ФИҒОНЛАР ТЎЛА АФҒОН: БИСМИЛЛОҲ ВА ИККИНЧИ ХАТО (3)

ФИҒОНЛАР ТЎЛА АФҒОН: БИСМИЛЛОҲ ВА ИККИНЧИ ХАТО (3)

(Хотира-эссе. Аввали бу ерда)

Ҳа, Оллоҳга шукур, эсон-омон қўниб олдик. Бир пайт орқа қопқа-лўк очилди. Ташқарида чанг-тўзонни кўриб, “Ўҳ, афғон! Бу ерлардан омон қайтиш бормикан?” деган хўрсиниқ ўтди ичимдан. Феврал бўлишига қарамай, юзимга гармсел ургандай бўлди. Ҳали тушишга буйруқ бўлгани йўқ, жиқ терга кўмилиб кутиб ўтирибмиз.

Муаллиф: Абдуғофур Искандар

Шу палла ўнг томонимдаги кимдир биров: “Ғофир, – деб қулоғимга шипшиди, – тушаётганингда ўнг оёғинг билан, бисмиллоҳ, деб туш. Нариёғингдагиларга ҳам айт. Фақат Мадиёрга айтманглар”.

Чап томонимда ким борлигини ҳозир эслолмайман, аммо шу гапни шундайича унга етказдим. Хуллас, Мадиёрдан бошқа ҳамма қоракўзлар кимимизнингдир калласидан чиққан ушбу илоҳий амрга таслимият изҳор этароқ афғон ерига “бисмиллоҳ” билан қадам босдик.

Ва бир учоқ аскарларнинг ичидаги ўн уч нафар (балки кўпроқ бўлгандирмиз) мусулмон болаларидан фақат Мадиёргина қайтмади… Балки менинг айбим билан. Бу менинг қисқа вақт ичидаги иккинчи катта хатоим эди.

Мадиёр деганим ғазалкентлик қозоқ бола эди. Шумлиги боис ҳатто ўзининг ҳамшаҳарлари ҳам унча ёқтирмасди. Шу арзимас ёқимсизлигини деб Оллоҳнинг текин сўзини ундан қизғандик.

Айниқса, бахиллигимиздан Исмадиёр билан бир визводга тушиб, жуда қадрдон бўлиб кетганимизда жуда уялганман. Аммо ҳаммаси ичимда эди. Бундан ортиқ бахиллик бўлмаслигини эса, орадан бир ярим йил ўтиб – Исмадиёр минага тушиб ҳалок бўлганида янаям яққол англаганман. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталаман.

“УЙДАГИЛАРГА НИМА ДЕЙМАН?”

Хуллас, уч кунлик карантиндан кейин бизни қисмларга бўлиб юборишди. Ҳарбий тайёргарликни десант қўшинларида ўтаганимиз боис ДШБ (десантно-штурмовой батальон) ёки разведбаталиёнга тушишдан умидвор эдик.

Ахир бизни афғонда хизмат қилиб пишиб қайтган зобитларнинг ўзи ёвқур, ёвуз, абжир қилиб тайёрлашган. Лекин бирорта мусулмон боласи ўзимиз орзу қилган рота ёки баталиёнга тушганимиз йўқ. Совет биз мусулмонларга кўпам ишонмас эди. Афғон билан бизни оға-ини кўрганми, ишқилиб, муҳим ўринларга бизни деярли йўлатмаган.

Бир томондан бу нарса, энди билсам, жуда яхши бўлган экан. Қўлимнинг қонга беланишидан узоқ қилган. Чунки ҳалигача афғондан гап очилиб қолса, одам ўлдирганмисан, деб сўрашади.

Оллоҳга минг марта-милиён марта шукурки, ўлдирмаганман. Тўғри, улар томонга қараб отганман, аммо теккан деб ўйламайман…

Шундай қилиб, афғон тупроғини тепкилашдек номуссиз вазифага фахр билан киришдик. Исмадиёр билан битта визводда хизмат қилиш пешонамга ёзилган экан. Олдин ёқтирмаган одамим қийин пайтларда тиргагимга айланди. Жуда иноқлашиб кетдик. Айтгандай, менга пулумиёт беришди, унга синайпер-милтиқ…

Манзилимиз ҳам аниқ бўлди, энди уйга хат ёзиш керак. Аммо нима десам экан, тўғрисини айтсамми, айтмасамми? Тўғрисини айтсам, онамга қийин, бутунлай ҳаловати йўқолади, ғам-ташвиши яна ўшанча… Айтмай десам, унда қаердаман дейман. Бир-икки кун бошим қотиб, хат ёзмай юрдим.

Кейин қаердандир Мўғулистонда хизмат қилган бир аканинг гаплари эсимга тушиб, муаммога ечим топгандай бўлдим. Уйга “Монголиядаман, ҳаммаси яхши, мендан хавотир олмангизлар”, деган мазмунда мактуб жўнатдим. Бизда манзиллар рақамли эди: “Дала почтаси (полевая почта –п/ч) 71…”. Шунинг учун бу ёлғоним бехавотир эди.

Аммо негадир кимдир ҳақиқатни билиши керак деб ўйладим. Ва ўша амакиваччам Ғуломга хатимда уйдагилардан яширган сиримни очиб, ортидан ҳеч кимга, айниқса, онамга айтиб қўймасликни қайта-қайта тайинладим.

(давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Москва ўрмонидан ўзбекнинг жасади топилди

8 октябрь куни Москва вилояти Люберец туманидаги ўрмондан Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган. Бу ҳақда ТИВ хабар қилмоқда. 2 октябрь куни “Томилинск электрон заводи” ...

Қӯнғиротлар фақат қозоқ халқига  мансубми?

Ҳар бир халқнинг ӯтмишда уруғ-қабилачилик жараёнини босиб ӯтиб, халқ сифатида шакллангани яхши маълум. Масалан, ҳозирги Америка халқи турли халқларнинг қӯшилишидан қайта ...

Ақш хайрихоҳлиги нечоғли устун?

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга жорий йил 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон ...