Баҳодир Хон Туркистон 50 ёшда

Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг асосчиси ва раҳбари Баҳодир Хон Туркистон ўзининг 50 ёш юбилей туғилган кунини АҚШнинг пойтахти Вашингтон шаҳрида очлик акциясининг 17 куни билан кутиб олди.

Сиёсий кураш энг машаққатли, оғир фаолиятдир. Курашнинг ҳар қандай тури осон бўлмаганидек, Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши нозўравон кураш йўлида фаолият олиб бориш, курашлар ичида энг машаққатлиги бўлса керак. Чунки бу кураш ҳам йўқотишларсиз, қурбонларсиз бўлмайди.

Келинг Баҳодир Хон Туркистоннинг қисқача сиёсий майдонда босиб ўтган йўлига назар ташлайлик.

Бирдамлик раҳбари, Тошкент Давлат техника университетининг АСУ факультетини 1994 йилда тамомлагач ўзининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Илмий тадқиқот институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган. У 1995 йилда республикада «Сувжиҳозгаз» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг таъсисчисига айланди. 1996 йилда «Янги таъминот» хусусий корхонасини ташкил қилди.

Баҳодир Хон Туркистон 1999 йилда қимматбаҳо қоғозлар бўйича Тошкент фонд биржасида «Кеш» очиқ акционерлик жамияти акцияларининг 60,5% ини сотиб олди ва катта улушни сотиб олгандан сўнг 2000 йил 25 февраль куни «Кеш» ОАЖ (очиқ акционерлик жамияти)нинг вақтинча ижро этувчи раиси лавозимига тайинланди. Сўнг жамият Умумий Йиғилишининг қарори билан жамият раислигига сайланди.

Ёш мутаҳассис ўзининг тинимсиз изланишлари, саъй-ҳаракатлари, билимлари ва истеъдоди туфайли «Кеш» ОАЖни қисқа вақт ичида кучли компанияга айлантира олди ва шу билан бирга, ўзи ҳам миллионерга айланди (АҚШ долларида).

Баҳодир Хон Туркистон «Кеш» ОАЖда фаолият юритиши жараёнида туман ва вилоят ҳокимлигидаги мутасадди раҳбарларни янгиликлар изловчиси эканлиги ҳамда кутилмаган қарорларга интилиши билан тамомила ҳайратга солди.

Дарҳақиқат, Баҳодир Хон Туркистонга шу пайтларда советларча иш юритиш усулидан фориғ бўлмаган амалдорлар билан бирга ишлашига тўғри келди. Ундай амалдорлар эскича режалаштирилган бошқарув асосига таяниш, ўз хоҳиш-истакларига қарши иш олиб бориш билан чекланиб қолмасдан, бозор иқтисодиёти тушунчасидан ҳам тамомила узоқ ҳамда ишлари коррупцияга асосланган эди. Шунинг учун Баҳодир Хон Туркистон бир вақтнинг ўзида компанияни ривожлантириш ишлари билан бирга замондан орқада қолган, қонун муҳим эмас, пора ундириш муҳим бўлган амалдорлар билан ишлашга ҳам мажбур бўлади. Бу эса, шубҳасиз, катта жасорат талаб қиларди. У ўзининг иш фаолиятида раҳбарларга пора бермади, бошқалардан ўзи ҳам пора олмай республикадаги мавжуд қонунлар доирасида тўғри ишлади.

Баҳодир Хон Туркистон инқироз ёқасига келиб қолган «Кеш» акционерлик жамиятининг рентабеллик даражасига эга бўлиш учун ўзининг иқтисодий режаларини ишлаб чиқди. Ушбу режа гарчи давлат амалдорлари томонидан амалиётга тадбиқ этилиши қийин бўлса-да, давлат буюртмаси ва пахта монокультурасидан халос бўлишга, донли экинларни давлат режасига мувофиқ эмас, балки корхонанинг эҳтиёжлари ва бошқа иқтисодий қарорларга мувофиқ равишда етиштирилишига қаратилган эди.

