Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?

 

Ушбу мавзуда қоғоз қоралашга биргина нарса сабаб бўлди. У ҳам бўлса яқинда ташкил этилган «O‘zbekiston24» телерадиоканалида “Аҳмадбой” иши бўйича Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида бўлиб ўтаётган жиноий ишнинг ёритилиши ҳақидаги хабар бўлди.

Маълумки, Kun.Uz таҳририяти Ўзбекистон ва жаҳонда бўлаётган хабарларни тезкорлик ва холислик билан ўқувчиларга етказишни ўз олдига мақсад қилган ва шу борада фаол иш олиб бормоқда.

Тошкент вилояти чинозлик ва “Аҳмадбой” номи билан донг таратган Аҳмаджон Турсунбоев ва у билан бирга 6 кишидан иборат гуруҳнинг ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари юзасидан айбланиб, суд иши бўлаётгани ҳақида сайтда хабарлар берилди. Минг-минглаб ўзбекистонликлар тақдири билан узвий боғлиқ бу мавзу сайт эътиборидан четда қолгани йўқ.

“Аҳмадбой” сериали давом этади…Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида навбатдаги суд мажлиси

Ўзбекистоннинг “молиявий пирамида”сини ташкил этган Аҳмадбой устидан суд иши бошланди

Бундан аввал ҳам “Аҳмадбой” ишига доир қатор хабарлар берилган.

«Чинозлик Аҳмадбой» қўлга олинганига роппа-роса бир йил бўлди

Манба: Чиноз тумани прокурори “Аҳмадбой воқеаси” фонида лавозимидан четлатилди

Kun.Uz таҳририяти мазкур суд жараёнини ёритишда холисликни таъминлаш, жиноий фаолиятга нисбатан жазонинг муқаррарлигини исботлаш мақсадида “Аҳмадбой” иши юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судидаги суд мажлисларида қатнашишга қарор қилди ҳамда суд мажлисини ёритишда амалий ёрдам сўраб ушбу суд раҳбариятига мурожаат қилди.

Kun.Uz сўрови Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг “Аҳмадбой” ишига раислик қилаётган судьяси Дилшод Камилов томонидан кўриб чиқилиб, жавоб хати йўлланди.

Камилов таҳририят мухбири билан бевосита суҳбатда амалий ёрдам деганда айнан нима назарда тутилганига ойдинлик киритишни сўраган, мухбир суд мажлисида журналистик фаолиятдан келиб чиқиб, фотосуратга олишга рухсат беришни илтимос қилганди.

Мухбир Камилов билан мулоқотида Ўзбекистонда ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини исботи сифатида ўқувчиларга суд мажлисидан ҳеч бўлмаганда фотосуратлар тақдим этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Аммо, судья Камилов мухбир билан ўзаро мулоқот жараёнида уни тўғри тушунишни илтимос қилган бўлса, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг расмий жавобида бу имкониятга рухсат берилмаслиги Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 январдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 6-моддасига мувофиқ экани қайд этилган.

Шу ўринда 2017 йил 9 августдаги суд мажлисидан сўнг, айбланувчиларнинг адвокатлари ўзаро суҳбат чоғида журналистлар ва телевидение келмаса яхши бўлишини таъкидлашгани Kun.Uz мухбирининг қулоғига чалинганини маълумот ўрнида келтириб ўтиш жоиз.

17 августда, кутилмаганда «O‘zbekiston24» телерадиоканали сайтида «чинозлик Аҳмадбой»нинг суд жараёнларидан махсус репортаж тайёрланиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Бу, тўғрисини айтганда, Kun.Uz таҳририятида қоронғу кечада чаққан чақмоқдек акс-садо берди. Нима асосда, қандай қилиб, деган жавобсиз саволлар суд жараёнини ёритиш учун 9 август куни эрталабдан судья Камилов жавобини, рухсатини бир неча соат кутган мухбирда ҳам пайдо бўлди.

