Марказий Осиёдан илк муносабат: Қозоғистон Қуддус қарори юзасидан баёнот берди

Расмий Остона ўз баёнотида Қуддус шаҳрининг мақоми юзасидан кучайиб бораётган тангликдан хавотирда эканини билдирди.

Мақола BBC сайтидан олинди

Қозоғистон Қуддуснинг шу пайтгача амалда бўлган мақомини сақлаб қолишга тарафдорлик қилган.

Кеча – чоршанба куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Қуддусни “Исроилнинг пойтахти”, деб эълон қилганди.

Ташқи ишлар вазирлигининг бу хусусдаги баёноти билан Қозоғистон президент Трампнинг бу қарорига расман ва ошкора муносабат билдирган биринчи Марказий Осиё давлати бўлди.

Сўнгги янгилик манзарасида Қозоғистон барча иштирокчи томонларни оғир-босиқликка чақирган.

Фаластин-Исроил можаросига БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблеяси резолюциялари ва 2002 йилги Араб тинчлик ташаббуси доирасида ечим топиш мавқеига содиқ қолишларини баён қилган.

Уларда кўзда тутилган тамойилларда эса, “икки халққа икки давлат” каби ёндашув ўз ифодасини топган.

Акс-садо

Трамп

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроилнинг пойтахти, деб эълон қилиш қарори Саудия Арабистони дохил минтақадаги энг яқин иттифоқчиларининг ҳам норозиликларига сабаб бўлган.

Саудия Арабистонига кўра, бу – “асоссиз ва масъулиятсиз бир иш”дир.

Франция ва Буюк Британия эса, Трампнинг мазкур қарорини дастакламасликларини айтишган.

Афғонистон ҳам бу қарор минтақага тинчлик келтириш ишларига хизмат қилмаслигини айтган.

Қолган Марказий Осиё давлатлари эса, ҳозирча айни масала юзасидан бирор бир муносабат билдиришмаган. Россия ҳам жим.

Аммо Исроил Бош Вазири қарор берилган кунни “тарихий”, дея олқишлаган.

Президент Дональд Трампнинг қилган иши Америка Қўшма Штатларининг Яқин Шарққа оид узоқ йиллик сиёсатини тубдан ўзгартириб юборган.

Қуддуснинг тақдири Исроил ва Фаластин ўртасидаги энг зиддиятли масалалардан бири ҳисобланади.

“Бунга тоқат қилиб бўлмайди”

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос президент Дональд Трампнинг чоршанба кунги қарорини кескин танқид қилган, бунга “тоқат қилиб бўлмаслиги”ни айтган.

Пайшанба куни Ғарбий Соҳил ва Ғазо Бўлгасида фаластинликларнинг йирик норозилик чиқишлари кутилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши эса, мазкур масалани жума кунги фавқулодда йиғинида муҳокама этади.

Ғазо Бўлгасини назорат этувчи “Ҳамас” исломий ҳаракати жума кунини “Ғазаб куни”, дея эълон қилган.

Трампнинг қарори Американинг минтақадаги манфаатлари учун “жаҳаннам эшигини очажаги”ни айтган.

Аксарият араб ва мусулмон давлатлари ҳам Америка президентининг қарорини қоралаб чиқишган.

АҚШнинг Истанбулдаги консуллиги қаршисида ҳам аллақачон норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Малайзия Бош вазири ҳар бир мусулмонни “Американинг мазкур қадамига кескин қарши эканликларини ошкора намойиш этиш”га чақирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби эса, бунинг “катта ташвишга арзигулик лаҳзалар” эканини айтган.

“Мазкур муаммонинг иккита алоҳида давлатчиликдан бошқа муқобил ечим йўли йўқ”лигини таъкидлаган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нефть оласиз, эвазига пул беришади. нега бундай бўлди?

Тошкент вақти билан 20 апрелдан 21 апрелга ўтар кечаси дунё аҳолиси тарихий воқеага гувоҳ бўлди. АҚШнинг WTI нефти даҳшатли тушиш қайд этиб, -40 (минус) долларгача тушиб ...

Xiii – “silk road. mayors forum”ида бухоро шаҳар ҳокими тақдимот қилди

Яқинда Бухоро шаҳар ҳокими Туркиянинг Анталья шаҳри мезбонлигидаги “Silk Road. Mayors Forum” (Ипак йўли ҳокимлари йиғилиши форуми)да иштирок этди. Билдирилишича, ушбу Форумда ...

Ўзбекистонда хориж автомобиллари импортига имтиёзлар бекор қилинмоқда

1 январдан бошлаб уларга двигател ҳажмига қараб коэффициентни ҳисоблашнинг стандарт тартиби қўлланила бошлайди, деб «Spot» ёзмоқда. Эквивалент қиймати 40 минг $ ва ундан ...