ёши тўкиб юрибди. Қанча-қанча келинчаклар бева қолиб, ўзларини эрларининг жасадлари билан бирга оловда ёндиряпти! Мен берган заҳар ана ўша ажалнинг уруғидан тайёрланган эди! Унга бева-бечораларнинг аччиқ кўз ёшлари ҳам қўшилган эди!
Маликанинг сўнгги сўзлари фотиҳ бекларга ҳам тегиб кетди. Серсоқол бир бек ўрнидан сакраб туриб, Бобурга таъзим билан мурожаат қилди:
— Ҳазратим, бу ялмоғизнинг тилини оғзидан суғуриб олмоқ керак! Шундай малъунлиги устига яна бунча гап!
— Майли, мени қиймалаб ташласинлар! — деб қичқирди Байда. — Мен қўрқмайман!
Бобур Байдани беклар истагандек қийноқларга солиб ўлдиртирса эл-улус нима дейишини ўйлар экан, «лоп» этиб Ҳиротдаги Хадича бегим эсига тушди. Маккорликда у ҳам Байдадан қолишмас эди, невараси Мўмин мирзонинг ўлимига сабаб бўлгани кўпчиликка маълум эди. Шунга қарамай, Шайбонийхон уни Мансур бахшининг ихтиёрига топшириб, даҳшатли қийноқларга солгани жуда кўп одамларнинг нафратини келтирган эди. Бобурнинг ўзи бундан бир ҳафтагина олдин хилватхонада хотира ёзиб ўтирганда Шайбонийхоннинг бу ишини жирканиб қаламга олган эди. «…Беш кунлик ўтар дунёда Шайбонийхон мундоқ аблаҳоно ишлари билан ёмон от қозонди» — деган сатрларни ўз умр китобига битган Бобур энди мана бу қуролсиз онага қандай чора кўриши керак? Қандай қилса одамларнинг нафратига эмас, ҳурматига сазовор бўлади?
Беклар ҳамон Байданинг ўлдирилишини талаб қилмоқда эдилар:
— Бу ялмоғизни қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб қатл эттирмоқ керак!
— Ёки оёқ-қўлини чирмаб боғлаб, баланд минора устига ётқизиб қўймоқ даркор — гўштини қузғунлар еб, кўзларини чўқиб кетсин!
Маликага зимдан тикилиб турган Бобур сўнгги таклифлардан Байданинг ранги ўчиб, юзи кўкимтир тусга кирганини кўрди. Шунда Муҳаммад Дўлдайнинг ишораси билан беклар жим бўлдилар. Бобур малика тушунадиган форсий тилда:
— Жаноб беклар таклиф қилган жазолар барчаси асосли,— деди. — Бироқ хиёнатчи маликага буларнинг ҳаммасидан ҳам оғирроқ бир жазо бор. Бу хонимнинг гапига қараганда, ҳамма етиму есирлар учун жони ачир эмиш, заҳарни ўшаларнинг кўз ёшларидан тайёрлаган эмиш! Бироқ бунинг ўғли Иброҳим Лоди эл-улусга озмунча зулм ўтказганми? Озмунча одамни етиму есир қилганми? Иброҳим сабабчи бўлган ички урушларда ҳар йили қанча одам ҳалок бўлган эди, жаноб Короний? Сиз билсангиз керак?
— Ҳазратим, менда ҳисоботи бор: сўнгги уч йил давомида султон Иброҳим бошлаган ички урушларда биздан юз йигирма минг одам ҳалок бўлмишдир.
— Уч йилда бир юзу йигирма минг! — хитоб қилди Бобур. — Иброҳим Лоди эса ўн йилдан ортиқ тахтда ўлтирган! Ҳиндистонда одам кўп. Юз минги ички урушда ҳалок бўлса, Иброҳим яна юз мингини пулга ёллаган. Агар Иброҳимнинг онаси бўлмиш бу хоним ўлган навкарларгаю уларнинг етим-есирларига астойдил жон куйдирса, нечун юз минглаб одамларнинг беҳуда ўлиб кетишларига йўл қўйган? Нечун ўғлини бундай ножўя қирғинлардан қайтармаган?!
— Мен фақат она эдим, подшоҳ ўғлимга амр-фармон беролмас эдим! — деб малика Байда энди ўзини ҳимоя қила бошлади.
— Ножўя ички қирғинларни тўхтатишга амр-фармон бермоқ учун мана биз бел боғладик! — деди Бобур. — Тангридан умидимиз борки, бу улуғ мамлакат энди ягона марказий давлат атрофига жипслашгусидир. Биз Ҳиндни ободу қудратли қилмоқ орзусидамиз. Бизга ҳамкору ҳамнафас ҳинд беклари, фузалолари, ҳунарпешалари кўп. Бизни заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлган бу маккор хоним учун энг оғир жазо шуки, биз мана, тирикмиз! Бу хонимнинг ўзию ўғли қилолмаган улкан ишларни биз қилмоқдамиз!
Маликдод Короний бирдан енгил тортиб:
— Ҳазратим лутф қилдилар! — деди.

