Тарихнинг оғир синовлари

Қудратли СССР давлатида бошланган “Қайта қуриш” ва сал ўтиб келган миллий мустақиллик иттифоқ таркибидаги 15 республикадан бири бўлган Тожикистон учун ҳам қимматга тушди. Чунки Ўрта Осиё давлатлари барча соҳаларда бир-бирига чамбарчас боғлиқ эди…  

“Биз биргаликда ва мағрурлик  билан тарихнинг оғир синовларига дош бера олдик”,  дея таъкидлайди 25 йилдан бери Тожикистон давлатига раҳбарлик қилиб келаётган президент Эмомали Раҳмон ўз чиқишларидан бирида.

Маълумки, 1991 йил Совет иттифоқи тарқалиши баробарида Тожикистон ҳам 9-сентябр куни ўз мустақиллигини эълон қилди. Аммо сал фурсат ўтмай давлат теппасида қора булутлар жамланиб, мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. 1992 йил баҳорида ҳокимиятни қўлга олган оппозиция кучлари ўша пайтдаги давлат раҳбари Раҳмон Набиевни асир олиб, истефо беришга мажбур қилишди.

Халқ фронти ва оппозиция кучлари орасидаги уруш асосан мамлакат пойтахти Душанбе шаҳри ва жануб ноҳияларда давом этарди. Уруш халқ хўжалигига катта зарар етказди.

Юз минглаб бегуноҳ  одамлар ўлдирилди. Корхона, ташкилот, идоралар, шахсий уйлар, маданий ва илмий муассасалар ёқиб юборилди. Халқнинг турмуш шароити оғирлашди. Минглаб кадрлар мамлакатни тарк этди.

Маълумотларда келтирилишича, мамлакат халқ хўжалиги бу қонли урушда 10 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдорда иқтисодий зарар кўрган. Ижтимоий, маданий ва маънавий зарарларнинг ҳисобини чиқариш имконсиз.

Сиёсий қоқочлар сони бир миллион нафардан ошди. 55 мингдан ортиқ ёш болалар ота-оналаридан ажралиб, етим қолдилар…

Мамлакат аҳолиси икки гуруҳга: қонуний ҳукумат тарафдорлари ва қонуний ҳукуматга қарши бўлган оппозиционерларга бўлиниб, зиддиятлар кучайгандан кучайди. Бу уруш Тожикистонда “Биродаркушлик уруши” деган ном олди. Чунки, ҳақиқатдан ҳам шундай, ака-ука, ота-бола иккига бўлиниб икки фронтда урушарди

Мухолифатчилар шимолий районларини ҳам қонли фуқаролар урушига тортишга ҳаракат қилишарди. Аммо улар ўз ниятларига етмади…

Ўша пайтлар мамлакатда шундай вазият вужудга келдики, Тожикистон мустақил давлат сифатида жаҳон сиёсий харитасидан йўқолиши хавфи туғилди.

Ана шундай оғир кунларда Хўжанд шаҳрининг Арбоб қасрида Тожикистон Республикаси Олий Совети 12 чақириқ XVI сессияси чақирилди ва 1992 йилнинг 16 ноябр куни иш бошлади. Мамлакат Олий Совет депутатлари Арбоб қасрида жамланишди. 1992 йилнинг ноябр ойида сессия ўз ишини бошлади. Мазкур сессияда энг асосий вазифалар республикада давом этаётган қонли урушнинг олдини олиш, қонуний ҳукуматни тиклаш, давлат ҳокимияти органларининг янги таркибини сайлаш ва иқтисодий тараққиётни йўлга қўйишдан иборат эди.

Тарихий сессия иштирокчиларидан бири, тарих фанлари номзоди Сафарали Эркаев ўша пайтларни шундай хотирлайди:

–XVI  сессиясини чақиришнинг асосий сабаблари узоқ давом этаётган сиёсий ва қуролли қарама-қаршиликни ҳал қилиш, фуқаролар урушининг олдини олиш, турли миллатлар ўртасида тўқнашувни ташкил қилишга ҳаракат қилаётган кучларга йўл  қўймаслик, Тожикистоннинг ривожланишини таъминлаш, амал қилмаётган давлат ҳокимияти органлари фаъолиятини тиклаш, ҳамма баҳсли масалаларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш, Тожикистон Республикаси янги Президенти сайловини ўтказиш, ТР Конституцияси лойиҳасини тайёрлаш, қонуний ҳукуматни тиклаш, сиёсий бошқарув органлари фаъолиятини тартибга солиш ва бошқа бир қанчалар бўлиб, буларни фақат Олий мақомот ҳал қилиши мумкин эди.

Аввал Тожикистон Олий Советида сессияни  чақиришдан олдин халқ вакиллари йиғилишини ўтказиш ҳақида келишиб олинди. Буни ўтказиш жойи республикадаги вазиятнинг оғирлашганлиги сабабли бир неча марта  ўзгартирилди. Ҳукумат илтимосига кўра, Тожикистонга МДҲ мамлакатлари раҳбарлари шахсий вакиллари келди ва мураккаб вазият билан яқиндан танишиб чиқиб ўз давлат раҳбарларига маълумот бердилар, Тожикистондаги оғир шароит бир неча марта БМТ Хавфсизлик Кенгашида  кўриб чиқилди ва БМТ Бош котиби шахсий вакили, бу ташкилот сиёсий масалалар бўйича департамент директории Реймонд Соммерейсни Тожикистонга вужудга келган  вазиятни ўрганиш , бу минтақа  давлатлари билан урушнинг олдини олиш масалаларини ўрганиш, инсонпарварлик ёрдами уюштиришни ташкил қилиш учун юборди. Бу маслани ҳал қилиш учун бошқа бир қанча чоралар ҳам кўриб чиқилди. Қарама – қарши гуруҳлар билан ҳам бир қанча учрашувлар ташкил қилинди. Умуман Олий Совет XVI  сессиясини ўтказиш учун халқаро ҳамжамият ташкилотлари, қўшни давлатлар раҳбарлари, МДҲ бошлиқлари вазиятни ўрганиб чиқиб катта тайёргарлик кўришни қайд қилдилар.

