Ўзбекистондаги ёлғонлардан чарчаган аёл Россияга бутунлай кўчиб кетишга қарор қилди

Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёллардан бири — Муяссархон Раҳимова Россияга бутунлай кўчиб кетишга қарор қилди. Айтишича, у Ўзбекистондаги ёлғонлардан чарчаган.

«Андижонча спектакл»нинг  асосий жабрланувчиларидан бири Муяссархон Раҳимова «Дарё»га интервью берди . У ваъда қилинган коттеж кўп қаватли уйдаги квартирага айланиб қолгани, тикувчилик цехидаги меҳнат қонунчилигини оёқости қилишлар ҳақида гапириб, Россияга бир умрга кўчиб кетмоқчи эканлигини, Россия фуқаролигини олмоқчи эканлигини маълум қилди. Фарзандлари учун. Қуйида — интервьюдан парча.

— Ҳаётнинг турли тўсиқларига учраган, бошидан кўп савдоларни ўтказган сиз каби аёлларга олдидаги синовларни енгиб ўтиш учун Ўзбекистонда имконият бор, деб ўйлайсизми?
— Менимча, йўқ. Қўллаб-қувватлайдиган ҳеч нарса йўқ. Масалан, мен қаерга борсам ёлғонга дуч келдим. Беш йил турмуш ўртоғим билан ёлғонда яшадим. Ўша ёлғондан чиқиб, ундан-да катта ёлғонга дуч келдим. Фарзандларимни қанотим остида катта қилай деб, ҳаммасини енгиб ўтишга ўзим ёлғиз ҳаракат қиляпман. Отасидан айрилгани етади, онасидан ҳам айрилиб қолмасин. Меҳрга зор қилиб ўстирмасликка ҳаракат қилиб келдим. Лекин ҳеч қаердан кўмак бўлмади. Болалар учун бериладиган ёрдам пулига чиқдим, беришмади. «Кел, ёрдам қилай, манави ишни қил», деган одамни кўрмадим. Турмушимдан ажрашаётган вақтимда ҳам Хотин-қизлар қўмитасидан ёрдам сўрагандим. Улар «уй-жой қилсанг, яшаб кетаверасан», дейишди. Уй қилиш керак экан, шунча аёл қиляпти, Ўзбекистонда ишлаб уй олса бўлар экан, деган фикрда ишга киргандим. Лекин менга Ўзбекистон ҳеч нима бермади деб ўйлайман. Россияда ишлаб, ўрнашиб олганимдан сўнг бир умрга кўчиб кетиш ниятим бор. Акаларим ҳам ўша ернинг фуқаролигини олган. Мен ҳам фуқаролик олмоқчиман. Ўзбекистондан ҳеч нима кутмай қўйдим. Ёлғон, ёлғон ва яна ёлғон, холос.

— Суҳбатларимизнинг бирида аввал ҳам Россияга бориб, ишлаб келганингиз ҳақида айтгандингиз. У ерда сизга ўхшаб қийналган аёлларга муносабат қандай?
— Авваламбор, улар инсонни эшитишни билади. Айниқса, фарзандлари бор аёлларга катта имкониятлар бериб, қўллаб-қувватлашади. Масалан, бола тарбиясида уйда ўтирган аёлларга катта миқдорда бола пули берилади. Мен уч фарзанд кўриб, Ўзбекистонда бирор марта бола пули олганим йўқ. Нечта жойга учрадим, ҳаракат қилдим, уйда ўтирган пайтимда ҳам қийналдим, ололмадим. Кейин ўзим меҳнат қилиб, чеварчилик орқасидан пул топиб, фарзандларимни боқишга ҳаракат қилдим. Ажрашмаган вақтимда ҳам турмуш ўртоғим пул билан таъминламасди. Ҳар бир оилада бўлгани каби ўзига яраша бизнинг хонадонда ҳам қийинчиликлар бўларди. Ўзбекистонда яшаб кетиш қийин, юрагингиз темир тошдан бўлса, яшаб кетасиз. Озгина енгилсангиз, сизни эзғилаб ташлашади. Бу ерда шунақа ҳаёт экан. Фарзандларимни шу ҳаётга ташлаб қўйишни хоҳламайман. Майли, Россияда ёмон бўлса ҳам, ўзини севувчи бўлиб ўссин. У ерда ўзини ҳурмат қилишни, қадрлашни, хўрлатиб қўймасликни ўрганади.

— Ҳаётда кўрган-кечирганларингиздан хулоса қилиб ўзбек аёлларига нима маслаҳат берган бўлардингиз?
— Энг биринчи навбатда оиланинг, фарзандларининг қадрига етишсин. Оила — бу энг катта неъмат экан. Ҳаммага ҳам ишонмасдан, етти ўлчаб, бир кесиб ҳаракат қилиш энг тўғри йўл эган. Ҳар қандай шароитда бўлмасин, шаръий никоҳ билан турмуш қуришни ҳеч кимга маслаҳат бермайман. Бунинг ортидан жуда кўп қийинчиликлар келаркан.

Daryo — LIVE

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Afrosiyob поезди чипталари қимматлашади

«Ўзбекистон темир йўллари» 1 ноябрдан Afrosiyob тезюрар  поезди чипталари нархини ўртача 35 фоизга оширади. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ...

“дилдаги гаплар” туркумига дебоча

“Истибдод деган нусха... ХХ асрнинг қора саҳифаларида даҳшатли хотира бўлиб қолмаган экан...”        МУАЛЛИФ. (more…)

Амалдаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид янги лойиҳани ўқиб…

Биз ўзбеклар ўтмишда бир неча алифболардан, жумладан, араб ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1929 йилгача), лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси (1929-1940 йй.) ва кирилл ...