2000 йилда Баҳодир Хон Туркистон пахта ва ғалла бўйича давлат режаларини бекор қилиш учун туман ва вилоят маъмурияти билан кураш олиб борди, натижада 2000 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда илк маротаба Шаҳрисабз туман ва Қашқадарё вилоят ҳокимияти «Кеш» ОАЖни пахта ва ғалла учун давлат буюртмаларидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлди.

Баҳодир Хон Туркистоннинг янгича фаолияти туман ва вилоят раҳбарларига тинчлик бермай қўйди. У 2001 йилнинг 2 январида эрталаб соат 7-30 ларда жамият гаражидаги эрталабки кичик йиғилиш вақтида ҳибсга олинди. Ҳокимият акциядорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуларини оёқ ости қилиб ўзи тайинлаган бошқарув раиси ёрдамида жамиятни яна 2001 йил пахта ва ғалла давлат буюртмасига шартнома имзолатди. Жамиятнинг талон тарож қилиш ишлари бошланиб кетди.

Сохта айблар билан очилган жиноий ишлари Баҳодир Хон Туркистонни айбдор деб топиб, судлар уни 6 йилга ҳукм қилишди ва амниция асосида очиқликда қолдирилди. Уни раҳбарликдан четлаштира олган давлат амалдорлар унинг қўлидаги акцияларни бекор қилиш учун унга қарши кучли босимлар қилишди. Бир қанча судларда у ўз ҳақ ҳуқуқларини ҳимоялаб чиқди, аммо давлатнинг Миллий Хафвсизлик Хизмати аралашгач Баҳодир Хон Туркистоннинг уларга кучи этмади. У ҳақ ҳуқуқларини қўрқмасдан ҳимоя қилишда давом этди. Бошида Инсон Ҳуқуқлари фаоли бўлди. Кейин Ўзбекистондаги барча қонунбузарлик, коррупция ва адолатсизликнинг бошида диктатор Ислом Каримов ва унинг яқинлари турганлигини тушуниб 2004 йилнинг 10 апрелида Ўзбекистонда Бирдамлик ҳаракатини ташкил қилди.

2004 йилнинг май ойидан бошлаб унга қарши катта ҳужумлар бошланди. У куч ишлатар тизимлар томонидан Тошкентдаги уйи атрофида ўғирланди. Чалажон қилиб, яланғоч ҳолида Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманидаги бир қаровсиз жойда ташлаб кетилди. Унинг Нексия машинаси ёқиб юборилди, Бир сафар унинг 9 яшар ўғлини куч ишлатар тизимлари ўғирлашди. Унга қарашли Кеш ОАЖ давлат қарори билан тугатилиб, Кеш ширкат ҳўжалигига, кейин эса фермерлар уюшмасига айлантирилди, жамиятнинг барча мол-мулклари тўлиқ талон-тарож қилинди.

Ишсиз, пулсиз, оиласининг ҳаёти ҳавф остига қолгач 2004 йилнинг июл ойида оиласи билан Ўзбекистонни тарк этди. Москвага келиб у ерда БМТнинг Қочоқлар қўмитаси бўлимига мурожаат қилди. У ердан ўзи ва оила аъзоларига АҚШдан бошпана берилгач, 2005 йилнинг 10 февралида АҚШга кўчиб ўтди.

АҚШда ўрнашиб қисқа вақтда ишга тушиб кетди. Бошида кўча супурувчи, қурувчи 2007 йилнинг август ойидан катта юк машинасини ҳайдовчиси бўлиб ишлади. 12 йиллик тракдаги ҳайдовчилик даврида, АҚШнинг 49 шатида, Канаданинг 9 та провинциясида хизмат сафарида бўлиб, жами 2 миллион мил ёки 3 миллион 200 минг км масофани тракда ёлғиз ўзи босиб ўтди, Шу давр ичида АҚШнинг минглаб турли туман корхона, завод, фабрика ва бошқа турдаги бизнеслар билан танишди. АҚШ мисолида эркин бозор иқтисодиётини пухта ўрганди.

АҚШдаги ўн тўрт ярим йиллик иш фаолиятида таҳминан 1 миллион 300 минг атрофида пул ишлаб топди, шундан 700 минг АҚШ долларидан зиёдроқ пулни ўзи ташкил қилган Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракати фаолиятига сарф қилди.