Тожикистондаги конфликтни  ҳал қилиш учун Россия, Ўрта Осиё республикалари Президентлари ва уларнинг вакилларининг Москва, Олма-ота, Тошкент, Ашхобод, Бишкек ва бошқа шаҳарларидаги олий даражадаги учрашувлар ташкил қилиниб ўрганиб чиқилди…

Албатта бу сессиянинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижада Тожикистонда тинчлик ўрнатилишида қўшни ва дўст давлатларнинг ўрни катта.

Маълумки, Тожикистон Республикаси Олий Советининг XVI сессияси мустақил давлат  тарихида янги даврни бошлаб берди. Бу сессияда халқ вакиллари – Олий Совет депутатлари Тожикистон қонуний ҳукуматини ва давлат ҳокимияти органлари асосларини тиклади.

Ана шу сессияда Олий Совет депутатлари Раҳмонов Эмомали Шариповични Тожикистон Олий Совети Президиуми Раиси этиб сайладилар. Бу вазифани бажарадиган киши давлат раҳбари ҳисобланарди. Э.Раҳмонов ўша кунлари минбарга чиқиб, “Мен ўз ишимни тинчликдан бошлайман. Биз ҳаммамиз ёру биродар бўлайлик, вазиятнинг осойишталигини таъминлайлик.  Қўлимиздан иш келса шу масала атрофида курашайлик. Мен жонимни юртим тинчлиги учун сарфлайман”, – дея қасамёд қилганди. 2 декабр куни тарихий XVI сессия ўз ишини тамомлагандан сўнг, янги Ҳукумат раҳбарлари олдидаги асосий вазифа пойтахт Душанбега қайтиб, Ҳукуматни қайта қўлга олиш ва давлат аппаратини мунтазам ишга солишдан иборат эди. Биринчилардан бўлиб, Миллий хавфсизлик давлат Қўмитаси раиси, Радио ва телевидение қўмитаси раиси, Ички ишлар вазири, Ташқи ишлар вазири бирин-кетин Душанбега қайтишди. Россия Федерациясининг 201- дивизияси уларнинг хавфсизлигини таъминлашни ўз бўйнига олди.

“Янги Ҳукумат аъзолари тайинлангач, ҳар кимни ўз зиммасига юкланган вазифалар бор эди. Олий Совет Раисидан тортиб, то энг қуйи амалдоргача ҳамманинг вазифаси аниқ эди. Энг асосийси бу вазифалар бир-бирига чамбарчас боғлиқ эди. Айтайлик, хавфсизлик қўмитаси Раиси Сайдамир Зуҳуровнинг ўз вазифасини ижро этишга киришиши мен ўз зиммамга олган вазифани бажаришим учун бироз тирқиш очди. Мен вазифамни амалга оширишим Ички ишлар вазири Ёқуб Салимов ёки Ташқи ишлар вазири Рашид Олимов ва бошқалар ўз вазифасига киришиши учун замина яратди. Бу ишлар биргаликда Олий Совет Раиси, ҳозирги давлат президенти Эмомали Раҳмоннинг Душанбега қайтиши ва ўз вазифасини ижро этишга киришишига замина яратди”,-дейди ўша пайтда Тожикистон радио ва телевидение қўмитаси раиси вазифасини бажарган Бобожон Икромов.

Давлат раҳбарининг пойтахтга қайтишида унинг хавфсизлигини Ўзбекистон Ҳукумати таъминлашига келишилди. Тожикистон Ҳукуматининг янги раҳбари, ҳозирги Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон ҳарбий кучлари қўриқчилигида пойтахт Душанбега кириб келди.

Ўша кунлар нафақат Тожикистон ва тожикистонликлар учун, балки Ўзбекистон учун ҳам тарихнинг оғир синовлари эди. Ўзбекистон дўст давлат сифатида бошига кулфат келган қўшни давлатга ўз ёрдам қўлини чўзди. Тожикистонда тинчлик ўрнатилишида қўшни Ўзбекистон давлати ва Россия Федерацияси алоҳида ўрин эгаллайди.

Муаллиф: Соҳиб НАЗАРОВ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«шум бола»даги эрига хиёнат қилган аёл ёки «келинлар қўзғолони»даги қайнонасига қарши чиққан нигора нега танқид қилинмайди?

Ўзбекистондаги телеканалларда эфирга узатилаётган ва кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётган турк сериаллари ҳақида «Sevimli TV» мутасаддиси фикр билдирди. Лола Шоимова, ...

Ўзбек аёли паранжини қандай ташлади?

Ўтган асрнинг 20–30-йиллари Ўрта Осиё минтақаси аёллари тақдирида туб бурилиш ясади. Уларнинг турмуш тарзи, ижтимоий фаоллиги, жамиятдаги ўрни, ижтимоий хулқ-атвори тубдан ...

Путин ва трамп телефонда сурия, украина, эрон ва афғонистон ҳақида гаплашишди

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали суҳбатлашди. Оқ уйдагилар суҳбат бир соатча давом этганини айтишди. Муҳокама қилинган мавзулар ...