Ахир, судья Дилшод Камилов Kun.Uz таҳририятига йўллаган жавоб мактубида ҳар қандай айбланувчи суд томонидан айбдор деб топилмагунча уни айбдор сифатида кўрсатиш мумкин эмаслигини таъкидлаган эмасми? Қолаверса, айнан Камилов ўзаро мулоқотда фотосуратга олинса судланувчиларнинг қадр-қиммати, обрўси, ғурури поймол этилиши мумкинлигини таъкидлаган эди-ку.

Нимаси поймол этилади, ахир фирибгарлик қилиб, қанчадан қанча содда одамларнинг молини ўзлаштирганига бир йил аввал иқрор бўлиб, еб юборган пулларини қайтара олмаслигини тан олганди. 

Мухбирнинг, соддалиги сабабли охирги пулларидан айрилганлар қадр-қиммати-чи, деган саволига Камилов, “мени тўғри тушунинг, рухсат беролмайман, майли кириб ўтиринг, ёзиб олишингиз мумкин, лекин овоз ёзишга, суратга олишга изн беролмайман, бу гаплар орамизда қолсин”, деган гапларини қандай тушуниш, изоҳлаш мумкин?

Энди эса, телеканал сайтида расмий анонс берилиб, видеолавҳаси ҳам намойиш этилмоқда, репортажлар қилиниши ҳақида хабар берилмоқда.

Демак, аслида суд жараёнидан фото ва видеолавҳалар тайёрлаш мумкин экан-да?!. Аммо, назаримизда, судья “қаёқдаги” сайтларга рухсат бермаса ҳам бўлади, деган фикрда, қарашда. Телевидение сўровини, илтимосини эса рад этиб бўлмайди.

Қолган журналистлар, бошқа таҳририятларнинг фаолияти, саъй-ҳаракатлари Камиловнинг эътиборига лойиқ эмас, шекилли. Аслида адолат посбони ҳисобланувчи мулозим турли форматдаги ОАВ вакили ўртасида ҳам холисликни таъминлаши керак эмасми? Ёки, «O‘zbekiston24» телеканали жамоасига ўз ҳурматимни қайд этган ҳолда, интернет журналистикаси ва телевидение соҳасида фаолият юритувчи турли ОАВга нисбатан турлича қарор қабул қилиш, ёзилмаган дискриминацияга йўл қўйишга миллий қонунчилигимизда рухсат берилганми?

Бу савол ва иддаоларни яна давом эттирса бўлади. Бироқ, тушунганга ишора ҳам кифоя қилади…

Сўнгсўз ўрнида: Ўзбекистонда демократик жамият барпо этиш шартларидан бири бўлган холис ва мустақил журналистика ривожланмас экан, токи ҳар қандай ОАВ, хоҳ катта ёки кичик бўлишига қарамай, турли давлат идоралари ва мулозимларининг паст назари, менсимай қарашига, ОАВ ўртасидаги соғлом рақобатга йўл очиб бериш ўрнига сунъий тўсиқлар қўйилишига барҳам берилмас экан, олдимизга қўйилган юксак марраларни забт этишимиз даргумон.

Kun.Uz фотомухбирининг Оқсаройга Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилиши жараёнини суратга олишда бошидан кечирган саргузаштлари эса, кейинги мақоламиз мавзуси. 

Толиб Раҳматов
Kun.Uz  мухбири

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бизга мурувват керак эмас, дадам қамоқдан чиқса бўлди

Яқинда ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлган Яккабоғ туманидаги тадбиркорнинг дўкони маҳаллий ҳокимлик масъуллари томонидан қандай бузилган бўлса, шундай қайтадан ...

Бугун халқаро “рахмат” куни

Бугун рахмат айтиш куни. Бу сана ҳақида эшитганмидингиз! (more…)

Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида пастлади

Henley & Partners компанияси турли мамлакатлар фуқаролари учун ҳаракатланиш эркинлиги даражасини кўрсатадиган паспортлар рейтингини янгилади, деб ёзмоқда “Кун.уз” нашри. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400