2004 йилда ташкил қилган Бирдамлик ҳаракати 2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистонда ўтказилган конференцияда Бирдамлик Халқ Демократик ҳаракатига айлантирилди. 2014 йилнинг апрель ойида АҚШнинг Сент Луис шаҳрида ўзининг биринчи қурултойини ўтказди. 2018 йил ноябр ойида Қозоғистон ва Қирғизистонда ўтказилган қурултойда Бирдамлик Халқ Демократик партиясига айланди.

Бирдамлик ҳаракати 2006 йилда АҚШда, 2008 йилда Швецияда, 2010 йилда Россия давлатларида рўйхатдан ўтган. Сўнги 15 йил ичида Ўзбекистон ва ташқарисида 50 дан ортиқ турли туман норозилик намойишларини ўтказди. Ҳаракат фаоллари ҳар доим нозўравон кураш услубига содиқ қолди, оқибатда ҳеч қаерда ва ҳеч кимнинг соғлиги ёки мол-мулкига зарар еткизилмади.

Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг мақсади келажакда Ўзбекистондан рўйхатдан ўтиб, Президент ва Парламент сайловларида тўлиқ қатнашиш, сайловларда ғалаба қозониб ҳокимиятга келиш. Ўзбекистонда Мулкдорликка асосланган демократик жамиятни шакллантиришдан иборатдир.

Баходир Хон Туркистон бугунги қувончли бўлган таваллуд айёмини Вашингтон шаҳридаги Америка овози радиосининг биноси олдида, кичик чодирда очлик акциясида ўтказмоқда. Унинг очлик эълон қилишига сабаб эса, Озодлик ва Америка овози радиоларидаги Бирдамлик ва бошқа ҳаракатларнинг фаолиятини тарафкашлик ва нохолислик билан ёритиб халқимизни чалғитаётганидир. Ушбу радиоларнинг айрим журналистлари Баҳодир Хон Туркистоннинг фаолиятини халқимизга ғаразли мақсадларда ёмонотлиқ қилиб кўрсатиб келмоқда. Баҳодир Хон Туркистоннинг оила аъзоларини шаънига бир неча бор туҳматлар қилишди. Шунингдек Баҳодир Хон Туркистоннинг бир қанча тадбирларини ёритмай келишди ёки ёритса ҳам қисқа ва мазмунсиз сўзлар билан унинг оила аъзоларига туҳматлар билан ёритишди. Баҳодир Хон Туркистон ўзининг ва халқининг сўз эркинлиги, ҳуқуқларини ҳимоя қилган холда ушбу хатарли акцияга чиқди. Ушбу акциянинг асосий мақсади ўзбек мухолифатининг ёш авлодаларини халқимиз танисин, билсин ва фаолиятини ўргансин! Ўзбек халқи ҳам шу ахборот воситалари орқали демократия ва сўз эркинлигини, шунингдек инсон ҳуқуқларини билсин ва ҳақиқий ватанпарвлик руҳида уйғонсин! 

Баҳодир Хон Туркистон бугун ўз таваллуд айёмини АҚШнинг ўзи бўлмаган 50 штати Гавайида 50 ёшлик юбилейини ўтказмоқчи эди. Минг афсуслар бўлсинки бугунги акцияси туфайли бу таваллуд айёмини очликда ўтказишга тўғри келмоқда.

Баҳодир Хон Туркистоннинг бугунги таваллуд айёми билан чин дилдан табриклаймиз! Умри баракали ва бахт ва саодатли ўтсин!  Халқимизнинг дардида юришдан чарчамасин!

Бирдамлик ХДП матбуот хизмати

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қўлланма-1

  “БИРДАМЛИК” ҲАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ҚУРИЛТОЙИ ОЛДИДАН!   Ҳалқ  хокимияти,инсон ҳуқуқлари заминидаги,озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи)   ...

Вск: сайловнинг навбатдаги 2-натижалари

Маъумки, сайловнинг навбатдаги 2-натижалари бугун, 15 март, якшанба, Париж вақти билан соат 20:00 да эълон қилиниши керак эди. Лекин, аввал хабар қилганимиздек, техник ...

“бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг дастури

ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН!     ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ДАСТУРИ   МУҚАДДИМА Биз, жонажон ...