От кишнаган оқшом (қисса) 65-қисм

65

Самад чавандоз кўпкарининг олган-олганини— охирини олди.
Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қолдим. Мендан бўлак чавандозлар уйи яқин бўлди. Чавандозлар отларини боғлайди-ю, келади.
Бизники хийла олисда бўлди. Тарлонни уйимизга боғлаб келаман дегунимча, қозон икки қайнайди. Чавандозлар менинг йўлимга қараб ўтирмайди. Гўштни ейди-қўяди!
Яна тағин, эриниб, келолмаслигим-да бор.
Ўйлаб-ўйлаб, қоладиган бўлдим. Нафс қурғур ёмон-да!
Тарлонни дарвоза устунига боғладим. Кўпкаридан олган гилам, тўнларни эгардан олдим.
Шунда, кўчадан кенжа қайнимиз Қорақул ўтди.
— Йўл бўлсин? — дедим.
— Сизникига, — деди қайним.
— Ма, Тарлонни-да ола кет, — дедим.
Қайнимни оёғидан олиб, отга миндириб юбордим.
Самад чавандозникида ёнбошлаб олиб, тана илик сўрдим.
Чавандозлар бўлиб ўтмиш кўпкари гурунгини қилди. Отларга таъриф берди. Ўзларидан ўтган хатоликларни бетларга айтди. Яхшиликларини ёдлади. Бир-бирлари елкаларига қоқди, тиззаларига шапатилади.
— Ай, яша-е, яша! — деди.
Чавандозлар ҳамроз бўлди. Бир-бирига ақл бўлди.
Самад чавандоз михда осиғлиқ дўмбирасини олди. Тинқиллатиб-тинқиллатиб созлади. Чертиб-чертиб бошлади.
Хаёлларга ғарқоб бўлиб ёнбошлаб ётиб эдим, гал менга келди. Мен чордона қуриб ўтириб олдим. Билакларимни турдим. Дўмбирани созимга солдим. Ҳаккалабосим-ҳаккалабосим нағмалардан чалдим. Чавондозлар кўнглини қитиқладим.
Самад чавандоз ўтирган ерида елкаларини қоқиб-қоқиб ўйнаб қўя берди!
Сўзни сўзга чўқиштирдим, гапни гапга уриштирдим, отларни нағмаларга солдим. Отлар ашула бўлди! Аҳай-аҳай!

Бул сағрингга қарайман
Куёвли қиз ётгудай,
Бурнингдан чиққан дамингга
Каррак босса ёнгудай,
Қулоқларинг орасидан
Қўштегирмон сув ўтгудай!..

Биродарлар, ашула ичидаги от бор-ку? Ўша ўзимизнинг Тарлон, ҳа!
Ана, Тарлон дирк-дирк ўйнади. Бепонён Вахшивор адирларига қараб кишнади. Залворли адирлардан акс садо келди…
Ё, сизнинг отингиз-да бизнинг Тарлондайми? Бизнинг Тарлонга келбат берадими? Унда, сизнинг отингиз-да ашула бўлибди-да? Аҳай-аҳай!
Ҳадеб отни ашула қила бериш бўлмас! Энди чавандозларга-да ўтайин! Кимни ашулага солсам экан? Шу бурчакда ўй суриб ўтирган Одина чавандозни ашулага солсаммикин? Ўттизни уриб қўйди, ҳали-да уйланмади! Бир қитиғига тегайин! Зора, йигитлик ғурури ваража қилса! Аҳай-аҳай!

Қидириб чопсанг бирор кун
Кенг Қўнғиротнинг тўйини,
Олиб ётсанг, жўражон
Қора уйнинг тўрини,
Олиб қучсанг найлайин
Бурни кулган бир парини,
Шу чиқарар куйган юрак черини!

— Ҳа, дў-ў-ўст!
— Қўйма, Зиёдулла чавандоз, қўйма!
Чавандозлар гап қаёққа бораётганини билди.
Гап эгаси-да ўзини билди, ўзини таниди. Кўзлари пир-пир этди. Кўзлари ерга қадалди.
Биродарлар, бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади!
Мен эндиги гапимни нағмаларсиз айтдим:
— Одина чавандоз дейман-ов! Йигитнинг боши иккита бўлмагунича, моли иккита бўлмайди!
Уйлан-да энди, биродар! Оғзингга толқон солгандай миқ этмай юрасан! Айт-да, ўзи нима гап?
Биз сенинг узанги йўлдошларингмиз! Яхши кунингга-да, ёмон кунингга-да яраймиз!
Чавандозлар гапимни қувватлаб турди, маъқуллаб турди.
Охири, Одина чавандоздан садо чиқди! Одинаси қурғур, бизнинг қайнсинглимизни кўз остига босиб юрибди экан! Ана, гап! Бир сафар совчи-да қўйибди, аммо қайнонамиз йўқ, дебди! Ана.
— Одина чавандоз-ов, ёш йигит кўзи билан қиз олма, дейдилар. Бизнинг қайнисинглимиздан бошқаси бўлмайдими? — дедим.
— Йўқ, бўлмайди! — деди Одина.
Одина чавандоз оламда бизнинг қайнсинглимиздан ўзгасини тан олмас эмиш! Қайнсинглимиз оламда яккаю ягона эмиш!
— Йўғ-е? — дедим.
— Ҳа! — деди.
— Чинингни айт? — дедим.
— Чиним! — деди.
Биродарлар, дил кетган эмиш, дил! Аҳай-аҳай!
— Ай, Одина чавандоз, унда, қўлни бер, ўзим совчи бўламан! — дедим. — Қайнсинглимни сенга олиб бериб, сен билан божа бўлмасам, Зиёдулла чавандоз отимни бошқа қўяман! Шу кундан эътиборан, икковимиз божа! Ай, Одина чавандоз-ов, нарироқ ўтир, божа божани кўрса… — дедим.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-32

3 Шайбонийхон тўрдаги эшикдан кирганда ҳамма ўтирганлар ўринларидан сапчиб туриб, хонга эгилиб таъзим қилдилар. Хон шаҳнишинга тўшалган кимхоб кўрпача устига чордана қуриб ...

Юлдузли тунлар-18

1 Бобурнинг қўшини Самарқандни бутун ёз ва куз бўйи қамал қилди. Бойсунқур мирзо етти ой шаҳар дарвозаларини беркитиб ётди-ю, ахири очлик ва танқисликка бардош беролмай, ...

Қувланиш

7. ҚУВЛАНИШ Учинчи кундан буёққа қутидорнинг эшиги теварагидан Содиқ айрилмас эди... ҳозир кечки соат еттилар бўлиб қолғани учун бу кун ҳам унинг келмаслигига қарор берган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400