— Бу малика, — деб давом этди Бобур, — шу даража бева-бечорага жонкуяр бўлса.. Абдукаримбек!
Байдага яқин бир жойда ўтирган шиғовул сакраб ўрнидан турди. Бобур унга буюрди:
— Бу маликанинг барча молу дунёсини мусодара қилиб, Жамна бўйида бир буқъаи хайр* қурдиринг. Барча хизматкорлари ўша буқъада хизмат қилсин, маликанинг бутун бойлиги, молу дунёсини етим-есирга хайр-еҳсон қилиб улашсинлар.
— Бош устига! — деб Абдукарим бу фармонни таъзим билан қабул қилди.
— Маликани то умри етгунича тирик сақлаш ҳам сизга топширилур, жаноб Абдукаримбек!
— Тирик?! — ҳайрон бўлиб сўради шиғовул.
Бошқа аъёнлар ҳам таажжубланаётганини кўрган Бобур овозини кўтариброқ гапирди:
— Малика бизнинг бундан кейинги зафарларимизни ҳам кўрсин. Ёмонликка яхшилик қилиш мард кишининг қўлидан келишига амин бўлсин. Агар маликада виждон бўлса, ўғли қилмай кетган ишларни биз қилганимизни кўриб виждони азоблансин. Агар виждони бўлмаса, ичида фақат бахиллик чаёнлари бўлса, бу чаёнлар ўзини чақиб ётаверсин. Маликага бундан ўзга жазо муносиб эмасдир!
Бек ва аъёнларнниг пичир-пичирлари орасидан аллакимнинг:
— Ҳазратим тантилик қилдилар! — деган қувончли хитоби эшитилди.
Ўз ўлимини ҳам ўткир бир қуролга айлантирмоқчи бўлиб келган малика Байда энди бу қуролидан айрилганини сезди. Шу пайтгача у ажали етганига шубҳа қилмас эди. Энди бирдан яна яшаш умиди пайдо бўлди. Маликанинг ўлим совуғидан музлаган қалбига ҳаётнинг илиқ нафаси тегди-ю, кўнглини бўшаштириб юборди.
Малика юзини қўллари билан тўсиб, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* Б у қ ъ а и х а й р — хайр-еҳсон уйи.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-4

Иккинчи боб Кулги хонасига у уч марта кирди. Мириқиб кулиб, ўзини тўхтатиб олгач, яна қийшиқ ва мўжизакор ойналар олдига борарди. Ана башара, ана сенга найранг! Бир умр ...

Отаули: заргарона зарофат, теран тагмаъно

      Она тилимизда ҳар бир сўзнинг ўз ўрни ва айтилиш оҳанги бор. Худди шундай, сўз санъатидаги ҳар бир жанрнинг ҳам ўз оҳанги, ўзига хос файзи-таровати, ...

Мeҳробдан чаён-хон кўнгил очмоқчи

Қавс  ойи1  кирган  бўлса  ҳам,  ҳаво  мўътадил,  кун  жумъа  эди.  Ўрда  боғиға  сув  сепилиб, супурилган, ўртадағи шаҳсуфага лолагул гилам ёзилиб, хоннинг ўлтуриши учун ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400